Наҳот, яна етти нозанинни кўра олмасам?
Ёз ойлари жуда тез ўтади. Ҳаш-паш дегунча ёз ҳам ўтиб кетмоқда. Ҳали кўкламдаёқ бу йил, албатта, Еттикўлга бораман, деб режа тузиб қўйгандим. Лекин аввал Аштга, Ошоба томонга бориб-келмоқчи бўлдим. Лекин панжакентлик дўстларимиздан бири: -Агар августнинг биринчи ярмидан кечиксангиз, тоғларга совуқ тушиб қолиши мумкин, - деди. Бир каттанинг гапига кир, бир кичикнинг,
дейдилар. Маслаҳат бераётган киши мендан анчагина ёш бўлса-да, асли панжакентлик, демак, у томонларни яхши билади. Ўйлаб кўрсам, Аштга кейинроқ борсам ҳам бўлади. Лекин агар Панжакент сафарини кечиктирсам, Фон тоғлари бағридаги етти мўъжизани кўриш яна бир йил орқага сурилади.
Хўжанддан йўлга чиққан машина Панжакентга етиб борганда соат миллари, аллақачон, бешга қараб ҳаракат бошлаганди. "Бугун Еттикўлга бора олмайсиз. У томонларга машина бўлмайди. Бизникида меҳмон бўлинг",- деди асли Панжакентнинг Юқори Шўрнова қишлоғидан бўлган Камолиддин Икромов. Ихтисоси филолог бўлган бу кишининг мақсади мени меҳмон қилиш эканлигини ўйлаб, етиб оларман, деганимда, Облоқул ҳам унинг гапини қувватлади. Ҳозирда "Суғд ҳақиқати" вилоят газетасида ишлаётган Облоқул Мусаев ҳам аслида шўрновалик. Хуллас, икковлон бўлиб, мени Шўрновада қолишга кўндиришди…
Аммо фақат ўша - 1 август куни ҳам, эртасига ҳам Еттикўлга бора олмадим. Саёҳат - туризм соҳасига оид масъул кишилар, мутахассисларни топиб, гаплашганимча, Еттикўл томон борадиган барча машиналар кетиб бўпти.
"Туризмга оид Зарафшон кенгаши" ижтимоий ташкилоти раҳбари Зафар Норов Еттикўлга бориб-келадиган, кўллар атрофидаги қишлоқларда яшайдиган барча танишларига қўнғироқ қилиб чиқди. Биттаси, аллақачон, биринчи кўлга етиб борганини, иккинчиси Шинг қишлоғига кириб бораётганини айтди.
Панжакентга илгари келган пайтларим қандайдир сабаблар билан Еттикўлни кўра олмасдан қайтиб кетгандим. Наҳотки, яна мовий кўллар томошаси насиб этмаса?
Худди шу лаҳза анча йиллардан буён тез-тез хаёлимдан йилт этиб ўтадиган саволлар эсимга келди: "Наҳотки, тожикистонлик бўлиб, Помирга саёҳат қила олмасам? Наҳотки, юртимиздаги энг хушманзара Ҳафткўлга бормай юраверсам?" Ўз-ўзимга бу саволларни берганимда, кўз олдимга Помир йўлларида велосипедда сайр қилиб юрган, ё Фон тоғлари томон отланган, сафархалта орқалаган чет эллик сайёҳлар келаверарди. Дунёнинг у чети-ю бу четидан, минг-минглаб чақиримдан сайёҳлар "Жаҳон томи" ва "Етти нозанин"ни ўз кўзлари билан кўриш учун йўлга чиқишади-ю, мен ўз юртимдаги мўъжизалардан завқ ололмасам?
