- Почта келди! Газета-журналлар, - почтачи Ҳасан аканинг овози ҳовлида у, бу ишлар билан куйманиб юрганларни сергак торттирар ва почтачидан кунлик газета-журналларни олишга ундар эди.
Собиқ Қўрғонтепа вилояти Вахш (қишлоғимиз кейинчалик Бохтарга ўтказилган) райони (ҳозир Хатлон вилояти Кўшониён ноҳияси)нинг Байнал, Телман, Қизилгул, Чапаев ва Ленин йўли қишлоқларига кунлик газета ташувчи
почтачи Ҳасан ака Д-5 русумли веломоторини «холостой ход»да секин ҳайдаганча, аҳолига газета тарқатарди. Қишлоқ охирига боргач, веломоторини ўт олдирганча, шиддат билан қўшни қишлоқ - Қизилгул томон йўл оларди. Унга бу - кунлик одат. Кишилар ҳам тушдан кейинги соат 16-17ларда хабарчини интиқлик билан кутишарди.
У пайтларда, нафақат, Тожикистон, балки Ўрта Осиё, борингки, иттифоқдош республикалардан ҳам турли кўринишдаги газета-журналлар ўз обуначиларига етказиб бериларди. Эндигина биринчи синфга бораётган ва ҳарфларни ҳижжалаб ўқишга киришган камина эса, газета ва журналларнинг номинигина ўқий олардим: «Правда», «Известия», «Фан ва турмуш», «Саодат», «Совет Тожикистони»…
Кейинчалик илк ўқитувчим Ортиқовнинг 32 нафар ўқувчига гоҳи меҳрибонлик, гоҳида қаттиққўллик билан сабоқ ўргатиши кор келди чоғи, битта-иккита думбул ўқувчини ҳисобга олмасак, синфимиз ёппасига яхшигина савод чиқарганди. Эндиликда бизлар, нафақат, газета-журналлар номи, балки ички сарлавҳалару баъзи кичикроқ мақола-ю хабарларни ўқий олардик!
Ўша йиллари «Совет Тожикистони» (ҳозирги «Халқ овози») орқали дунёда Америка деган давлат борлигини билганман. Чунки унда деярли ҳар куни «Америка, Ветнамдан қўлингни торт!» қабилидаги мақолалар мунтазам чоп этиларди. Кейинчалик билсам, Америка Ветнам деган Осиё давлатларидан бирига босқинчилик уруши очган экан…
Ҳадемай, Ҳасан ака Ёвон районига кўчиб кетди. Унинг ўрнига бирваракайига икки киши почтачилик қила бошлади. Бири қизилгуллик Менгқара ака, иккинчиси – байналлик Жўрабек. Булар навбат билан аҳолига зиё тарқатишарди. Буларнинг идораси Чапаев қишлоғида жойлашган бўлиб, уларга ҳамқишлоғимиз, татар аёли Танзила опа раҳбарлик қиларди.
Эсимни танибманки, «Совет Тожикистони» газетаси билан ошноман. Унинг ҳар сонидаги баъзи хабарларни мактабга бир кунгина борган, аммо ўнлаб достону юзлаб халқ эртакларини ёддан айтиб берувчим - онажоним Бибимарзия, қўшнимиз Пахта момоларга ўқиб берардим. Эл қатори улар ҳам кундалик пахта сводкаси билан кўпроқ қизиқишарди, негадир.
- Вахш неча бўлди экан (неча фоизга планни бажарибди, дейишмоқчи), - дея сўрарди улар, - Ўктабир-чи?
