Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 06 Июл 2017 Кӯришлар: 2470
Печат

 

ulmas jamol 2017 06 07Ўтар умрим, ҳаётимни ўзича пурсамар англаб

Ва нозимлик азобини қиёси йўқ ҳунар англаб.

 

Жавоҳир сўз топиб айтиш мудом олий мурод эрди,

Сочиб қўйганларим билмай қолибман тош гуҳар англаб.

 

Кўнгиллар оламин обод

                               Этиб иқбол топай, дердим,

Адашдим зулмати ичра

                               Уни мулки қамар англаб.

 

Ширин турмушга оғулар

                               Қўшиб турди муҳит гоҳи,

Ютишдан ўзга ҳеч чорам

                               Йўқ эрди чун шакар англаб.

 

Умр сўнгида мағлубсан,

                               Дея ўртайди танҳолик,

Юрибман дўстларим  сонсизлигин

                               Тенгсиз зафар англаб.

 

Эй Ўлмас, нолима, элга

                               Қолур сендан ғазал мерос,

Қувон, боқий ҳаёт сори

                               Уни қайтмас сафар англаб.

10-11 январ, 2012 йил.

 

**

ЭНГ ФАҚИР ВА ЭНГ ГЎЗАЛ ШОИР

Устозим, Ўлмас ака, менинг назаримда

дунёдаги энг фақир ва энг гўзал шоирсиз…

 

Ғам-ғуссага ғам-ғусса қорилган

Бир бўсага минг бўса қорилган.

 

Кўнглимни дедим қонини сўрдик

Ич-ичма анга бўза қорилган.

 

Тиллони хасис қизига бердик

Тупроққа фақат кўза қорилган.

 

Ер остида - уй остида уйдир

Мўъжизага мўъжиза қорилган.

 

"Бизлар Ў. Жамол пойида хокмиз"

Фирузага фируза қорилган.

Асқар Маҳкам, шоир.

 

**

 ҲАВАСИМ КЕЛАДИ

Устознинг ҳеч қачон мақтанганлигини ёки кибр ҳавога берилганликларини кўрмаганман.

Суҳбатдоши ким бўлишидан қатъий назар, ҳамиша бир хил: ўта самимий, хушмуомала.

Кузатиб ҳайратланаман, устозга нисбатан ҳавасим ортиб келган.

Эшмуҳаммад ДОНОХОНОВ, ёзувчи.

 

**

"ЎЗБЕККА ТОЖИГУ ТОЖИККА ЎЗБЕК" ЭДИ

Тожикистонлик зуллисонайн шоир, устоз Ўлмас Жамол вафоти ҳақидаги хабарни эшитиб, қайғуга ботдим ва ҳақли равишда Навоийнинг издоши тўғрисида ўйлай бошладим…

Биринчидан, Ўлмас Жамол, шубҳасиз, асрлар давомида дўст бўлиб келган тожигу ўзбек халқлари ўртасидаги маънавий элчи эди…

Иккинчидан, у - Тожикистон ҳудудидаги ўзбек халқининг маданияти, тили ва адабиёти абадийлиги учун улкан хизматларни амалга оширган етакчилардан бири …

Учинчидан, у асл патриот, ҳақиқий ватанпарвар эди. Тожикистонни қаттиқ севарди ва бу диёрнинг ободлиги-ю осойишталиги учун қайғурарди. Фикримни исботлаш учун бир мисол келтираман. У ҳам бўлса, дўстим Зуҳриддин Умаров ҳамроҳлигида таниқли шоир билан унинг 80 йиллик юбилейи арафасида биринчи учрашувимиздан олган таассуротлардан. Ўлмас Жамол шундай деган эди:

- Тожикистон халқи бошига кўплаб кулфатлар ёғдирган фуқаролик урушининг шиддатли йилларида ўзбекистонлик дўстларим мени бир умрга у ерга кўчиб боришга таклиф қилишди. Менга:

