Бугунги кундаги дунёнинг тараққий этган давлатларининг ўй-хаёл ва қўрқуви глобаллашувдан бўлса, бизнинг муаммомиз глобаллаша олмаганлигимиздан, яъни касбий мусиқамизнинг оламшумул бўлмаганидандир. Биринчидан, ўз ечимини истаётган бу масаланинг ўртага ташланган саволи бу – биз жаҳон касбий мусиқаси билан қандай ҳамкорлигимиз бор ва у бизга қай даражада таъсир ўтказмоқда? Жавобларимиз ижобий бўлмаган ва бўлмаслигини биламиз, лекин, агар унга қўшимча қилиб, «бўлмайди», десак бу кечирилмасдир.
Айни пайтдаги миллий мусиқамизнинг вазиятига қараб кейинги жавобни ҳам кутиш мумкин. Энди илгарилари бўлгани каби айбни давлат ва мамлакат Ҳукуматидан қидирмаслик керак. Айбни ўзимиздан, соҳа мутасаддилари ва тегишли идоралардан излайлик. Яхши таклиф ва ташаббуслар ҳақида бош қотирайлик. Бироқ, биз миллий касбий мусиқамизнинг жаҳоний бўлиши устида бош қотирмаймиз ва керакли чора-тадбирларни изламаймиз. Бундай совуқ муносабат биз миллатга, соҳага жонкуяр эмаслигимиз ва унинг тараққиёти учун ҳиммат камарини боғламаганлигимиздан келиб чиқади. Шунингдек, соҳанинг дунёдаги вазиятидан, тараққиётидан тўлиқ огоҳ эмасмиз. Табиийки, дунёқарашимизни ўстириш, маҳоратимизни сайқал топтириш, олдинда турган проблемани ҳал этишга жиддий эътибор бермаймиз. Билмасдан, кўр-кўроналик билан керакли вақтда таваккал қиламиз ва ўйлаймизки, масала ўз-ўзидан ҳал этилади ва ёки поғонама-поғона, секин-асталик билан, кундан-кунга юқорилаб борамиз. Бундай пайтда қандай қилиб миллий касбий мусиқа соҳасида юксаламиз. Бундан-да ёмони мамлакатдаги мусиқа муҳитидаги бўшлиқни касбга бегона, ҳаваскор кишилар тўлдириб, жамиятни ўзларининг нотўғри тушунчасида тарбиялаётганларидадир.
Бугун миллий ифтихор тўғрисида кўп гапирамиз, лекин унинг тўлиқ моҳиятини ҳалигача англай олганимиз йўқ. Нима билан фахрланамиз, кимнинг олдида ва қачонгача, деган саволни ўзимизга беришимиз керак. Ҳақиқатдан ҳам, биз дунёда миллий касбий мусиқамизнинг тараққиёти билан фахрлана оламизми? Афсуски, фахрлана олмаймиз. Бу, албатта, ўзимизни алдаш эмас, балки мақсадимизни баён этишдаги ҳақиқатдир. Юксак маданиятли ва дунё фахрига айланган миллат учун миллий мусиқанинг тараққий этмагани, албатта, айбдир. Бундан ташқари, мусиқанинг оламшумул бўлиши учун керакли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаяпти, ҳатто, бу тўғрида ўйланмаяпти ҳам.
Давлат бошлиғи, муҳтарам Эмомали Раҳмон: «Тараққиёт учун ўзимиз бирор иш қилайлик, ташаббус кўрсатайлик, бошқаларнинг умидида бўлмайлик. Юртимизнинг маданият соҳасида олиб бораётган сиёсати тўғри ва узоқни кўзлаган сиёсатдир»,- дея қайта-қайта таъкидлайди. Мамлакат Президенти аввалдан миллий мусиқа тараққиёти учун алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб, бу борада ажойиб тавсиялару фойдали маслаҳатларини бериб келади.
