Тожикистон Миллий университети мамлакатимиздаги йирик олийгоҳлардан бири саналади. Айни пайтда университетнинг 117та кафедрасида 1272 нафар ўқитувчи, жумладан, 13 нафар Тожикистон Фанлар академияси академиги, 179 нафар фан доктори, 534 нафар фан номзодлари фаолият юритмоқда. Олийгоҳ талабалари сони эса, 23 минг 656 нафарни ташкил этади. Шундан 16 минг 906 нафари кундузги ва 5 минг 692 нафари сиртқи бўлимларда
таҳсил олмоқда. 259 нафар талаба Президент квотаси орқали таълим олмоқда. Уларнинг 157 нафари қизлардир. Бу ҳақда олийгоҳда ўтказилган матбуот анжумани чоғида маълум қилинди.
Шунингдек, университет қошида аниқ фанларга ихтисослаштирилган лицей ҳам фаолият юритади. Унда 364 нафар ўқувчи таълим билан қамраб олинган. Ўтган йили лицейнинг 11-синфини битирган 72 нафар ўқувчининг бари мамлакатимиз ва хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган.
- Университетимизнинг илмий салоҳияти ҳам янада ошиб бормоқда, - дейди ректорнинг биринчи ўринбосари Тоир Хожазода. – 2019 йилда 173 нафар ўқитувчиларимиз ўзларининг докторлик ва номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилдилар.
Шу билан бирга, олийгоҳ ўқитувчи ва талабаларининг ўтган йилдаги яна бир ютуғи халқаро кўргазма ва танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритганликларидир.
Органик кимё кафедраси доценти М.Султонзода ва биология факултетининг тўртинчи босқич Ph.D докторанти М.Булбулназар Корея Республикаси пойтахти – Сеул шаҳрида ўтказилган XII халқаро кўргазма ва ихтирочи аёллар форумида фаол қатнашиб, халқаро мукофот ҳамда кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишган. Икки нафар талаба Беларус Республикасининг Могилёв шаҳрида бўлиб ўтган халқаро олимпиадада фахрли иккинчи ва учинчи ўринларга муносиб топилган.
Халқаро муносабатлар ҳақида гап кетганда, Тожикистон ва Ўзбекистон алоқаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Бу борада Тожикистон Миллий университети ректорининг халқаро алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Хайрулло Мирзамонзода шундай дейди:
- Олийгоҳимиз қисқа вақт ичида қўшни Ўзбекистон Республикасининг 12тадан зиёд олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик келишувларини имзолади. Университетимизда ушбу мамлакатнинг бир қатор фуқаролари таълим олаяпти. Бир нарсани махсус қайд қилиб ўтиш лозимки, университет раҳбарияти томонидан ўзбекистонлик талабалар учун айрим қулайлик ва имтиёзлар берилган. Шу билан бирга, тожик тилидаги минг нусхадан ортиқ адабиётлар дўст давлатнинг олий билим юртларига бепул тақдим этилди. Тожик филологияси факултети ўқитувчилари Самарқанд ва Бухоро давлат университетларида бир ой давомида у ерда тожик тилида ўқиётган талабаларга дарс ўтишди ҳамда ўқитувчиларининг малака оширишларига кўмаклашишди. Илмий доиралар вакиллари ўртасида ўзаро ҳамкорликлар натижасида эса, бизнинг профессор-ўқитувчиларимиз у мамлакатда ва ўзбекистонлик олимлар биздаги илмий анжуман ва конференцияларда фаол иштирок этишмоқда.
Олийгоҳдаги таълим-тарбия шароитлари замон талабларига мослаштириб борилаётганлигига ҳам алоҳида урғу бериб ўтилди. Бунга янги таълим бинолари ва талабалар учун замонавий ётоқхона қурилаётганини мисол келтириш мумкин.
- Ўқитувчиларимиз меҳнатини қадрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида, ўтган йили уларнинг маошини ўн беш фоизга оширдик, - дейди Тоир Хожазода. – Бундай ташаббусларни келгусида ҳам жорий этиш ниятидамиз.
Зуҳриддин УМАРОВ, «Халқ овози».