- Эй, сен девона бўлибсан, ўз жонингни хатарга қўйяпсан, Ўлмас, кел, бу ерда сени ёрқин келажак кутмоқда...  ва шунга ўхшаш гапларни айтишди. Лекин мен рад қилдим. Бир неча дўстларим ва яқинларим машина билан келиб, мени олиб кетишмоқчи ҳам бўлишди, лекин мен уларга қарата шундай дедим:

- Ҳаётимнинг ширин даврларини Тожикистонда ўтказдим ва тожик халқи билан бирга бўлдим. Мен шу ерда шоир бўлдим, танилдим, китобларим нашр этилди… Обрў-эътибор топдим. Энди бу халқ бошига оғир кунлар тушганда, уларни ташлаб кетишим керакми? Бу инсофданми? Бундай қилсам, нонкўрлик бўлмайдими?

-Эҳтимол, кетганингизда сиз учун яхши бўлармиди, унвонлар олардингиз, Халқ шоири бўлардингиз… - дея синчковлик билан сўрадим.

- Йўқ, кетмаганимдан ҳеч қачон пушаймон бўлмаганман, балки Тожикистонда қолганимдан ҳозиргача шодман. Халқ шоири?! Мен ҳар доим халқ шоири бўлиб келдим…

Ўлмас Жамолнинг бу сўзлари ҳозиргача қулоқларим остида жаранглаб туради ва у кишининг гапларини бир зиёлининг асл ватанпарварлиги сифатида кўп жойларда мисол тариқасида келтирганман. Чунки ўша ҳассос даврларда қанча "қаҳрамон"лар Ватанни ташлаб кетишди, бунга барчамиз гувоҳмиз…

Устоз Ўлмас Жамолнинг мана шундай холис садоқатли хизматлари ўлароқ уни тожик халқи ўзининг миллий шоири сифатида яхши кўрарди ва ҳатто, мамлакат Президенти ҳам унинг шахсиятига эҳтиром кўрсатди. "Дўстлик" ордени билан тақдирланди. Ўлмас Жамол ўзи айтганидек: - "Ўзбекка тожигу тожикка ўзбек" эди.

Унинг вафоти, шубҳасиз, ўзбек адабиёти ҳамда Тожикистон маданий ва адабий доиралари учун катта йўқотиш бўлди…

 

Одили НОЗИР,

"Тожикистон" газетаси маданият бўлими мудири.

 

**

 САМИМИЙ  ШЕЪРИЯТ

Тожикистондаги ўзбек адабиётини Ўлмас Жамол ижодисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Зеро, у - жумҳуриятимизда ўлмас Шарқ классик шеъриятининг шоҳ жанри бўлган ғазалнавислик анъаналарини тўлақонли давом эттирган шоир;

Зеро, у - ХХ аср Тожикистондаги ўзбек шоирларининг кекса ва ўрта авлоди ўртасидаги кўприк, нисбатан ёшларига эса, устозлик вазифасини бажарган шоир;

Зеро, унинг ижоди - шеърий жанрлар қамрови жиҳатидан ҳам ранг-баранг, ғановатли шеърият;

Зеро, у - сермаҳсул ижодкор, эл-юрт ҳаётида зуҳур топадиган барча залворли, тарихий аҳамиятга молик воқеа-ҳодисаларга ўз вақтида муносабат билдирган шоир;

Зеро, у - софдил элнинг соддагина тилида самимий ашъор битган халқчил шоир.

Бу фикрларга Душанбе, Тошкент ва Москва нашриётларида босилган устознинг "Меҳр булоғи", "Қалбимга қулоқ солсам", "Уфқ чорлайди", "Қуёш васфи", "Яхшилик замони", "Қуёш фарзанди" (рус тилида), "Орзу юлдузи" ва "Ораста гул" шеърий тўпламлари, "Сурур", "Мансур", "Манзур", "Маъмур" девонлари далил бўлади.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида бошқа қардош жумҳуриятлар қатори Тожикистонда ҳам мустақилликка эришиш учун кураш авж олди. Жумҳуриятимиз ўз мустақиллигини қўлга киритди, аммо бемаъни митингбозлигу кераксиз оҳу воҳлар туғёни тинмади. Натижада йиллар давоми тинч-тотув яшаб келган ягона халқ гуруҳларга бўлинди. Фуқаролар уруши бошланиб кетди. Эл дастурхонидан барака, турмушидан сурур, ҳаётидан завқ-шавқ кўтарилди. Эртанги кунига ишонч қолмагач, одамлар бола-чақасини пинжига олиб, ўзга юртлар сари ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар.

