Эрталабдан банкда одатдагига қараганда одам кўп эди. Навбат кутиб, ўрта ёшлардаги киши билан суҳбатлашиб ўтирдик. Ёнимизда бир-икки киши ҳам бор эди, улар сабрсизлик қилиб, у ёқ-бу ёққа юргач, ташқарига чиқиб кетишди. Гапдан-гап чиқиб, унинг ёшлигида бошидан ўтган нохуш воқеа ҳақидаги ҳикоясини берилиб тингладим.
Бизга қўшни бир кекса киши бўларди. Соқоллари оппоқ, ҳаётнинг аччиқ-
чучугини тотган бу нуроний зот қачонки, дастурхонга фотиҳа ўқиб, омин қилса, сўзи охирида: - Сув, ўт ва туҳмат балосидан ўзинг асрагин, Худойим! - дея илтижоли дуо қиларди.
Ҳамроҳимнинг бошидан ўтган саргузаштини тинглар эканман, оқсоқол бежизга туҳмат балосини тилга олмас экан, деб ўйладим. Кўпни кўрган ўша мўйсафид ҳам қачонлардир қуруқ туҳматга қолган бўлса ажаб эмас…
Суҳбатдошим ёшлигидан совхоз марказий бўлимида оддий механизатор бўлиб ишларкан. Уйлари олис қишлоқда бўлиб, автобусда келиб кетаркан.
- Хизматни тамомлаб келиб, ҳали «капуст»нинг ҳиди оғзимдан кетмай, марказда тракторчи сифатида иш бошладим. Иш жойимда ҳамкасбларим яхши кутиб олишди. Ота-онам кекса кишилар. Йиққан нафақаларига маошларимни қўшиб, унаштирилган қизимни тушириб олмоқчи эдик. Тўй ҳақидаги гап кунда бўлмаса ҳам, кунора такрорланади. Ичимда чиндан хурсанд бўлсам-да, сездирмайман. Жонимни жабборга бериб, бир смена ўрнига икки смена, ҳафталаб уйга келмай ишлаган кезларим бўларди. Ер ҳайдаш мавсуми эди. Ниҳоят, ой охирлаб, олган беш юз сўмдан зиёдроқ маошимни чўнтакка жойладим ва уйга жўнадим. Қишлоқнинг нотаниш кўчасидан кетар эканман, бўйи етган қиз дарвозани очолмай, хуноби ошиб, даранглатиб муштларди. Атрофда ҳеч ким йўқ, айни тушлик маҳали. Ҳамма тушлик қилиб, ҳордиқ олишга чўзилган бўлса керак. Гап отиш қаёқда, ҳатто, қарашга андиша қилиб, ёнидан ўта бошладим. Менга кўзи тушиб, унинг ўзи гап қотиб қолди.
–Ака, хизмат бўлсаям, девор ошиб дарвозамизни очиб беринг. Уйдагилар ухлаб қолишганми, дарвозани очишмаяпти, - деди. Ёш эмасманми, бир томонда чўнтагимдаги пулнинг ҳавоси, бир томонда қоши устидаги холи ярашиб турган қиз илтимос қилиб турса, йўқ деб бўладими? Шартта хом ғиштли деворга осилдиму, у ёққа сакраб тушдим. У ёқ-бу ёққа аланглаб, дарвоза ёнига келишга улгурмасимдан дарвоза ўзи очилиб, зулфини шилдиради. Шошиб кирган қиз уни қайта ёпиб, ўзини ерга ташлаганча, додлай бошлади: -Вой, тусинг қурсин, сен қароқчининг. Мени ким деб ўйладинг. Қоч, қўйвор қўлимни! Кунингни кўрасан ҳали, - дея бошидан юлиб отган рўмоли ҳавода ёйилганча оёқларим остига келиб тушди. Ана бедодлигу мана шаллақилик! Турган жойимда ток ургандек қотиб қолдим. Худди туш кўраётгандек эдим. Ботинимда қиз менга эмас, бошқа бировга қарата ўшқиргандек, ўзимни бегуноҳ ҳис қилардим. Аммо бирдан пайдо бўлган шоп мўйловли, жуссадор кимса ёқамга ёпишди. Мен ҳам урушда анойи эмасдим. Унинг кучли қўлларини ёқамдан бўшатиб, кўкрагига калла қўйдим. Эркак гандираклаб, ўтириб қолди. Шу топда ғилай кўзли аёл бизнинг яна ёқалашишимизга йўл бермай орамизда туриб олди. Аёл қизнинг онаси бўлса-да, (қизга ўхшарди) шаллақилик қилмасди. Муросага чорлаш оҳангида: -Тўхтанглар, тўхтанглар, милиция чақирамиз. Ўзи ҳал қилади, - деганича қизига уйга киришга ишора қиларди. Қиз икки қўли билан юзини беркитиб, уйга кириб кетди. Мушт тушириб дабдала қилишга кўзи етмаган барзанги хотинининг олдида (хотинидан кўра жазманига ўхшарди) дўқ-пўписага ўтди.
– Душдан чиқсам, қизингни судраб тортаяпти. Югуриб келиб, зўрға ажратдим. Бу ёғини ўзинг ҳал қил.
