Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СПОРТ

Муаллиф: Super user Категория: СПОРТ
Чоп этилган 30 Май 2018 Кӯришлар: 1735
Печат

 

akmal va qahramon 2018Бугун кучли ирода эгаси бўлган, матонатли икки инсон ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Ногиронлигига қарамай, айрим тўрт мучаси соғларга қараганда бир неча карра кўп ишларни бажараётган, Тожикистонни дунё мамлакатларига танитаётган, инсон номини улуғлаб келаётган икки юртдошимиз ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Улар яқинда Қозоғистонда ўтказилган қўл йиқитиш кураши - армрестлинг бўйича Осиё биринчилигидан

ғалаба билан қайтишди. Бири иккита олтин, иккинчиси бир олтин ва бир кумуш медал олиб қайтди.

 

Биринчи ҳикоя: Акмал

Тожикистон байроғи баланд кўтарилиб, мамлакат мадҳияси янграй бошлаган маҳал унинг ичи тўлиб кетди. Ҳарчанд уринмасин, кўз ёшларини тиёлмади. Бундан ўн саккиз йил олдин, айни, қалби ёшлик завқи билан тўлиб-тошган, мушакларидан куч ёғилиб турган маҳал кутилмаганда автоҳалокатга учраб, бир оёғидан ажралганида кўзига ёш олмаган одам, тўлиб-тўлиб йиғларди. Фалокатдан сўнг, ўн саккиз ой тўшакка михланиб ётганда, барча орзу-умидлари йўққа чиқаётган оғир дамларда кўзига ёш олмаган одам энди севинч ёшларини тия олмасди.

У бу кунни ўн тўрт йил кутди. Ўн тўрт йил давомида неча марта Тожикистон ва Осиё чемпиони бўлди, жаҳон биринчилигининг кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди. Аниқроғи, ногиронлар орасида ўн уч марта Осиё чемпиони, 9 марта жаҳон биринчилиги совриндори бўлди. Соғлом кишилар орасидаги мусобақаларда ҳам қатнашиб, Осиёда уч марта биринчиликни олди. Улкан зафарлари учун халқаро спорт устаси унвонига мушарраф бўлди.

Лекин ҳар гал жаҳон чемпионатига бориб қатнашаркан, у ердан алланечук маъюс қайтарди. Бўлмаса, неча марталаб иккинчи ўринни олиб, кумуш медалга сазовор бўлди. Унинг ўрнида бошқалар бўлганида, балки тўхтовсиз дўпписини осмонга отган бўларди. Лекин Акмал ашаддий рақибини енгмагунча ўзини чинакам ғолибдек ҳис қилмасди. Рақиб эса, манаман деган қўл кураши устасини бир пасда таслим қилиб қўядиган, донғи кетган, ўта кучли спортчи - россиялик Юсуф Юсуфалиев эди. Акмал Юсуф билан неча марта финалда учрашмасин, россиялик спортчи ғолиблик нашидасини сураверди.

- Йиқилган курашга тўймас, - деган гап бор. Чинакам спортчи барибир рақиби қанчалик кучли бўлмасин, уни, албатта, енгиш учун интилаверади. Шу мақсадда Акмал машқ қилаверди. Ниҳоят, 2014 йили…

- Полшада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига борар эканман, бу гал Юсуфни, албатта, енгаман, деган аҳд билан йўлга чиқдим. Йўл азобими, бошқами, у ерга етиб борганимда, ниҳоятда чарчаган эдим. Ҳали тузукроқ дам олмасимиздан, мусобақа бошланди. Биринчи куни чап қўл билан курашдим. Учинчи ўринни олдим. Тўғриси, руҳан тушиб кетмаган бўлсам-да, ичимда бир аламми, шунга ўхшаш нарса, хуруж қилиб келарди: нега биринчи ўринни ололмадим? -дея эслайди Акмал.

Негадир, иккинчи куни ҳам чарчоқ тарқаб кетмаётганди. Кўз олдидан эса, уни мусобақага кузатиб қўйган яқинлари, бу гал фақат олтин медал олиб қайтасан, дея "оқ йўл" тилаб қолган ҳамшаҳарлар, устозлари кетмаётганди. Акмал яна бир ҳимматли инсон ишончини оқлашни ўйларди. Унинг Полша сафари учун маблағ берган Хўжанддаги "Арванд" банки бошқарувчиси Шоира Содиқованинг ишончи!