**
САКСОН ЙИЛДА 43 МИНГ НАФАР ЮҚОРИ МАЛАКАЛИ ТИББИЁТ МУТАХАССИСИ
- Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг мамлакат Олий Мажлисига йўллаган Паёмида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, олийгоҳимизда таълим ва унинг сифатини баҳолаш замонавий ахборот-коммуникацион технологиялар асосида йўлга қўйилган, - деди ўтган йил якунига бағишланган матбуот конференциясида Тожикистон Давлат тиббиёт университети ректори, тиббиёт фанлари доктори Маҳмадшоҳ Гулзода. – Энг асосийси, олийгоҳимиз халқаро аккредитациядан ўтиб, институционал сертификатга эга бўлди.
Ҳақиқатдан ҳам, олийгоҳ ректорининг таъкидлашича, Тиббиёт олийгоҳи ташкил топганлигига ўтган йили 80 йил тўлди. Бу муддат давомида мазкур нуфузли университет 43 минг нафардан ортиқ юқори малакали тиббиёт мутахассисларини тайёрлади.
- Қувонарлиси шундаки, олийгоҳ тайёрлаган мутахассисларнинг 63 фоизи мустақиллик йилларига тўғри келади, - деди М. Гулзода. – Бугунги кунда олийгоҳимиз битирувчилари, нафақат, республикамизда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида муваффақиятли фаолият юритаётганлиги фахримиз ҳисобланади.
Маҳмадшоҳ Гулзоданинг таъкидлашича, айни пайтда Тиббиёт олийгоҳида 10 минг 509 нафар талаба таҳсил олади. Уларнинг 8 минг 457 нафари тиббиёт факултетида ўқишади. Шунингдек, педиатрия, стомотология, фармацевтика ҳамда жамоатчилик соғлигини сақлаш факултетларида ҳам таълим сифати яхши йўлга қўйилган.
- Давлатимиз сарвари кўрсатмаларига риоя қилган ҳолда, олийгоҳимизда қизларнинг таҳсили учун кенг имкониятлар яратилган, - деди олийгоҳ ректори. – Талаба қизлар сони ўтган йилдагига нисбатан 2,2 фоиз ошиб, айни пайтда талабалар умумий сонининг 41,4 фоизини ташкил этишади.
Олийгоҳ ректори қайд этишича, кун сайин Тожикистон Давлат тиббиёт университетининг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб бормоқда. Айни пайтда таълим масканида дунёнинг 16 мамлакатидан 1598 нафар талаба таҳсил олмоқда.
- Хорижий талабаларнинг аксарияти Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келади, - деб давом этди М. Гулзода. – Хорижий талабалар бакалавр, магистратура, PhD, аспирантура, докторантура босқичларида таҳсил олишмоқда. Университетимизда таълим сифати юқори эканлигининг яна бир нишонаси олийгоҳимизда бакалавр босқичини тугатиб, ўз юртларига қайтган хорижлик битирувчиларимизнинг деярли 80 фоизи биринчи уринишдаёқ ўз мамлакатлари олийгоҳлари магистратура босқичига ўқишга кираётганлигидир. Олийгоҳимиз халқаро аккредитациядан ўтиб, сертификат олгач, ишончим комилки, унинг нуфузи халқаро миқёсда яна юксалди.
Журналистларга тақдим этилган маълумотларга кўра, 2018-2019 ўқув йили битирувчиларининг таълим сифати 75,8 фоизга тенг бўлган. Албатта, бу юксак кўрсаткич бўлиб, Тиббиёт олийгоҳи педагогик жамоаси бундан ҳам юқорироқ натижага эришиш мақсадида меҳнат қилишмоқда.
- Замон билан ҳамқадам бўлиш ишимизнинг самараси яхши бўлишига хизмат қилмоқда, - деди М. Гулзода. – Олийгоҳимизда таълимни бошқариш электрон тизими (LMS) йўлга қўйилган, ҳар бир талабанинг ўз шахсий кабинети мавжуд. Нафақат, талабаларнинг ўзи, балки уларнинг ота-оналари ҳам бу кабинетларга кириб, фарзандларининг ўқишини назорат остига олишлари мумкин. Қолаверса, бундай тизим олийгоҳда коррупцион ҳолатлар олдини олишга хизмат қилади. Қувонарлиси шундаки, ўтган йили университетимизда бирорта бундай ножўя амал қайдга олинмади.
