«Ўзингизни ўз қўлларингиз ила ҳалокат жарига улоқтирманг!»
Қуръони Каримдан.
Курсдошлар билан учрашувимиз куни белгилангач, Бош муҳарриримиз Ёқубжон Абдуманонзода билан сафарга отландик. Олдиндан келишилган кун – 2013 йилнинг 30 июнида факултет ҳовлисида йиғила бошладик. Учрашувга Суғд вилоятининг турли ноҳиялари ва биз жанубликлар – бир-бирларини қарийб 20 йил
кўрмаган курсдош дўстлар бутун вужудларимиз соғинчга айланиб, ошиқардик. Етмиш беш нафарлик курсимиздан 25га яқини йиғила олдик, холос. Қолганлар у ё бу сабаб билан келиша олмади. Бироқ олийгоҳдаги таҳсил пайтимизда ўзларида етакчилик ёки шунга ўхшаш қобилиятларини намоён қилган курсдошларимиздан баъзи бирларининг нега учрашувга келмаганлиги боисини сўрашимиз табиий. Шунда курсдошлар ҳаётидан анчагина воқиф дўстларимиздан бири: «Фалоний Россияда, фалоний бехабар шекилли, писмадончи эса, касалхонада…» - дея улар ҳақида муфассал маълумот берди.
Факултетдаги йиғилиш, аудиторияга кириб устозлар иштирокида рамзий дарс ўтиш ва ҳоказоларга бор-йўғи бир соатча вақт кетди. Сўнгра тушдан кейинги соат уч-тўртларда Сирдарё бўйидаги чойхоналардан бирида йиғилишга келишиб, тарқалишдик. Мен эса, соат уч-тўртгача анча вақт борлигидан фойдаланиб, касалхонада ётган ўртоғимизни кўргани боришни кўнгилга тугиб, қадрдонларимдан бири - Иброҳимжон акага телефон қилдим.
- Чамбаракни ушламаганимга ҳам 15-20 йилча бўлиб қолди, Абдулложон, -деди у киши илтимосимга жавобан, - аммо неварам Илҳомжон олиб-бориб келади сизни, - деди Иброҳимжон ака. – Аммо қайтишда уйга бирровга бўлса-да, келиб кетасиз, келмасангиз хафа бўламиз,- деди 30 йиллик қадрдоним.
- Бўпти Иброҳимжон ака, албатта, қайтишда уйингизга бораман.
Икромжон билан «Пайшанбе» бозорда учрашдик. Сўнг биргаликда беморхона сари йўл олдик. Беморхонани қийналмай топиб бордик. Беморнинг курсдош ўртоғи ҳамда республика нуфузли газетасидан эканлигимизни билгач, навбатчи врач сўзимизни ерда қолдирмади. Курсдошимиз билан учрашувга рухсат берди. Тиб санитари ҳамроҳлигида ҳузуримизга чиққан курсдошимиз таниб бўлмас аҳволда эди. У мени таниди. Анча пайтгача бир-биримизга гапиргани мажол топмадик чоғи, жим ўтирдик. Менинг хаёлимдан унинг ўт-олов даври, гуруҳларимиздан бирига сардорлиги, факултет ишларида анчайин фаоллиги ўта бошлади. Чинданам, Суғд вилоятининг Самарқандга чегарадош ноҳиясидан таҳсилга келган икки жўра гуруҳларимизнинг иккаласига сардор эдилар. Айниқса, 90-йиллардаги етишмовчиликлар даврида студентларга талонга бўлса-да, «есть» қилиб ташлайдиган у йигитдан асар ҳам йўқ эди, шу тобда. Қаршимда суякларигина қолган чол ўтирарди, гўё. Буни бугун ҳам эсласам, этим жунжикиб кетади.
Бемор дўстимиз курсдошлар йиғинидан хабардор экан.
- Фалончига менинг бу ерда эканлигимни курсдошларга айтма, дегандим, айтибди-да. Ахир, дўстларимнинг мени бу аҳволда кўришини истамайман... Фалончилар келишдими, писмадончилар-чи?- сўради ўсмоқчилаб. Кимлар келганини номма-ном айтарканман, унинг заҳил юзларида нур пайдо бўлгандек, кўзлари порлагандек туюлди менга.
- Ўзимга-ўзим қилдим, бари тўқликка шўхлик ортидан бошланган, - дея гап бошлади у. Назаримда, у ичидаги бор аламини тўкиб солмоқчи эди. – Гиёҳвандлик иллати биз томонларда тамаки экиш урфга киргандан буён мавжуд, - сўзини давом эттирди у, - тамаки баҳонасида кишилар томорқасининг чекка қисмларига оз-моз кўкнор ҳам эка бошлашди. Адирликка яқин, органлар назоратидан йироқроқ қишлоқларда эса, бу заҳри қотилга ружу қўйиш бошланди. Бирор тўй унингсиз ўтмайдиган бўлиб қолди. Ҳатто, чолларимиз тарёкдан чой қилиб, новвот билан қўшиб ичардилар. Катта ва ўрта ёшдагилар эса, чакидани гоҳо эзиб чой билан, гоҳо тутун шаклида бемалол буруқситишарди. Шу муҳитда ўсган биз ёшлар ҳам аста-секин бу ҳолни табиий, дея қабул қила бошладик.
