Ёхуд тўкилмаган дард
Одамлардан қочиб юриб-да,
Одамларни изладим, она.
Қалтис бекатларда асради,
Кўксимдаги мусофирхона...
Хаёлларимни тўзғитиб юборган тийрамоҳ мени шеър сари ичимдан-да
ичимга бошлади. Тошкентдан қайтибоқ, Хўжанддан чиқдиму қишлоқ томон йўл олдим. Микроавтобуснинг сўнгги бекатида тушиб, йўқламоқчи бўлган қариндошимнинг уйига олиб борадиган йўлни қисқартириш учун “Оқариқ” бўйлаб, сўнг эса, дала оралаб юрдим. Мени ҳайрон кузатган (чунки улар дала йўлида баланд пошнали, бошига соябон тутган ўткинчини ҳар куни ҳам кўраверишмайди-да) дашт йўлидаги сўнгги дарвоза ҳамда бола-бақра ортда қолди. Тобора кузги дала юз очар, йўқ, йўқ, дил очар эди. Заъфарон либосларини кийган тутқаторлари ҳам, биринчи теримдан енгиллашган пахтазор ва онда-сонда каштан ва зангор нусха ғўза барглари остида очилган чаноқлар ҳам мени сергак кузатадилар, гўё. Соябонимни тугиб, елкамдаги сумкамга солдим. Ажриқли тупроқ йўлдан эҳтиёткорона ҳатлаб, тут дарахти шохларидан тутиб майдонга кирдиму эгилиб, бир ҳовуч пахтани чаноқлардан чаққон юлиб олдим. Уни гул каби ҳидладим. Пахта, чигит, ғўза ва ғумой, печак ўтларининг ислари ер ҳиди билан қоришиб, мени бир ажаб ҳолга солди. Ғўза барглари қаватларида яширинган турли ҳашаротчаларнинг шивир-шивирлари кўнглимга жуда-жуда хуш ёқди. Тут буталарида эса, чумчуқларнинг чуғур-чуғури гўё мени ўз суҳбатларига чорлаётгандек бўлади. Кузакнинг тўйимли ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олдим. Яқин ўртадаги шийпоннинг азим дарахтларида қушлар бошлаган кечки базмни қибла шамоли гўё бутун дунёга ёяётгандек. Бу хонишлар нариги экин майдонларида меҳнат қилаётган (оҳ, бир замонлар бу меҳнат қўйнида мен ва менинг улуғларим бирга бор эдик) ёш-ялангларнинг паст-баланд овозларини босиб кетди:
Мурғи беболу паре дидам,
дилам омад ба ёд,
Нолаи чуғзе шунидам,
манзилам омад ба ёд...
Юрагимни эритган сўзлари туфайли Сайидони, Сайидои Насафийни алқадим бу чоғ...
Кенг далада ёлғиз кезар эканман, кўз олдимда қоя каби мустаҳкам ва фавқулодда мунис аёл – Қўзихон саркор гавдаланди. Унинг буғдой ранг юзларини, ўсма-ю қаламни асло кўрмаган қошу киприкларини даланинг чанги доимо безаб турарди. Кулиб турувчи, қисиқ кўзларини уфқ томон узоқ-узоқ тикиб туришларини қизалоқлигимда кўп кўрганман. Аммо осмонга умид ила тикилишлар, сассиз сўзлашишлар маъносини уқа олмаганман.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси тараққиётига арзирли ҳисса қўшган кўплаб саркорларнинг номини болаликдан биламан. Шулар қаторида тақдир тақозоси билан Ўзбекистондан келиб қолган ва бизнинг қишлоғимизда муқим яшаган Қўзихон Хўжаеванинг алоҳида ўрни бор. У ўз фаолиятини фермада сигир соғувчиликдан бошлаб, меҳнатсеварлиги туфайли юқори кўрсаткичларга эришган. Пиллачилик соҳасида олиб борган ишларини ҳам кўпчилик эслайди. Лекин ерга бўлган ўзгача (ҳа, ҳа, ўзгача) меҳри туфайли пахтачиликда звено ва бригада бошлиғи бўлиб, узоқ йиллар хизмат қилди.