Лекин эл дардини ўз дарди, Ватан мусибатини ўз мусибати, деб билган шоир энг оғир лаҳзаларда ҳам Ватан билан, халқ билан бирга қолди.

Дарвоқе, унинг кетадиган жойи ҳам, кутадиган дўстлари ҳам бор эди, бошқа юртларда. Аммо бу ишни қилмади, қилолмади. Фарзандлик масъулияти бунга йўл қўймасди.

Фуқаролик урушининг ўт-олови ичида қолган шоир ўз шеърлари билан кишиларни одамийликка, ақлу инсофга, ақл-идрокка чорлайверди:

Одамийлик дарсин олмай, бўлмагайсиз одамий,

Бошқа йўл тутганни кўп кўрдик, бари овворалар.

Ёки:

Қадру қиммат, қадриятни қайта тиклаш пайтидир,

Бас, етар энди яшашлик бедиёнат, маст-аласт.

"Сарҳисоб" тўплами жумҳуриятимиз учун энг оғир, энг машаққатли кечган кейинги ўн йилликнинг назмий солномасига менгзайди. Зеро, унда жамланган шеърларда "қайта қуриш"дан бошлаб фуқаролар уруши-ю, мажбурий қочоқларнинг оввора кезишлари, халқимиз тақдирига қайтадан нуру зиё олиб келган Тинчлик битими-ю ундан кейинги ватанни тиклаш ташаббуслари, героин балосига қарши кураш, бозорлардаги тийиқсиз нарх-наво каби барча мавзулар қамраб олинган.

Ўлмас Жамол шеърларини синчиклаб ўқиб чиққан киши бир нарсага амин бўлади: шеърларда нафратдан кўра, меҳр-муҳаббат, исёну талабдан кўра, шукрона ҳисси ғолиб. Бу муборак ва ҳамида ҳисларнинг сарчашмаси эса, шоирнинг мусаффо қалбидир.

Зотан, яхши адиб ва яхши инсон бўлиш бахти ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Адиблар бор, ижод намуналарини ўқиб, баҳри дилингиз очилади, аммо шахсиятига разм солсангиз, кўнглингиз тўлмайди.

Устоз Ўлмас Жамол шахсида тақдир мана шу икки нажиб фазилатни уйғунлаштирган эди. Шеърларидаги самимият - руҳиятидаги ҳалимлик, камсуқумлик, дилкашлик, хушчақчақлик, фидойилик, ҳалоллик, бир сўз билан айтганда, юксак одамийликнинг ҳосиласи бўлган.

Абдулло Зуҳур, шоир.

 

**

ТЎРТ ДЕВОН СОҲИБИ

Оқсоқол шоиримиз Ўлмас Жамолнинг Тожикистон ўзбек адабий муҳитидаги катта-кичик барча ижодкорлар учун устозлик ҳукми бор.

Мен Ўлмас аканинг шеърлари билан илк бор мактабда ўқиб юрган пайтларимда танишганман.

Кейинчалик бундан чорак аср муқаддам бир таҳририятда ва бир бўлимда "Совет Тожикистони" (ҳозирги "Халқ овози")да ишлаган пайтларимизда Ўлмас аканинг ижодиёти ва шахсияти билан янада яқиндан танишдим ва шубҳасиз, қадрдон ака-ука бўлиб кетдик.

Ўлмас ака адабий муҳитимизда ҳеч ким эришолмаган бир ютуққа эриша олган ижодкордир.

Яъни Ўлмас Жамол тўрт девон соҳиби бўлган шоирдир. "Сурур" девони шоирнинг 70-йиллиги арафасида Тошкентда нашр этилди.

