Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СПОРТ

Муаллиф: Super user Категория: СПОРТ
Чоп этилган 27 Октябр 2016 Кӯришлар: 1576
Печат

 

d nazarov 27102016Яқинда халқимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрами бўлган Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллик юбилейини тинчлик, барқарорлик, хотиржамлик ва улкан муваффақиятлар билан кутиб олдик. Барча соҳаларда эришилган бундай улкан муваффақиятлар юртдошларимизнинг самарали меҳнати ва ватанпарварлик ҳисси билан мустақиллик байрамига тўёна бўлди.

Истиқлолият байрами арафасида халқимизга тақдим этилган шундай ютуқлардан бири – бу, машҳур спортчимиз, Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Ёшлар, спорт ва сайёҳлик комитети раиси ўринбосари, бир неча бор Жаҳон ва Осиё ўйинлари ғолиби Дилшод Назаровнинг Бразилияда бўлиб ўтган Рио-де-Жанейро-2016 ХХХI Ёзги олимпиада ўйинларидаги ғалабаси ва олтин медал соҳиби бўлиши эди. Ҳақиқатдан ҳам, бу жуда катта совға бўлди. Чунки мазкур медал истиқлолият йилларида қўлга киритилган биринчи олимпиада олтин медали бўлди. Дилшод Назаров ғалабасини эшитган халқимиз бир-бирларини табриклашар ва мустақиллигимизга шукроналар айтишар эди. Чемпион Дилшод Назаровнинг Ватанга қайтиб келиши эса, ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Душанбе халқаро аэропортида чемпионни кутиб олиш учун Тожикистон футбол федерацияси раиси Рустами Эмомали,  Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Ёшлар, спорт ва сайёҳлик комитети раиси Аҳтам Абдуллозода ва минглаб мухлислару ватандошларимиз ҳамда унинг оила аъзолари жам бўлишди. Шундан кейин Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Миллат қасрида Дилшод Назаровни қабул қилиб, уни олтин медал билан қутлади ҳамда I даражали «Шараф» ордени ва 300 000 сомоний пул мукофоти билан тақдирлади.

Улкан ғалаба билан қутлаш ва олимпиада ўйинларидаги таассуротлари билан ўртоқлашиш мақсадида  чемпион билан суҳбатлашдик.

d nazarov 271020161- Аввало, Сизни Рио-де-Жанейро-2016 ХХХl  Ёзги олимпиада ўйинларида қўлга киритган ғалабангиз ва олтин медал соҳиби бўлганингиз билан муборакбод этамиз.

- Раҳмат.

-Келинг, суҳбатимизни болалик чоғларингиздан бошласак. Сизнинг спортга кириб келишингиз қандай бўлган? Яъни спортчи бўлиш болаликдаги орзуингиз эдими ёки болаликнинг ширин орзуларини бир четга суриб, спортга тасодифан кириб келганмисиз?

-Албатта, болалик ҳар бир инсоннинг унутилмас ва беғубор давридир. Менинг ҳам болалик йилларим эсда қоларли ва орзуларга бой бўлган. Қаранг, қайси бир боғча ёки мактаб ёшидаги боладан «Катта бўлсанг ким бўласан?» дея сўрсангиз, у албатта, муаллим, шифокор ё милиция ходими бўламан, деб жавоб беради. Чунки болаларнинг ўша пайтдаги идеаллари ўша шахслардир. Кейинчалик эса, кимдир болалик орзулари ортидан кетса, бошқа биров иқтидор ва қизиқишига қараб, ўз олдига янги касб эгаси бўлишдек мақсадни қўяди.