Хўш, нимани кутишимиз керак? Нима учун масъулият юкини елкамизга олишни истамаймиз? Бу ҳолатда ютуқлару тараққиётга эриша олмаймиз! Бу – ўзлигини англамаганлар, масъулиятсизлар, бехабарлар ва ҳунарсизлар учун биз келажак насллар, тарих олдида жавоб бермаймиз, деб ўйламанг. Куни келиб, албатта, муҳокама қилишади, баҳолашади ва бизларга баҳо бераётиб, ўз миссияларини билишмади, ижро этишмади, дейишади. Бугун буюк мақсадлар ижроси йўлида фикр этайлигу бор куч-ғайратимизни ишга солиб, олға ҳаракат этаверайлик. Мамлакатимиз ва миллатимиз кундан-кунга дунё миқёсида ўз мавқеини эгаллаб, юксаклик сари интилиб, танилиб бормоқда. Бизнинг миллий касбий мусиқамиз ҳам жаҳон миқёсида тан олинмоғи керак.
Мусиқамизнинг оламшумул бўлишида қандай тўсиқлар мавжуд ва уларни қандай бартараф этмоғимиз керак? Бунинг учун биринчи галда миллий мусиқамизнинг давлат миқёсида ўсиши ва ривожланишида керакли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, кенг имконият яратиб берилиши лозим.
Сўнгра мусиқий саводсизликка барҳам бериш зарур. Бу масалага юртимизда жиддий эътибор қаратилмайди. Бу соҳа мактабларда бошқа муҳим фанлар қаторида ўқитилмайди. Мусиқий саводсизлик сабабли биз на жаҳон касбий мусиқасини таний оламизу на уларни қабул қиламиз ва на мусиқамизни оламшумул эта оламиз. Бу борадаги тарбия, уйдан, болалар боғчасидан бошланмоғи керак, аксинча, кеч бўлади.
Композиторлар сон ва сифат жиҳатидан кўп бўлмоғи лозим. Мавжуд композиторларимизнинг бари қарийбки, оҳанг яратишади. Албатта, бундан Шарофиддин Сайфуллоев ва Жўрабой Охуновлар мустасно. Уларнинг ёшлари ҳам бир жойга бориб қолган. Толиб Шаҳидий эса хорижда ижод қилади ва унинг ижоди кўпроқ ғарбона хусусиятга эга. Бугун биз мусиқа, жаҳон миқёсида тан олинадиган куйлар яратишга эҳтиёжимиз бор. Афсуслар бўлсинки, бу эҳтиёжларимиз деярли қондирилмайди. Сабабини айтиб ўтдим. Агар жаҳон касбий мусиқаси архивидан жой олмоқни истасак, жаҳон миқёсида танилган асл композиторларга эга бўлмоғимиз лозим. Икки-уч нафар композитор билан бу масала ўз ечимини топмайди. Асл композитор дунёдаги барча халқлар учун оддий бир қўшиқдан бошлаб, операгача бўлган турли жанрлардаги мусиқани ярата олади. Ачинарли жойи шундаки, бу масалага жиддий эътибор бермаймиз ва мутахассисларнинг кам бўлишига қарамай, уларни тарбиялаб вояга етказмаяпмиз.
Шўролар даврида мамлакатимиздан камида 3-4 нафар композитор дунёнинг тан олинган консерваторияларида таҳсил олишарди. Уларнинг сони 40-50 нафарга етганди. Ҳозир эса, Тожикистон композиторлар уюшмаси аъзолари юз нафарга етар-етмас. Бироқ, уларнинг барчасини ҳам асл композитор, дея олмаймиз. Шу боисдан, касбий мусиқанинг ривожи учун махсус дастур қабул қилиб, асосий диққатни асл композиторлар тарбиясига қаратмоғимиз керак. Бу мутахассислар, авваламбор, миллий ва жаҳон мусиқаси билан чуқур таниш бўлмоғи, яратаётган ўлмас асарларида бизнинг миллий мусиқа ва руҳиятимиз акс этиб турмоғи зарур.
