Мамлакатимизда Садриддин Айний номли давлат академик опера ва балет, Абулқосим Лоҳутий номли давлат академик драма, Владимир Маяковский номли давлат рус драма, Маҳмуд Воҳидов номли давлат Ёшлар, Қўғирчоқ театрлари ҳамда Тожикистон давлат цирки, Акашариф Жўраев номли давлат филармонияси, Талабхўжа Сатторов номли Тожикистон миллий консерваторияси, Мирзо Турсунзода номли Тожикистон давлат санъат институти, соҳага оид бир қатор касб-ҳунар коллежлари, рақс ансамбллари, мусиқий гуруҳлар, газета-журналлару бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олган вазирлик бор. Бу Тожикистон Республикаси Маданият вазирлигидир. Вазирлик фаолияти мамлакат санъат ва маданият соҳасининг барча соҳалари билан боғлиқ. Маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода ва вазирлик ходимлари санъат соҳаси турли йўналишларини ривожлантириш учун тинимсиз меҳнат қилмоқдалар.
Яқинда мамлакат Маданият вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида мухбиримиз иштирок этиб, ўзини қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб олиб қайтди ва анжуман натижалари савол-жавоб тарзида сиз, азиз муштарийлар эътиборига ҳавола этилмоқда.
-Дунё давлатлари билан йўлга қўйилган маданий алоқалар, хорижий мамлакатлар санъат намояндаларининг юртимиздаги дастурлари ва санъатимиз вакилларининг чет элларга гастрол сафарлари тўғрисида тўхталсангиз…
-Бугунги кунда мамлакат Маданият вазирлиги томонидан 58 та икки тарафлама ва кўп тарафлама келишувлар, хорижий ва қўшни мамлакатлар билан маданият соҳасида ҳукуматлараро дастурлар имзоланган. Мазкур келишувлар воситасида Тожикистон Маданият кунлари Хитой Халқ Республикасида, Россия Федерацияси ва Туркманистон Маданият кунлари юртимизда олий даражада ўтказилди. Шунингдек, Варшава циркчилари пойтахтимизда ўз дастурларини намойиш этдилар. Юртимизнинг 17 нафар санъат арбоблари гуруҳи Афғонистонда ўтказилган Халқаро Наврўз байрами тантаналарида қатнашдилар.
-Ўтган 2014 йилда амалга оширилган ишлар…
-Ортда қолган йилда 2 минг 647 тадбир – спектакллар, концертлар, цирк ва театр дастурлари ўтказилиб, уларга 700 минг томошабин ташриф буюрди.
Вазирлик томонидан ҳисобот даврида 10 та янги драматик пиеса ва 37 та мусиқий асар саҳналаштирилган бўлиб, уларнинг аксарияти муваффақиятли намойиш этилди ва томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Умуман, мамлакат касбий театрлари репертуари 57 та янги спектакл билан бойитилди.
Санъат арбобларининг ўтган йилдаги ютуқлари ШҲТга аъзо давлатлар бошлиқлари саммити, Абдураҳмон Жомий таваллудининг 600 ва Зиёдулло Шаҳидийнинг 100 йиллигига бағишлаб ташкил этган театрлаштирилган концерт дастурлари бўлиб, улар Давлат бошлиғи Эмомали Раҳмон ва барча томошабинларнинг юқори баҳоларини олишди.
«Китоб карвони» тадбири доирасида республика шаҳру ноҳиялари кутубхоналари 45 минг 342 нусха янги китоблар билан таъминланди. М. Миршакар номли болалар давлат кутубхонаси фонди 30 номли янги китоблар билан бойиди.
2014 йили вазирлик босмахона муассасалари фаолияти ривожланиб, янада самарали бўлди. «Адиб» нашриётида мамлакат Президенти захира фонди маблағлари ҳисобидан 68 номли китоб 139 минг нусхада нашрдан чиқарилди. Шунингдек, буюк мутафаккир Абдураҳмон Жомий таваллудининг 600 йиллиги шарафига унинг «Баҳористон» китоби ҳам чоп этилди.
-Мамлакатда маданият соҳаси ходимлари етишмаслиги кўзга ташланади. Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун бирор чора-тадбир кўриляптими?
-Маданият вазирлиги олий ва ўрта махсус ўқув муассасаларида 14 минг 500 нафар студенту талаба таҳсил олмоқда.
2014-2015 ўқув йилида таълим муассасаларига 1221 киши ўқишга кирди. Бу белгиланган режанинг 80 фоизига тўғри келади. Жумладан, Т. Сатторов номли Тожикистон миллий консерваториясига 31, М. Турсунзода номли Давлат санъат институтига 50, Тожикистон тасвирий санъат ва дизайн давлат институтига 208 киши ўқишга кирди. Президент квотаси орқали ажратилган 37 ўринга 35 киши ҳужжат топширди. Шунингдек, 67 киши Россия Федерациясининг олий ва ўрта махсус ўқув муассасалари, аспирантура ва тайёрлов курсларига ўқишга кирдилар.
«2013-2017 йиллар Тожикистон Республикасида цирк санъатини ривожлантириш давлат дастури»ни ҳаётга татбиқ этиш доирасида цирк студиясининг 14 нафар битирувчилари Румянцев номли Москва шаҳри Цирк санъати ва эстрада коллежида таҳсилларини давом эттиришмоқда.
