Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 18 Март 2017 Кӯришлар: 2178
Печат

 

gulruxsor 2017 (Романдан парча)

...Ҳатто осмондаги ойга ҳам лақаб тақайдиган сабзбаҳорликлар Нозийнинг шоирона исми ёнига беҳудага «Полвон» сўзини қўшишмаган.

Қиз бирданига чунон ҳам баланд бўйли, жуссадор бўлиб вояга етдики, бундан аввалига ота-онаси, кейин ҳамқишлоқлари ташвишга тушиб қолишди.

- Агар бўйи шу зайлда ўсиб кетаверса, Салим уйининг томини қайтадан ёпиши керак бўлади, - дейишарди улар. Бўй етиб, анча вақтгача ўз жуфтини топа олмади. Қишлоқ қизи учун йигирма ёшда тенгини топа олмаслик кичик айб эмас. Одамлар Нозийни айблашмасди, зеро, унинг ошиқу шайдолари кўп эди. Аммо ошиқлик бошқа-ю, ҳаёт бошқа. Ҳамқишлоқлари орому осойишта бу қизнинг феълини билишарди: У ҳар қандай нописандлик, ҳурматсизлик билан келиша олмасди. Унинг ҳақида эл орасида қиссалар, афсоналар тўқилганди. Уни назарга илмаган йигитни эгардан олиб, ерга улоқтирган дейишарди. Айтишларича, қайси бирининг қўлини ҳазиллашиб қайириб, синдириб қўйган экан. Бошқа бир йигит билан шарт боғлаб, курашга тушиб, кўпчилик олдида елкасини ерга текизиб, онасидан калтак ҳам еган. Шундан буён у кучига эрк бермайдиган бўлди. Полвон лақабини эса, у кейинроқ олди. Марзия айтганидек, «қари қиз бўлишига бир кеча-ю, бир кундуз қолганида» қисмат қўли эшигини қоқди. Қиз остонада бир умр орзиқиб, интиқиб излаганини кўрди. Йигит гарчи қадду қоматли бўлса-да, бўйи келиннинг елкасига зўрға етарди. Қиз йигитга тикилиб нега уни шу вақтгача кўрмаганига ҳайрон эди. Меҳрибон, меҳнаткаш қиз билан тинч, ҳалим йигит шундай аҳил-иноқ яшашардики, ҳатто қадду қоматларининг баланд-пастлиги ҳам ҳеч кимнинг эсига келмасди. Баъзида узун-қисқа дарахтларни кўришса, Нозий билан Омонга қиёслашарди.

Албатта, ўзлари йўқлигида. Улар бирин-кетин икки жуфт эгизакли бўлишди. Муҳаббату аҳилликда, садоқату вафода ибрат намунаси эдилар. То ўша тўй уларнинг аҳил-иноқ оиласини азага айлантирмагунча…

…Авваллари сабзбаҳорликлар ҳосилни йиғиб, омборларга жойлашарди-ю, сарфу харажат пайига тушардилар. Дабдабали тўю томошалар қилиб, бир-бирларини ҳайратга солишни исташарди. Тўй эгаси ном чиқариш учун ўзларининг ва бегона ерлардаги полвонларни чорларди. Бу билан ўзларидан бошқаларни хуш кўрмайдиган сабзбаҳорликлар аслида бегоналарни ўз шуҳратларини намойиш этиш учун чақирардилар. Ҳамма югур-югурлар, сарфу харажатлар ўзларининг бою бадавлатликларини, маҳаллий паҳлавонларнинг куч-қудратларини намойиш этишга қаратилганди. Ўша тўйда бир паҳлавон қишлоқ полвонларининг ҳаммасининг елкасини ерга текизиб, уларнинг ғурурлари оташига муздек сув сепди. Бундай кунларда ҳамдилу ҳамдам бўладиган хотину эркаклар ўз паҳлавонларининг шармандаликларига гувоҳ бўлдилар. Эркаклар энди томларга томоша қилиш учун чиққан хотин-қизларга қарай олмасдилар. Тўй соҳибининг буқасини ҳам қўлга киритган полвон курашга чорлаб бўш майдонда ўйноқлаб юрарди.  Тўй эгасининг руҳи тушган, фақат қуруқ жасадигина тирик эди, холос. Учқур отини солимга қўйганида одамларнинг оғзи очилиб қолди. Қўю, молларни солимга қўйишганини эшитишганди-ю, аммо от қўйганини ҳеч ким эслай олмайди. Эркаклар хаёлан учқур отни ўз ҳовлилари қозиғида боғланганини кўришиб, ўзларига илоҳий куч орзу қилишарди. Аёллар орзусини сўрамай қўя қолинг. Тўй эгасининг сахийлиги паҳлавонларга қанот бағишлади, аммо ҳампарвоз йўқ эди. Ҳакам танаффус эълон қилди. Одамлар бошларини қуйи солганларича вақтинча кураш майдонини тарк қилишди. Ҳамқишлоқлар бир-бировлари билан суҳбат қуришни, ҳатто, кўзларига боқишни ҳам истамасдилар. Ору номус чанги томоқларини тутганди. Омон уйига димоғи куйиб қайтди. Нозий нон ёпиш билан овора эди. Эр иссиқ чапатини сувга ботириб еяр, аммо хотинининг саволларига жавоб бермасди.