Бугун эстрада санъатимиз ҳам жуда паст савиядадир. Ва эстрада гуруҳи учун асл мусиқа яратишга ҳожат қолмаган. Нима учун? Чунки соҳанинг барча хонандаларию мутахассислари электрон асбоб – «синтезатор»га юз буришган. Эркин тарзда фаол куй басталовчилар касбий соҳадан узоқ бўлишларига қарамасдан, компютерда мавжуд бўлган асбоблар ёрдамида овоз ва асар ижод қилиб, тарқатишмоқда. Бундай мусиқа ва қўшиқлар фақат бизнинг юртимизда тингланади, холос. Дунёда бундай амаллар устидан кулишади ва орқада қолганлик нишонаси сифатида билишади. Бундай аянчли ҳолатда миллий касбий мусиқамизни оламга танита оламизми? Йўқ, албатта! Шундай қилиб, электрон асбоблар ва созлар ёрдамида яратилган мусиқани дунё аҳли ҳеч қачон тан олмайди.
Бундан ташқари, бизнинг бадиий гуруҳларимизда яхши созандалар етишмайди. Тараққий этган мамлакатлар вакиллари учун тайёрлайдиган концерт дастурларимизнинг аксариятида рубобчидан ташқари, талаб катта бўлган созандаларни тополмаймиз. Мамлакатда дунё миқёсидаги созанданинг бўлиши нима учун зарур? У миллатнинг истеъдодли эканлиги нишонаси. Шунингдек, унинг дунё буюк асарларидан олий даражадаги ижросидан, жаҳон мусиқаси бизнинг юртимизга ҳам кириб келган ва уни эътироф этамиз дегани имкон топилади. Бошқа мамлакатлар, ҳатто қўшни мамлакатларда ҳам 50-100 нафардан яхши скрипка, фортепиано, нафас созларини жаҳон миқёсида ижро эта оладиган созандалар бор. Виолончел жаҳон симфоник оркестрининг нодир ва мураккаб созларидан ҳисобланиб, шу мамлакатлар концерт гуруҳларида ўз мавқеига эга. Шу боис, 15-20 нафарга яқин виолончел чала оладиган созандаларга эга. Бундан ташқари, виолончелчилар гуруҳини ҳам ташкил этишган.
Яъни, улар миллий касбий мусиқасини дунёга тарғиб этишади ва шу билан бир қаторда, ўз халқини ҳам жаҳон мусиқа асарларидан баҳраманд қиладилар. Бундай ҳолатда истасак-истамасак, соҳанинг асл санъаткори масъулият ҳис этади ва шу билан бирга жаҳон миқёсидаги санъаткор бўлишга ҳаракат қилади. Ва юқорида айтиб ўтганимиздек, мамлакат ва миллат асл истеъдодлари туфайли жаҳон миқёсида эътироф этилади ва танилади.
Биз мамлакат бўйича ва С.Айний номли давлат академик опера ва балет театридаги симфоник оркестр таркибида виолончел чала оладиган биргина созандага эгамиз, холос. У ҳам бўлса жаҳон миқёсида танилмаган ва ёши ҳам бир жойга бориб қолган.
Бунга ўхшаш бошқа созларни чала оладиган созандаларга ҳам эга эмасмиз. Чангчи, найчи, транбочи, скрипкачи ва умуман, барча мусиқий созларни чалувчи созандага эга бўлмоғимиз шарт. Интернет тармоғида ҳам бирор киши бизнинг миллатимиз ва юртимизни шу созандалар даражасида танита олмайди.
Бу масаланинг аччиқ ҳақиқатини англаган ҳолда, истеъдодли мутахассисларни тарбияламоғимиз лозим. Тарбия уйдан, болалар боғчасидан бошланмоғи зарур. Агар чинданам миллатнинг кўпроқ танилиши, соҳа тараққиёти ва уни жаҳон миқёсига кўтаришни истасак, масъулият, миллий ва жаҳон касбий мусиқасига жонкуярлик ва ғамхўрлик билан эътибор беришимиз зарур.