Бундан етти-саккиз йил олдин биринчи орзумга етдим. Тоғли Бадахшонга боришга муяссар бўлдим. Дарвоз, Қалъаихумб, Ванж, Шуғнон, Хоруғ, Рўшон, Роштқалъа, Ишкошим, ҳатто олисдан-олис Мурғобда ҳам бўлдим. Сервиқор тоғлар, зилол сувли ўйнаб оқар дарёлар, кўллар томошаси умримга умр қўшди. Помир йўлларида эса, бир пайтлар мен ҳавас қилган чет эллик сайёҳлар, велосипедда, пиёда, машиналарда сайр қилишарди…
Хўжанддан қанчалар олисдаги Помирни кўриш орзуимга етсам-у, ақалли, Панжакентдан бор-йўғи 28 километр узоқда, деб ёзиб қўйилган биринчи кўл - Мижгонни кўриш насиб этмаса?
Шу пайт Зафарнинг хонасига кириб келган, кўринишидан европалик киши инглизча салом бериб, хаёлимни бузди. У асли британиялик бўлиб, икки-уч йилдан буён "Ипак йўли" бўйлаб саёҳат қилар экан. Тони Меҳан исмли бу сайёҳ Хитой, Покистон, Афғонистон, яна бошқа давлатларда бўлибди. Бу йилги режаси бўйича Тожикистон ва Ўзбекистонни сайр этмоқчи экан.
Зафар Тожикистон харитасини ёзди-да, Тонига аввал Панжакентдаги, сўнгра бутун Зарафшон водийсидаги хушманзара, диққатга сазовор жойларни кўрсата бошлади. Кузатиб турибман: Зафар 5 ярим минг йиллик тарихга эга Саразм, қадимий Панжакент шаҳри харобалари, Артуч, Кўли калон, Искандаркўл ҳақида ҳикоя қилаётганда, хорижлик сайёҳнинг кўзлари ёниб кетгандайин бўлди. Ҳафткўл ҳақида гап бошлар экан, мен ўрнимда ўтира олмай қолдим.
Хорижлик сайёҳ юртимизнинг табиат ато этган мўъжизаларини кўриш учун узоқ Британиядан келибди. Ёвуз ниятли кимсаларнинг чет эллик сайёҳларга шафқатсизларча ҳужуми ҳам уни йўлдан қайтара олмабди. "Бу воқеа ҳамма мамлакатда юз бериши мумкин. Европа мамлакатларида ҳам бўлди-ку. Ёвузлар ҳамма ерда ҳам бор", - деди у. Бу сайёҳ бир ўзи, пиёда саёҳат қилаётган экан. У биз билан хайрлашди-да, бугун аввал шаҳар кўчаларида сайр қилишини, сўнгра қадимий Панжакент шаҳри харобаларини томоша қилишини айтиб, сафархалтасини елкасига илди.
Ё мен ҳам Еттикўл томон яёв йўлга тушсаммикан?
Мижгон
Ўтган йили Ҳафткўлни кўриш орзуим ҳақида айтганимда, Панжакентнинг Чорбоғ қишлоғида яшайдиган Раҳимберди Бердиев у ерга сизни ўзим олиб бораман, деганди. Халқда "оғзида ўти бор", деган ибора бор. Хуллас, нияти бутун инсон - Раҳимберди билан йўлга чиқдик. Машинани унинг дилкаш ўғли Матлаб бошқариб борарди.
Филмандар қишлоғидан ўтдик, Косатарошдан ўтдик. Тоғ томон ўрлаб борар эканмиз, йўл четидаги манзара нигоҳимни тез-тез михлаб қўярди. Тоғ тобора юксалиб борар, Моғиён дарёси шарқираб оқарди. Бир жойга етганимизда, икки дарёнинг қўшилганини кўрдим. Матлаб дарёларнинг бири Шинг, иккинчиси Моғиён эканлигини айтди. Зилол сувли Шинг Ҳафткўл томондан оқиб келар экан.
