Янги йил кириб келар экан, Хўжанддаги Камол Хўжандий номли театр ижодий жамоаси ўтаётган йилдаги ўзлари учун энг унутилмас воқеалардан бири сифатида Белоруссия сафарини тилга олишмоқда. Хўжандлик санъаткорлар бу мамлакат пойтахти - Минск шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ, Болтиқбўйи мамлакатлари ва Грузия театрлари иштирокидаги театр форумида қатнашдилар.
Суғд вилоятидаги мухбиримиз Камол Хўжандий номли театр бош режиссёри Қурбонжон Бобожонов билан суҳбатлашар экан, аввало, ана шу ёшлар театр форуми билан қизиқди.
- Мазкур ёшлар театр форуми иккинчи марта ўтказилди. Биринчи марта у 2012 йилда Молдова пойтахти Кишинёв шаҳрида бўлиб ўтганди. Биринчи ёшлар театр форуми театршунослар ва саҳна асарлари мухлислари, актёрлар ва режиссёрлар, театрга алоқадор бўлган кишиларда жуда катта қизиқиш уйғотганди. Айтгандай, бу галги форумга Театрлар иттифоқи халқаро конфедерацияси, Белоруссия Республикаси Маданият вазирлиги, Минск шаҳар ижроия қўмитаси ва Белорус драматургияси республика театри ташкилотчилик қилишди. Форумни МДҲ мамлакатлари гуманитар ҳамкорлик халқаро хазинаси моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.
Иккинчи ёшлар театр форумида Тожикистондан бизнинг ижодий жамоамиз қатнашди. Мазкур форумда ўн уч мамлакатдан борган ўн уч театр ўз санъатини намойиш этди. Фақат маълум сабабларга кўра, Туркманистон ва Қирғизистон театрлари форумда қатнашишмади.
- Маълумки, форумда қатнашишга муносиб саҳна асарлари танланар экан, эксперт кенгаши аъзолари 90га яқин спектаклни шу жойларнинг ўзида томоша қилиб, ўз баҳоларини беришди. Танлаб олинган саҳна асарлари орасида сиз режиссёрлик қилган спектаклнинг борлиги ҳам, албатта, қувончлидир. Бу спектаклни Минскда қандай кутиб олишди?
- Биз Минскка машҳур ёзувчи Тимур Зулфиқоров асари асосида ишланган «Мушфиқийнинг ёшлиги» мусиқали драмасини олиб бордик. Спектаклни Минскдаги ёшлар театри биносида кўрсатдик. Кичик саҳна учун мўлжалланган бу асарни кўриш учун 200 нафардан ортиқ томошабин келди. Томоша зали лиқ тўлди. Мен четдан туриб кузатар эканман, томошабинлар кўзларида катта қизиқиш сездим. Ҳа, спектакл тугагач, томошабинлар тўхтовсиз қарсак чалиб, актёрларни қайта-қайта саҳнага таклиф этишди.
Шу ўринда бу спектаклни кўриш учун келган кишилар орасида Тожикистоннинг Белоруссиядаги Фавқулодда элчиси, ҳурматли Қозидавлат Қоимдодовнинг ҳам бўлгани бошимизни осмонга етказди. Жаноб элчи сўз олиб, йиғилганларга тожик театрининг ҳозирги ҳолати, ижодий фаолияти ҳақида ҳикоя қилди.
Шунингдек, томошабинлар орасида Белоруссияда ишлаётган ва ўқиётган кўплаб юртдошларимизнинг бўлиши бизни ғоят руҳлантириб юборди.
- Узр, кўпгина театрлар иқтисодий қийинчиликларни бошидан кечираётган ҳозирги пайтда минглаб чақиримлар оша Минскка етиб бориш жамоангиз учун осон бўлмагандир?
