Ёхуд футбол бўйича юбилей – Тожикистон XXV чемпионати якунларига бир назар
Бундан 25 йил муқаддам Тожикистон Республикасида ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳалари қаторида спорт ҳам мустақиллик мақомини олди. Яъни мустақил давлатимизда илгаригилардан фарқли ўлароқ, мустақил спорт жабҳаси пайдо бўлди.
Мана, чорак асрдирки, мамлакатимиз намояндалари дунё миқёсидаги халқаро мусобақаларда иштирок этиб, Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқдалар.
Ва айтишга арзигулик зафарлар қучишмоқда…
Бу ҳолатни эса, бевосита Тожикистон Республикаси Ҳукумати томонидан мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни тараққий эттиришга қаратилган алоҳида эътиборнинг самараси, деб баҳолаш керак.
Жумладан, соҳанинг энг оммавий турларидан бири, «миллионлар ўйини» саналган футболнинг ривожу равнақи йўлида ҳам ибратли ишлар рўёбга чиқарилмоқда.
Хусусан, «2016-2026 йилларда Тожикистонда футболни тараққий эттиришнинг стратегик режаси лойиҳаси» ишлаб чиқилиб, амалга татбиқ этилмоқда.
Хўш, 25 «ёшни қоралаган» мустақил тожик футболида вазият қандай?!.
Дарҳақиқат, ўтиб бораётган 2016 йилда мамлакатимизда юбилей – XXV чемпионат ўз якунига етди.
Келинг, гапни чемпионат турнир жадвалида жамоалар эгаллаган мавқеларни шарҳлашдан бошласак.
Футбол шарҳи ҳақида фикр юритилганда, «башоратчи»лар кўпроқ мазмуни мужмалроқ бўлган «Майдон – текис, тўп – думалоқ», иборасини қўллашади. Биз эса, шарҳлашнинг бу «думбул» усулидан чекиниб, аниқ далиллар асосида фикр юритишга ҳаракат қиламиз.
Ўтказилган мамлакат биринчилигида 18 имкониятдан 45 очко жамғарган пойтахтнинг «Истиқлол» клуби чемпионлик унвонига мушарраф бўлди.
Иккинчи ўринни Фархор ноҳиясининг «Ҳосилот»(37 очко), учинчи жойни эса, Турсунзода шаҳрининг «Регар-ТадАЗ»(32 очко) клублари ишғол этди.
Турнир жадвалининг аутсайдер жамоалари Кўлобнинг «Равшан» ва Бобожон Ғафуров ноҳиясининг «Парвоз» клублари худди ана шундай шароитда 9 ва 5 очкодан тўплади.
Эътибор беринг, рақамлар нимадан «сўзлайди».
Чемпионатнинг «Топ-3»дан жой олган ва аутсайдер жамоалар савияси ўртасидаги фарқ ер билан осмонча. Зеро, қаердадир футбол ривожига жиддий диққат билан қаралса, бошқа бир жойда у ўз ҳолига ташлаб қўйилган (Бу, албатта, молиявий жиҳат билан боғлиқ).
Тожик футболи ривожига тўғаноқ бўладиган «касаллик»лардан бири, айнан, шу нарсадир.
Жамоаларда тўп сураётган футболчилар савиясида ҳам шунга ўхшаш вазиятни кузатиш мумкин. Ўтган «Футбол-2016» мавсумида «Истиқлол» ва Тожикистон миллий терма жамоалари ҳужумчиси Манучеҳр Жалилов рақиблар дарвозасини 22 марта аниқ нишонга олган бўлса, Комил Саидов («Барқчи»- «Ҳосилот») 12та, Ромиш Жалилов («Регар-ТадАЗ») 10та гол урган.
Бошқа чемпионатлар тўпурарлари фаолиятига эътибор қаратилса, улар киритган тўплар орасидаги фарқ 2-3тадан ошмайди.
Футболни ривожлантиришнинг замонавий усуллардан бири легионерлар, яъни четдан футболчилар таклиф қилишдир. Бу усул тожик футболида ҳам қўлланилмоқда. Мамлакат биринчилигида иштирок этаётган жамоалар таркиби Россия, Сербия, Гана, Ўзбекистон сингари давлатлар футболи вакиллари билан тўлдирилган.
