ёхуд футбол бўйича Тожикистон XXVII чемпионати якунларига бир назар
Футбол дунё спорт майдонида энг оммалашган турлардан бири саналади. Унинг «миллионлар ўйини», дея сифатланиши бежиз эмас.
Мамлакатимизда ҳам спортнинг мазкур тури жабҳанинг биринчи рақамлилари сирасига киради.
Тожикистон давлат мустақиллигига эришганидан буён, бу йил 27-маротаба мамлакат биринчилиги мусобақалари ўтказилди.
Шу давр мобайнида кузатилган рақам ва далиллар шундан далолат берадики, Тожикистонда ўз тактикаси ва стратегиясига эга бўлган футбол ривож топмоқда.
Футбол «башоратни кўп ҳам хушламайдиган» спорт турларидан. Зеро, унинг бир ақидаси бор: майдон текис, тўп думалоқ.
Олдиндан бирор учрашув ва унинг натижаси ҳақида аниқ бир нарса, деб бўлмайди.
Масалан, Россия Федерациясида бўлиб ўтган «Жаҳон чемпионати-2018» турнирида бир талай таниқли мутахассислар амалдаги жаҳон чемпиони Германия терма жамоасини асосий фаваритлардан санашган эди.
Аслида эса, мутлақо бундай бўлиб чиқмади. Немис футболчилари, ҳатто, ўз гуруҳларида аутсайдер бўлиб қолишди.
Шунингдек, якунига етган Тожикистон чемпионати ҳам бундай ҳолатлардан мустасно эмас.
Тожикистон ёшлар терма жамоасининг негизини ташкил этган Ҳисор шаҳрининг «Барқчи» жамоасидан унинг мухлислари бундай аянчли натижани кутишмаган эди. Чунки клуб ҳеч бўлмаса, олий лигада ўз ўрнини сақлаб қола олмади…
Уч давра, 21 турдан иборат бўлган чемпионат якунига кўра, Душанбенинг «Истиқлол» жамоаси муддатидан илгари чемпионлик унвонига мушарраф бўлиб, еттинчи бор ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Шимолий минтақа-Суғд вилоятининг «Хўжанд» клуби эса, биринчиликнинг кумуш медалига муносиб натижа кўрсата олди.
Юқори дивизиондаги қувонарли ҳолатлардан бири: яқиндагина олий лига дебютанти саналган Рўдакий ноҳиясининг «Кўктош» жамоаси эришаётган ютуқлардир. Ушбу чемпионатда рўдакийликлар бронза медалига эгалик қилишди.
«Истиқлол» жамоасининг 19 ёшли аъзоси Шериддин Бобоевнинг тўпурарлар баҳсида (12та гол) етакчилик қилгани, тожик футболида янги иқтидорлар етишиб чиқаётганидан гувоҳлик беради.
Кези келганда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, қитъа футболида ўз нуфузига эга бўлган Турсунзода шаҳрининг «Регар-ТадАЗ» (етти карра Тожикистон чемпиони, уч карра Осиё футбол конфедерацияси кубоги соҳиби), пойтахтнинг ЦСКА «Памир», Бохтар шаҳрининг «Хатлон» жамоалари ўз имкониятлари даражасида ўйин кўрсата олмади.
Клублар савиялари ҳақида гап кетганда, ҳеч иккиланмай шуни айтиш мумкинки, турнир жадвалининг юқори ва пастки қисмидан жой олган жамоалар даражаси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.
Қуйи дивизион, яъни биринчи лига иштирокчилари ўртасида олий лига йўлланмаси учун ўтган йилларга нисбатан муросасиз курашлар борди. Ва бу йўналишда Суғд вилояти клублари омадли чиқди.
Истаравшан шаҳрининг «Истаравшан» жамоаси мавсум бошидан ташуббусни ўз қўлига олиб, биринчи лиганинг бирорта жамоасига имконият бермади ва олий лига йўлланмасинининг мутлақ соҳибига айланди.
Биринчи лига беллашувларининг кумуш медали совриндори бўлган Хўжанд шаҳрининг «Эсхата» жамоаси олий лигада еттинчи жойни ишғол қилган Жалолиддин Балхий ноҳиясининг «Панжшер» клуби билан «тўқнаш» келди. Биринчи учрашувда панжшерчилар 6:2 йирик ҳисобда устунликка эришиб, олий лигада иштирок этиш кафолатини деярли ўзларида сақлаб қолдилар.
