Ўзбегу тожик халқларининг дўстлик ва адабий ҳамкорлиги тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Замонасининг буюк мутафаккири, олим, шоир Мавлоно Абдураҳмон Жомий ҳазратлари билан улуғ мутафаккир шоир Мир Алишер Навоий ўртасидаги устоз-шогирдлик анъанаси бу икки халқ донишмандлари даврасини ҳанузгача тарк этган эмас. Навоийдан кейинги даврларда ҳам тожик ва ўзбек шоирлари орасида зуллисонайнлик урфга кирганлигининг гувоҳи бўламиз.
Тожик шоирлари ўзбекчада ҳам бемалол ижод қила олганлар, ўз ўрнида ўзбек шоирлари ҳам тожик тилида қалам тебратганлар. Кейинчалик, хусусан, XIX аср ўрталаридан XX асрнинг ўттизинчи йилларига қадар икки дарё оралиғи - Мовароуннаҳрда ҳам зуллисонайнлик давом этган ва бу, ўз навбатида, тожик-ўзбек халқларининг бир-бирини таниши ва тушуниши учун жуда яхши шароит яратиб берганлиги тарихдан маълум.
Бу анъана Шўролар ҳукмронлиги даврида ижобий тус олганлигига барчамиз гувоҳмиз. Айтиш мумкинки, икки тилда ижод қилиш ўтган асрнинг 30-йилларига қадар кенг тарқалган эди. Таниқли тожик адиблари, жумладан, Ажзий, Фитрат, Айний XX аср бошларида ўзбек тилида жуда кўп асарлар яратишган, шунингдек, ўзбек шоирлари Муқимий, Фурқат, Ҳамза, Муҳйи, Табибий, Ҳақирий, Баёнийлар тожик тилида ҳам равон шеърлар ёза олишган. Шунингдек, Ўзбекистонда туғилиб, илк ижодларини у ердан бошлаган Ғани Абдулло, Фотеҳ Ниёзий, Юсуф Акобиров ва бошқа тожик адиблари ҳам биринчи асарларини ўзбек тилида ёзишган. Устоз Айний ва Абдулло Қодирий, Мирзо Турсунзода ва Шароф Рашидов, Ғафур Ғулому Зулфия, Боқи Раҳимзода ва Абдулло Қаҳҳор, Абдулла Орипов, Лойиқ Шерали ва Эркин Воҳидовлар ўртасидаги ижодий алоқалар ва дўстлик тожик-ўзбек халқлари адабий алоқаларининг ибратли намунаси саналиб келинган.
Ўтган ҳафта охири, аниқроғи, 14 март куни "Миллий кутубхона" давлат муассасасида бўлиб ўтган Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовга бағишланган хотира кечаси бунга яққол мисол бўла олади.
Ушбу кечада ўзбекистонлик меҳмонлар - "Жаҳон адабиёти" журнали Бош муҳаррири, публицист-ёзувчи, академик Аҳмаджон Мелибоев, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси Бош муҳаррири, шоир Салим Ашур, "Овози тожик" газетасининг адабиёт бўлими муҳаррири шоир Паймон ва ширинкалом шоирнинг фарзанди аржуманди Хуршид Воҳидов ҳамда тожикистонлик бир қатор олиму ёзувчилар, шоирлар иштирок этишди.
Дастлаб Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раиси, таниқли шоир Низом Қосим кечани очиқ, дея эълон қилар экан, ўзбегу тожик халқлари дўстлигининг илдизлари қадим-қадимларга бориб тақалиши, асрлар оша турли синовларга дош бериб, пўлатдай тобланиб келаётгани, икки халқ ўртасида, нафақат, сиёсий-ижтимоий, балки адабий алоқаларнинг мунтазам ривожланиб келинганлигига урғу берди.
Шунингдек, у икки мамлакатнинг Президентлари - муҳтарам Эмомали Раҳмон ҳамда муҳтарам Шавкат Мирзиёевлар имзолаган битимлар асосида адабий ҳамкорликларнинг тобора ривожланиб бораётганлигини эслатиб ўтди. Ўтган йили Тожикистон Халқ шоири, Тожикистон Қаҳрамони Мирзо Турсунзода хотира кечасининг Ўзбекистонда ўтказилиши ва Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган кечанинг Тожикистонда ўтказилаётганлиги ҳам ана шу ҳамкорликлар давоми эканлигини таъкидлади.
