Таниқли ёзувчи, А.Рўдакий номидаги Тожикистон Давлат мукофоти лауреати Юсуф Акобировнинг ижодида «Балоғат» қиссаси алоҳида ўрин тутади. Унда ҳаёт мавзуси замондош тасвири, ёшларнинг интилиши, илк муҳаббат, инсон ва унинг тақдири ҳикоя қилинади.
Бемор чол уй бурчагида кўрпага ўралиб ётарди. У етмишдан ошган бўлса ҳам, бардам эди. Нима сабабдандир касал бўлиб, оёқдан қолди. Мана бир ойдан
бери ёстиқдан бош кўтаролмайди. Колхоз дўхтири ҳар кун келиб игна суқиб кетади, дори беради. Лекин чол унинг дориларини ичмайди, «дўхтир хафа бўлмасин», деб қўлидан олади-ю, ёстиқ остига яшириб қўяди.
Бир куни дўхтир машина олиб келиб, уни район касалхонасига олиб кетмоқчи бўлди. Лекин чол кўнмади, рози бўлмади.
-Сен, дўхтир опа, яхши аёлсан, - деди чол, - аммо мен учун ташвиш чекма. Қўй, ўз уйимда жон берай.
-Сиз ҳали яшайсиз, табобат қиламиз. Соғайиб кетасиз, - деди дўхтир.
-Мен машина олиб келганман, сизни беозор олиб кетаман, ўзим ёнингизда ўтириб бораман, - дўхтир аёл ҳамроҳига кўз қисиб қўйди.
Чолни гапга кўндириш амри маҳол эди.
-Мен дўхтирга одат қилмаганман. Олдинги замонда бизнинг қишлоқда дўхтир йўқ эди. Лекин касаллик ҳам кам эди! – деди тутоқиб чол. Кейин сал тинчланди: -Мен етмиш йил умр кўриб, бирор марта касал бўлиб ётган эмасман. Модомики, энди касал бўлиб ётган эканман, демак ўлишимга яқин қолибди. Агар борди-ю умримдан бўлса, яна оёққа туриб, кенжа ўғлимни уйлантираман. Лекин мени судраб олиб кетманг, қўйинг, ўз уйимда ўлайин. Мен сиз дўхтирларнинг ҳийлаларингизни жуда яхши биламан. Бир киши ўлдими, дарров қорнини ёриб ташлайсиз, бош қопқоғини синдириб миясини кўрасиз. Одам қўлингизга тушса бас, тиригида ҳам азоб берасиз, ўлигида ҳам. Сиз Хўжақассобдан ҳам баттарсиз. Хўжақассоб қўйларнинг бошини олганда, пичоқ дамидаги иссиқ қонни тили билан ялайди. «Қассобнинг одати шундай!» дейди…
Чолнинг бу гапларидан сўнг, дўхтир уни касалхонага олиб бориб бўлмаслигини тушунди.
Чолни ўз ҳолига қўйишди. Аммо дўхтир ҳар куни келиб, бир марта укол қилиб кетарди.
Бугун ҳам укол қилиб кетди. Чол карахт қўли билан укол қилинган жойни уқалаб-уқалаб ухлаб қолди.
Меҳрибон ёстиқдоши – Бибисолиҳа чолнинг ёнидан нари кетмасди. У ҳозир офтоб қаршисида эшик олдида ўтириб гуруч курмагини тераркан, ҳар замон кўзидаги ойнаги остидан чолга қараб қўярди.
Бибисолиҳа эрининг ҳовлисига ўн олти ёшда келган эди. Улар ўттиз беш йил бир ёстиққа бош қўйиб, тирикчилик қилишди. Бибисолиҳа тўрт фарзанд кўрди. Бир ўғли билан бир қизи ёшлигида ўлди. Ҳозир икки ўғли бор, шуларга «шукр» қилади. Катта ўғлининг номи Расул, кичиги – Муроджон.
Муроджон ўнинчи синфни тугатгандан сўнг, колхоз ишига кирди. Янги қонун бўйича институтга боришдан аввал икки-уч йил ишлаши зарур эди.