Қаршисида ўзига ишонган Юсуф "сен мени ҳеч қачон енга олмайсан", дегандайин, хотиржам ўтирарди. Шу пайт ҳамшаҳаридан бирининг ҳазил аралаш айтган гапи хаёлидан ўтди: - Билиб қўй, агар иккинчи ўринни олиб қайтсанг, Истаравшанга киритмаймиз! Сенга фақат истаравшанликлар эмас, бутун Тожикистон ишонади-я.

Худди шу лаҳза вужудига куч ёғилди. Бор қувватини ўнг қўлига тўплади. Юсуфнинг қўли пастга эгила бошлади…

"Тўқсон килограммдан ортиқ вазнли спортчилар орасида тожикистонлик Акмал Қодиров жаҳон чемпиони бўлди!"

- Ишонинглар, ташқарига чиққанимдан кейин ҳам кўз ёшимни тиёлмадим. Шунча рақибларга етган кучим, кўз ёшларимга етмади. Ярим соатча йиғлагандирман, - дейди Акмал бироз ҳаяжонланиб.

Ўшанда у боши узра баланд ҳилпираётган Тожикистон байроғини кўз олдига келтирар, янги-янги ютуқларга чорлаётган Ватан мадҳияси қулоқлари остида янграр экан, 2007 йилда мамлакатнинг «Йилнинг энг яхши спортчиси» унвонини олганлигини эслаб, энтикиб кетди.

"Кўринишингдан ҳеч ҳам майибга ўхшамайсан?"

"Битта оёғим сунъий, Жаноби олийлари".

"Айт, қандай қийинчиликларинг бор? Уйланганмисан?"

"Йўқ, ҳали уйланмаганман".

Бу суҳбат Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Акмал Қодиров ўртасида кечган эди. Акмалнинг сўзларини эшитган Президент унинг тўйини ўтказишга кўмаклашиш учун масъулларга топшириқ берганди.

- Ана шундай. Ҳурматли Президентимизнинг кўмаклари билан уйландим. Ҳозир икки қиз, бир ўғлим бор. Ҳадемай, тўртинчи фарзанднинг отаси бўламан. Болаларимни ҳам Тожикистон номини дунёга танитадиган ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялайман.

Акмал "ватанпарвар" сўзини айримлар каби шунчаки ишлатмайди. У бор вужуди билан ватанпарвар инсон. Акмалга Россия, Қозоғистон, Эрон, ҳатто, Америка Қўшма Штатлари мамлакатлари номидан курашишни таклиф этишди. Лекин у рози бўлмади. "Менинг Ватаним - Тожикистон! Мен фақат юртим шарафини ҳимоя қиламан!"- деди.

Акмалнинг фикрича, инсон ўз ҳаётининг қандай кечишини билмайди, турмушнинг кутилмаган муштлари бор ва унга ҳар доим тайёр тура олиши шарт, қийинчиликларни енгиш - шахснинг ўзига боғлиқ.

Фалокатга йўлиққанча Акмал юнон кураши ва баскетбол билан шуғулланарди. Бир ярим йиллик даволанишдан сўнг, кўчага чиққанида, қалби спорт майдони томон интилаверди. Истаравшандаги марказий стадионга бориб, бир чеккада футболчилар машқини томоша қилиб ўтирди. Шунда олдига спорт кийимидаги бир киши келди. Ўзини Искандар Тўраев деб таништирди. Аҳволи билан қизиқди. Унинг ҳаётидаги кутилмаган воқеани эшитиб: - Бизнинг спорт залимизга келгин, "Искандарбек" деб аталадиган қадимий курашимиз бор. У билан шуғуллансанг, яхши бўларди, - деди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, Акмал бу спорт тури бўйича Тожикистон чемпиони бўлди.

Орадан тўрт йил ўтгач эса, қўл йиқитиш кураши бўйича тажрибали мураббий Зокир Комилов билан учрашди. У Акмал ҳақида эшитганини, истаса, армрестлинг бўйича мусобақаларга тайёргарлик кўришини айтди. Устозидан армрестлинг сирларини қунт билан ўрганди. Аввал чап, сўнг ўнг қўлида машқ қилди. 2005 йилда Тошкентда бўлиб ўтган Осиё биринчилигида қатнашди ва олтин медални қўлга киритди. Бу биринчи олтин медали эди. Ҳозир энг кейинги - Қозоғистондаги ХVII Осиё чемпионатида яна иккита олтин медални қўлга киритганини айтсак, у ўн тўрт карра қитъа чемпиони бўлди.