Сўнгра сўз навбати кечада иштирок этаётган бошқа олиму шоирларга берилди. Айниқса, Тожикистон Миллий университети ўқитувчиси, адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди, доцент Муртазо Зайниддинов Эркин Воҳидов ижодий фаолиятига кенг тўхталиб, унинг ўзбек адабиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида муфассал маълумот берди.
Шундан сўнг, шоирнинг ўғли Хуршид Воҳидов отасига бағишланган кеча ташкилотчиларига ўзи ва оилалари аҳли номидан самимий миннатдорчилик билдирди. Сўзга чиққан бошқа меҳмонлар ҳам шоир Эркин Воҳидовнинг муносиб хулқи, инсонийлиги ҳамда юксак савиядаги шеърлари-ю достонлари ҳақида ўз фикрларини билдиришди.
Шу куни кечқурун Садриддин Айний номидаги Давлат академик опера ва балет театрида Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов хотирасига бағишланган концерт дастури ҳам ташкил этилди. Оқшом дастурида иштирок этган "Парасту", "Жаҳоноро" рақс ансамбллари раққосалари, "Шашмақом", "Фалак" давлат ансамбллари санъат усталари томонидан ижро этилган рақслару куй-қўшиқлар, шеърлар ўқилиши иштирокчиларда завқ уйғотиб, кўнгилларини шодликка лиммо-лим айлади…
Тожикистон Халқ шоири Низом Қосим меҳмонларга қарата хуш келибсиз, дея эҳтиром билдириб, ўзининг дўстликка бағишланган "Савганд" ("Қасамёд") номли шеърини қироат қилар экан, давомли қарсаклар чалиниб турди.
Сўз навбати "Жаҳон адабиёти" журнали Бош муҳаррири, публицист-ёзувчи, академик Аҳмаджон Мелибоевга берилганида, у ўз фикрини шундай ифодалади:
- Мунтазам ўрнатилиб келинаётган адабий алоқалар, улуғ шоирларга бағишланган хотира кечалари тарихи асрлар қаърига сингиб кетган бу икки миллат орасида дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига олиб келади.
Биз Тожикистонга ташриф буюрар эканмиз, ўзимизни асло бегона сезмаймиз, ўз уйимиздагидек ҳис қиламиз. Айни чоғда бизнинг юртимизга ташриф буюрган тожик биродарларимиз ҳам Ўзбекистонда ўзларини Ватанларидагидек ҳис қилишади. Зеро, халқларимиз икки тилда сўзлашувчи бир халқдир.
Кейинги сўзга чиққанлар - Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раисининг биринчи ўринбосари Ато Мирхожа, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси Бош муҳаррири, шоир Салим Ашур, "Овози тожик" газетасининг адабиёт бўлими муҳаррири, шоир Паймон ва тожикистонлик шоир Ҳасанбой Ғойибларнинг дўстлик, ватанпарварлик, одамийликка бағишланган шеърлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирганлиги рост. Бу уларнинг шодон кайфияту давомли қарсакларидан билиниб турарди.
Шунингдек, шоир Эркин Воҳидов қаламига мансуб шеъру ғазаллар, куй-қўшиқларнинг иккала тилда ҳам баравар янграши ушбу дўстлик концертига янада шукуҳ бахш этди.
- Тожикистонда қиблагоҳимиз, Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидов ижодига бўлган юксак эҳтиромни мушоҳада этарканман, миннатдорчилигимни билдиришни истайман. Зотан, жаҳонга не-не буюк шоиру адибларни бера олган тожик халқининг юксак маърифати, адабиётсеварлиги, нақадар, таҳсинга сазоворлигини айтмасдан илож йўқ. Юртингизга келар эканмиз, дадамнинг Жаъфар Муҳаммад таржимасидаги ўттизга яқин шеъру қасидалари тўплами - "Дўст билан обод уйинг" - "Хонаат бо дўст обод" номли китобини тожикистонлик китобхонларга армуғон сифатида олиб келдик. Бундан ташқари, "Қизиқувчан Матмуса" китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Асадуллоҳ Исмоилзода томонидан таржима қилиниб, "Матмусои кунжкоб" номи ила "Nurafshon buziness" нашриётида нашр этилгани ҳам шоир ижодига бўлган қизиқиш натижасидир, албатта, - дейди Хуршид Воҳидов биз билан суҳбатда.