Бемор дўстимиз азбаройи мажолсизлигидан секин гапирар, аҳён-аҳён бир нуқтага тикилиб қоларди. У шу пайтда нималарни ўйлар экан, билмадим. Бир пас жим тургач, яна сўзини давом эттирди:
- Студентлик давримизда бу балодан қутулгандай бўлдик. Аммо СССР тарқаб кетгач, назорат органлари ҳам сусайиб кетди, шекилли, ёшлар орасида наша чекиш таомилга кирди. Мен ҳам «тортиб» турардим. Аста-секин нашадан чакидага ўтганимни сезмай ҳам қолдим. Шундан сўнг, кўнглим ўткирроғини истаб қолди зорманда. Гапнинг рости, ўзимни идора қилолмай қолдим ва ўткирроғи мени адойи тамом қилди… Худога шукрким, бугунги кунда назорат органлари кучайган. Биз томонларда ҳам ўзлари, ҳам ўзгаларни гумроҳлик чоҳига улоқтирган кимсаларнинг таноблари органлар томонидан тортилмоқда. Гиёҳвандлик каби иллатларнинг олди ўз вақтида олинмоқда. Шундай бўлишига қарамасдан, ҳозир ҳам ёшлар орасида тўқликка шўхлик қилиб, йўлдан адашганлар бор. Уларга гапим шуки, бугун ҳам вақту имконлари бор пайтда ортларига қайтсинлар, эртага кеч бўлади, бу йўлнинг охири – тубсиз жарлик!
Анча бўлди шу ердаман. Дўхтирлар даволашаяпти. Худо хоҳласа, яхши бўлиб кетсам, Сизларни кўргани ўзим излаб бораман Душанбега.
- Албатта, яхши бўп кетасиз,- далда бердим мен.
Хайрлашарканмиз, уни кўрганимни, унинг бугунги ҳолини курсдошларга айтмаслигимни бот-бот илтимос қилди.
- Яхши бўп кетсам, кейинги учрашувни ўзим ташкил қиламан, Худо хоҳласа, ҳаммаларингиз келасизлар, - деди у қатъий ишонч билан.
- Ҳа, албатта, келамиз, Сиз туғма ташкилотчисиз. Биз бунга ишонамиз, -дедим мен. Негадир, бундан 23 йил илгари, аниқроғи, 1990 йилнинг сентябрида бутун курсимизни Самарқанд сайрига олиб борган бу дўстимиз бутун бошли курсимизни уйларида ҳам жонлиқ сўйиб, икки кун меҳмон қилгани эсимга тушиб кетди…
Ҳа, чинданам бир пайтлар ўт-олов бўлган курсимиз фаолларидан бири бугун ўта аянчли аҳволда эди. Бунинг сабаби гиёҳвандлик эканини унинг ўзи яхши билади, аммо жуда кеч!
… Сирдарё бўйидаги чойхоналардан бирига етиб борганимда устозлару курсдош дўстлар жамулжам эканлар. Соғинч ва дийдор онлари қоришиб кетган ушбу учрашув жуда мароқли ўтарди. Аммо менинг хаёлимдан касалхонада қолган курсдош дўстимизнинг аянчли ҳоли кетмасди, негадир.
Унинг ноҳиясидан Душанбега келганлардан у ҳақда сўраб турардим. Бундан уч йилча илгари унинг бир ҳамқишлоғи совуқ хабар келтирди: «Курсдошингиз оламдан ўтди!»
Бу хабардан анчайин ғамга чўкдик. Тўқсондан ошган отаси олдида эндигина қирқ ёшга етар-етмас дунёни тарк этса-я!?. Аммо наилож, бу йўлни бир пайтлар ёшлик қилиб, билиб-билмай ўзи танлаган. Ўзи танлаган йўлнинг ўта хатарли-ю хавфли эканини яхшигина билиб туриб, шу йўлга кирган дўстимиз гиёҳвандлик туфайли қурбон бўлганларнинг эҳтимол, нечанчисидир? Энди ўйлаб қарасам, касалхонадаги ўша суҳбатимиз аслида унинг ўз қилмишидан, содир этган хатосидан ўкиниб, айтган дил сўзлари, самимий иқрори экан…
Абдулло Саидов,
«Халқ овози».
Тожикистон Республикаси Олий судининг жорий йил биринчи ярим йиллик фаолиятига якун ясалган матбуот конференциясида Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Шермуҳаммад Шоҳиён, Олий суд коллегиялари раислари ва судялар журналистлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар беришди.
- Умуман, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат судларига 84 минг 71та иш, илтимос ва таклифлар тушган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан
Муфассал...
Шу кунларда пахтакор хўжаликларда мамлакатнинг стратегик хом ашёси – «оқ олтин»ни териб олиш якунига етмоқда. Хўжалик эгалари ва заҳматкаш деҳқонлар қуёшли ҳар бир кунни ғанимат билиб, оғир меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни ўз вақтида териб олиш учун астойдил меҳнат қилмоқдалар. Уларнинг бор эътибори ҳосилни талафотсиз йиғиштириб олишга қаратилган.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015