Кейинчалик эса, "Масрур", "Манзур" девонлари чоп этилди. Ва ниҳоят, тўртинчи - "Маъмур" девони чоп юзини кўрди. Девон тузиш ҳазилакам гап эмас.

Унинг махсус талаблари бор. Мен Ўлмас аканинг барча девонлари билан танишиб чиқдим.

Ҳар тўрт девон ҳам вазн (аруз) ва жанрлар (ғазал, мухаммас, мусаддас, мустаҳзод, қитъа, рубоий, фард ва ҳ.) эътибори билан девон талабига тўлиқ жавоб беради.

Бу - жуда катта ютуқ.

Саййид Неъматуллоҳ ИБРОҲИМ, шоир.

 

 **

 ЎЛМАС ЖАМОЛНИ ТАНИШ

Fазалнавис шоир Ўлмас Жамолни, нафақат, Тожикистон ҳудудида, балки Ўзбекистонда ҳам шеърни суювчи барча танийди. Аммо мен  уни ҳофиз Жўрабек Муродовнинг "Ўзбекистон ўғлидурман…" деб бошланувчи қўшиғи билан таниганман. Болалигимда шу қўшиқ хиргойиси менга  ўзгача завқ бағишларди. Жумҳуриятда чиқадиган марказий нашрларда ҳамиша Ўлмас Жамол шеърлари чиқса, қувонч билан ўқиганман. Ўзи билан танишиш менга 2001 йили насиб қилган.

   Кузак бошланиши эди. Мен "Халқ овози" таҳрирриятига Гулнора Муродалиевани қора тортиб бордим. Мақсад шеър чиқариш ёки мақола бериш эмас, шунчаки Душанбедаги ижодкорлар билан дийдорлашиш эди. Мени Гулнора опа минг йиллик қадрдондай кутиб олди. Умумий танишлар Хўжанд ҳақида суҳбатлашиб турсак, кабинетга икки киши кириб келди. Бири Ўлмас Жамол эди. Аввалига танимасни сийламас мақомида турган шоир исмимни эшитгач, юзлари ёришиб кетди:

 - Э, э, Мунаввара сизми? Шеърларингизни ўқиганман. Молодец! Нега шу вақтгача китоб қилмадингиз? Бизга ишга келинг. Муҳарриримиз Ҳайдаржон - яхши сўзни қадрлайдиган инсон. Бизнинг олдимизда бўлинг. Шеърларингизни олиб келганмисиз?

Назаримда, унинг саволларидан мен кичрайиб кетдим. Чунки болалигимдан катта шаҳарлардаги катта шоирлар димоғдор, нописанд, каттазанг бўлишади, деган ўй бор эди менда. Аммо қаршимдаги катта шоирнинг бундай самимий, меҳр билан саволлар қалаштириб менинг ёзганларимга эътибор берганлигидан уялиб кетдим.  Хижолатимни англади, шекилли, холисона таклиф ҳам қилиб қолди:

 - Бугун бизникига борасиз. Суҳбатлашамиз. Қизларим билан танишасиз.

Рўпарамда оддий шарқона одоб билан меҳмоннавозлик таклиф этаётган шоирнинг бундай самимияти қошида лол эдим. Аммо меҳмонга боришни унчалар хуш кўрмаганим ва Ўлмас Жамолдек шоир ҳузурига бир танишгандаёқ меҳмонга жўнаб қолиш эриш туюлди. Важ кўрсатиб, боришни ортга сурдим. Шоир хафа бўлмай, мени Душанбега қачон келсам, албатта, унинг меҳмон бўлишимни шарт қўйиб хайрлашди.