У, шунингдек, Тожикистон Миллий музейи, Низомиддин Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи, "Кохи Наврўз" муҳташам саройи ва бошқа диққатга сазовор жойларда бўлишгани ва уларда улкан таассурот қолдирганлигини ҳам алоҳида таъкидлади.
Дарвоқе, устоз Эркин Воҳидовнинг ўзи ҳам Тожикистонда Ўзбекистон декадаларида, мухлислар билан мулоқот ёки бошқа сабаблар билан кўплаб маротаба меҳмонда бўлган. Чунончи, у киши устоз Ўлмас Жамол билан ниҳоятда, қалин дўст эди. Ўлмас ака Тошкентга борса, дўсти Эркин Воҳидовни кўрмасдан, у кишининг суҳбатини олмасдан қайтмас эди. Ва ёки Эркин Воҳидов ҳам Душанбега ташриф буюрса, ёнида, албатта, Ўлмас ака бўларди. Бугун ҳар иккала устоз ҳам чин дунёда. Ҳар иккаласи ҳам дўстлик куйчилари эдилар…
Ҳа, дўстлиги қадим-қадимлардан сув ичувчи ўзбегу тожикни эт билан тирноққа ўхшатишган, бу ҳақда шеър тили ила элга баралла куйлаб келганлар ҳам адабиёт майдони шунқорлари - қалам аҳлидирлар. Худо раҳматлик устозимиз Ўлмас Жамол ҳам бу дўстликни: -"Аз қадим ўзбегу тожик эт билан тирноқ эрур", - дея васф этганди…
Чинданам шундай. Инсоннинг тана аъзоси эт билан тирноқни бир-биридан ажратиб бўлмагани каби бу икки миллатни ҳам ҳаргиз ажратиб бўлмайди. Асрлар давомида қуда-андачилик ортидан қон-қариндош бўлиб кетган бу икки халқ Яратган хоҳиш-иродаси билан ён ва жон қўшни ҳамдир. Қўшнини эса, Худо ато этади. Марказий Осиё халқлари орасида урф-одат, ҳаёт тарзи, оила ва қариндош-уруғчилик қадриятларига риоя этиш, муомала ва суҳбатдаги одоб-ахлоқ, тўй-ю мотам ҳамда хурсандчилигу қайғули кунлардаги маросимларимизнинг ўхшашлигини кузатган инсон бошқа бирор халқ тожик-ўзбекчалик бир-бирига яқин эмаслигини англаб етади. Тожик ва ўзбек халқларидаги бундай ўхшашлик асрлар давомида бир жойда ҳаёт кечириш, бир-биридан доимий равишда ўрганиш ва тарих давомида тақдирлари бирлиги боис, шаклланган. Буларнинг барини бугун жамият ҳаётининг барча соҳалари, кундалик ҳаёт, ахлоқ, маданият ва санъатда яққол кўриш мумкин, албатта.
Яхши қўшничилик тамойилларининг санъат, адабиёт, маданият аҳллари томонидан ривожлантирилиши-ю тўғри йўлга қўйилиши фақат ва фақат таҳсинга сазовордир.
Урфиятда яқин қўшнининг узоқ қариндошдан афзаллиги айтиб келинади. Бу бежиз эмас. Ушбу ҳикмат аслида яхши қўшничиликни тарғиб этади. Шундай экан, бу икки дўсту биродар қўшни давлатлар орасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик ҳамда муносабатларнинг янада ривожланиши, адабий-бадиий, маданий ҳамкорликлар яқин келажакда бугунгидан ҳам кўпроқ тараққий этиб, икки халқ манфаати учун хизмат қилаверади, иншоолло.
Абдулло САИДОВ,
Зуҳриддин УМАРОВ,
"Халқ овози" газетаси махсус мухбирлари.
Ёхуд маршруткалардаги асабга тегувчи ҳолатлар хусусида
Нафасингдан ўтлар тирилди,
Пул одамнинг хуни эмас-ку,- бу мисралар мен шеърларини севиб мутолаа қиладиган шоир Яҳё Тоғага тегишли. Мисралар менга болаликдан ошно. Қарийбки, ҳаётим шиорига айланган, десам ҳам хато қилмаган бўламан.
Ҳар куни саҳармардондан ишга отланамиз, уззукун руҳият тетиклиги ва
Муфассал...
Хазонларнинг заъфар жуссасин
Ер бағрига чорлаган чоғда,
Бир қарғадан бошқа жонзотни
Кўрмоқ мушкул бўлди бу боғда.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015