Бизда касбий мусиқанинг кўпроқ ёйилиши ва тарғиботи яхши йўлга қўйилмаган. Шунингдек, бошқа паст савияли мусиқаларнинг нотўғри тарғибига диққат қаратмоқдамиз. Албатта, бундай ҳолатда бизнинг мусиқани тушунишимиз ва англаш савиямиз тобора пасайиб боради. Бундай савияси паст ва енгил мусиқалар мутахассислар, артистлар ва асл мусиқа шайдолари орасида обрў топмайди, аксинча, уларнинг иззат-нафсига тегади.
Касбий мусиқамизнинг бундай ачинарли ҳолатида Миллий консерватория ҳам асл ва етук мутахассислар тайёрлай олмайди. Чунки маданий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилиш жаҳон стандартлари асосида олиб борилмайди. Абитуриент ўқишнинг пастки зиналарида пухта таълим-тарбия олиб, олий ўқув юртларига келгунча тайёр бўлмоғи лозим. Бизда афсуски, бундай эмас. Бундан ташқари, мусиқа созлари ва жаҳон мусиқа ихтисослари консерваториямизда мавжуд эмас. Бу ерда қандай композиторлар дарс беришади? Юқорида номлари зикр этилган икки композиторнинг ёшлари бир жойга бориб қолган ва улар дарс бериш имконига эга эмаслар. Асл композитор опера ярата олиши, жанрларни яхши билиши, таҳлил қила билиш имкониятига эга бўлмоғи керак. Шунда у яхши шогирд тайёрлай олади. Шунинг учун, жиддий диққат ва қўллаб-қувватлаш билан бу соҳадаги мутахассислар - композиторлар ва созандаларни жаҳоннинг нуфузли таълим муассасаларида ўқитмоғимиз керак.
Айнан шунга ўхшаш проблема қўшиқчилик соҳасида ҳам мавжуд. Мамлакат опера ва балет театри, Акашариф Жўраев номли давлат филармонияси жаҳон миқёсидаги қўшиқчига эга эмас. Чет элда фаолият юритаётган бир-икки киши билан фахрланамиз, лекин улар ҳам жаҳон миқёсида эмас.
Дунёнинг машҳур театрлаштирилган дастурларини кўрган ҳар бир киши ҳайратда қолади ва беихтиёр, улар бу даражага қандай қилиб етишгани ва талай шогирдлар тайёрлашганига ҳайрон қолади. Албатта, улар ўрганишади-ю ўргатишади, ижод қилишади ва ижод қилишга чорлайди, мақсадларининг улкан чўққисига етишиш йўлида ҳеч нарсани аямайдилар.
Юртимиздан ҳам истеъдодлилардан бирини Италияга ўқиш учун юборишди, лекин унга керакли миқдорда моддий ва иқтисодий ёрдам кўрсатилмади. Бу ҳолатда истасак-истамасак, истеъдод эгаси ўсмайди. Натижада, рағбатлантирилмаган киши кўзланган мақсадга эришолмай қолади.
Биз миллий қўшиқчилик соҳасида ҳам керакли даражада касбий эмасмиз. Хусусан, ёшларнинг бу соҳага нисбатан қизиқишлари жуда паст. Қўшиқчилик соҳасининг талабот ва техникасини билишмайди. Мусиқа созлари ва қўшиқ ҳамоҳанг бўлмоғи лозим, аммо бугунги кунда бундай эмас. Уларнинг овозлари мусиқа созлари каби юқори, паст, ўрта диапазонларда садо бермоғи, тўғри келиши керак. Майли, миллий қўшиқлар ривожлансин, лекин юқори касбий даражада ривожланмоғи шарт. Бу соҳада ютуққа эришолмай турган бўлсак, қандай қилиб жаҳон мусиқасининг баланд нуқтасига етишга умид қила оламиз?