Бундай аччиқ туҳматдан ўзимни тута олмай, унинг устига бостириб бордим. Бир енгимга ёпишган ғилай хотин: - Ҳой қароқчи, қилғилиқни қилиб, яна ўзингни оппоқ қилиб кўрсатаяпсанми? Ҳали биз сенга гап берганимиз йўқ. Гапнинг очиғи, пулинг бўлса бер-да, кетавер. Бўлмаса, норасидага тажовуз қилишнинг «статия»сини биласан. Камида ўн йил беради…
Шунда унинг ғилай кўзида қаҳр ва ғазаб эмас, макр маъносини англагандай бўлдим. Аввал аёлни кўрибоқ, бу «тузоқ» эканини билгандим. Чунки пул олиш чоғида уни «кассир» хонасида турганини туйнук орқали кўргандим. Қарасам, иш чатоқ. Ҳамма устунлик улар тарафида. Менинг ҳеч қандай важим ўтмасди. Иш чигаллашса, номусимга ўчмас доғ тушиши мумкин. Ўзимни англашга уринсам-да, ҳеч ким менга ишонмайдигандай туюлди. Начора, тўрт юз сўмни қўлимдан қуртдек санаб олишди. Худди бозорда мол савдосидек савдолашдик. Фақат мен «бозор»дан молсиз-пулсиз чиқдим. Ғилай дарвозани очиб, кўчани кўрсатди. Ташқарига чиқар эканман, бир неча нафар ёш йигит цемент ариқдаги сувда велосипедларини ювиб туришарди. Улар бир муддат бизни кузатиб, ўзаро пичирлашгач, ўз ишларига машғул бўлишди. Лекин зийрак нигоҳлари зимдан бизни кузатарди.
– Яна келиб туринг, - деди ғилай ҳаёсизларча кулиб. Бош силкиб, «хўп» деганча йўлга тушдим. Уйга келгунимча, ундан сўнг ҳам пул масаласини ўйлардим. Эрталаб онам: - Пулингни олсанг бир яхшироқ қўй олиб, тўйни ҳам бошласак, - деди. Нима дейишимни билмай тургандим, укам гапга аралашиб қолди:
- Акам маош олса, велосипед ваъда қилган. Олиб берасиз-а, ака? - деди.
Мен бўлсам, гапни бошқа ёққа буришни ўйлардим... Гап мавзуси алмашгач, шошилиб ишга жўнадим. Йўл-йўлакай турли режалар тузардим. Бирор кишидан қарз сўраш қийин. Трактор билан «левак» қилиш ундан қийин. Каттаман деган машинасини уй қилиб, карта бошига ётиб олган… Шуларни ўйлаб ишхонага борсам, ҳамма жамулжам. Бизнинг сменадагилар ҳали шудгор бошига йўл олишмаган. Яқинлашар эканман, ҳамма менга бошқача қарарди. Юрагим шув этиб кетди. Демак, кечаги воқеадан хабардор. Хайрият, гап бошқа ёқда экан. Бўлим бошлиғи қўлимга қоғоз бериб, бу «ўн кунликда» ғолиб чиққаним билан табриклади. Қоғозда кўрсатилган мукофот пули эса, нақд беш юз эллик сўм экан. Йиғлашимга оз қолди. Тилим тутилиб, зўрға раҳмат, дея олдим. Мукофот пулини ҳам олдим. Қишга ҳам қолмай тўйни ўтказдик. Ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича қолган эди. Орадан анча йиллар ўтиб, нохуш воқеа ҳам унутилди. Ғилай хотин қаёққадир кўчиб кетганини эшитгандай бўлгандим. Кейинроқ йўл узоқлик қилиб, мен ҳам ўзимизнинг қишлоқ паркига ўтиб ишлардим.
Бугун одатдагидай бозор оралаб, у-бу нарса харид қилиб юргандим. Беихтиёр бозор дарвозаси олдидаги тиланчи хотин диққатимни тортди. Овози ҳам танишдек туюлди. Бироз туриб, ниҳоят, уни танидим. У ўша дарвоза олдида «спектакл» қўйган қиз эди. Ёнида кир-чир кийинган боласи жўхори кемирарди. Хаёл узоқларга бошлаб кетди. Ҳа, ўша овоз, ўша қиз, қоши устида холи бор. Яқин келиб қолганим сабаб, юзига қарамай, олдига пул ташладим. У ҳаммага берадиган дуосини менга ҳам айтди: - Ўт, сув ва туҳмат балосидан Худо сизни ўз паноҳида асрасин. Жирканч қиёфа олдидан иложи борича узоқроқ кетишга ҳаракат қилардим.
Ҳамроҳим ҳикоясини тугатиб, кутиш хонасидан чиқдик. Пул берадиган туйнук олдига келганимизда, иккимиздан бошқа ҳеч ким қолмаган, вақт ҳам тушликка яқинлашиб қолганди.
Исматулло Умаров,
Ёвон ноҳияси.
...Қадимий ва навқирон Исфара шаҳри. 1926 йили Хонобод қишлоғида туғилган Мўминжон Қосимовнинг билаклари кучга тўлаётган, 17 ёшга қадам қўйган навқиронлик даври. У эрта баҳор ўрикзор боғларини оралаб, дарахтлар тагини юмшатиш билан овора эди, кимдир дарвозани тақиллатиб қолди. Не кўз билан кўрсинки, остонада юзида ҳаяжонлангани яққол кўриниб турган шаҳарлик тенгдош дўсти Абдуқаҳҳор Шокиров турарди.
Муфассал...
Кўзларимиз нимқоронғиликка кўниккандан кейин ҳужра ичкарисида озғиндан келган кампирнинг миқтигина жуссаси кўринди. Унинг қорачадан келган ориқ юзларидаги ажинлар бўртиб чиққанди. У муштдеккина, хотиржам, бамисоли сояга ўхшаб кетарди. Агар унинг бошида кўпчилик кекса лақай аёллари бошига олиб юрадиган минорага ўхшаш дўмпайган бош кийими бўлмаганда, биз уни пайқамаган бўлардик.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015