Уни қўшниси – Афзал ўзига шогирд қилиб олган. Иккаласи ҳам бир тракторда ишлашади. Аммо Расулдан анчадан буён хат-хабар йўқ. Бибисолиҳа уни ўн беш йилдан бери кўрмаган. Уни амакиси Султонхўжа ўзининг макони – Якчироғак чўлига олиб кетиб, ўша ерда ичкуёв қилган эди. Бибисолиҳа баъзан узоқ кечаларда ўйларди, чўлда ўғлининг аҳволи нима кечдийкин? Лекин онаси ўғлининг келолмаслигини биларди. У бу сирни ҳеч қачон ҳеч кимга айтмайди. Она оҳ чекиб, жигари куяди, тишини-тишига қўйиб, сабр қилади…
Чол ўгирилиб бошини осмонга тикди ва кучсиз овозда сўради:
-Мурод келмадими?
Бибисолиҳа саросималик билан эрига қаради.
-Ҳозир келиб қолар, - жавоб берди у. –Пешинга келаман, деган эди.
-Мурод келса, Расулга бир хат ёзсин, дейман,- деди чол. –Расулга васиятим бор. Ҳозир уни туш кўрдим. Тобутимнинг олдидан ҳаллослаб «во, дада» деб юраётганмиш.
-Қўйинг, ёмон ният қилманг, - деди Бибисолиҳа лабини тишлаб, -ахир, иссиқ тан дардсиз бўлмайди, дадаси.
-Сен, менинг дардимни билмайсан, - деди чол ҳасрат билан оҳ тортиб. –Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Тур, ойнани олиб кел-чи, қани бир кўзларимга қарай.
-Хавотир олманг, кўзларингиз жойида, - деди Бибисолиҳа кулиб ва ўрнидан туриб деворда осиғлиқ юмалоқ ойначани олиб берди.
Чол ойначани қўллари кафтига қўйиб, ўз аксига назар ташлади.
-Ана, кампир, кўрдингми, юзимга ўлик ранги урибди.
-Бир ойдан бери қуёш кўрмагансиз, салгина сарғайгансиз-да, - таскин берарди Бибисолиҳа.
-Кўзларимнинг нури кетибди.
-Хаёлингизда шундай туюлгандир, - жавоб берди Бибисолиҳа.
-Мурод келса, айт, Карим сартарошни чақирсин. Мўйловларим ўсиб кетибди, соқолу мўйловимга қайчи уриб, калтароқ қилсин. Кўримсиз бўлибман. Тобутга ҳам чиройли бўлиб кирмоқ керак…
Бибисолиҳа ўзини бошқа тутиб туролмади, қиқирлаб кулиб юборди.
-Ҳой, сен девона бўлдингми, нимага куласан? - ранжиб деди чол.
-Ахир, сиз чол бўлгансиз-у қилиқларингиз ҳали ҳам боладек, -деди Бибисолиҳа кулгидан тўхтаб, кўз ёшларини дока рўмолини учига арта туриб.
-Мудом сенга жиддий гапирганда, куласан, - деди чол оташин бўлиб, -бир умр шундай эдинг, ўлимни қарши олиб турган вақтимда ҳам менга куласан. Ҳозир ишонмайсан, борди-ю бемаҳал ўлиб қолсам кейин нима дейсан? Ўша пайтда ҳам куласанми? Ҳа, мен сени яхши биламан, агар одамлардан уялмасанг, ўлган кунимда ҳам куласан…
-Ахир, мен қасддан кулмайман-ку, - узрли ҳолда деди Бибисолиҳа. –Нуқул ўзингиз кулгили гап айтасиз. Бир мен эмас, ҳатто дўхтирингиз ҳам эшикдан кулиб киради.
-Дўхтир ҳам сенга ўхшаган бир хотин-да,- анча хаёлга чўмиб жавоб берди чол. –Дўхтирнинг шохи борми? Илмли бўлса ҳам, менинг касалимга даво топа олмайди. Агар унга қўйсанг, касалхонага олиб боради-да, икки-учта укол-дори ва яна билганини қилади. Соғайсанг-ку, яхши, агар ўлсанг, худо урди, шу онда қорнингни ёради. Улар учун одам гўё ҳеч нарса эмас. Сен бўлсанг, менинг гапларимга ҳузур қилиб, кулиб ўлтирасан…
Супа устида этигини тап-тап қоқиб, Мурод пайдо бўлди. Чол қўли билан ишора қилиб, уни ёнига чақирди.
