Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 24 Октябр 2019 Кӯришлар: 2057
Печат

 

manaviy ustoz 2019Табаррук газетамиз "Халқ овози" 90 ёшга тўлибди. Газета тарихи ҳақида сўзлар эканмиз, устоз Ҳожи Содиқни эсламай бўлмайди…

Сўз устоз ҳақида борар экан, мураббий, тарбиячи деб ифтихор-ла тилга олинадиган саховатпеша, бепоён меҳру мурувват, одамий фазилатлар соҳиби бўлган бу заҳматкаш инсоннинг нурли сиймоси кўз ўнгингизда гавдаланади, хотирангиз гўшаларида қад ростлаб, сизга меҳрибон кўзлари-ла нигоҳ ташлаб

туради.

Буюк қалб эгаларининг бетакрор шахсиятлари, одамий хислатлари ўтириб-туришлари-ю муомалаларигача, борингки, ҳаётларида учрайдиган икир-чикирларигача шогирдга юқади. Яхши шогирд устоз ортидан эргашади, ёмон шогирд эса, устоз пайини қирқади.

Бир воқеа эсимда. 1985 йиллар эди, чамамда. Душанбедаги марказий стадионда номдор хонанда Фахриддин Умаров концерти қўйиладиган бўлди. Ўлмас Жамол, Шерали Сокин, Ҳабибулло Ботировлар билан концертдан илгарироқ устозлар суҳбатига ошиқдик. Стадионга кираверишдаги бир хонада ҳофиз шогирдлари Ҳожиакбар Ҳамидов, доирачи Рустам Убайдуллаев ва Жўрабек Муродов билан астойдил ҳазил-мутойиба қилиб, шарақлаб кулиб ўтиришарди. Биз - "Совет Тожикистони" мухбирлари Ҳожиакбарга газетхонларга бирор истак билдирсангиз, суратингиз билан чиқарсак, -деб юзландик.

- Аввал устоздан, қанча бўлса у киши ҳақида ёзаверинглар,- деди кулимсираб Ҳожиакбар ака.

Биз Фахриддин ака ҳар йили газетамизда чиқаётирлар, бу сафар, мухлислар у кишининг шогирди - сиз ҳақингизда ҳам маълумот олишлари керак-да, деб айтдик. Босиқлик билан тушунтиришга уриндик. Йўқ, бўлмади. "Мен устоз олдида бир зарраман. Ўзимни мақтасам кўрнамаклик бўлади, эътиборларинг учун катта раҳмат, оғайнилар", - машҳур қўшиқчи бўлиб етишган шогирд суҳбатга рўйхушлик билдирмади.

Бу қадар устозга ҳурмат!

Фалакнинг гардиши билан 1979 йили "Совет Тожикистони"га ишга бордим. Ўшанда Ҳожи Содиқ 66 ёшда эди. Сочлари оппоқ, нуроний, меҳрибон нигоҳли кишининг қисқа гапи шу бўлди:

- Уй масаласи чатоқ-да, ўғлим. Бироз чидайсиз. Бизлар ҳам бу савдони бошдан кечирганмиз. Ишни совет қурилиши бўлимидан бошланг. Қишлоқда шунчаки ёзиб юрган бўлсангиз, энди ҳақиқий журналист бўлиб, унинг нони, мазасини тотасиз.

"Нонининг мазаси" шуки, илгари катта-катта ёзиб, гонорарнинг сариқ қоғозчаларини олиб, рўзғорни обод қилиб юрган бўлсак, энди ўзимизни унутиб, редакцияга келган ўнлаб хатлар сара-пучагини ажратиб, чет муаллифларнинг "оёғи осмондан" мақоласини икки-уч карра қайта ёзиб, ишлаб, Қосимжон ака айтгандек: "Юрагимизнинг қўрини бериб" чопга тайёрлардик. Уни газетда ўқиш осон экан, холос. Бечора кичик маош олиб ишловчи мухбир… Бир ойда жоним халқумимга келиб, қишлоққа қайтиш режасини туза бошладим. Энди одамларга нима дейман? "Лайлакнинг боришига эмас, қайтишига қара",- деган мақол бор. Ижара уйларда санқиб, ўтириб-туриш инқадар. "Кўнглим йиғлайди-ю, кўзларда нам йўқ…"