Мен эса, ўзимни Ортиқов домла дарсидагидек тутиб, кампирларга (баъзан чолларга ҳам) газета ўқиб бераверардим…
… 1979 йили қўшни Афғонистон нотинчланиб қолди. Газеталар (айниқса «Совет Тожикистони»)дан билганим шу бўлдики, Совет Ҳукумати мазлум афғон халқига ёрдам қўлини чўзган. Бу ёрдам қўли чунонам чўзилган эканки, сабилмонда ўн йил давом этди. Нега, бу ҳодиса ёдимда қолган? Чунки қишлоғимизнинг бўз йигитларини аскарликка чақиришганида оналарининг бўзлаб қолганларига кўп бора гувоҳ бўлганман. Айниқса, Саъдулла акамни Афғонга жўнатишганида, Гули каттапамиз (аммамиз) ўзини қўярга жой тополмай қолганди. Ўша кезларда Исмоилжон акам ҳам хизматга чақирилиб қолди. Онам бечора газеталарда аскар болалар ҳақида нима ёзган экан, қани Абжон (Абдуллажоннинг эркалаб айтилган шакли), бизга ўқиб бер-чи, - деб қоларди. Ўғилларидан «Н» ёки «Полевая почта»дан мактуб олаётган оналарнинг кунда-кунора радио орқали эфирга узатиладиган Нигина Раупованинг «Аскарбачам-э» номли қўшиғини тинглаб, «ҳўнг-ҳўнг» йиғлаганининг кўплаб маротаба гувоҳи бўлганман.
Бу пайтга келиб анчагина эсим кириб қолган экан-да, севимли газетамизга айланиб қолган «Совет Тожикистони»ни варақларканман, фарзандларини аскарликка жўнатган онажонларимизга ёқадиган «хабарлар»ни ўзим тўқиб ташлардим баъзан:
- «Вахш районининг Телман қишлоғидан аскарликка чақирилган Саъдуллахон Мирзоев, Валижон Шоимов, Ҳамро Холматов, Ўмирзоқ Саъдуллаев, Исмоил Саидовлар она-Ватан олдидаги йигитлик бурчларини соғ-саломат ўташмоқда. Улар, ҳадемай, ўз юртларига эсон-омон қайтиб боришади. Бу азаматларни ватанпарвар қилиб тарбиялаган ота-оналарига мингдан-минг раҳмат…»
Оналар ушбу хабардан, табиийки, шодланишарди. Ўзим улардан ҳам кўпроқ хурсанд бўлардим, шу тобда…
Қиблагоҳимиз Ҳабибуллоҳ махдум Ленин райони (ҳозирги Рўдакий ноҳияси), «Москва» жамоа хўжалиги ҳудудида жойлашган «Кўктош» масжидида дастлаб хатиб, кейинчалик ноиби хатиб вазифаларида узоқ йиллар фаолият юритган. Қўрғонтепадан келиб кетиш қийин бўлди чоғи, Кўктош – Ленин районига кўчиш тараддудига тушдик. 1981 йили «Москва» жамоа хўжалигига қарашли Аннақулобод (ҳозирги Орзу) қишлоғига кўчиб келдик.
Еттинчи-саккизинчи синфлардаги ўсмирман, ўшанда. Биз кўчиб келган қишлоқ эндигина қайта обод бўлаётганди, ҳали бу ерда электр энергияси, мактаб муассасаси мавжуд эмас экан. Йўллар ҳам ёзда тиззагача чанг-тупроқ, қишда лойга қорилиб ётарди. Қишлоқ болалари Душанбе-Қўрғонтепа трассаси бўйида жойлашган Янги ҳаёт қишлоғидаги мактабга қатнашаркан…
Камина ҳам кўп қатори ўша пайтдаги Ҳамза Ҳакимзода номли 70-мактабда ўқий бошладим. Ойлар, йиллар ўтди. Район раҳбарларига қишлоғимиз ўгаймиди, билмадим, бундай эътибор ҳам беришмасди. Шундай кунларнинг бирида, мактаб ўқувчилари номидан севимли газетамиз «Совет Тожикистони»га арзи ҳолимиз ифода этилган мактуб ёздик. Мактуб тагига аннақулободлик ўқувчи болалар имзо чекишди. Мактубни олиб, район марказидаги марказий почта қутисига ташлаб қўйдим. Буни қарангки, орадан кўп ўтмай, мактубимизга газета муҳарририяти эътибор қаратиб, Ленин райони партия комитетига хатда келтирилган қишлоқ муаммоларини ҳал этишга даъват руҳидаги махсус мактуб жўнатилади…
Ҳа, газета эътиборига тушган Аннақулобод қишлоғига тез орада электр линияси тортилиб, хонадонлар чароғон бўлди. Йўллар асфалтланиб, дастлаб бошланғич синфлар, кейинчалик асосий мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилди!