- Соғломлар орасидаги мусобақада қатнашганимда, балки учинчи олтинни ҳам олган бўлардим. Айрим сабабларга кўра, бу мусобақада қатнашиш имконияти бўлмади, - дейди Акмал.

Акмал соғломлигида спортнинг икки тури билан шуғулланган бўлса, энди ногирон ҳолида беш тур бўйича машқ қилмоқда. У қўл йиқитиш курашидан ташқари, оғир атлетика, дзюдо, аравачаларда баскетбол ўйнаш мусобақаларида ҳам қатнаша олади.

- Мени қўллаб-қувватлаб турган ҳар бир инсондан мамнунман, - дейди Акмал. - Вилоят раиси стипендиясини олаяпман. Истаравшан шаҳри раиси ҳомийлик қилаяпти. Мусобақалар боис, шу пайтгача йигирматадан ортиқ мамлакатда бўлдим. Ногиронлар орасида чемпионлигимни айтмайин, ногиронлигимга қарамасдан, соғломлар орасидаги мусобақада ҳам қатнашиб, ғолиб чиққанман. Мен нега бу гапларни айтаяпман? Бирон сабаб биланми ё туғма ногирон бўлиб қолган укажон, сингиллар, ҳеч қачон тақдирим шу экан, деб ўтираверманглар. Мен интернет орқали мусобақаларни кўрган қанча ногирон инсонларнинг руҳи тетиклашганига гувоҳман. Уларнинг кўпчилиги ҳозир спорт билан шуғулланмоқда. Улардан биттаси - Қаҳрамон Мусабоев. Унинг билаклари кучли. Фақат кураш йўлини ўрганиши зарур эди. Қунт билан ўрганди. Чемпион бўлди.

                                

Иккинчи ҳикоя: Қаҳрамон

Осиё биринчилигида саксон килограммдан ортиқ вазнда қатнашаётган Қаҳрамон финалга чиқди. Бунгача барча рақибларини ҳар икки қўли билан ҳам мағлуб этди. Финалда Қозоғистоннинг энг кучли спортчиларидан бири - Азон билан учрашди. Бу галги рақибининг гавдаси ўта баҳайбат, оғирлиги эса, Қаҳрамоннинг вазнига қараганда бир ярим бараварча кўпроқ тош босарди. Бир юзу йигирма килограмм! Қаҳрамон рақибининг гавдасига бир қур кўз ташлар экан, "Ҳамма гап билакдаги кучда, маҳорат, ўзингга ишонч ва ғалабага интилишда", деган устозининг ўгитини эслади.

Анча узоқ давом этган курашда ўнг қўл бўйича қозоқ спортчиси ғолиб чиқди. Нима бўлганда ҳам, у ўз уйида, Қаҳрамон эса, узоқ йўл босиб келган, йўл чарчоғи, деган гаплар бор. Аслида кумуш медал ҳам ёмон эмас. Лекин барибир биринчи бўлиш, чемпионликнинг гашти бошқача-да. Устига, чемпион бўлганингда, Тожикистон байроғи иккинчи ва учинчи ўринни олган спортчилар давлатлари байроғидан баландроқда ҳилпирайди.

Чап қўлдаги курашда Қаҳрамонга кучи етмагач, қозоқ спортчиси ҳийла ишлатишга тушди. Билдирмасликка уриниб, қоидани бузди. Ҳакам назаридан қочган бу қоида бузишни сезган Қаҳрамоннинг устози унга бўш келмасликни айтиб, судялардан ҳалол иш тутишни сўради.

Қозоқ спортчиси чап қўлда ҳам енгишига ишонарди. Гавдаси ва оғирлигидан ташқари, унинг яна бир устунлик томони бор эди. Қаҳрамоннинг иккала оёғи ҳам йўқ, ёғоч оёқларда куч синашаётган бўлса, Азоннинг битта оёғи бор эди. Демак, битта бўлса-да, Азон оёғи билан ерга таяна олар, куч олиши мумкин эди. Лекин барибир бу гал Қаҳрамонга кучи етмади. Кучи етмади ва устма-уст қоидани буза бошлади. Ҳакамларга ёрдамга келган ҳамкасблари ҳар бир қоида бузишни қайд қила бошлашди…

Ниҳоят, 80 килограммдан ортиқ вазндаги Осиё чемпиони номи эълон қилинди. "Қаҳрамон Мусабоев! Тожикистон!"