Атроф-манзара сеҳрли, лекин йўл тобора торайиб, қийинлашиб борарди. Ичимда тоғ қишлоқларидан Панжакентга - Панжакентдан Ҳафткўл томонга йўловчи ташийдиган машиналардан биронтасида кетсам яхши бўларди, ота-болани ташвишга қўйяпман, деб ўйлардим. Лекин Матлаб йўлнинг торлигини ҳам, туртиб чиққан тошларни ҳам, кескин бурилишларни ҳам писанд қилмай, рул бошқарарди. Гоҳида отаси "секинроқ юр" деб огоҳлантирганда, тезликни бироз пасайтирарди.
Тоққа ўрлаганимиз сари ҳаво салқинлашиб, ёқимли бўлиб борарди. Раҳимберди эса, йўлда учраётган ҳар бир қишлоқ ҳақида маълумот берарди. Унинг бу томонларга тез-тез келиб туриши кўриниб турарди.
- Ана, Шинг, ҳозир биринчи кўлга етамиз, - деди у тоғ ёнбағридаги дарахтларга бурканиб ётган қишлоққа ишора қилиб.
Ҳеч қанча юрмасимиздан, шундайгина кўз олдимда бир мўъжиза пайдо бўлади. Суви хилма-хил рангларда товланиб турган биринчи кўл - Мижгон.
Мижгон ҳақида ўзим билган, ўқиган, эшитган маълумотларни эслайман. Энг қуйида жойлашган бу кўл денгиз сатҳидан 1596 метр баландда жилоланиб ётибди. Унинг энг чуқур жойи 20 метр.
Мижгоннинг асосан мовий рангда товланаётган суви шунчалик тозалигидан унинг тагидаги тошларгача аниқ кўринади. Кўлнинг у томонига қарасам, суви қизғишдек, бошқа томонда сарғиш, нарироқда сув гунафша рангда товланади. Камалакнинг етти жилоси деганларидек, Мижгоннинг камида етти хил ранги бор.
Янги келинлар кунига етти марта кўйлакларини алмаштирганларидек, Мижгон ҳам тусини ўзгартириб туради. Хаёлимда бир савол туғилади. Рассом бу мўъжиза кўлни қандай тасвирласа экан? Балки энг истеъдодли, энг маҳоратли рассом барча рангларни илғай олар ва бу ранглар сирини томошабинга етказиш унинг қўлидан келар? Лекин кўлнинг тўлиқ жозибасини расмга кўчириш камдан-кам рассомга насиб этиши аниқ!
"Келин, дедингизми? Мен… мен… мен…" Кўл томондан келган шивирлаш хаёлимни олис мозийга олиб кетади.
Опа-сингил кўллар
Фон тоғларида ов қилиб юрган маҳаллий ҳоким от ўйнатиб борар экан, чопқир тулпор унга итоат қилмай қолади. Бундай қараса, етти қиз яшириниш учун дарахт ортига ўтишмоқда. Бири биридан чиройли нозанинлар. Ҳокимнинг кўзлари ўйнабди. Етти қизнинг энг кичиги юрагидан урибди. Ҳоким гумашталарига бу нозанинларнинг кимлигини аниқлашни буюрибди. Етти нозаниннинг ҳаммаси тоғда яшайдиган темирчининг қизлари экан. Кичик қизининг қўлини сўраган ҳокимга ота йўқ, дея олмабди. Лекин ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган нозанин қари чолга тегишни истамабди. Ҳоким бўлса ўзига, лекин нега унинг кўнгли билан иши йўқ?
Лекин совчилар қисташдан тўхташмабди. Ва ҳоким тилагини тиласин, деб айтганини билдиришибди. Шунда қиз ўйлаб-ўйлаб, ҳоким олдига шарт қўйибди: роса қирқ кунда ҳеч қаерда йўқ олтин қаср бунёд этсин! Ва бу шартини ҳоким ҳеч қачон бажара олмаслигига ишонибди. Лекин қариганида ҳоким ишқ ўтида тўлғанар экан. У нозанин қиз айтган муддатда олтин қаср бунёд эттирибди.