Ўшанда севимли газетамизга бўлган ишончимиз янада ортди. Унинг чиндан ҳам халқ газетаси эканлигига амин бўлдик. Қишлоғимиз муаммоси қадрдон газетамиз кунда-кунора ҳал этиб бераётган муаммолар қошида денгиздан бир томчидек эди, назаримда. Муҳими, газетанинг меҳнаткашлар ҳаётига бефарқ эмаслигида эди!
Бу орада илк устозларимиз Абдуллажон Бозоров (Аллоҳ раҳмат қилсин), Саиджон Холматовлар таъсириданми, ёки отамнинг Шоҳ Машрабу Ҳувайдо, Яссавий боболардан ўқиган қиссаларими, ёки онажонимнинг айтган достону эртаклари таъсириданми, ишқилиб дафтарларга нималарнидир ёзиб, қоралаб юрардим. Кунлардан бир куни ушбу дафтарларимни «Совет Тожикистони» идорасига олиб бордим. У ердагилар мени илиқ кутиб олишди, яхши сўзлар билан кўнглимни кўтаришди. Ва тинимсиз машқ қилишимни қайта ва қайта уқтиришди. Газетадаги устозларнинг ушбу муносабати кейинчалик мени «Совет Тожикистони» билан қаттиқ боғлади. Устозларимиз – Ўлмас Жамол ва Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимларга ҳам шу ерда шогирд тушганман…
Газетага хабарлар, кичикроқ мақолалар жўнатиб турардим. Юборганларим бироз кечикиб бўлса-да, чоп этиларди. Кунлардан бир куни ҳамқишлоғимиз Раҳматулло полвон Эшмонов (Худо раҳмат қилсин) ҳақида мақола ёздим. Мақолани ёзишдан олдин полвон бобо билан анча суҳбатлашдик. У киши ҳаётидаги қизиқ воқеаларни сўзлаб берди. Шулардан бири Рангондан қуйироқда жойлашган Бедек қишлоғидаги курашда рақиби Ўмирзоқ полвонни қандай йиқитганини айтди, у киши. Мақоланинг авж нуқтасида ана шу лавҳани қаламга олганман: «…Одам бўйи ёнаётган гулхан атрофида йиғилган оломоннинг бутун диққати ярим соатдан бери қурда курашаётган ёш полвонлар – Ўмирзоқ ва Раҳматуллоларда бўлиб, баъзилари Ўмирзоқ полвонга мухлислик қилишса, баъзилари эса, Раҳматулло полвоннинг қўли устун келишини исташарди. Ногаҳон Раҳматулло Ўмирзоқни даст кўтариб ерга урди. Оломоннинг «Ҳалол!»- деган ҳайқириғи атрофни тутиб кетди. Бу садо Хўжазаррин остона томондан ҳам қайта ва қайта аксланарди... »
Орадан бир мунча вақт ўтгач, ҳамқишлоқлардан бири гап топиб келди. Унинг айтишича, Ўмирзоқ полвоннинг аёли Ойхол момо: «Бу мухбир бола менинг чолимни Раҳматулло полвонга йиқиттирибди. Чолим - елкаси ер кўрмаган полвонни қандай қилиб, Раҳматулло полвон йиқитади. Мухбир бола шу ерда хато қилган, уни бу хатоси учун қўлга тушса, жазолайман», - дея пўписа қилганмиш. Ўша пайтда Қирма томонлардаги бир қишлоқда бригадирлик қилаётган Ойхол момо ҳам ғайратда полвонлардан қолишмайдиган бир сўзли аёллардан бўлганлиги учун ҳам, бир муддат қўрқиб юрдим…
Ўрта мактабни битириш арафасида боболари Бухоройи шариф мадрасаларида таълим олиб келган отам мени ҳузурига чорлаб:
- Ўғлим, мана ҳадемай, етуклик аттестатини ҳам оласан, боболаринг таълим олган Бухоро мадрасасига бориб таҳсил ол. Қози домло (Худо раҳматли Абдулложон Калонов назарда тутилаяпти) билан гаплашсам, 2 нафарга квота келганмиш, шунинг бирини сенга бермоқчи,-деди, - агар Бухорони узоқ десанг, Душанбеда Шарқшунослик куллиётига кириб таҳсил ол.