Менинг ҳам болалик орзуларим кўп бўлгандир, балким, лекин спортга бўлган қизиқишим, спортчи бўлишга интилишим бошқача эди. Шу боисдан ҳам, спорт билан мунтазам шуғулланиб келардим. Дастлаб, теннис, футбол ва баскетбол ўйнардим. Кунларнинг бирида қўшни бола менга енгил атлетика билан шуғулланишим лозимлигини айтди. Ва 1992 йилдан бошлаб, енгил атлетика билан шуғуллана бошладим. Маълумки, ўша йилларда мамлакатимиз пойтахти Душанбе шаҳрида тартибсизлик вужудга келди. Бу эса, шаҳарда жамият транспортлари ишини издан чиқарди. Шу боисдан ҳам, машғулотларга пиёда бориб-келишга мажбур бўлдим. Бир неча ой машғулотларга пиёда бориб келганлигимдан сўнг, велосипед сотиб олдик. Шундан сўнг машқларга бориб-келишим анчайин осонлашди.

Кейинроқ оиламиз бошига жуда катта мусибат етди. Бу ҳам бўлса, отамнинг оламдан бевақт ўтишлари эди. Ўша пайтлар оиламиз учун жуда оғир дамлар эди. Эндиликда оила бошлиғи сифатида оиламизни боқишим, даромад топишнинг йўлларини излашим керак эди. Спортни ташлашга қарор қилдим. Лекин онам бунга йўл қўймадилар. Спортни ташламаслигим ва ўз устимда тинмай машқ қилишим кераклигини таъкидлаб, тўғри йўл кўрсатдилар.

Сўнгра мактабни битиргач, Саймумин Раҳимов номли Тожикистон жисмоний тарбия институтига ҳужжат топширдим. Мазкур институтда ўқиб юрган пайтларим бир неча мусобақаларда қатнашиб, қатор ғолибликларни қўлга кирита бошладим. Бу эса, мени янада руҳлантириб, ўз устимда кўпроқ ишлашга, мунтазам машқ қилишга ундарди. 

- Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар, деган нақл бор халқимизда. Сизнинг устозларингиз кимлар? 

-Жуда тўғри гап. Ҳар бир ишнинг ўз устаси, мутахассиси бўлади. Мен устозларим ҳақида гапиришдан олдин, аввало, юқорида айтиб ўтганимдек, онамга ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман. Чунки у киши менинг биринчи устозим бўладилар. Агар ўша вақтларда онамнинг маслаҳатларини олмасдан, спортни ташлаб, бошқа бир соҳага кириб кетганимда, балким бугун шу даражага етмаган бўлардим. Шунинг учун ҳам менинг биринчи устозим, маслаҳатгўйим, суянчиғим онамдир.

Спортдаги устозларимга келадиган бўлсак, Юрий Александрович Пискунов биринчи устозим бўлган. Айни пайтда,  мураббийим Владимир Машко қўл остида шуғулланаман.

-Халқаро майдонда қўлга киритган ғалабаларингаз ҳақида тўхталсангиз?

-Биринчи ғалабам 1997 йили Ғарбий Осиё ўйинларидаги учинчи ўринни эгаллашим бўлган.  Ундан кейин 2015 йилдаги Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби, шунингдек, Осиё ўйинларининг 2006 (Доҳа, Қатар), 2010 (Гуанчжоу, Хитой), 2014  йиллар (Инчхон, Жанубий Корея) ғолиби ва уч карра 2009 (Гуанчжоу, Хитой), 2013 (Пуна, Ҳиндистон), 2015 (Ухан, Хитой)  Осиё қаҳрамони ҳисобланаман. 2008 йилги Пекин олимпиадасида 11, 2012 йилги Лондон олимпиадасида эса, 10-ўринни эгаллаганман.

Шу билан бирга, 2003 йили Душанбе шаҳридаги Марказий Осиё  V ўйинлари ғолиби, ўша йили Ҳиндистонда бўлиб ўтган Африка ва Осиё ўйинлари кумуш медали соҳиби, 2005 йилда Саудия Арабистонида бўлиб ўтган I исломий ўйинлар ғолиби бўлганман. Шундай қилиб, ўтган йили Чехия  Республикасида ўтказилган босқон ирғитишга оид Гран-при йўналишидаги жаҳон чемпионатида 79 метр 36 сантиметр натижа кўрсатиб, иккинчи ўрин ва Рио-де-Жанейро Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритдим.