Тўй куни келинлик либосини кийган қиз қасрнинг томи нимадан ясалган эканлигини сўрабди. "Ҳаммаси, томи ҳам олтиндан", дебди ҳоким. Қиз ўз кўзи билан кўргандагина ишонишини айтибди. Ва қаср томига чиқибди. Чиқибди ва ўзини ерга отибди…
Қиз жон берган ерда мовий кўл пайдо бўлибди. Қизнинг мовий кўзларини ёпган узун киприкларини кўрган одамлар кўлни Мижгон деб аташибди… Кенжа қизнинг опалари сингиллари учун тинмай йиғлашибди. Уларнинг кўз томчилари кўлга айланибди. Шу тариқа яна олтита кўл пайдо бўлибди. Бири-биридан чиройли, фусункор кўллар…
Албатта, бу бир афсона. Лекин ҳар бир афсона, ривоятда ҳам жон бор, дейдилар. Аслида эса, олимларнинг айтишларича, кучли ер силкиниши туфайли тоғдан кўчган катта-катта тошлар думалаб, етти жойда Шинг дарёси йўлини тўсган ва етти кўл ҳосил бўлган экан. Мен кўллар орасидаги йўллар ёнида тоғдан кўчиб тушган ҳар бири уйдек-уйдек тошларни кўрдим. Худди биров улкан арра билан қирққач, тоғдан пастга тушириб, авайлаб териб қўйгандек…
"Нажмиддин" меҳмонхонаси
Мижгон томошасидан базўр кўнгил узиб, иккинчи кўл - Соя томон қараб кетдик. Кўп юрганимиз йўқ, уч-тўрт айланиб, икки юз метрча тепаликка кўтарилдик, шунда яна бир мовий кўл кўзларни сеҳрлади. Соя кўли. Уни соя қоплаб борарди. Маҳаллий аҳоли топиб ном қўйган экан-да. Мижгонга қараганда кичикроқ кўл…
Учинчи кўл эса, Ҳушёр деб аталади. У гўё Сояга қўшилиб кетгандек туюлади. Бу икки кўл бир-бирига яқин жойлашган. Назаримда, бу кўлнинг суви янада тиниқроқ туюлди.
Аслида, ҳар бир кўл атрофида соатлаб эмас, балки кунлаб сайр қилсангиз ҳам, сира кетгингиз келмайди. Лекин вақт деган шоширувчи туртки бор. Майли, дейман, ўзимча, Нофинга етиб олайлик. У ерда кўпроқ сайр қиламиз.
Нофин - ноф (тожикча - киндик) сўзидан олинган. Ўрта, марказдаги кўл. Еттикўлнинг энг катталаридан бири. Нофин қишлоғига туташ томондан қараб тикилсангиз, кўлнинг нариги четини кўз илғаши қийин. Маълумотларга қараганда, узунлиги камида 2750 метр. Бошқа кўлларга қараганда кенгроқ ва чуқурроқ - эни 180 метрдан ҳам кўп бўлган ерлари бор, айрим ерларда чуқурлиги деярли 42 метрга етади.
Кўл соҳилида дам олувчилар кўп. Қадим-қадимда ҳам суғдий ҳукмдорлар айнан Нофин соҳилларида ҳордиқ чиқаришни хуш кўришган ва Самарқанду Бухородан келишган. Кўлда балиқ борлиги учун қармоқ тутганлар ҳам кўриниб қолади.
Кўл соҳилидан хиёл баландроқдаги йўл Нофин қишлоғига олиб боради. Қишлоққа кираверишдаги йўл кўрсаткич-ёзувни ўқийман: "Нажмиддин" меҳмонхонаси.
Меҳмонхона шундайгина шарқираб оқаётган тоғ дарёси ёнида жойлашган экан. "Меҳмонхонани бобомнинг номларига қўйганман",- деди унинг эгаси Бегмаҳмад Шахмаев.