Чорвачилик соҳасининг пешқадам мутахассиси Амонбой Сафаров билан турмуш қурган саркор опа биз билан бир кўчада, озода ва ораста Бивиш холам билан юзма-юз эшикда яшардилар. Маҳалламиз одамлари бир-бирлари билан ниҳоятда аҳил ва меҳрибон бўлиб, айниқса, Қўзихон опа менинг онам билан қадрдон бўлган. Уларнинг иккалалари ҳам далада етакчи, ер билан тиллаша олувчи, томорқаларидаги каттакон боғларида миришкор боғбон эдилар. Назаримда, уларни бир-бирларига боғлаб турувчи яна нималардир бор эди, гўё. Гоҳ-гоҳ тонготар суҳбатларда шоҳ Машрабдан ўқиб йиғлашганларини кўрганман. Мардлардек забардаст бу икки ўткир ва мағрур аёлларнинг ғазал айтиб, кўз ёш тўкишлари менга эриш туюларди. Кулиб туриб ҳам, йиғлаб туриб ҳам тинмай пахтани чигитдан ажратишар ёки игнаю ип тортишдан қўллари тўхтамас эди. Ваҳоланки, уларни бомдоддан сўнг яна дала кутиб турар эди.
Кўнгиллардан жой олган шиор – “Даст ба кору дил ба ёр” хаёлимда ярқ этиб қолса, мен ўша қадрдонларимни эслайман. Улар гўё пўлатдан ясалгандек. Ундай десам метин иродага эга саркор опани бир куни янги тикилган тутзорда бола каби ҳўнг-ҳўнг йиғлаб ўтирган ҳолида учратган эдим. “Мусофирлигимни юзимга солди у. Лекин ўзини ҳам... ҳаммани ҳам... бу дунёда мусофир эканлигини нега билмайди, у?”- дея бошидаги рўмоли учини қизариб кетган кўзларига босган эди опа.
Кимлигини билмасам-да, саркорни хафа қилган, ўзининг мусофирлигини билмаган ўша мусофирни жудаям ёмон кўриб кетгандим. Аммо мен ғўр, (кошки ҳамон пишган бўлсам) опага алам қилган таъна зарбини қайдан ҳам билдим? Ушбу ҳолини кўрганимдан хижолатлиги сезилса-да, саркор ўрнидан даст туриб, офтобда ранги униққан кўйлак этакларини қоқди. “Кетдик”,- дея ўт-ўлан ва чанг ёпишган кирза этикларини тапиллатиб йўлга тушди. Йўл-йўлакай эса, қишгача улгуриши лозим бўлган режалари ҳақида гўё ҳисобот бергандай синиққина сўзланди.
Маҳалламиз одамлари орасида Қўзихон опагина (йўқ, фақат угина эмас, адабиёт ўқитувчимиз Содир Бадалов ҳам) негадир ёш бўлсам-да, мени ўзларига тенг кўриб муносабат қиларди. Дарвоқе, ўқувчилик йилларимда менинг биринчи мақолам “Саркор хирмон кўтарди” номи билан “Бо роҳи Лениний” (ҳозирги “Хўжанд”) рўзномасида чоп этилган бўлиб, у хўжалигимизда биринчи бўлиб йиллик пахта топшириш режасини уддалаган Қўзихон Хўжаева ҳақида эди.
Қишлоқ, ноҳия, вилоят ҳамда Олий Кенгаш депутатлигига қайта-қайта сайланган ва “Ленин”, “Қизил байроқ” ва “Октябр революцияси” орденлари, шунингдек, қатор медаллар билан мукофотланган забардаст аёлнинг ҳурматли оиласи, мактабда аълочи қизу ўғли бор эди. Шундай инсонни қандай дарди борлиги тўғрисида бот-бот ўйлардим. Онамга гоҳ-гоҳ савол берардим:
–Нега кечалари дам олмай, саркор опа ўғли билан тинимсиз дарс қилади?
–Дарди бор-да, боласи олим бўлишини истайди.
–Нега опа бошлиқ бўла туриб ҳаммадан кўп ишлайди?
–Юрагида дарди бор-да, меҳнат билан кўнглини ёзади.
–Нега улар бунча ёлғизликка ўч?
–Дарди бор-да, ўзига айтадиган гаплари кўп.