-Келдингми? Сен қаерларда юрасан? Отанг ўлиб қолса ҳам, хабар топмайсан.
Мурод отанинг тўшаги ёнига чўккалаб ўтирди:
-Мана, келдим-ку, отажон, - деди у, -Афзал ака сизни сўраб қўй, дедилар.
-Худо сўрасин, яхши йигит у, - деди чол, - пахтани машинада терасизларми?
Мурод бош силтаб тасдиқлади.
-Бу замонда ҳамма ишлар осон бўлди, - кўзларини сал юмиб, ўзига-ўзи дерди чол. –Фақат ўлиш қийин... Раҳматлик отам икки кунгина касал бўлиб жон берган эди. Мен қарийб бир ойдан бери азоб чекаман. Бунинг сабаби дўхтирнинг уколлари бўлса керак. Дўхтир умримни узайтирмоқчи. Энди ёшларнинг умрини узоқ қилсин. Менга укол ҳам керак эмас. У менинг гапларимга кулади, ишонмайди…
Чол ҳаллослаб бош кўтарди, Муродга тикилди.
-Мурод, сен бормадингми? -деди у зўрға пичирлаб. Иситмасининг зўрлигидан лаблари ёрилиб кетган эди, - ишингга кетибсанми, деб ўйлабман,- деди ўғлига.
-Сиз, отажон, бемалол ухланг, - деди Мурод, кўрпа устидан отасининг узун карахт оёқларини уқалаб, - мен оёқларингизни уқалаб ўтираман.
-Барака топ, ўғлим, - дуо қилди ота. -Обрўли бўл, пиру бадавлат бўл. Мен сендан қарздорман, оталик қарзи. Агар тузалиб, оёққа турсам, сени уйлантираман. Борди-ю куним битган бўлса, мендан рози бўласан. Ўрнимга аканг бор… Расул менинг ўрнимга қолади.
Толиққан чол ёстиққа бош қўйиб, кўзларини ярим юмди. Мурод юпқа кўрпа устидан унинг қўл-оёқларини уқаларди.
Бироз ўтгач, чол озроқ дам олиб, кўз очди ва ўғлига деди:
-Муродбой, дафтару қалам олиб кел, акангга бир хат қиламиз. Мен уни туш кўрдим…
Мурод ўрнидан туриб бошқа хонага кетди ва дафтару қалам олиб келди.
-Ўлтир, ёз! - деди чол ва ўзи чуқур ўйга кетди.
Мурод ўзининг аввалги жойига – отанинг оёқ томонига ўтириб ёзишга шай бўлди.
-Ёз, - яна таъкидлади чол. «Ўғлим Расулхон! Агар иложинг бўлса, тез етиб кел. Мен қаттиқ касал бўлиб ётибман. Қўл-оёқларим, аллақачон, карахт бўп қолган. Агар дийдорни қиёматга қолдирсанг, менинг сенга васиятим шу, мендан кейин, албатта, ўз ватанингга кўчиб кел, чироғимизни ёндириб, ҳовлини обод қил. Онанг ва укангга бош бўл, укангни уйлантир. Менинг бу қарзим сенинг бўйнингда. Мен бошқа ҳеч кимдан қарздор эмасман. Хайр, бу мактубни олар экансан, тезда етиб кел. Амакингга салом айт, у ҳам келсин… Ўғлим, мен сени туш кўрдим, жуда соғинганман…»
Чол жимиб қолди, кўзлари ҳам ярим юмуқ эди. Мурод бир лаҳза отанинг гапига интизор бўлиб, кейин журъатсиз сўради:
-Ота, ҳамма гапларингизни айтиб бўлдингизми?
-Ҳамма гапим шу. Олиб бориб почтага топшир, - деди ота.
Мурод мактуб охирига яна нималарнидир ёзиб, уни тугатди ва ўрнидан туриб қишлоқ хаткашига топширишга йўл олди.
Бибисолиҳа ўғлининг ювилган кўйлагини ипга осиб хомуш ўлтираркан, секин сўради:
-Мендан ҳам салом дедингми?