- Йўқ, отажон, мен олийгоҳ масаласида ўз танловимни қилиб бўлганман. Мен келажакда журналист бўлмоқчиман, шоир бўлмоқчиман. Шунинг учун ҳам, устозларим Абдуллажон ака Бозоров, Саиджон Холматов, Неъмат Иброҳимовлар таҳсил олган Ленинобод Давлат педагогика институтига бориб ўқимоқчиман, - дедим.
Отам оғир тин олди, бошқа сўз айтмади. Ўта маърифатли ва бағрикенг инсон бўлганлиги учун ҳам раъйимга қарши бормади. Ленинободда таҳсил олишга жўнаганимда, оқ фотиҳа учун очилган қўллари ҳамон ёдимда…
Нима бўлганда ҳам, қадрдон газетам – «Халқ овози» мен учун қисмат бўлиб қолди. Ҳатто, мустақилликнинг дастлабки йиллари – оғир дамларида, киоскалар ишламай қолган даврларда Кўктош бозорида газета-журналлар савдоси билан ҳам шуғулланганман, қора қозонимиз шундан тушган маблағ эвазига қайнаган чоғлар ҳам бўлган. Ўшанда ҳам «Халқ овози» жонимга оро кирган!
Орадан йиллар ўтиб, ўзим ҳам шу газета даргоҳида хизмат қила бошладим. Ишга келганимда, олийгоҳдаги таҳсилдош дўстларимиз Эркин Шукур, Ёқубжон Абдуманнон, Абдулла Насриддинлар, аллақачон, бу газетада ўз мавқеларига эга эканлар. Ўша пайтдаги Бош муҳарриримиз Ҳайдар Жўраев мени Искандар Маҳмадалиев бошчилигидаги котиботга бириктириб қўйди. Яъни газета масъул котибига ўринбосарликдан иш бошладим. Эҳ-ҳе, шундан бу ёғига ҳам қанча сувлар оқиб кетибди…
Босиб ўтган ҳаёт йўлимга қарасам, «Халқ овози» («Совет Тожикистони») менинг қисматимга айланган экан. Худога беадад шукроналар бўлсинким, бу қисматдан мингдан-минг розиман.
Бугунги кунда Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари дастуру ҳидоятлари асосида, Ёқубжон Абдуманонзода раҳбарлигида фаолият юритаётган Эркин Шукур, Искандар Маҳмадалиев, Абдуҳафиз Мирзааҳмад, Гулфинур Аюпова, Гулчеҳра Сотиболдиева, Зуҳриддин Умаров, Садоқат Абдуразоқова, Нарзулло Нурбобоев, Камол Абдуллаев каби газета жонкуярлари софдилона меҳнатлари туфайли қилаётган газетамиз бурунгидай ўз мавқе-ю обрўсини тиклаган, халқнинг севимли газетасига айланган, десам, ҳеч бир муболаға бўлмас. Зеро, у халқники, Сизники ва меникидир!
Абдулло Саидов,
«Халқ овози».
Қурбонлик қилмоқ бу Ислом шиорларидан биридир ва муҳим ибодатдир. У Одам алайҳиссалом замонларидан бошланиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) даврларигача давом этиб келган. Қуръони Карим Одам фарзандлари Ҳобил ва Қобил қурбонликлари ҳақида баён қилади: «Улар қурбонлик қилдилар. Бириники қабул, бошқасиники қабул бўлмади». Яъни Ҳобилнинг қурбонлиги қабул, Қобилники қабул бўлмади». У замонларда қурбонлик қабул бўлиши аломати осмондан бир олов пайдо бўлиб, қурбонликни куйдиришида эди.
Муфассал...
Қонун устуворлиги ва фармонлар ижросининг сўзсиз таъминланиши, жамиятнинг бир маромдаги тараққиёти, жамоатчилик тартиб-интизоми мустаҳкамлигининг бош кафолатидир.
Устувор тартиб-интизомга асосланган жамият ҳар жиҳатдан: ҳам иқтисодий-ижтимоий, ҳам маданий-сиёсий равнақ топишнинг тўғри йўлидан боради.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015