Агар мамлакатимизда барча мусиқа жанрлари, симфоник оркестр, халқ чолғу оркестри, бадиий гуруҳлар касбий даражада ривожланса, соҳа тараққиётига камроқ бўлса-да, умид боғласа бўлади. Жумладан, эстрада гуруҳлари ҳам ўз устида ишласалар, янгича кайфиятда ижод қилишса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунингдек, ушбу гуруҳларда фонограммадан фойдаланмасдан, барча созлар жонли ижро этишса, тингловчиларнинг завқ-шавқинини уйғотибгина қолмасдан, тингловчининг эстетик тарбиясига хизмат қилган бўларди...
Дунёнинг барча ривожланган давлатларининг оркестр мусиқа асбоблари бир фирмада ишлаб чиқарилган. Бу қандай маънога эга ва нега шундай? Масалан, бизнинг театр симфоник оркестримизда Япония (1 та), Россия (1 та) ва Германияда (2 та) ишлаб чиқарилган фалог асбоби бор. Бундай пайтда чалиш вақтида учта оҳангдош жўр пайдо бўлади. Бу масала жиддий диққатни талаб этади. Масаланинг тўғри ечими оркестрнинг жўрлашиб, тўғри ва юқори сифатда чалинишидадир. Миллий созлар оркестрида ҳам агар ғижжак сози турли фабрика ва ёки турли усталар томонидан яратилган бўлса, юқори сифатли ва жўрли чиқишига халақит беради. Мен бир умр оркестр лоақал бир марта яхши ва хатосиз чалинишини орзу қилдим, лекин у амалга ошмади. Бунинг асосий сабабини юқорида айтиб ўтдим. Бизнинг ҳарбий нафас оркестримизнинг жўрсиз чалинишига ҳам сабаб шу. Албатта, оддий тингловчи бундай камчиликларни билмаслиги мумкин, лекин мутахассис буни дарров англайди. Бундай ҳолатда биз жамият ва келажак санъаткорларининг иштиёқини уйғота олмаймиз. Аксинча, уларнинг иштиёқини пасайтириб қўямиз. Бу борада, яъни соҳада мавжуд камчиликлар ҳақида мутахассис сифатида фикру мулоҳазаларимни айтиб ўтгандим, лекин улар инобатга олинмади ва вазият олдингидек қолаверди.
Барча ривожланган давлатларда мусиқа созларининг лабораторияси ёки текширув жойлари бор. Бу лабораторияларда миллий созлар қаторида бошқа мамлакатлар созлари ўрганилиб, янги созлар ихтиро этилади. Ҳар бир оркестр ва гуруҳларда чалинадиган созларни, албатта, шундай лабораториялардан ўтказишлари керак. Бу ҳолатда мусиқий асбобнинг талабга жавоб бериши, оркестр ва гуруҳларда фойдаланиш мумкинлиги аниқланади. Зора, шундай лаборатория мамлакат Фанлар академияси қошида ташкил этилса яхши бўларди. Бу лабораториянинг ишига соҳанинг етук мутахассис олимлари жалб этилмоғи керак. Фаолиятини бошлабоқ, биринчи навбатда, юртимиздаги барча оркестр ва гуруҳлар мусиқа созларини текширувдан ўтказмоғи зарур.
Бугун биз қайси миллий созлардан фойдаланмоқдамиз? Дутор, ғижжак, най, чанг, рубоб, сетор ва танбур. Наҳотки, қадимий тарих ва маданиятга эга бўлган миллат шу асбоблар билан чекланиб қолса? Кўриб турганингиздек, бу соҳада ҳам олдинга силжиш йўқ. Нима учун ақаллан, ўн йилда бир мусиқа асбобини ихтиро эта олмаймиз? Ҳулбук қалъаси тарихий ёдгорликларидан аниқланишича, тожик қизи арфа асбобини чалар экан. Ҳозирги вақтда бу асбоб ҳатто, бизнинг бадиий гуруҳларимизда йўқ. Миллий мусиқа созларимизнинг сонини кўпайтириш ўрнига кундан-кунга уларни йўқотяпмиз. Армуния ўрнига аккордеонни ишлатмоқдамиз, яъни миллий мусиқа асбобларини майдондан сиқиб чиқардик. Бунинг барчаси дунёга танилишимизда тўсиқ бўлаётир.