Эллик бир ёшда эканлигини айтган Бегмаҳмад кўлга яқин хушманзара жойда жойлашган ҳовлисида хусусий меҳмонхона очиш ғояси қандай туғилганини ҳикоя қилди:
- Мен Нофинда маҳалла раисиман. "Германагроакция" ташкилотидан келиб, сайёҳликни ривожлантириш борасида семинар-тренинг ўтказиш ҳақида айтишганда, мен, албатта, қизиқувчи кишиларни тўплашга ёрдам беришимни айтдим. Семинар-тренингда ўзим ҳам қатнашдим ва унда илгари сурилган бир ғоя менга маъқул тушди. Аниқроғи - ким уйида меҳмонхона очишни истайди, деб сўрашганда, қўл кўтардим. "Германагроакция"дагилар келиб, уйимни кўришди. Бўлади, дейишди. Цемент, аристон, унитаз олиб беришди. Қолган ишларни ўзимиз қилдик.
Шу тариқа 2011 йили Ҳафткўлда биринчи хусусий меҳмонхона очилди. Ўша пайтда меҳмонлар учун иккита хона бор эди. Ҳозир хоналар сони еттитага етди. Бегмаҳмад меҳмонхонадан топаётган даромади ҳисобига уни тобора кенгайтириб бормоқда. Ҳозир икки қаватли янги меҳмонхона қуриляпти.
- Ҳозир меҳмонхонамизда бир кеча-кундузда 20-25 нафар сайёҳни қабул қилиш имкониятимиз бор. Янги бино тўлиқ ишга туширилгач, янада кўпроқ меҳмон қабул қиламиз, - дейди Бегмаҳмад.
Сайёҳларнинг очиқ ҳавода дам олишни хуш кўришлари ҳам ҳисобга олинган. Дарахтларга бурканган ҳовлида бир нечта усти ёпиқ миллий шийпонлар қурилган.
- Айрим сайёҳлар тунда ҳам мана шу шийпонларда қолишни ёқтиришади. Ана, анави шийпонда Франциядан келган сайёҳ аёл дам оляпти. У ҳам бошқа кўпгина чет эллик сайёҳлар каби бизнинг тожик таомларимизни тановул қилишни яхши кўраркан, - дейди Бегмаҳмад пардалари енгил шабадада ҳилпираб турган шийпон томон ишора қилиб.
Кейинги икки йил давомида Бегмаҳмаднинг хусусий меҳмонхонасида тунаб кетган сайёҳларнинг сони икки юз нафардан ошган. Кундузи келиб, дам олиб қайтадиган сайёҳлар бу ҳисобга кирмайди. Гарчи меҳмонлар учун замонавий шарт-шароитлар яратилган бўлса-да, меҳмонхона ҳақи унчалик қиммат эмас. Бир кеча-кундуз учун хорижий меҳмонлар 130 сомоний, тожикистонлик сайёҳлар эса, 50 сомоний тўлашади, холос. Айтгандай, бунга нонушта ҳам киради. Буюрганларга эса, тушлик ва кечки овқат ҳам тайёрлаб берилади.
Меҳмонхонада тунаган меҳмонлар қайд қилинган дафтарни варақлайман. Уларнинг сони йил сайин ошиб бораётгани кўриниб турибди. Меҳмонларнинг деярли ҳаммаси - чет эллик сайёҳлар.
Бегмаҳмаднинг айтишича, Ҳафткўлда олдинроқ бўлган хорижий сайёҳнинг фарзандлари, қариндошлари, яқинлари мўъжиза кўлларни томоша қилиш учун келишмоқда. Бундан ташқари, "Нажмиддин" меҳмонхонаси ҳақида ижтимоий тармоқларда маълумотлар жойлаштирилгани ҳам чет эллик сайёҳлар сонини ошираётган экан. Яқинда Германиядан келган сайёҳлар ҳам меҳмонхона ҳақида ижтимоий тармоқларда маълумот олиб, "Нажмиддин"ни танлашганини айтишибди.
Бегмаҳмаднинг айтишича, икки ўртадаги чегаралар очилгач, қўшни Ўзбекистондан келаётган сайёҳлар ҳам кўпайган. Жумладан, ёз ойларида Ўзбекистондан сайёҳларнинг иккита катта гуруҳи келибди - 18-20 кишилик гуруҳлар.