- Халқда бир ибора бор – излаган имкон топади, истамаган баҳона! Ҳа, 18 кишилик ижодий жамоанинг олис Минскка етиб бориши учун ўзига яраша харажатлар қилишга тўғри келди. Бунинг учун бизни қўллаб-қувватлаган Суғд вилояти Раиси муҳтарам Абдураҳмон Қодирий, Россия театр арбоблари конфедерациясига миннатдорчилигимизни билдирмоқчимиз. Биз Минскка ўзимиз билан саҳна жиҳозлари, безакларини олиб бора олмадик. Бу муаммони ҳал қилишга эса, Белоруссия давлати кўмаклашди. Шу кўмак боис, қисқа вақт ичида зарур саҳна жиҳозлари ва безаклари тайёрланди.
Тўғри, иқтисодий қийинчиликлар ҳам театр фаолиятига таъсир кўрсатади. Лекин театр азалдан фидойилар ишлайдиган муқаддас макон бўлиб келган. Театр санъати учун туғилган инсонлар бошқа ерда, гарчи у ерда бир неча баравар кўпроқ меҳнат ҳақи беришса-да, ишлашни тасаввур қила олмайдилар. Устига театримиз ёшлари Минскка сафар қилар эканлар, форум давомида ўз касбларига нисбатан меҳр-муҳаббатлари ўн чандон ошди. Масалан, етти йилдан бери театрда ишлаётган актёрларимиздан бири бошқа мамлакатлардан келган ҳамкасблари билан гаплашар, уларнинг саҳнадаги ижроларини томоша қилар экан,бир гап айтди: «Шу пайтгача мен ўзимни актёр, деб юрган эканман, энди ҳақиқий актёр бўламан, саҳнага бутун борлиғимни бағишлайман!» Бу каби ижодий таъсирлар ўзимизда театр санъатининг равнақ топишига туртки бермайди, дейсизми?
- Шу ўринда Белоруссия Маданият вазири Борис Светловнинг театр форуми очилишида айтган гапларини эслаяпман. Мен буни интернет саҳифаларида ўқидим. У иккинчи ёшлар театр форумининг янги-янги номларни кашф этиши, ҳар бири ўзига хос миллий театрларни бир-бирига яқинлаштириши ҳақида таъкидлаганди.
- Шундай. Ёшлар театр форуми Борис Светловнинг гаплари нечоғлик ҳақ эканлигини кўрсатди. Қаранг, бу форумда 13 нафар ёш режиссёр, 13 нафар ёш театр рассоми, 13 нафар ёш театршунос иштирок этди. Энди ўзингиз биласиз, ёшлар бор жойда изланиш, янгиликка интилиш бўлади. Биз ўзаро мулоқотлар даврида бир-биримиздан кўп нарса ўргандик. Спектаклларни кўриш жараёнида эса, замонавий томошабинга завқ бағишлайдиган, руҳиятига таъсир етказа оладиган янгича талқинларни кўрдик.
Масалан, Эстониянинг Тарту шаҳар театри (Nii ширкати ва Янги театр) кўрсатган спектакли режиссёрнинг ўзгача нигоҳи, бутунлай янгича талқин билан форумнинг барча қатнашчиларини лол қолдирди. Ёш режиссёр Рената Кеэрд саҳналаштиришда ғоят эркин йўл тутган, ҳар қандай мавжуд қолипдан қочган. Саҳна воқеалари мавҳумликда юз беради, қатнашчиларнинг биронтаси бир оғиз сўзламайди. Лекин бўлаётган воқеаларни берилиб томоша қиласиз. Рената Кеэрд цирк, абсурд театри, замонавий рақсни усталик билан бирлаштира олган. Деярли ҳар бир саҳна бошқотирма, унинг моҳияти ва аҳамиятини ўйлаб топмоқ зарур. Ана шунда мен саҳна санъати уни чуқур тушунадиган, ҳис қиладиган инсонлар учун яралгани ҳақида ўйладим. Айтгандай, бу спектаклда бор-йўғи 5 нафар актёр қатнашди. Бири биридан истеъдодли актёрлар.