Ҳар куни машаққатли меҳнат. Газета ҳар куни 120 минг тиражда чиқиб, тушгача энг олис қишлоқларгача етиб боради. Редакцияга бир ойда икки мингдан ортиқ хат келади. Бу улкан мафкура корхонасида минглаб кишиларнинг арзи-ҳоли эшитилади. Меҳнат жабҳасидаги қаҳрамонликлари тараннум этилади, порахўр юлғичлар, ахлоқсизлар, ишламай тишлайдиганларнинг башараси фош қилинади. Илм-фан, адабиёт, санъат соҳасидаги ҳар бир истеъдодга баҳо берилиб, асарлари дунё юзини кўради. Қишлоқда муаллим бўлиб ишлаб юрганимда, Ўлмас Жамол, Қосим Мамажонов, Солижон Қаҳҳоров қаламларига мансуб шеър, ҳикоя, одамийлик, ахлоқ-одоб мавзусидаги мақолаларни ўқиб, уларга ҳавас қилиб яшар эдим. Мана, энди улар сафига кирдим…

Иш бошлаганимнинг иккинчи ойи охирлари эди, чамамда. Кайфиятим сўниклигини сезган бош муҳаррир Ҳожи ака - биз у кишини ўзимизга яқин тутиб шундай дердик - мени чақириб, синовчан назар ташлади-да, папирос тутатиб, сўз қотди:

-Ҳа-а, Жамшедбой, настроенингиз йўқдай? Би-и-ир қишлоққа бориб келасизми, бола-чақанинг олдига?

Мен индамадим. Устоз стол биқинидаги тугмани босди. Эртаклардагидай малла соч, тўладан келган ўрис котиба кулиб кирди.

- Слушаю Вас, Хаджи Садыкович!

- Ниничка, пиши командировка Жамшеду, на пять дней. И ещё, от фонда редактора добавляй пятьдесят рублей.

- Хоп, Ходжи Садыкович!

Қишлоққа келиб, баъзиларга гувоҳномамни кўрсатиб мақтаниб ҳам қўювдим.

Алқисса, эр-хотин пойтахтга тўрт болани етаклаб кўчиб бордик. Гўр менинг шоирлигим бўлсин. Ижарама-ижара юришлар, иссиқ-совуқ кунлар кейин бошланди. Яратган Эгам ҳар кишининг ризқу насибасини, толеини, бахтини ҳам пешонасига ёзиб қўяркан. Бошингни қаёққа урма, қанча чиранма, бу ёзуқдан қочиб қутулолмайсан. Мен буни ҳаётимда, йўлимда учраган ўнлаб шуҳратпарастлар мисолида яққол кўрдим, ўзининг иродасига ишондим.

Ҳожи ака бетакрор инсон бўлиб, обрўларини ҳеч ким ололмади. У киши бюрократлик ва расмиятчиликдан жуда олис раҳбар эди. Шу боисдан, кўп йиллар ўтса-да, у зотни тез-тез қўмсаймиз, соғинамиз. Устознинг яхши фазилатларидан айримларини эслаб ўтишни шогирдлик бурчим деб биламан.

Тахта пол ётқизилган узун коридорнинг ўнг томонида газета бўлимлари жойлашган, уларда 50дан ортиқ ижодкор қалам тебратади. Устоз полга ҳассасини дўқиллатиб келаётганини эшитиб турардик ва шундан кейин… Эшик очилиб, бош муҳаррир ҳаммага салом берарди:

-Ҳорманглар, йигитлар. Абдуҳамид, рўзғор тинчми? Бир киринг олдимга.

-Жамшедбой, ўрганиб қолдингизми, ўғлим? Ҳаммаси яхши бўлиб кетади!

У киши мен бош муҳаррирман, деб ғўддайиб, баъзиларга ўхшаб қўлида калит ўйнатиб, ё қўлларини орқага қилиб, ё оёқларини кериб ишловчиларга нописанд қараганини ҳечам эслолмайман. Ҳожи Содиқнинг бағри кенглиги, хокисорлиги, одамийлиги, меҳрибонлигини Худо пешонасига битган, туғма эди.

Китоб ўқиб, олим бўлиб, шоир бўлиб, бу хислатларни ўрганиш, ўқиганига амал қилиш мумкин эмаслигини кейин бот-бот кўрдим.