-Рио-2016 Ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмаси соҳиби бўлганингиздан кейин, мазкур мусобақага қандай тайёргарлик кўрдингиз?

-Албатта, Рио-2016 Ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун юртимизнинг саккиз нафар спортчиси йўлланма соҳиби бўлишган эди. Шулар қаторида мен ҳам. Йўлланмани қўлга киритгандан кейин мазкур мусобақа олдидан юртимиз ва хорижда тинимсиз машғулотларда бўлдим. Машғулотларнинг самарали бўлиши учун мамлакат Ҳукумати томонидан барча шароитлар яратиб берилганди.

-Мусобақалар олдидан рақибларингиз ҳақида маълумотга эга эдингизми? Уларнинг касбий маҳоратига қандай баҳо берасиз?

-Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўрган пайтларимда босқон ирғитиш йўналишида Рио-2016 йўлланмасини қўлга киритган бошқа спортчилар билан қизиқиб кўрганман, албатта. Улар ҳақида озми-кўпми маълумотга ҳам эга эдим. Финал босқичига чиққан эронлик Кавеҳ Мусавий, япониялик Нироаки Дои, туркманистонлик Аманмурод Ҳаммадовларнинг маҳорати меникидан кам эмасди. Бироқ, бу мусобақа, ким устун эканлигини у кўрсатади.

-Финал босқичи тугаб, натижалар эълон қилинди. Дилшод Назаров биринчи ўринни эгаллаб, олтин медал соҳиби бўлди. Тожикистон давлат байроғи кўтарилиб, миллий мадҳиямиз янгради. Ўша пайтдаги таассуротларингиз ҳақида ўртоқлашсангиз.

-Келинг, таассуротларимни финал босқичидан эмас, ундан олдинроқдан бошласам. Чунки финал босқичидаги ҳолатим ва таассуротларимни изоҳлашга тил ожиз.

Мен Рио-2016 олимпиада ўйинлари йўлланмасини кўлга киритган пайтимдан бошлаб, бутун фикру хаёлимни мазкур мусобақага қаратгандим. Ўз олдимга шу йилги Олимпиада ўйинлари совриндори бўлишни мақсад қилиб қўйгандим. Шундай қилиб, бизни юртдошларимиз бир олам қувонч ва ишонч билан Бразилияга кузатишаётганларида уларнинг юз-кўзларидаги бизга бўлган ишонч ва умидни кўриб, мендаги Олимпиада совриндори бўлиш мақсади янада кучайди. Бразилияга етиб боргандан кейин бошқа спортчилар қаторида  мен ҳам машқ қила бошладим. Уларнинг ҳам мақсади бир - Олимпиада совриндори бўлиб, ўз ватанлари байроғини юқори кўтариб, халқаро майдондаги мақомини юксалтиришдан иборат эканлиги яққол кўриниб турарди. Биздан олдин чиқиш қилган спортчиларнинг ютуқларидан қувониб, мағлубиятларидан ғамгин бўлардик. Менинг кўз олдимда эса, яна юртдошларим сиймоси намоён бўларди. Чунки улар олимпиада ўйинлари медалини муштоқлик билан кутардилар. Лекин бир нарсани айтиб ўтиш керакки, мен олтин медал олишимга унчалик кўзим етмасди. Шундай қилиб, финал босқичига чиқдим. Рақибларим кўрсатаётган натижаларни кўриб, ўзимга бўлган ишонч янада ортди. Бутун куч-ғайратимни бир жойга тўплаб, босқонни айлантира бошладим. Босқонни айлантирар эканман, мендаги куч, ғайрат, ишонч, ҳаяжон ва совриндорликка бўлган иштиёқ янада ортиб бораётганини сезардим. Шундай қилиб, босқонни ирғитдим. Натижа -78 метру 68  сантиметр. Шу пайт юқорида айтиб ўтган мендаги ҳолатлар ўз-ўзидан ташқарига отилиб чиқди. Бирданига баланд овозда бақириб юбордим. Давлатимиз байроғини елкамга олиб, стадион узра айланардим. Чунки ўша пайтда бирор-бир медал соҳиби бўлганлигимга ишонч ҳосил қилдим. Ўзингиз айтганингиздек, натижалар эълон қилиниб, олтин медал соҳиби бўлдим. Мазкур мусобақага келган дунё давлатлари қаторида азиз Ватанимиз – Тожикистон байроғи кўтарилиб, шоҳсупага чиқдим. Бўйнимга олтин медал тақилиб,  миллий мадҳиямиз янграганида кўзларимда беихтиёр севинч ёшлари пайдо бўлди. Чунки, халқаро майдонда менинг қилган заҳматларим эвазига азиз Ватанимиз байроғи кўтарилиб, миллий мадҳиямиз янграганида, шу жаннатмакон юрт фарзанди эканлигимдан бениҳоят фахрландим.