Университетда ёшларнинг илмий-ижодий ишлари учун ҳам кенг имкониятлар яратилган. Шу боис бўлса керакки, 2019 йил олийгоҳнинг икки нафар ёш олими соғлиқни сақлаш соҳасида қўлга киритган ютуқлари учун Тожикистон Республикаси Ҳукумати томонидан Исмоил Сомоний мукофоти билан тақдирланишди.
Конференция жараёнида Маҳмадшоҳ Гулзода журналистларга қўлга киритилган ютуқлар, яқин келажак учун белгиланган вазифалар тўғрисида кенг маълумот бериб, қалам аҳли томонидан қўйилган саволларга атрофлича жавоблар қайтарди.
Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,
«Халқ овози».
**
Акрамзода РУСТАМ: - ТЎРТИНЧИ СТРАТЕГИК МАҚСАД САРИ ШАХДАМ ҚАДАМЛАР
- Янги 2020 йил ибтидосида турар эканмиз, ўтган 2019 йил мундарижасига бирров назар ташлаб, унинг ўта хайрли ва баракотли ўтганига амин бўласан, албатта.
Ўтган йил бошида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси муҳтарам Президентимиз томонидан 2019-2021 йилларни – Қишлоқлар, сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йиллари, дея эълон қилиниши ва халқ ҳунармандларининг солиқдан озод этилиши ортидан мамлакатимизда жуда катта ишлар амалга оширилди.
Республика шаҳру ноҳияларида, шунингдек, хорижда яшовчи ватандошларимиз томонидан қадимий халқ ҳунармандчилигига бағишланган қатор кўргазмалар ўтказилишининг гувоҳи бўлдик. Ўзимизнинг Рўдакий ноҳияси маркази – Сомониён шаҳарчаси ва бошқа қишлоқ жамоатларида ҳам халқимиз ҳунармандчилигига бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтди. Табиийки, бу тадбирлар қадимдан санъат саналган ҳунармандчилигимизга бўлган эътиборимизни қайтадан қаратди.
Сайёҳлик масаласида ҳам шуни айтиш мумкинки, Президентимиз ушбу соҳага алоҳида эътибор бериб, Сайёҳликни ривожлантириш комитети ташкил этгани ва соҳани ривожлантиргани барчага манзур бўлди. Зеро, сайёҳлик бутун дунёда сердаромад соҳалардан бири саналади. Азиз ватанимиз Тожикистон эса, ўзининг саёҳатбоп масканлари, кўллари-ю томошабоп манзарали жойларга бойлиги билан азалдан машҳур.
Қўлга киритилган ва киритилаётган барча соҳалардаги ютуқлару муваффақиятларимиз муҳтарам Президентимиз шарофатидандир, албатта.
Чунончи, ўтган йил 25 сентябрда муҳтарам Президентимизнинг ноҳиямизга яратувчанлигу ободончилик ишларининг бориши билан танишиш ва бир қатор иншоотлар очилишида иштирок этиш мақсадида иш сафари билан ташрифи барчамиз учун шараф, албатта.
Давлат бошлиғи нону қандолатчилик маҳсулотлари, миллий таомлару халқ ҳунармандчилиги кўргазмаси, ноҳия аёлларининг юксак нонпазлик маҳоратлари, заҳмат аҳлининг ҳунару маҳоратларини юқори баҳолаб, аҳолига халқ ҳунармандчилигини қайта тиклаш ва ривожлантириш, уни халқаро майдонда муносиб танитиш борасида фойдали кўрсатмалар берди.
Ушбу сафар доирасида муҳтарам Президентимиз ноҳиянинг Чоргултепа қишлоқ жамоатида "Оҳангудозии Тожикистон" корхонаси фаолиятини бошлаб берганлиги мамлакатни саноатлаштириш тўртинчи стратегик мақсади сари қўйилган шахдам қадамлардан бири, деб ўйлайман.
Ушбу корхона фаолиятининг асосий йўналиши темир парчаларини қайта ишлаш ва икки хил қурилиш маҳсулоти – арматура ва турли ҳажмдаги симлар ишлаб чиқаришдан иборат. Замонавий аппарату технологияларни бошқариш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотни қадоқлаш учун 150 нафар маҳаллий мутахассис доимий ишга жалб этилганлиги ҳам ноҳияда ишсизлар сони қисқаришига ўз ҳиссасини қўшади, албатта.