-Наҳот, одам дегани тўйдан ҳам димоғи куйиб қайтса? - ковлаштирди     хотин.

-Авлод-аждодимиз шарманда бўлди, - оҳ тортди эр.

-Нима гап ўзи? Тезроқ айтақол, қўрқувдан сутим қочиб кетади, - гапида туриб олди эрини бирон марта бу ҳолда кўрмаган Нозий.

Эр бегона паҳлавоннинг қўли баланд келганини, сабзбаҳорликлар мағлубият азобини чекканларини ҳикоя қилди.

-Сафолполвонни ҳам йиқитдими? -сўради Нозий.

-Э-ҳа, бир зумдаёқ! - жавоб берди Омон.

-Қайси бир бегона ҳаммаларингни бўйинларингни эгса-ю, сизлар бурунларингни тортиб ўтирсаларинг. Ору номусни билмайсизларми? Соқолу мўйловларингни қириб ташланглар, - таъна қилди Нозий ҳамманинг ўрнига эрини койиб.

-Ўзинг паҳлавон билан кураш тушмайсанми? - ғазабланди Омон.

-Бошларингга рўмол ўраб олинглар, мен майдонга чиқаман, - деди нонини тандирга ёпиштираётиб хотин.

-Бизлар рўмол ўраган ҳисоб, - деди эр.

Кошки, Омон ўшанда шу гапни айтмаганда эди. Ўша дақиқаларда алам оташида ёнган эр айтганларига пушаймон бўлгандай хотинининг кўзларига тикилиб турарди. Омон бир коса сувни симирди-ю, кураш майдонига чопди.

Нозий шу дақиқаларда Сабзбаҳор эркаклари агар қишлоқ чашмасини симирсалар ҳам юрак оловлари пасаймаслигини ҳис этди. Уй бекаси тандирга нонни ёпиб, ўт очди. Ору номуснинг кўз илғамас кучи уни кураш майдони томон тортарди. Чақалоғи бешиги бошига нон қўйди-ю, эрининг тўни ва пахтали шимини кийди. Чилвирни белига боғлаб, кокилларини телпак, остига яширди. Шошганича мўккисини оёққа илиб, эшикдан чиқди. Масхарабозни эслатувчи янги паҳлавонни халойиқ ҳаё-ҳуй билан қарши олди. Фақат бир кишигина жим эди, овоз чиқармади. У турган жойида тошдай қотиб қолганди. Омон зўрға ўрнидан турди-ю, бошини қуйи солганича мажолсиз оёқларини аста судраб уйи томон йўл олди.

-Йўқол тасқара, - кимдир бақирди. Одамларнинг доду фарёди баландроқ эшитилди. - Қош қўяман деб, кўз чиқарма, - кулди ҳакам паҳлавонга тикилиб.

Паҳлавон йўқолмоқчи эмасди. Тўй эгасининг таъби хиралашди. «Бу тасқара қаердан келди, ўзи? Уни паҳлавон йиқитса, албатта, от соҳиби бўлади!» Ҳакам паҳлавонларни масхара қилганича майдонга чорлади:

-Қани шер, қани Рустами достон - марҳамат!