Бегмаҳмад меҳмонхона очиш борасидаги тажрибаси, ундан топаётган даромади ҳақида Ҳафткўл атрофидаги бошқа қишлоқларда ўтказилган семинар-тренингларда сўзлаб берди. Аввалига Нофиндаги қўшнилари меҳмонхона очишди. Бора-бора бешинчи ва олтинчи кўл соҳилларида ҳам хусусий меҳмонхоналар очилди. Шу тариқа Ҳафткўлдаги меҳмонхоналар сони йигирматадан ошди.
Энди ҳисоблаб кўринг, агар фақатгина "Нажмиддин" хусусий меҳмонхонасида тунаган, ҳа, фақатгина тунаган сайёҳлар сони икки юз нафарга яқин бўлса, йигирмата меҳмонхонада қанча хорижий саёҳатчи меҳмон бўлган бўлиши мумкин? Бу сонга меҳмонхоналарда фақат кундузи дам олиб кетаётган, ўзлари билан чодир олиб юрган сайёҳлар кирмайди.
Панжакентда ҳозир 11та сайёҳлик-туризм агентликлари ишлаяпти. Хорижий сайёҳларнинг тобора кўпаяётганлиги боис, яна иккита сайёҳлик-туризм агентлиги очилмоқда.
Тоғ дарёсининг ёқимли куйдай овозини тинглаб, дам олиб ўтиргинг келаверади. Лекин ҳали олдинда бошқа кўллар бор. Бегмаҳмад билан хайрлашиб, Нофин кўли бўйида тўхтаймиз. Кўл соҳилига тушиб, зилол сувидан ҳовучлаб ичаман. Тан-жоним яйраб кетади. Нақадар мазали, тоза сув. Яна ҳовучимни сувга тўлдирар эканман, хаёлимга бир фикр келади: Нофин сувини шишаларга солиб, сотишни йўлга қўйса бўлмасмикан? Агар шундай қилишганда, мен фақат Ҳафткўл сувидан сотиб олган бўлардим.
"Нақадар гўзал юртингиз бор"
Нофиндан тепада яна учта кўл бор. Мижгоннинг учта катта опаси кўз ёшларидан ҳосил бўлган кўллар - Хурдак, Марғзор ва Ҳазорчашма. Хурдак ўз номи билан - кичик кўл. Бу кўлда бўлган сайёҳлар, бир бешинчи нозанин кўз ёшларидай соф сувни ичиб роҳатланишса, бир Хурдак атрофидаги тошларда унган гуллардан кўз уза олмай қолишади. Олтинчи кўл - Марғзор Ҳафткўлнинг энг каттаси ҳисобланади. Кўп сайёҳлар айнан шу кўл соҳилларида узоқроқ қолиб, дам олишни ёқтиришади. Еттинчи кўл - энг баланддаги Ҳазорчашма ва Марғзор бошқа беш кўлдан фарқли равишда қишда музлайди.
Ҳафткўл нақадар жозибали бўлмасин, у билан хайрлашишга тўғри келади. Мижгон ёнига етганимизда, машинани тўхтатишни сўрайман. Бу кўл суви тепадаги кўллар сувига қараганда унча совуқ эмаслиги учунми, кун қизиб қолган пайтда кўлда чўмилувчилар ҳам пайдо бўлибди. Мижгонга "кўришгунча", деб машина томон юрганимда, йўлда олдинма-кетин бораётган тўрт нафар сайёҳ кўринади. Улардан бири - бошида соябонли шляпа новча киши орқароқда қолиб, турган жойида Мижгонга тикилганча қолади. Унга нималарнидир тушунтираётган йигитга яқинлашиб, саломлашаман. У рус тилида йўлбошловчи эканлигини айтади. Оти Денис, Душанбедан экан. Ҳамон кўлга тикилиб турган сайёҳнинг Америкадан эканлигини айтади. "У сизга нимадир, дедими?" - деб сўрайман йўлбошловчидан. "Ҳа. Бунақа гўзалликни ҳеч қаерда кўрмаганман, деяпти",- деди Денис.