Айни пайтда ноҳияда 5031та деҳқон хўжалиги фаолият юритиб, ҳар йили ҳар бир қарич ер ва сифатли уруғлардан фойдаланиш орқали яхши ҳосил олинади. Шунингдек, ноҳия деҳқонлари ўтган йил баҳорда 4 минг 371 гектарга ғалла, 3 минг 31 гектарга техник экинлар, 675 гектарга картошка, 853 гектарга сабзавот, 52 гектарга полиз экинлари ва умуман, 10 минг гектар майдонга турли экинлар экиб, 379 миллион 433 минг сомонийлик маҳсулот етиштиришди.
Бундан ташқари, ноҳияда боғу токпарварликка ҳам ўзига хос эътибор қаратилаяпти ва меҳнаткашлар ҳар йили боғлар майдонини кенгайтириш билан шириндан-шакар мевалар ҳажмини ҳам кўпайтиришаяпти.
Ўтган йили ноҳия аҳли қўлга киритган улкан ютуқлардан бири бу – ноҳия марказида 45 метр баландликдаги устунда қад ростлаб, мато кенглиги 7 ва узунлиги 14 метрни ташкил қилувчи Миллий байроқ ва 22 метрлик Давлат нишони мажмуаларининг Миллат пешвоси иштирокида тантанали вазиятда очилишидир.
Тожикистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги фармони асосида жорий йил 1 мартда Тожикистон Республикаси Олий мажлиси Намояндалар мажлиси, халқ вакиллари маҳаллий мажлисига бўлиб ўтажак сайловга тегишли барча чоралар кўрилиб, ноҳия Сайлов маркази комиссияси ташкил этилди. Унга 9 нафар аъзо ва раис тайинланди. Айни пайтда ноҳияда 40та сайлов округи ва 152та сайлов участкалари (8таси ёпиқ) таъсис этилиб, сайлов қутилари, кабиналар рисоладагидек ҳозирланган.
77 нафар ўз номзодини илгари суриш орқали, 40 нафар Тожикистон Халқ демократик партиясидан, 3 нафар Тожикистон Коммунистик партиясидан илгари сурилган номзодлар рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг аксарияти муҳтарам Президентимиз ўз Паёмида таъкидлаганидек, Намояндалик органлари, жумладан, мамлакат парламентига билимдон, маърифатли, тажрибали, обрўли, ватанини севувчи ва пок виждонли кишилардир. Шунингдек, «Насими айём» газетасининг 20 саҳифалик махсус сони сайлов ҳақидаги маълумотларга бағишланди.
Сўзим охирида шуни таъкидламоқчиманки, муҳтарам Президентимз томонидан хоҳ у Паёмда бўлсин, хоҳ бирор бир мулоқотда бўлсин, берилган дастуру топшириқларга ҳамиша лаббай, деб жавоб қайтариб, унинг ижросига тезликда киришамиз. Бу, биз учун шараф!
А.Саидов,
«Халқ овози».
Ҳамдам Рофиев қуёш чиқишини кузатишни ёқтиради. Тонг саҳарда офтобнинг заррин нурлари осойишта юртимиз узра таралиши унга завқ-шавқ улашади. Ҳаётбахш нурларга боқиб, жаннатмакон юрт - Тожикистонда туғилганлиги, шу ўлканинг мусаффо ҳавосидан нафас олиб яшаётганлигига шукрона қилади. Мустақиллик шарофати туфайли Ватанимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлардан ифтихор ҳиссини туяди…
Муфассал...
Шаҳристон ноҳияси ўзининг такрорланмас манзараси, тоза ҳавоси, бағрикенг, меҳнаткаш халқи билан алоҳида ажралиб туради. Шоира, журналист, ёзувчи Тўтинисо Юсуфбекова ана шу гўзал юртнинг фарзанди. У 1948 йил 22 апрелда Юсуфбек Каримқул ўғли ва Хонпошшо Шодибек қизи оиласида дунёга келган. Уларнинг оиласида беш нафар фарзанд-тўрт ўғил бўлиб, Тўтинисо оилада ягона қиз эди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015