Иккинчи учрашув ҳам 5:2 ҳисобида «Панжшер» фойдасига ҳал бўлди.
Замонавий футболнинг асосий жиҳатларидан бири-легионерлар, яъни четдан футболчи таклиф қилиш масаласидир. Хорижий футболчиларни чорлашдан мақсад: уларнинг маҳорати эвазига маҳаллий тўптепарлар савиясини ошириш ва шу йўл билан футболни равнақ топтиришдир.
Айни пайтда тожик футболининг қуйи ва юқори дивизионларида Россия Федерацияси, Эрон, Украина, Беларус, Ўзбекистон ва Гана сингари давлатлар намояндалари тўп суришмоқда.
Аммо кўзланган муроду мақсадга етиш кўнгилдагидек эмас. Аслида хорижий футболчилар иқтидори «жайдари» футболчиларникига қиёслаганда, бир даража юқори бўлиши керак.
Афсуски, бизда бундай натижа кўзга ташланмайди. Легионерлар истеъдоди жуда нари борса, маҳаллий футболчилар билан баробар. Аксарият ҳолларда, ҳатто, улардан ҳам пастроқ.
Бу масала тегишли идора ва ташкилотлар томонидан қайта кўриб чиқилиши, атрофлича таҳлил қилиниши зарур…
Фурсати етиб, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, тожик футболининг Осиё қитаъсидаги мавқеи йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Амалдаги йилда ўсмирлар (16 ёшгача) ўртасида ташкил этилган «Осиё чемпионати-2018» турнирида юртдошларимизнинг кумуш медални қўлга киритишга сазовор бўлишлари, тожик футболи тарихидаги оламшумул воқеадир.
Қолаверса, «Сариқ қитъа» клублари ўртасидаги Чемпионлар лигаси ҳамда «Осиё футбол конфедерацияси кубоги» каби нуфузли турнирларда қатнашадиган футбол клубларимиз сонининг ортиб бораётгани қувончли ҳолдир, албатта.
Янги мавсумдан бошлаб, олий лига жамоалари ўртасида амалдаги Тожикистон чемпиони-«Истиқлол» жамоаси Чемпионлар лигаси турнирида дебют қилади ва дастлабки ўйинни 2019 йилнинг 12 феврали куни Ўзбекистоннинг Олмалиқ шаҳри жамоаси, мамлакат кубоги соҳиби АГМК клубига қарши ўтказади.
Зафар қучган жамоа 19 феврал куни Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» клуби билан куч синашиб, курашни давом эттиради.
Тожикистон биринчилигининг вице-чемпиони, Хўжанд шаҳрининг «Хўжанд» жамоаси «Осиё футбол конфедерацияси кубоги» мусобақаларининг плей-офф босқичидан ўз чиқишини бошлайди ва Қирғизистоннинг «Олой» ёки Туркманистоннинг «Алтин Асир» ё «Аҳал» жамоаларидан бири билан 6 ва 13 март кунлари илк ва жавоб ўйинларини ўтказади.
Турсунзода шаҳрининг «Регар-ТадАЗ» клуби «Осиё футбол конфедерацияси кубоги»нинг гуруҳ босқичидан «юриш бошлайди»…
Нима бўлганда ҳам, тожик футболи қўлга киритаётган арзирли ютуқларга кўз тегмасин, деймиз. Халқаро турнирларда иштирок этадиган миллий ва олимпия терма жамоаларимиз ва клубларимизга омадлар тилаб қоламиз…
Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ,
«Халқ овози»нинг спорт шарҳловчиси.
Қайси элнинг жасур, кўксини қалқон қилиб, Ватанини қўриқлайдиган халоскор фарзандлари бўлса, у халқ ҳеч қачон нобакор ва золим душман олдида бош эгмайди. Таслим бўлмайди…
Бу ҳаётий ҳақиқатни тарих саҳифаларига битилган Улуғ Ватан уруши ҳаққоний тарзда исботлаб берди.
Муфассал...
ШУКРОНА
Болалар кулгиси ҳар хонадонда,
Қушлар эркин парвоз этар осмонда.
Толе иқбол сари юз тутган онда,
Кўнгилни тарк этиб қайғу, аламлар,
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015