Шундан кейин мен Ўлмас Жамолни Хўжандда бир неча бор кўрдим. Ҳар доим ўз қизини соғинган ота каби сўрашганида, мен у ҳақда бекорчи оғизлар айтган гапларни эслайман. "Ўлмас Жамол унақа, бунақа". Ана шулар Ўлмас Жамолнинг беминнат устозлик меҳри булоғидан қониб-қониб сув ичиб, бу булоққа яна тупуришдан ҳам қайтмасликларидан озурда бўламан. Улар ўзларини шеърнинг жонфидоси, сўзнинг садоқатли маҳрами қилиб кўрсатишади. Аммо билишмайдики, ҳамма ҳам Ўлмас Жамол бўла олмайди. Гарчанд мен Ўлмас Жамол билан бир неча марта суҳбатлашган бўлсам ҳам унинг оғзидан бирор марта "Фалончи менинг шогирдим, фалон шогирдим оёғимдан олди,  фалони фалон" деган сўзни эшитмаганман. Аксинча, ҳамиша биров шаънига, ҳатто, у ўта саёз машқлар битган бўлсаям бир яхши сифат топиб айтганини эшитдим.  Менинг холис гувоҳим - шоир Алижон Йўлдош. Ўзига хос мулойимлик билан Суғдда яшаётганлар ижодига қизиқиб, шеърларингизни Душанбегаям жўнатинг, деб сўрайди ҳар гал келганида. "Бу бизни ўсгани қўймайди" деганлар "ўсди". Аммо Ўлмас Жамол ўша-ўша самимий кулиб турувчи, нигоҳларида меҳр балқиган "Ўзбекистон ўғлидурман, тожикам гуфто писар", деб Тожикистонга, Тожикистон ўзбек адабиётига дилини боғлаган, Тожикистонда ўзбек бўлиб ижод этган мард шоирлигича қолди. Бировга ёмонлик соғинмади, ёмонлик қилмади. Унинг таҳриридан минглаб ёмон шеърлар сайқал топиб газета юзини кўрди. Буларнинг биронтасини на миннат қилди, на минбарларга чиқиб йиғлоқи овозда аюҳаннос солиб додлади. Кулибгина қўя қолди, анчайин ғингшишларга. Балки унинг бу жавоби энг гўзал жавобдир. Билмадим. У ҳам маза-бемаза китобларини кўтариб жумҳуриятнинг у бошидан бу бошига ўзини тарғиб қилиб югуриши мумкин эди. Алоҳида бир нашр очиб, бу нашрни аэропландан қоғоз сочган каби вилоятларга олиб чопиши мумкин эди. У қатор китоблар чиқаришнинг ҳам ҳадисини олмаган. Чунки у ЎЛМАС ЖАМОЛ!

 У тоза ижод билан яшашни барча нарсадан аъло кўради. Юракдан  ҳурмат қилувчи ёру биродарлар  меҳри унинг учун энг улкан мукофот. Тоза қалб, камтарлик билан, ўз эҳтиромини сақлаб умргузаронлик қилиш ҳаммага насиб этавермайди.

Мунаввара Ойматова, шоира.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Сув достони

 

Мустақиллик йилларида Тожикистон Республикасининг дунё давлатлари ўртасида тутган ўрни бир неча баравар юқорилаб, иқтисодиёти тараққиёт сари юз бурди. Тожикистоннинг халқаро ташкилотларда ўзига хос ўрни бор. Ушбу ютуқларнинг барчасини озодлик ва ободлик самараси сифатида муҳрлаш мумкин.

Дарёнинг қуйи қисмидаги мамлакатлар Тожикистондаги «Роғун» ГЭСи қурилса, сувдан танқислик сезишларини асоссиз даъво қилиб келади.

Муфассал...

Тонгга ишониб яшамоқ бахти

 

Ҳаловатсиз тунлар

Тун яримдан оғганда ҳам кўзига уйқу келмади. У ёнига ағдарилди, бу ёнига ағдарилди, ёстиқни пастлатди, баландлатди. Қани энди, кўзлари юмилса-ю ухлаб қолса! Йўқ, кўзини юмди дегунча, бошига  устма-уст томчилар келиб урилар, лўқиллаётган боши ёрилгудай эди. Нима қилсин?! Бошини кўрпага ўраса ҳам, совуқ томчилар миясини тешгудай муттасил келиб уриларди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990769

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478040
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3968
4027
21653
7426653
99684
114875
7478040

Сизнинг IPнгиз: 3.144.101.75
Бугун: 23-11-2024 17:15:50

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015