Шунингдек, изланувчан режиссёрлар Украинадан ташриф буюрган Киев академик ёшлар театрининг «Инсон муҳаббати», Белоруссиянинг Могилев қўғирчоқ театри саҳналаштирган «Ҳамлет» каби асарлардан ҳам кўп нарса ўрганишлари мумкин.
- Ўзгаларнинг ютуғидан қувониш, завқланиш, ўрганиш яхши, лекин сиз «Мушфиқийнинг ёшлиги» ҳақида кам гапиряпсиз...
- Мен спектаклимизга бошқалар баҳо беришларини истардим. Майли, ижодий жамоамизнинг умумий ютуғини айтиб ўтиш ҳеч бир ўз-ўзини таърифлаш эмас, деган маънода Полшадан келган маданият соҳаси бўйича масъул инсон билан суҳбатни эсга олайин. У камина билан суҳбатлашар экан, спектаклимиз ўзига ғоятда ёққанини айтди ва ҳеч ҳам кутилмаган бир таклиф билан чиқди: «Полшада ҳар икки йилда бир марта халқаро театр фестивали бўлиб ўтади. Биз сизнинг театр жамоангизни Варшавага, ана шу театр фестивалига таклиф этамиз!»-деди у киши.
Иккинчи ёшлар театр форумида тожик театр санъати эътироф этилгани, олқишлангани, «Мушфиқийнинг ёшлиги» форумнинг махсус дипломига сазовор бўлгани биз учун Минск сафари беҳуда ўтмаганини билдиради.
Минскдаги театр форумидан сўнг бир ой ўтиб боряпти. Лекин унда қатнашган театримизнинг ёш ижодкорлари ҳалигача бу сафарни алланечук бир тамшаниб эслашади. Улар бир нарсага амин бўлишди: бу каби ижодий сафарлар қанчалик кўп бўлса, маҳоратлари янада ошади, чархланади, бир жойда қотиб қолишмайди, кимдандир ўрганишади, кимгадир ўргатишади ва ҳаммадан ҳам тожик театр санъатини халқаро миқёсга олиб чиқишади.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат! Уч йилдан кейин Эстонияда бўлиб ўтиши мўлжалланаётган учинчи ёшлар театр форумида ҳам муваффақиятли қатнашишингизни, чинакам саҳна асарлари яратиш орқали театр мухлисларини кўпайтиришга ҳисса қўшишингизни тилайман!
- Раҳмат! Кези келганда, барча ҳамкасбларимни, театрларнинг ижодий жамоаларини, театр мухлисларини, барча тожикистонликларни кириб келаётган Янги йил билан табриклайман! Янги йилда юртимизда тинчлик, омонлик, тотувлик, файз, барака бўлсин! Янгидан-янги, бир-биридан кучли, томошабинлар оқиб келадиган саҳна асарлари яратилсин! Театр томоша заллари мухлислар билан лиқ тўлаверсин!
Суҳбатдош
Ўринбой УСМОН.
Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида, айниқса, Шарқ дунёсида зиёрат туризми ривожланган. Саёҳатнинг бу тури у мамлакатлар хазинасига катта даромад келтиради. Лекин Тожикистонда зиёрат туризмига деярли эътибор берилмаяпти. Тожикистонда эса, муқаддас ҳисобланадиган мозорлар кўп. Туризм соҳасида меҳнат қилаётган мутахассислар, тарихчи ва шарқшунос олимлар, таҳлилчилар ана шундай хулосага келишган.
Муфассал...
Халқ ҳунармандчилиги қадимдан ривожланиб келади. Марказий Осиё халқлари ҳаётининг узвий қисмига айланиб кетган деҳқончилик, кулолчилик, чўптарошлик, косиблик, темирчилик каби ҳунарлар одамлар турмушида ўз долзарблигини ҳеч қачон йўқотмаган. Чунки ҳунармандчиликнинг бу турлари ҳаётан муҳим ҳисобланиб, деҳқончилик каби соҳаларнинг ривожланишида ҳам асосий рол ўйнайди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015