Мусиқанинг тарғиб ва ташвиқ этилишига оид фикр-мулоҳазаларимни айтиб ўтмоқчиман. Бизда радио ва телевидение орқали гўё фаол мусиқалар тарғиб ва ташвиқ этилади. Биз савияси паст, хато ижро этиладиган мусиқаларни эшитишга мажбурмиз. Матнлар куйларга мувофиқ келмайди. Кўр-кўрона тақлид кўпайиб бормоқда. Машҳур куй ва қўшиқларни ўғирлашиб, паст савияда ижро этишади. Қўшиқлар хатоларга тўла, маъносиз матнлар қўйиб, ижро этишади. Бу матндаги вазну қофиялар, умуман, бир-бирига тўғри келмайди. Кўпинча бунга ўхшаш камчиликларни масъул шахслар кўришади, лекин андиша қилишиб, ўтказиб юборишади. Шундай нотўғри йўл билан тингловчининг ишончини қозониш мумкин эмас. Бундай енгил куйларга қачонгача кўнгил қўйиб, уни тинглаб келамиз? Асл ва англаш маҳорат талаб этадиган мусиқалардан қочмаслигимиз керак. Бошида бу нарсани тушуниш осон бўлмайди. Барчамизга маълумки, бизда балетни яхши қабул қилишмас эди, лекин ҳозирги кунга келиб, қишлоқларда ҳам унга талаб катта. Бу соҳада бизнинг бир неча йигит-қизларимиз Россиянинг Перм вилоятида таҳсил олиб қайтишди. Қишлоқ одамлари ҳам биздан фарзандларини қандай қилиб, ушбу соҳа бўйича Россияга ўқишга юбориш йўлларини сўрашади. Таъкидлаб ўтиш жоизки, балетни ўрганиш учун истеъдодли ёш вакиллар юборилмоқда. Бошидан бу ташаббусни мамлакат Президенти, муҳтарам Эмомали Раҳмон бошлаб берган эди. Шу боис, бу масала ўзининг тўғри ечимини топиб келмоқда.
Афсуски, биз масъул шахслар, соҳа ходимлари, ташаббускор эмасмиз ва бу мусиқа соҳаси даражаси пасайиб ва йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлаётир.
Италиялик дирижёр Жерардо Калело мамлакатимизга бир қатор созлар ва жаҳон операси санъатини олиб келди. Театримиз унинг уч йиллик фаолияти даврида жаҳон миқёсига чиқа бошлаганди, лекин унинг шартномаси муддати тугади.
Миллий касбий мусиқамизни жаҳон миқёсига чиқариш учун халқаро танловлар ўтказиб туришимиз жуда муҳим. 1991 йилгача театримизда Малика Собирова номли халқаро танлов ўтказилиб туриларди. Афсуски, бу ҳам якунига етди.
Халқаро танловларга мутахассислар ва истеъдодли артистлар келишади ва иштирок этишади. Уларнинг чиқишлари артистлар, ўрганувчилар ва бошқа кишиларга яхши таъсир ўтказади. Санъаткорлар ва студентлар, ўқувчилар кўнглида оламшумул бўлиш умид шуъласини ёқади. Бизнинг бу борадаги мурожаатларимиз масъул шахслар томонидан эътиборсиз қолдириб келинмоқда.