–Қанақа дард? Сизга ҳеч айтмаганмилар?
–Эҳ, болам-а. Дардни айтиб бўлармиди...
Оддийгина гапларнинг ғайриоддий маънолари мени кўп ўйлантирарди...
Ғўзазорларни қадамлаб кезиб юриб бу дунёдан дардини ўзи билан олиб кетган Қўзихон опани эслаб, ҳозир юрагим орзиқди. Олим қилиш истагидаги ёлғиз ўғли Муҳаммадёқуб ака айни камолот ёшида, эл назарига тушган пайтда автоҳалокат туфайли ҳалок бўлди. Келини Фотима катта-кичик болалари билан «ўзи йиқилади, ўзи туради». Муҳаммадёқуб акадан ёдгор қолган болалар, яъни Қўзихон опанинг набиралари ҳали-ҳамон дала қўйнида меҳнат қилиб, ўз ризқларини топишади. Улар бувиларининг номи Москва шаҳридаги Бутуниттифоқ халқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси (ВДНХ)дан жой олганлиги билан ғурурланишади. Боболари, бувилари ва оталари шаънига муносиб ворис бўлишга интилиб яшашади. Бутун Тожикистон бўйлаб донг таратган ўзбек элининг фарзанди Қўзихон Хўжаева номини эса абадийлаштириш фикри эрта-индин ўртага ташланса, ажаб эмас. Бу хайрли ишга албатта, ҳисса қўшиш лозим. Руҳларни шод этишдан ортиқ яна не аъло иш бор, ахир?
Дилгир хаёллар кетидан келган ёрқин ўйлар туфайли, тетикланиб ўрнимдан тураман. Ғўзалар оралаб юрар эканман, туфлимнинг пошналари ажриқли тупроққа ботиб-ботиб қолиши ҳам, чаноқларга илинаётган кўйлагим этаклари ҳам менга халал беролмасди.
Яқинларимнинг излари қолган майдондан кетгим келмаса-да, кеч тушмасдан қариндошим уйига етиш учун шошаман ва эртага шаҳарга қайтишдан олдин бир этаккина бўлса-да пахта теришга (ахир, бу менинг ҳар йилги одатим) азм этаман. Ва шу чоғ ўзимга гоҳ ёқиб, гоҳ ёқмай турган сўзларим ижозатсиз сочила бошлайди:
Ўнгу сўлга ботмасин зинҳор,
Ўйларимни хўп этай таҳрир.
Қақшатганга салом
йўллайин,
Ҳоримасин этишдан таҳқир.
Гуҳар истагида бўлайин,
Тошу гилнинг
наздида мулзам.
Отмаётган тонгларим, майли,
Дард устига дард қўшсин
боз ҳам.
Қани ирмоқ, қани ул дарё?
Қалбим оқсин
майиндан майин.
Сизни излаб топаман
шаксиз,
Руҳини поклаган ҳамзамин.
Онадек, заминдек ардоғли яна не бор?
Боладек, болангнинг бахтидек лазизу нондек азиз-чи?...
Аммо... аммо ардоғдан ардоқлироқ, лазиздан лазиз, азиздан-да азиз бир неъмат бор – у сенинг кўксингда улғайиб, кўксингда абад қолмиш ДАРД у.
У қалбнинг мулки...
У сенинг бойлигинг...
Солиҳа ОЛИМОВА,
Хўжанд шаҳри.
ҚАЛЪА АСРОРИ
Ҳисор қалъасининг 3000 йиллигига
Боқсангиз муқаддас кўҳна қалъага,
Олис мозийдан у унсиз сўзлайди.
Минг йиллик тарихдан ернинг қаърида
Муфассал...
Техника ва технологияларнинг энг сўнгги ютуқлари ҳаётимизга дадил кириб келмоқда. Замондошларимиз - етти ёшдан етмиш ёшгача уяли телефондан бемалол фойдаланишади. Интернет тармоғига телефон орқали уланиш имкониятлари барчага бирдек яратилган. Мамлакатимиз пойтахти транспорт воситаларида карталар орқали йўлкира тўлашга ҳам кўникиб қолдик, ҳисоби. Бугунги куннинг асосий талабларидан бири - ҳисоб-китобларни нақд пулсиз
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015