Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 23 Феврал 2018 Кӯришлар: 2374
Печат

 

hunarТинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ўтган йилнинг декабр ойида Олий Мажлисга йўллаган Паёмида 2018 йилни Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилиш таклифи билан чиқди. Дарҳақиқат, бу ўз вақтида олдинга сурилган ташаббусдир. Зеро, бугун жаҳонда сайёҳлик туфайли тараққиётнинг юқори поғоналарига эришган давлатлар тажрибаси ҳам буни

тасдиқлайди. Халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш эса, энг аввало, миллий қадриятларимиз тикланиши, ўзлигимизни англашда муҳим аҳамият касб этиши табиий.

Мамлакатимизнинг жанубий минтақасида ҳам қадимдан халқ ҳунармандчилиги тараққий этиб келган. Туғилиб-ўсган она қишлоғим - Хуросон ноҳиясининг Қараманди қишлоғи яқин ўтмишида жуда кўплаб халқ ҳунармандлари ўтган. Аслида, Қараманди қишлоғининг номи ҳам бу масканнинг ҳунармандларига бориб тақалади. Бу ерлик усталар лойни пишитиб, писта ўтини чўғида кўза, хум, идиш-товоқ ясашган. "Қараманди" сўзининг маъноси "қора кўза"дир.

Ўтган аср ўрталаридан мисгарлик ҳунари ҳам тараққий этган бўлиб, маҳаллий усталар мис тунукадан идиш-товоқ, коса, обдаст, эшик дасталарини ясашган.

hunar 1Бундан ташқари, темирчилик касби ҳам ривожланган бўлиб, темирчи усталар тошкўмирнинг қип-қизил чўғида темирни қиздириб, ундан отлар учун наҳал, узанги, юган, қозиқ ясашганлигига гувоҳ бўлганмиз. Қишлоғимизда уста Болта, уста Ҳайитали, уста Исмат, уста Турсунлар ясаган жиҳозлар халқ орасида машҳур бўлган.

Уста Иймон бобо эса, ёғоч ва чўптарош бўлиб, ёғоч-тахталардан эшик-дераза, қошиқ-товоқларни бежирим қилиб ясарди. Марҳум ҳамқишлоғимиз Холдор ака ҳам ёғочга сайқал беришда қўли гул усталардан эди. Шунингдек, марҳум Гулмаҳмад бобо Бойматов ёғоч-тахтадан турли рўзғор буюмлари ясашга моҳир эди. Бугун маҳоратли усталарнинг меҳнат маҳсули бўлган жиҳозлардан айримлари қишлоғимиз хонадонларида сақланаётганлиги қувонарлидир.

Юртимизнинг табиий шароити сайёҳликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар беради. Мамлакатимиз пойтахтидаги обидалар, Ҳисор водийсида жойлашган Қоратоғ, Олмосий, Варзоб ва Ромит дараларининг ҳар қаричи сайёҳларни жалб этиши табиий. Қоратоғ истироҳатгоҳидан Ҳакимий қишлоғигача бўлган ҳудуд экотуризмни ривожлантириш учун қулай минтақа ҳисобланади.

Олмосий ва Варзоб дараларининг Айний ноҳиясига туташиб кетган ҳудудларида ҳам беқиёс сайёҳлик масканларини бунёд этиш мумкин. Бундан ташқари, Ромит дарасидан Тоғли Мастчоҳга туташ Арху  қишлоғича мавжуд табиий шароит бунга жуда мос келади. Касбим тарихчи бўлганлиги учун, ёзги таътил пайтида бу минтақаларнинг кўп жойини пойи-пиёда кезиб чиқишга муваффақ бўлганман.

Ваҳдат-Файзобод-Роғун-Нуробод-Сангвор ноҳиялари бўйлаб жойлашган ҳудудлар, айниқса, собиқ Тавилдара ноҳиясининг Чилдара мавзеси жуда ҳам хушманзара бўлиб, бу минтақаларда ҳам ички ва ҳам ташқи сайёҳлар учун қулай масканлар яратиш имконияти мавжуддир.

Хатлон вилоятининг Кўлоб минтақасида жуда хушманзара, тарихий обидаларга бой масканлар мавжуд. Минтақа ноҳияларида жойлашган тарихий ёдгорлик ва обидалар, хушманзара гўшалар сайёҳларнинг диққатини жалб қилиши табиий. Восе ноҳиясидаги Ҳулбук қалъаси, Кўлоб шаҳридаги Мир Сайид Али Ҳамадоний мақбараси, Даштижум қўриқхонаси, Имом Аскарон зиёратгоҳи, Ховалинг ноҳиясида жойлашган ва ички сайёҳларнинг севимли масканига айланган Султон Увайси Қароний зиёратгоҳи, Балжувон ноҳиясидаги Қалъаи Мир, шунингдек, Ховалингдаги Сарихосор қўриқхонаси ҳамда Чилдухтарон ёдгорликлари ҳам сайёҳлик дурдоналари сирасига киради.1959 йили Тожикистон ССР Министрлар Кенгаши қарори билан бунёд этилган Сарихосор қўриқхонаси ўзининг бой ҳайвонот ва наботот олами билан алоҳида ажралиб туради.