"Бошқа кўлларни кўрса, бутунлай мафтун бўлиб қоларкан-да", дея ўйлайман. Сайёҳларга яхши дам олишларини тилаб, йўлимизда давом этамиз. Йўлда икки-учтадан бўлиб, ёлғиз кетаётган сайёҳлар учрайди. Матлабдан улардан бири олдида машинани тўхтатишни сўрайман.
Каттагина қопчиқни ортмоқлаб олган қизгина Болгариядан экан. Русчани яхшигина билар экан. Тери Апостолова Зарафшон водийсидаги тоғ кўллари ҳақида Тожикистонда бўлган танишларидан эшитиб, тинчини йўқотибди, Фон тоғларидаги кўлларни томоша қилиш истаги эрта-ю кеч тинчлик бермабди. Имконият топиши билан Панжакент томон йўлга чиқибди.
Тери биз суҳбатлашган жуда кўп чет эллик сайёҳлар каби тожик халқининг меҳмондўстлиги, самимийлиги ҳақида тўлиб-тошиб сўзлади. -Ким бўлмасин, биз - сайёҳларга қўлидан келганча ёрдам беришни истайди,- деди у.
Унга оқ йўл тилаб, пастдаги қишлоқлар оралаб ўтган йўлдан борар эканмиз, Ҳафткўл - етти нозанин кўз олдимда жилваланишдан тўхтамайди. Шартта ортга қайтиб, бояги америкалик ёки болгариялик сайёҳлар каби Еттикўл томон яёв йўлга тушгим келади…
Панжакентдан уйга қайтганимда ҳам Ҳафткўл сурури руҳимни тозалаб турарди. Эртаси эдими, икки кун кейинми, Раҳимберди билан телефонда суҳбатлашдик. Унга миннатдорчилигимни билдирмоқчи эдим. У Ҳафткўлга яна бориб-келганини айтди. Йўлда хорижлик сайёҳларнинг машинаси бузилиб қолганини кўриб, тузатишга ёрдам берибди. Ўша машинадаги тўрт нафар сайёҳ ва яна велосипедда сайр қилиб юрган икки сайёҳ уйида - Чорвоқда меҳмон бўлишибди.
У гапирар экан, болгар қизнинг сўзлари қулоғимда янграрди - нақадар гўзал юртингиз бор, сервиқор тоғлар, зилол сувли кўллар, айниқса, меҳмондўст, одамижон одамларингиз…
Ўринбой Усмон, Хўжанд.
Суратларда:
1. Мижгон кўли.
2. Нофин соҳилида.
3. Бегмаҳмад Шахмаев.
4. Болгариялик сайёҳ Тери Апостолова.
Суратларни муаллиф олган.
Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Стандартизация, сертификация, метрология ва савдо назорати - "Тожикистандарт" агентлиги ходимлари қуритилган ўрик халқаро стандартини ишлаб чиқиб, уни халқаро миқёсда ҳимоя қилишди.
- Тўрт йил давомида агентлигимиз ходимлари мамлакатимизда етиштириладиган қуритилган ўрикнинг халқаро сифат стандарти устида ишлаб,
Муфассал...
Ватанпарварлик ғояларини тарғиб қилиш ва амалда исботлаш олий бурч ҳисобланади. Ватанга бўлган муҳаббат ва садоқат сарҳад билмас ҳис-туйғу эканлигини баъзи бир ватандошларимиз сиймосида кўриш одамга ўзгача ифтихор бағишлайди. Ёки аксинча, Ватанга хиёнат қилган кишининг кирдикорлари одамлар қалбида чуқур ва тузалмас жароҳат қолдиради. Инсон умри давомида ҳар икки кўринишни ҳам ўз баданида ҳис қилиб яшашга - маҳкум.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015