Шундай қилиб, Қаҳрамон Қозоғистондан иккита медал олиб қайтди - олтин ва кумуш!

Қаҳрамон аслида сузишни яхши кўрарди. Кунига Сирдарёдан икки-уч мартагача сузиб ўтган пайтлари бўлган. - Мен дарё бўйида катта бўлганман. Сирдарёдан сузиб ўтиш мен учун кичик анҳордан сузиб ўтишдек гап эди,- дейди Қаҳрамон. У сузиш бўйича мусобақаларда қатнашиб, Суғд вилояти ва Тожикистон шарафини ҳимоя қилмоқчи эди. Лекин тақдир тақозоси билан Россияга ишлаш учун борганида, бир тасодиф туфайли совуқда қолиб, икки оёғини кестиришга мажбур бўлди. Туппа-тузук юрган, соғлом, бақувват йигитнинг кутилмаганда бир эмас, икки оёғидан ажралиши ўтакетган оғир зарба. Унча-мунча инсон бу зарбага дош бера олмайди.

- Аввалига ҳаётдан кўнглим совий бошлади. Лекин руҳий тушкунликни енгишга куч топа олдим,- дейди Қаҳрамон. У фақат ўзи учун эмас, оиласи, жажжи фарзандлари учун ҳам, албатта, яшаши зарурлигини англаб етди. Қўл йиқитиш кураши ҳақида эшитгач, унга қизиқиб қолди. Ётган жойида машқ қила бошлади. Қўшниси Илҳомжон илҳомлантириб турди. Ясама оёқлар буюртирди. Бора-бора сунъий оёқларга кўникиб кетди. Ҳозир Қаҳрамоннинг юришини кўрган ва унинг бошига тушган савдоларни эшитмаган одамлар ҳар иккала оёғи ҳам сунъий эканлигига асло ишонишмайди.

- Қаҳрамон айрим соғлом одамлардан кўра яхшироқ юради. Қомати тик, шахдам қадам ташлайди, - дейди Акмал.

Қаҳрамоннинг қўл йиқитиш кураши турига янада кўпроқ ихлос қўйишига айни шу Акмал ҳам таъсир кўрсатган. - Акмал мендан анча ёш бўлишига қарамай, бир неча карра чемпион бўлганлигини эшитиб, машққа зўр бердим,- дейди Қаҳрамон.

- Мен Қаҳрамон ака туфайли Сочидаги мусобақада яна битта медал олгандим. Мусобақанинг яна бир тури бўйича қатнашиш учун олдиндан бадал тўлайдиган маблағ зарур бўлиб қолди. Менда бу маблағ йўқ эди. Мен таниган бошқа спортчи танишларим ҳам бу масалада ёрдам бера олишмади. Ҳали Қаҳрамонни яхши танимасдим. Шунда у ёнидан 25 евро чиқариб берди. Ва мен мусобақада қатнашдим,- дейди Акмал Қодиров.

Шу-шу иккови қалин дўстларга айланиб кетишган.

Қаҳрамон қўл йиқитиш кураши сирларини қунт билан эгаллаш билан бирга, аста-секин ўзи севган спорт тури - сузишга ҳам қайта бошлади.

- Иккала оёғи ҳам бўлмаса-да, Қаҳрамоннинг усталик билан сузишини кўрсангиз эди, - дейди устози Зокир Комилов. - Август ойида Индонезияда Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Унда навбатдаги параолимпия ўйинлари учун иштирокчилар танлаб олинади. Ҳозир Қаҳрамон Индонезиядаги ўйинларда сузиш бўйича мусобақаларда қатнашиш учун тайёрланмоқда. Унинг, албатта, параолимпия ўйинларига йўлланма олишига ишонаман.

Қаҳрамон устозининг ишончини оқлаш учун тинмай машқ қилмоқда.

- Ҳозир бассейнда бепул машқ қилишимиз учун ҳукумат топшириқ берди. Энди буёғи ўзимга боғлиқ, - дейди Қаҳрамон.

- Икки оёғи йўқ ҳолда, сувда сузиб бораётган инсонни бир кўз олдингизга келтиринг. Мен бошқа ерларда Қаҳрамон кабилар бор-йўқлигини билмайман,- дейди Зокир Комилов шогирди билан фахрланишини яширмасдан.