Аммо… Легионер «ёллаш»нинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор. Четдан таклиф қилинадиган ҳар бир футболчининг савияси маҳаллий тўптепарга нисбатан бир поғона юқори бўлиши лозим.
Кейинги чемпионат учрашувларини кузатиш жараёнида «ярқ» этиб кўзга ташланадиган легионерни учратиш насиб этмади. Ҳатто, тўпурарлар сафида ҳам уларнинг «қораси» кўринмайди.
Демак, бу борада хатоларга йўл қўйилмоқда.
Уларнинг трансфери, яъни савдосига сарфланадиган маблағ эвазига «жайдари» ёш иқтидорларни тарбиялашнинг нафи кўпроқ тегса ажабмас.
Тожик футболи яна бир бедаво «дард»га чалинган. Бу «кўчманчилик» ҳаракатидир.
Бунга мисол: «Ҳосилот» жамоасининг жорий йилдаги фаолиятидир. Клуб биринчи лигада ғолиб чиқиб, юқори дивизионда ўйнаш ҳуқуқига эга бўлди. Ва мавсумда чемпионатнинг кумуш медали совриндорига айланди ҳам.
Жамоанинг таркиби назардан ўтказилса, олий лига йўлланмасининг таъминланишида меҳнати сингган футболчилардан бармоқ билан санарлиси топилмайди. Клубнинг 90 фоиз аъзоси «кўчманчи»лардир. Улар илгари «Истиқлол», «Регар-ТадАЗ», «Хўжанд», «Барқчи», «Равшан», «Хайр» клублари таркибида тўп суришган.
Бу салбий кўринишга бир мисол: ўтган йили «кўчманчи»лардан иборат таркибда ўйнаб, биринчиликнинг кумуш медалини қўлга киритган «Хўжанд» жамоаси уларни тарқатиб юборгач, бу йил турнир жадвалининг, ақалли, бешлигидан жой ололмади.
Бу «кўчманчилик»нинг салбий асоратидан бошқа нарса эмас…
Энди икки оғиз биринчи лига ҳақида. Ҳар қандай юксак малакали футболга эга давлатда ҳам қуйи босқич юқориси равнақини таъминлайдиган захира манбаи бўлиб хизмат қилади. Бизда ҳам худди шундай бўлиши керак.
Бироқ бунинг учун, биринчи лигага ўзгача, жиддий эътибор талаб қилинади. Ҳанузгача бу жиддийлик кўзга ташланмайди.
Жорий мавсумда биринчи лигада қатнашган Жалолиддин Балхий ва Панж ноҳияларининг «Панжшер» ҳамда «Саройкамар» жамоалари олий лигада иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Агар «Саройкамар» жамоаси фаолияти нуқтаи назаридан масалага ёндашиладиган бўлса, бу клуб ҳаётида биринчи марта юз бераётгани йўқ. Қатор йиллардан бери шу ҳолат такрорланиб келади.
Аммо жамоа тўлақонли олий лига аъзосига айлана олмайди. Бунда мамлакат Футбол федерацияси ёрдам қўлини чўзиб юборса, ҳеч гап эмас.
Фойда қилса, қилади-ю, лекин зарар кўрмайди.
«Саройкамар», «Панжшер» сингари жамоаларнинг олий лигада фаолият юритиши учун имтиёзлар бериш мумкин. Масалан, аъзолик бадалларидан озод қилиш, футбол федерацияси ҳисобидан молиявий ёрдам кўрсатиш, техника воситалари ажратиш.
Буларни қандай амалга ошириш эса, соҳа мутахассисларининг муаммосидир.
Зеро, ҳар қандай организм ҳам «қоннинг янгиланишидан» ўз саломатлигини тиклаб, янги куч-қувват олади.
Эҳтимол, бу жамоалар келажакда тожик футболининг халқаро майдонлардаги нуфузининг янада ошишига ҳисса қўшса, не ажаб…
Энди сўз Тожикистон миллий терма жамоаси ҳақида.