Ўша пайтдаги ҳолат мени ҳозиргача тарк этгани йўқ. Бугун  ишонч билан айта оламанки, бу воқеа менинг ҳаётимдаги энг унутилмас кун эди ва шундай бўлиб қолади.

- Финал босқичида чиқиш қилиш кунингиз минглаб мухлисларингиз ва юртдошларимиз эрта тонг  бўлишига қарамай телевизор олдида ўтиришиб, сизни қўллаб-қувватлаётганликларидан хабарингиз бормиди?

-Албатта, ўша пайт бутун хаёлим мусобақада эди. Бироқ мусобақадан сўнг биринчилардан бўлиб, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг телефон қўнғироғи мени янада руҳлантириб юборди. Чунки, қайси бир давлат раҳбари спортчини табриклаш учун шахсан телефон қилади. Бу ҳам бўлса, Миллат пешвосининг спорт ва спортчиларга бўлган катта эътиборидан дарак беради. Бундан ташқари, «Фейсбук» ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги юртдошларимнинг менга билдирган табрикларидан чексиз қувондим. Шу нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, мухлисларим финал босқичини телевизор орқали томоша қила туриб, видео олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатиб, бир-бирлари ва бутун Тожикистон халқини бу ғалаба билан табриклаганликларининг гувоҳи бўлдим.  Фурсатдан фойдаланиб,  муҳтарам Президентимиз ва бутун Тожикистон халқига ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман.

-Келинг, суҳбатимиз мавзусидан  бироз четроққа чиқсак. Сиз машҳур спортчи бўлишингиз қаторида масъулиятли вазифада ҳам фаолият юритасиз. Бу сиз учун қийинчилик туғдирмайдими?

-Албатта, спортчи ва давлат хизматчиси ўртасида фарқ бўлиши мумкин. Лекин мен спорт соҳасидаги давлат хизматида фаолият олиб бораман, яъни Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Ёшлар, спорт ва сайёҳлик комитети раиси ўринбосари лавозимида. Энди спорт ва давлат хизмати ҳақида тўхталадиган бўлсам, эрталаб ва кечки пайт спорт билан шуғулланаман.  Кундузи эса, мамлакатимиз ёшлар, спорт ва сайёҳлик сиёсатини олға юритиш, спортчилар учун яхши шароитлар яратиш ва соҳага янгиликлар олиб кириш билан машғулман. Эътибор беринг, Миллат пешвоси мамлакатимиз қайси бир минтақасига сафар қилмасин, у ерда, албатта, бирор-бир спорт мажмуаси, спорт заллари ва стадионларни фойдаланишга топширади. Бу ҳам мамлакат Ҳукумати ва Давлат раҳбарининг спортга қаратаётган катта эътибори нишонасидир. Шундай бир пайтда мен ҳам мамлакатимиз спорти ривожи учун оз бўлса-да, ўз ҳиссамни  қўшиб келаётганимдан хурсандман.