Бахти кулган паҳлавон янги рақибини худди фил думи билан ўйнашган пашшадай билиб, менсимайгина қўл чўзди. Ва бирданига чанг солиб, эътиборсиз рақибини худди сарв дарахтидай эгди. Ҳуштагу қичқириқлар садоси кўтарилди. Калта чопонли янги курашчи гўё ўз рақибидан ҳазар қилгандай қочмоққа майл қилар, аммо аслида унинг жон жойини пойларди. Ниҳоят, пайт пойлаб рақибининг оёғи ошиқларига зарб билан чунон ҳам урдики, унинг оёқлари бўшашди, мадори кетди. Имкон топиб, рақибининг томирлари тортган оёғига чил солди. Паҳлавон мункиб кетди. Энди янги курашчи рақибини ўрнидан туриш имконидан маҳрум этди. Аввалига янги курашчини назар-писанд қилмаган паҳлавон таҳликага тушди. Ва у қандай қилиб тиз чўкканини билмай қолди. Янги курашчи ўзини рақибининг устига ташламади, балки унинг елкасини ерга босганича қаддини тиклади.

-Етмиш етти пуштинг жойи жаннатда бўлсин! - дея қичқирди ҳакам ўз вазифасини ҳам унутиб.

-Ҳа, ушла! Ҳа, ур уни! - қичқирарди оёққа турган издиҳом. Елкаси ерга тўлиқ тегмаган паҳлавон ҳали ҳам  қаршилик кўрсатар, ниҳоят, ерга ёпишиб, тинчланди. Одамлар кураш майдонига чопдилар.

Нозий ғалаба наъшидасидан баҳраманд бўлиб, кураш майдонида рақс тушмади, балки Омон ўтирган томонга гуноҳкорларча назар ташлаб, эрини кўрмай, ғалаба лаззати заҳарга айланди. У қочмоқчи бўлди. Одамлар уни ўраб олишди. Шу пайт телпаги бошидан тушди. Сабзбаҳорликлар олдида уялганидан қизариб кетган Нозий турарди. Кишилар бу оғир ғалабадан хурсанд ёки аксинча, хафа бўлишларини ҳам билишмасди. Нозий рақибининг аёл эканидан хабар топиб, уятдан ўлар ҳолатга келган паҳлавонга узр сўрагандай бир тикилди-ю, уйига чопди. Эрининг телпаги кураш майдонида худди мушук ўлигидай бўлиб қор устида ётарди.

Кадбону йўлда куйган нон ҳидини сезиб қадамини тезлатди. Остонада Омонга дуч келди. Эр куйган нонни оташкуракда кўтарганича кўкрак сути ёқасини ҳўл қилган ғолиб хотин олдидан ўтиб кетди. Хотин даҳшат билан энди эри уни асло кечирмаслигини ҳис этди.

Шарманда бўлган паҳлавон совғаларини ҳам қолдириб қишлоқдан чиқиб кетди. Нозий ҳовлисида учқур от пайдо бўлди-ю, бу уйдаги бахту саодатни туёқлари остида пайҳон қилди.

Омон хотинининг хатти-ҳаракатларига худди бегоналардай тикилиб, гўё аччиғу шўр ўй-хаёллари учқур отнинг ёлу думларига боғлангандай ташқаридан  - арпа еб маст бўлган отдан кўзларини узмасди.

Нозийнинг тоқати тоқ бўлди, жим тура олмади:

-Учқур отни орзу қилардинг, муборак бўлсин!

-Эр, кунда ёр, патир қиламан!

-Ухлаяпсанми ё бедор? Болаларингни ол, бузоқча сигирни эмди.

Омон қимирламасди.

-Мулло  Самини чақираман, иякларингни боғласинми? - ғазабланди жонига теккан хотин.