Хатлон вилоятининг Қўрғонтепа минтақасида ҳам сайёҳликни ривожлантиришга мувофиқ кўплаб жойлар бор. Панж дарёси ўзанида жойлашган "Полвонтўқай" ҳам сайёҳларнинг севимли масканига айланиши турган гап.

Жайҳун ноҳиясида эса, "Авлиё узун ота" оромгоҳи, Қабодиён ва Шаҳритуз ноҳиясидаги кўплаб тарихий обидалар, Қўрғонтепа шаҳри марказидаги "Қўрғон" сайёҳларнинг диққатини жалб эта оладиган масканлардир.

Тожикистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан жорий йилнинг Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилиниши, шубҳасиз, мамлакатимизни жаҳон миқёсида янада машҳур қилиш учун хизмат қилиши табиий. Айни пайтда, барча идоралар, ташкилотлар, умумтаълим муассасалари томонидан ички сайёҳлик ҳамда халқ ҳунармандчилигини тарғиб этишга бағишлаб ўтказилаётган  тадбирлар бу ташаббуснинг кенг қанот ёзишига умид уйғотади… 

Қудратулло АХМЕДОВ,

Хуросон ноҳиясидаги 3-ўрта умумтаълим муассасаси тарих ва ҳуқуқ фанлари ўқитувчиси.

КАЛЕНДАР

« Март 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
            1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31          

МАҚОЛАЛАР

МИЛЛИЙ НОМ ҚЎЙИШ – ҚАДРИЯТЛАРИМИЗГА ЭҲТИРОМ

 

Жорий йилги дастлабки матбуот конференциясини Адлия вазирлиги ўтказди. Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, Адлия вазири конференцияни бошлагандан сўнг, атиги 3-4 дақиқа ўтган йилда вазирлик томонидан бажарилган энг муҳим ишларга тўхталди-ю дарҳол савол-жавоб қисмига ўтди.

- Муҳтарам журналистлар, сизларга керакли маълумотлар биз тайёрлаган матбуот варақасида баён этилган, - деди вазир. – Шунинг учун конференцияга

Муфассал...

Насрдаги туйғулар

 

МУАЛЛИМА

Яқинда сизни учратиб қолдим. Ўқувчиларингиз орасида ёшариб кетгандайсиз. Сизни кўрдим-у болалигим ёдимга тушди. Дарсни:

-Болажонларим, деб бошлардингиз. Ўйинқароқ  эдик, сизни кўпинча койитиб қўйсак-да, кенг феъл, меҳрибон нигоҳ билан бизга сабоқ беришни давом эттирардингиз. Мулойим овозингиз ҳали-ҳануз қалбимда акс-адо бериб турибди. Биринчи ўқитувчимга, деб олиб борган даста гулларим  кўз ўнгимда.

Кейин йиллар ўтди. Сўнгги қўнғироқнинг жарангдор садоси юрагимизга жо бўлди. Беғубор болалик, ўсмирлик даври ортда қолди. Сиз каби устозлар дуоси билан мустақил ҳаётга дадил қадамлар қўйдик, муаллима.

Мана кеча сизни учратиб қолдим.  Ширинтой болажонларингиз атрофингизда парвона.

...Мен шу лаҳза ўз болалигим билан учрашгандай бўлдим.

 

ШАМОЛ ВА МУСИЧА

Шамолнинг қаҳри – қаттиқ. Бунча ҳам қаттиқ эсмасанг, деб ёлборарди мусича, ахир инимни бузиб, полапонларимни…

Мусичанинг илтижолари зое кетди. У бузилган уяси атрофида бир-икки айланди-да, ерга қўнди. Ўлиб ётган полапонларига боқаркан, яна гир айланди. Шамол ҳамон қутурар, хас-чўпларни турли томонларга  учирарди.

Орадан вақт ўтиб, мусича яна жўжа очди. Шамол эсарди. Энди мусича унга парво қилмайди – шамолдан панада полапонларига меҳр билан емиш улашади. Шамол қанча ғазаб отига минмасин, мусича хотиржам болаларига андармон бўлади. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оларкан, мусича: -Бир вақтлар сизлардай полапонларим, акаларинг бор эди, бу шамол…- деб қўяди ғу-ғулаб. Ва панароқда ин қурганидан хурсанд бўлади. 

 

Раҳмат БЕК.

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2333172

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

9241616
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
2677
4243
10897
9192305
14631
109364
9241616

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.130
Бугун: 04-03-2026 20:38:48

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015