Кейинги пайтларда мамлакат бош жамоасининг чиқишлари, хусусан, бошқарув Ҳаким Фузайлов ихтиёрига берилгач, мухлисларга қувонч бағишлаб келмоқда.
Бангладеш термаси устидан эришилган йирик ҳисобдаги ғалаба, Сурия билан қайд этилган дуранг натижалар, Туркманистон (3:0) ва Афғонистон (1:0) терма жамоаларининг доғда қолдирилиши шулар жумласидандир.
Албатта, футболда қайд этилган ҳисоб биринчи даражали, лекин бунинг учун муносиб савия ҳам зурур.
Демоқчиманки, энди Туркманистон, Афғонистон сингари терма жамоалардан юқори савиядаги рақибларни танлаш вақти етди.
Қозоқ футболи Европа қитъаси майдонларида кураш олиб бораётган бир пайтда, биз туркману афғонлар билан беллашиб юрсак, бир жойда депсиниб қолаверамиз.
Тожикистон терма жамоасининг кейинги ютуқларини яна бир нарса билан боғлаш жоиз. Яъни мамлакатимиз футбол мактаблари тарбияланувчиларининг чет эллар чемпионатларида тажриба орттиришаётгани.
Охирги қисқа муддатларда тожик футболи намояндалари Россия, Болгария, Беларус ва Қозоғистон каби давлатлар чемпионатларида иштирок этаётгани фақат футболимиз истиқболига наф келтириб, «Осиё кубоги-2019» турнири саралаш босқичида «оқ йўл» очиб берса, ажабмас.
Хотима…
Янги – «Футбол-2017» мавсуми ҳақида айрим мулоҳазалар.
Тожикистон футбол федерацияси ижроия қўмитасининг қарорига биноан, олий лига жамоалари ўртасида ўтказиладиган янги мавсумда мамлакат чемпионатида 8 жамоанинг иштирок этиб, мусобақалар уч даврада йўлга қўйилиши режалаштирилган. Бу ҳам бўлса, мажбурий лицензиялаш жараёнидан ўтган жамоалар ҳисобидан.
Аммо футболи ривожланган давлатлар мутахассисларининг таъкидлашларича, бундай тизим футболни «бўғиш»дан бошқа саъй-ҳаракатмас.
Бу гапда жон бор. Футболи «оқсаб» келаётган кўплаб давлатларнинг чемпионатларида қатнашаётган клубларнинг сони 8-10тадан ошмайди.
Шунинг учун, бу тизимга барҳам беришнинг йўлларини ахтармоқ лозим…
Нима бўлганда ҳам, спортнинг футбол тури моҳияти майдоннинг текислиги, тўпнинг думалоқлигида эмас, мутлақо.
Унинг асл фалсафаси ана шу текис майдонда думалоқ тўпни юқори савиядаги маҳорат билан суриша билишда…
Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ,
«Халқ овози»нинг спорт шарҳловчиси.
Санъатшунослик фанлари доктори, профессор, илму техниканинг атоқли арбоби, Тожикистоннинг етакчи санъатшуносларидан бири Муқаддима Ашрафий тожиклар миллий либосига бир қатор илмий ишларини бағишлаган. Унинг "XII-XVII аср тожикларининг ўрта асрдаги либослари" суратли китобларидан бири тожиклар санъати тарихининг энг кам ўрганилган соҳаси - ўрта аср либосларини акс эттиради. Либослар ҳақида тўлиқ, аниқ, яққол тасаввур берувчи қадимий
Муфассал...
Ўзбегу тожик халқларининг дўстлик ва адабий ҳамкорлиги тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Замонасининг буюк мутафаккири, олим, шоир Мавлоно Абдураҳмон Жомий ҳазратлари билан улуғ мутафаккир шоир Мир Алишер Навоий ўртасидаги устоз-шогирдлик анъанаси бу икки халқ донишмандлари даврасини ҳанузгача тарк этган эмас. Навоийдан кейинги даврларда ҳам тожик ва ўзбек шоирлари орасида зуллисонайнлик урфга кирганлигининг гувоҳи бўламиз.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015