"Кунингдан бир кун қолса ҳам ош е, пулингдан бир пулинг қолса ҳам ош е", -деганидай ҳафтада ё кун ора чойхонада ош қилардик. Ўлмас ака, Зокир катта, Ҳабибулло акалар моҳир ошпаз эдилар. Рости гап, устоз сўрида бир-иккита таклиф этилган қаламкаш дўстлари билан ҳазиллашиб ўтирарди. Бир гал, тушки ошхўрликдан сўнг Регардан Хўжааҳмад Хидиралиев икки-уч нафар йигитлари билан келиб қолди. "Ҳожи ака, бир ўтирсак, бу йигитлар ният қилишибди", - деди. Биз бир овоздан "хўп бўлади устоз" дея бозорга югурдик. Баъзи ходимлар Секага, Жаббор Расулов номига Ҳожи ака устидан шикоят ёзишибди. Душанба куни бўладиган Марказқўм бюросида устоз ҳам қатнашарди, шубҳасиз.

- Ҳожи ако, -дебди Секанинг биринчи котиби хўжандча лаҳжада, -мана, устингиздан шикоят келди, мана номлариям бор.

Ҳожи Содиқ редакцияда ишлайдиган бу амалпараст, ҳасадчи кимсаларни билар, аммо ўзларини бепарво тутиб, квартал мукофотларидан ҳам кесмасди.

-Нима деб ёзибди, Абдужаббор?- сўрабди устоз у кишидан.

- Маишатчи, ошхўр деб ёзишибди. Бас қилинг, энди бу ишларни, ако!

- Э, Абдужаббор, газетамиз тузукми охир?

- Э, газетага гап йўқ!

- Бунинг боиси шуки, йигитларимизнинг қорни тўқ, қорни очда иймон суст бўладу?!

- Э-э, қўйинг сизга гап топиб бўлармиди…

- Ҳа, бўлди-бўлди, майли, бундан сўнг шўрбо қиламиз.

Бу гап тезда оғиздан-оғизга кўчди. Тўғриси ҳангомадай бўлиб бутун республикага ёйилди. Ижод аҳлининг ҳар даврада тиззаларига уриб, силкиниб айтадиган латифанамо гапларига айланиб кетди. Устоз оилада ҳам ош дамлашларини сўрарди. Бу ҳақда қизи Хуршида Содиқова эсдаликларида жуда ажойиб қилиб ёзган.

Ҳожи Содиқ даври тожик журналистикаси тарихида олтин давр бўлиб қолди. У кишини орзиқиб эслаймиз. Жаббор Расулов, Рифъат Ҳожиев, Бегали Аҳмадалиев, Сирожиддин Исоев, Абдуғафур Самадов каби элпарвар тузумнинг фидойи раҳбарлари қаторида устоз номи ҳам ҳурмат билан тилга олинади. Ўша йиллар нафасини кишиларга етказиб, ҳақиқат ва адолатни тарғиб ва пойдор қилишда Ҳожи Содиқ сингари устозларимизнинг, ўткир қалам соҳибларининг ҳиссаси катта бўлди. Юзлаб журналистларнинг маънавий падари Ҳожи Содиқ номи йиллар оша мусаффо қалбларда йилтиллаб нур сочиб тураверади.

 

Жамшид ПИРИМОВ,

"Халқ овози" газетасининг собиқ ходими,

матбуот фахрийси.

КАЛЕНДАР

« Декабр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
            1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31          

МАҚОЛАЛАР

Саодатли келажакни кўзлаб…

 

- Соҳибистиқлол серқуёш юртимизда ободончилик ва бунёдкорлик ишларининг тобора ривожлантириб борилиши ёш авлод келажаги учун шароит яратиб бериш демакдир. Зеро, бу йўлда уларга мустаҳкам асослар яратиб берган ҳолдагина, қилинган меҳнатлар ўз самарасини кўрсатади. Биз фаолиятимизда Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Паёми,

Муфассал...

Мустақиллик – порлоқ келажакнинг ёрқин йўли

 

Мустақиллик – ҳар бир халқ ва давлатни порлоқ келажак сари элтувчи ёрқин йўл. Зеро, азал-азалдан эллар мустақиллик томон интилиб, курашиб келгани бежиз эмас. Истиқлол, деб аталмиш буюк неъматнинг замирида ҳурлик, озодликка эришиш, миллатнинг ўзлигини бутун бўй-басти билан намойиш этиш имкониятлари мавжуд бўлиб, у элим, юртим, деб ёниб яшайдиган ҳар бир жонкуяр фуқародан фидокорона меҳнат қилишни талаб этади.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2000416

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7553764
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3814
2506
11530
7486842
13493
161915
7553764

Сизнинг IPнгиз: 18.97.9.171
Бугун: 05-12-2024 14:26:16

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015