Омон сандалга ўт солаётган хотинининг елкасига зарб билан туширди. Олов тўкилди, кул чанги Нозийнинг юзу сочларини қоплади:

-Астағфируллоҳ -  бегуноҳ еган муштига жавоб қайтармаслик учун ўзини қўлга олди хотин. У қишлоқ ва Худодан қўрқадиган оила тарбиясини олган ва эрга қўл кўтаришгина эмас, балки кўзларига тик қараш ҳам гуноҳ эканлигини яхши биларди. Эри олдида гуноҳкор эканлигини ҳамиша эсида сақларди. Хотин юзларини ушлаганича ташқарига чиқди. Кўзи хонадондаги осойишталикни остин-устун қилган учқур отга тушди. У хосиятсиз от, ўзини, тўй эгаси-ю, бегона паҳлавонни, ҳаммани ёмон кўриб кетди.

Бир умр ана шундай отни орзу қилиб юрган киши, унга соҳиб бўлиши билан жонивордан худди девдай ҳазар қиларди.

Гуноҳсиз гуноҳкор бўлиб юриш хотиннинг жонига тегди, шекилли, эътирозли овозини кўтарадиган бўлди. Эри билан гапи қочса, отни силаб-сийпаларди. Ҳар гал отни эгарлаб, болалари билан қишлоқнинг нариги томонидаги ота-онасининг уйига йўл олганида, одамлар бу хонадоннинг тинч устуни қимирлаганини ҳис этишарди.

Баъзида Омон воқеани унутиб, болаларига меҳрибон бўлиб қоларди. Хотин нолаю гирён  кечирим сўраб, ялиниб ёлворарди:

-Эр, отни эгасига олиб бориб берайми?

-Отинг билан бирга ўзинг ҳам йўқол, - дерди эр совуққонлик билан.

Хотин меҳрибонларча соғинч билан ўзини эрига яқинроқ олиб борарди.

-Фу! Йўқол, сендан бегона эркак ҳиди келяпти…

Омон яна дамдузд бўлар, қаҳру ғазабга тўларди.

-Эр, мени калтакла, ҳақорат қил, аммо жим ўтирсам, тарс ёрилиб ўламан, - зорланарди меҳрибон эрининг бегоналигидан чўчиган Нозий.

Омон ана шу воқеадан кейин уйида ўтириб қолди. Ҳамқишлоқлари кўзига кўринмас, улардан қочарди. Кишилар кўзларида гўё заҳарханда кулгу учқунлари чарақлагандай эди. Қишлоқда икки Омон бор эди. Бири ёш, иккинчиси қари. Шу воқеадан кейин қариси Омонлигича қолди-ю, кичкинаси эса, Полвоннинг эри номини олди...

Гулрухсор, Тожикистон Халқ шоири.

 

Тожик тилидан Омонбой  ЖУМАНОВ таржимаси.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Ватан, кенгликларинг бағрида асил тулпорлар чопаверсин!

 

Болаликдан отга боғлиқ кўп маросимларда томошабин бўлганман.

Ватан деганда йилқи тўдаси ўтлаб юрган адирларни, улоқ чопилаётган кенгликларни кўргим келади.

Кўплар менга шеърингда ҳам, ҳикоянгда ҳам от, бошқа мавзу топилмадими, деб қолади. Чавандоз оиласида туғилиб, болаликдан от чопиб, йиқилиб-суриниб этим қотган. Отам чавандоз сифатида минтақада бўладиган

Муфассал...

Янги йил арчаси – қувончимиз омили. Хлопушкалар эса…

 

- Пойтахтимиз марказида ўрнатилган Янги йил арчаси, ҳақиқатдан ҳам, ҳашаматли ва гўзал бўлибди, - дейди Рўдакий ноҳияси, Фалакон қишлоғида яшовчи Даврон Ҳасанов. - Бундан ташқари, Душанбенинг тўртта ноҳиясида ҳам Янги йил арчалари безатилаётганлиги кўнгилларга қувонч улашади.

Дарҳақиқат, Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомалининг топшириғи билан пойтахт маркази - "Дўстий" майдонида ҳашаматли ва гўзал Янги йил арчаси

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990469

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477507
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3435
4027
21120
7426653
99151
114875
7477507

Сизнинг IPнгиз: 18.219.231.197
Бугун: 23-11-2024 16:47:54

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015