                                      

Хотима ўрнида:

Устоз сўзлари      

- Келинг, аввал Тожикистон байроғи қайта-қайта ҳилпираган сўнгги Осиё биринчилиги ҳақида гапириб берайин, - дейди Тожикистон терма жамоасининг катта мураббийи Зокир Комилов. - Қозоғистонда умумжамоа ҳисобида Тожикистон учинчи ўринни эгаллади. Майиб спортчилар орасидаги мусобақада эса, жамоамиз ўндан ортиқ мамлакат орасида иккинчи ўринни қўлга киритди.

Мураббийнинг айтишича, Қозоғистон пойтахти яқинидаги Шучинск шаҳрида бўлиб ўтган XVII Осиё биринчилигида Тожикистондан 29 нафар спортчи қатнашган. Душанбе шаҳри, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти, Суғду Хатлон вилоятлари, республика бўйсунишидаги ноҳиялар - мамлакатнинг деярли барча минтақаларидан. Улар 8та олтин, 4та кумуш ва 8та бронза медалини қўлга киритишган. - Саккиз марта Тожикистон мадҳияси янгради, - дейди Зокир Комилов.

- Суғдлик спортчиларнинг Қозоғистондаги биринчиликда муваффақиятли қатнашишларида вилоят раиси Ражаббой Аҳмадзода томонидан кўрсатилган эътибор муҳим ўрин тутди. У кишининг қарори билан спортчиларимиз учун маблағ ажратилди. Олдинлари фақатгина ҳомийлар маблағ беришарди, - дейди миннатдорчилик билан Зокир Комилов.

Мураббийнинг айтишича, ҳозирда суғдлик ногирон спортчилар иккита йирик мусобақага тайёрланишмоқда. Индонезиядаги параолимпия ўйинлари иштирокчилари танланадиган Осиё мусобақаларига беш нафар спортчи тайёргарлик кўрмоқда. Улар орасида Қозоғистондаги қўл йиқитиш кураши ғолиблари - Акмал Қодиров ва Қаҳрамон Мусабоев ҳам бор. Лекин бу гал, юқорида айтганимиздек, Қаҳрамон сузиш бўйича, Акмал эса, енгил атлетика бўйича қатнашади.

Туркияда бўлиб ўтадиган жаҳон биринчилигида қатнашиш учун ҳам қаттиқ тайёргарлик кетмоқда.

- Мен Акмал, Қаҳрамон ва бошқа ногирон спортчиларимиз ҳақида соатлаб гапирсам ҳам оз. Улардаги юксак ирода, ғалаба ва юрт шарафини ҳимоя қилишга интилишни кўрган кишининг ҳаваси келиши, шубҳасиз,- дейди Зокир Комилов.

Келгуси йили эса, Душанбеда қўл йиқитиш кураши бўйича XVIII Осиё ўйинлари бўлиб ўтиши кутилмоқда. Акмал ва Қаҳрамоннинг устози шогирдларининг Душанбеда янада кўпроқ медалларни қўлга киритишларига ишонади.

 

Ўринбой УСМОН.

Суратда: Акмал Қодиров ва Қаҳрамон Мусабоев устози Зокир Комилов билан.

Сурат муаллифники.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Дўстлик – эътиқод кўзгуси

 

Дўст – инсоннинг қаноти, дейдилар…

Зеро, дўстлик қудратли куч сифатида одамга ҳам, жамиятга ҳам нурафшон кунларни, виждон ва эътиқод эркинлигини ато этадиган мардлигу жасорат бирлигидир. Дўсти бор инсон ҳеч қачон хор бўлмайди, жамият эса, таназзулга юз тутмайди.

Муфассал...

Картошка куяси муаммоси

 

МУТАСАДДИЛАР: - ЙЎҚ, ОДАМЛАР: - БОР, - ДЕЙИШАДИ… АСЛИДА-ЧИ?

Тожикистон аграр мамлакат бўлганлиги сабаб, қишлоқ хўжалиги соҳасига катта эътибор қаратиб келинади. Ҳукумат томонидан қабул қилинган ва қилинаётган қонун, қарор ва дастурлар бу соҳани ислоҳ қилиш ҳамда даромадлилигини оширишга йўналтирилганлиги, шубҳасиз.

Картошкапарварлик Тожикистон Республикаси қишлоқ хўжалигининг асосий соҳаларидан бири ҳисобланиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш,

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990881

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478189
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4117
4027
21802
7426653
99833
114875
7478189

Сизнинг IPнгиз: 3.149.25.117
Бугун: 23-11-2024 17:27:21

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015