Хорга ҳам кам диққат қаратилади. Ҳолбуки, у одамларнинг бирлашишига, ҳиссиётлар юксалишида, дунёқараш ўсишига ёрдам беради. Бу жанр, шубҳасиз, оммавий бўлмоғи керак. юртимиз шаҳру ноҳияларида фаолият юритаётган кичик гуруҳларни топиб, уларнинг ўсишига ёрдам бўлиши учун бир неча марта республика бўйича хор айтиш танловини ўтказишни тавсия қилгандим. Асфуски, бунга ҳам эътибор қаратилмади. Республика Маданият вазирлигида мен ёзиб тавсия қилган қўлланма бир чеккада чанг босиб ётгандир, эҳтимол.
Ўз ечимини кутаётган бошқа масалалардан бири – бу ижодий сафарлардир. Шайх Саъдий Шерозий бундан бир неча юз йиллар илгари айтган эди: «Кўп сафар қилмоқ зарур, токи хомлар пишсин». Ҳақиқатдан ҳам, ижодий сафарларсиз, дунёни ўрганмасдан ва уни ҳис қилмасдан, фикр алмашмасдан оламшумул бўлиш қийин. У ёки бу мамлакатда уюштирилган бир-икки кишилик ижодий сафарлар масаланинг тўғри ечимига олиб келмайди ва уларнинг бу юртларда қилган чиқишлари жаҳон талабларига жавоб бермайди. Бизнинг бу борадаги мурожаатларимиз ҳам маблағ йўқлиги сабабли эътиборсиз қолдирилди. Шундай бир пайтда банклару корхоналар ва баъзи бир алоҳида шахслар томонидан чет эллардан эстрада юлдузларини катта маблағ сарфлаб юртимизга олиб келишаяпти. Эстрада юлдузлари мусиқамизнинг ўсишига салбий таъсир ўтказиб, миллий маънавиятимизга ёмон таъсир кўрсатади.
Албатта, мутасадди шахслар бу фикрларимизни танқид ўрнида кўрмасдан, балки миллий касбий мусиқамизнинг ўсиши ва унинг халқаро нуфузга эришиши учун бир жонкуярлик деб билишларини истардим. Шу боис, жонкуярлик ҳисси, аждодларимиздан мерос қолган бу Ватанни қадрлаш, мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этиш, лозим бўлган шароитларни муҳайё этиш учун зарур ишларни амалга оширмоғимиз керак. Истиқлол, деб аталган улуғ неъматнинг қадрига етайлик, касбий мусиқамизнинг равнақи учун олдингидан-да кўпроқ ва ундан-да яхшироқ диққат-эътиборли бўлайлик. Чунки, қадимий маданиятга эга бўлган миллатнинг касбий мусиқаси жаҳонгашта бўлмай, оламшумул обрўга эга бир нуқтада, бир жойда қотиб қолаверса, жудаям аянчлидир.
Холмаҳмад МАЖИДОВ,
С. Айний номли давлат академик опера ва балет театри гроссмейстери,
Тожикистон халқ артисти.
Япониянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича агентлиги (JICA) президенти Синичи Китаока Тожикистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Неъматулло Ҳикматуллозода билан JICA лойиҳаларининг ҳаётга татбиқ этилиши билан танишиш мақсадида, яқинда Панж ноҳиясида бўлишди.
Синичи Китаоко 2014-2016 йиллар татбиқ этилган «Хатлон вилояти Панж ноҳиясида ичимлик суви тизимини қайта тиклаш» лойиҳаси билан танишди.
Муфассал...
Ёхуд юртдошимиз Америкага пиёда сафар қилмоқчи
Мамлакатимизнинг аксар аҳолиси Абдулазиз Ражабов - «Ҳожипиёда»ни яхши танийди. Абдулазиз Ражабов 2005 йили Россия Федерациясининг Москва шаҳридан ҳаж сафарига пиёда боришни азм этиб, 9 ой 12 кундан кейин, Саудия Арабистонига етиб борди. Сафар жараёнида кўпгина давлатларнинг оммавий ахборот воситалари Абдулазиз Ражабовнинг пиёда сафар қилиши тўғрисида хабар тарқатган эди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015