- Энди эса, оилангиз ҳақида суҳбатлашсак. Оилангизнинг сиз танлаган йўл ва эришган ғалабаларингиздаги ўрнини қандай баҳолайсиз?

-Халқимизда оила муқаддас қўрғон саналади. Оиладаги тарбия, муҳит боланинг келажакда яхши инсон бўлиб вояга етишида катта аҳамиятга эга. «Қуш уясида кўрганини қилади», деган ҳикматли нақл бор халқимизда. Отам Жалолиддин Назаров  (Худо раҳмат қилсин) давлат хизматчиси эдилар. У киши бизни ҳамиша ватанпарварлик, меҳнатдўстлик ва ростгўйликка даъват этардилар. Отамнинг берган тарбиясидан бўлса керакки, бугун кам бўлганимиз йўқ. Лекин отам 1996 йили Тавилдарада террористик ва экстремистик гуруҳларга қарши урушда қаҳрамонлик кўрсатиб, бевақт оламдан ўтдилар.  Онам Зайтуна Самадова суҳбатимиз бошида айтганимдек, менинг биринчи устозим, маслаҳатгўйим, суянчиғимдир. Турмуш ўртоғим Нигина эса, Душанбе шаҳридаги 9-ўрта умумтаълим муассасасида бошланғич синф ўқитувчиси. Икки нафар фарзандим – бир ўғил ва бир қизим бор. Ўғлим Далер «Ҳафтранг» гуруҳида қўшиқ куйлайди. Қизим Амина мусиқага қизиқиб, пианино чалади. Мен уларнинг қизиқишларини ҳамиша қадрлайман. Зеро, ҳар бир киши ўзи меҳр қўйган соҳасида муваффақиятга эриша олади.

-Келгусидаги режаларингиз…

-Келгусидаги режалар ҳақида гапирадиган бўлсам, олдинда 2017 йилги Жаҳон ва Осиё чемпионатлари турибди. Мақсадим эса, мазкур мусобақаларга ҳам жиддий тайёргарлик кўриб, Ватанимиз байроғини халқаро майдонда янада юқорироқ кўтариш. 

-Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Сизга келгусида бунда-да, юксак муваффақиятлар тилаб қоламиз.

-Ташаккур.

 

Суҳбатдош:

Зуҳриддин УМАРОВ, «Халқ овози».

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Фелетонлар можароси

 

Ўзим билан мулоқот

- Шоди ака, гапни “шаф-шаф” демай, “шафтоли”дан бошлаб қўя қолсак, яъни “Совет Тожикистони” жамоасига қандай қўшилиб қолдингиз?

- 1965 йил. “Зарафшон” газетасининг ўзбек бўлимида қалам тебратиб юрган пайтларим. Март ойининг охирларида “Совет Тожикистони” газетаси ходими Жўра Каримов Душанбедан Панжакентга ташриф буюриб қолди. Таҳририятимизда бир пиёла чой устида анча суҳбатлашиб ўтирдик. Сўнгра Жўра ака “Зарафшон” тахламларининг ўзбекча саҳифасини бирма-бир кўздан кечира бошлади. Бу орада “Суд раисини ким

Муфассал...

Шарқ халқлари тарихи тадқиқотчиси

 

Тарихни инсонлар тарихи ташкил этиб, бу тарихий босқич ўз бошидан бешта иқтисодий-ижтимоий формация – ибтидоий жамоа тузуми, қулдорлик, феодал, капиталистик ва социалистик тузумларни бошидан кечирган бўлиб, ҳар бири тарихда ўз изини қолдирган ва бу излар жаҳон тарихида зарҳал ҳарфлар билан ёзилган. Жонажон Ватанимиз Тожикистон, Россия Фанлар академияси ва кўпгина шарқ мамлакатларида ҳар йили декабр ойи академик Б.Ғафуров ойи,

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990859

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478163
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4091
4027
21776
7426653
99807
114875
7478163

Сизнинг IPнгиз: 3.14.249.124
Бугун: 23-11-2024 17:25:19

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015