-Ёздим. Сизнинг номингиздан ҳам ўзимни номимдан ҳам.
-Яхши қилибсан, - деди она, -мен товуқшўрва пиширдим. Бир коса олиб келайми?
-Йўқ она, қорним тўқ, -деди Мурод. –Шийпонда ош еган эдим.
У чиқиб кетди.
***
Бир ҳафтадан сўнг чол вафот этди. Катта-кичик, қишлоқнинг ҳамма одамлари дафн маросимида ҳозир бўлишди. Улар марҳумни қабристонгача, йўлнинг анча узоқ бўлишига қарамасдан, навбатма-навбат елкаларида кўтариб кетишди.
Чолнинг жасадини «насиб қилган» жойига – лаҳадга қўйиб, қабр кўтарганларидан сўнг, бир киши баланд овозда жамоатдан сўради:
-Халойиқ, Санохўжа қандай одам эди?
Ҳамма бир овозда:
-Марҳум жаннати одам эди! –деб жавоб беришди. Тобут устидаги ётган матони «табаррук», дея йиртишиб, бир парчадан бўлишиб олишди. Кейин қишлоқнинг бир кўзи кўр эшони «Қуръон»дан узун бир сурани ўқиди. Чўккалаб ўтирган одамлар эшоннинг майин овозини диққат билан эшитиб, чол хотирасига сукут сақлаб, омин қилишди.
Сўнг ҳамма ўрнидан туриб, келган йўлларидан кетишди. Улар орасидан фақат Мурод қолди, холос. У ҳануз турмоқчи эмасди. Муроднинг ниятини тушунган дўсти Афзал буни сезиб, унинг яқинига келди.
-Акам дафн маросимига етиб келмади, отамнинг кўнгли ярим кетди, -деди Мурод.
-Битта ўғиллари келмаган бўлса, уни ўрнига бутун бир қишлоқ одами келди-ку, - деди Афзал.
Ҳар иккаласи бир лаҳза хомуш туришди. Кейин Афзал Муроднинг елкасига қўлини қўйиб: «Юр, кетдик!», - деди.
Мурод бош кўтариб, Афзалга қаради. Афзал баланд бўйли, елкалари кенг киши эди. Уни катта-катта қоп-қора кўзлари ва қалин қошлари андишали кўрсатарди. Ўттиз тўрт ёшли бу киши ҳаётда кўп машаққатларни бошдан кечириб, анчагина чиниққан эди. У ҳаёт қийинчиликларини кўрмаган, эндигина отанинг иссиқ қўйнидан ажралган Муроднинг ҳозирги ҳолатини яхши тушунарди. У бу ҳолатнинг табиий ва муваққат эканлигини биларди. Ҳамма бу даврни бошдан кечиради. Ҳаётда бу давра айри йўлдир. Мана шу ерда ҳар киши ҳар хил йўлга кириб кетади.
Ҳозир у Афзалга қараб, ўзининг акасини эсга олди. Унинг акаси бугун ё эрта, албатта, келиб қолади. Муродга ёрдамчи бўлади у. Отаси ҳам шундай васият қилган…
Юр кетдик, - деди Афзал яна ўзи олдинга ўтиб йўл бошлади.
Мурод унинг орқасидан эргашди...
Юсуф Акобиров.
Тожикчадан Абдужаббор Мўминов таржимаси.
4 май куни «Сомон» қасрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон «Терроризм ва экстремизмга қарши кураш» мавзусидаги олий даражадаги халқаро конференцияда қатнашди ва мазмунли нутқ сўзлади.
Конференцияда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи,
Муфассал...
ёхуд Англия "Legatum" халқаро институти рейтинги ҳошиясига битиклар
Яқинда нуфузли "Legatum" халқаро институти (Буюк Британия) ҳар йили янгиланиб борадиган дунё мамлакатларининг фаровонлик индексини эълон қилди.Унга кўра, Тожикистон 2017 йилдаги дунё мамлакатлари тараққиёти рейтингида 102-ўринни эгаллади.
Дарвоқе, "Legatum" халқаро институти давлатлар иқтисодиёт даражаси, тадбиркорлик фаолияти, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш тизими,
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015