Бироқ шуни қайд этиб ўтиш жоизки, ўтган йили Миллий тест орқали ташкил қилинган марказлаштирилган имтиҳонлар Санъат институти ва соҳанинг бошқа ўқув юртларига қабул қилиш жараёнини бироз мушкуллаштирди. Бу имтиҳонларда абитуриентнинг билими ҳисобга олиниб, истеъдоди эса бир четда қолиб кетди. Санъат соҳаси учун эса истеъдод катта ролни ўйнайди. Шу сабабли, мамлакат Президентига мурожаат қилиб, олийгоҳларимизга Миллий тест марказидан ташқари ҳам қабул қилиш таклифи билан чиқдик. Бу таклиф Давлат бошлиғи томонидан ижобий ҳал этилди.
Энди театрларда ходимларнинг етишмаслиги тўғрисида тўхталсам. Матбуот ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари маошлари бир баравар оширилганда, маданият ходимларининг ойликлари уч баравар кўпайтирилганди. Бундан ташқари, соҳа харажатлари – концерт дастурлар ва намойишлар 97 фоиз давлат томонидан тўланади. Лекин шунга қарамасдан, кадрлар етишмаслиги муаммолари кўзга ташланиб туради.
-Маданий ёдгорликларни қайта тиклаш ва таъминлаш соҳасидаги ишлар ҳақида нима дея оласиз?
-2014 йили таъмир, қайта тиклаш, илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш учун 300 минг сомонийдан ортиқ маблағ сарфланди. Ҳимоялаш, қайта тиклаш ва тарихий-маданий ёдгорликлардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси давлат муассасаси томонидан Ҳисор қалъасида Ҳунармандлар кўчаси ва XII асрга тегишли ҳимоя деворларини қайта тиклаш ишлари давом эттирилмоқда. 2012-2020 йиллар тарихий-маданий ёдгорликларни ҳимоялаш давлат дастурига мувофиқ, Хожа Заррин, Хожа Айюб Ансорий, Хожа Ҳусейни Кангуртий мақбаралари ҳамда Балжувон ва Мўминобод қалъалари, Чилсутун масжидини қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
-Илгари Маданият аълочиси мукофотини олиш ҳеч кимга мушкуллик туғдирмасди. Лекин нимагадир ўтган йили бу мукофот берилмади…
-Ҳа, тўғри қайд қилинди. Илгари бу мукофотни олиш мушкул эмасди. Соҳага умуман алоқаси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиб келинган. Бу ҳақда ҳеч қандай тартиб-қоида йўқ эди. Ўтган йил биз тегишли низомни ишлаб чиқдик ва тасдиқладик. Унга мувофиқ, бундан кейин мукофот маданият ва матбуот соҳасида ўн йилдан кам хизмат қилмаган, олий маълумотли кишиларгагина берилади. Энди бунинг учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ ва номзодлар тавсия қилинишлари мумкин. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, ярим йилгина фаолият юритган журналист, албатта, матбуот аълочиси мукофотини ололмайди.
-Фикримча, республикамизда санъат соҳасига юзаки қараётган ёшлар сони кўпаймоқда. Бунга мисол қилиб, рэп ва бошқа жанрларда куйлаш жараёнида бемаъни иборалар, ҳақоратли сўзларнинг кўплаб ишлатилишини кўрсатиш мумкин. Уларнинг катта саҳналарга чиқишларини ким назорат қилади? Бу каби «санъаткор»лар келажак авлод таълим ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатмаяптими? Шу ҳақда Сиз қандай фикрдасиз?
-Барчангизга маълумки, бирон газета ё журнал таъсис этилса, албатта, Маданият вазирлигида қайддан ўтказилади. Агар бирон ансамбл ёки гуруҳ ташкил этилса, мамлакат Ҳукумати қошидаги Солиқ комитетида ўз фаолиятларини қайддан ўтказишиб, солиқ тўлайдилар. Шу пайтгача республикамизда «кўча ҳофизлари»нинг фаолиятини тартибга соладиган низомнома йўқ эди. Буларнинг барчасини назорат қилиш учун на жисмоний, на техник ва на ҳуқуқий имкониятимиз бор. Аммо мамлакат Адлия вазирлиги билан шу ҳақда иш олиб бормоқдамиз. Яқин келажакда тегишли ҳужжатлар имзоланади, деб ўйлайман…
-Жорий йил ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар…
-Бу йил Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон топшириғига мувофиқ, Ҳисорнинг 3000 йиллиги, Мир Саид Али Ҳамадоний таваллудининг 700 йиллиги ва бошқа халқаро ҳамда республикавий тадбирларни олий даражада ўтказиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, бу йилги Халқаро Наврўз байрами мамлакатимиз шимолида жойлашган Суғд вилоятида қайд қилинади. Бунинг учун тайёргарлик бошлаб юборилган бўлиб, сценарий ишлаб чиқилган ва бадиий раҳбар аниқланган…
Г. Аюпова, «Халқ овози».
Икки қардош, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги алоқалар кун сайин ривожланиб, томонлар манфаатига хизмат қилмоқда. Айниқса, сўнгги ойлардаги икки мамлакатнинг турли даражадаги делегациялари ташрифи, бўлиб ўтаётган учрашув ва музокаралар жараёнида эришилаётган келишувлар ҳам икки томонлама муносабатларни янги босқичини бошлаб бермоқда. Албатта, давлатлар миқёсидаги сиёсий-
Муфассал...
Ёхуд тиббиёт соҳасидаги баъзи нохуш кўринишлар хусусида
Азиз Ватанимиз мустақиллик йилларида ҳар томонлама гуллаб-яшнади. Турли соҳалар ривожу равнақ топди. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Бироқ баъзи соҳаларда ҳанузгача камроқ бўлса-да, негатив ҳолатлар кўзга ташланади. Айниқса, тиббиёт соҳасида бундай камчиликлар кўзга ташланса, бирам хунук кўринарканки…
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015