Абдусаид Кўчимов 1951 йили Самарқанд вилоятининг Ургут районида туғилган. 1968-1972 йилларда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган
Унинг "Кашфиётчи болалар", "Менинг Ўзбекистоним", "Тошбургут", "Менинг юлдузим", "Чаноқ", "Ҳалқа", "Икки баҳор", "Умид дарахтлари", "Қиёфа", "Ёсуман", "Баланд тоғлар", "Кўзларимнинг
қароғидасан", "Муҳаббат боғлари", "Эл сув ичган дарёлар", "Сайланма", "Сафар" номли публицистик, шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.
Ҳозирда Абдусаид Кўчимов Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги раҳбари сифатида фаолият юритмоқда.
Она-бола молхона деворига таппи ёпишарди: болакай эски челакда ўтинхонадан кўмир кукунини ташир, енгини тирсагигача шимариб олган онаси таппини кўмир увоқларига булаб, думалоқларди-да, сўнг деворга урарди. Болакай бировга зарда қилгандек пачоқ челакни дам-бадам даст кўтариб ерга тўнкарар, ботинкасининг бир ёни ейилган пошнаси билан челакни устма-уст тепкилар эди. Онаси шунда ҳам пинагини бузмасди. Илонтепада қизғин "жанг" кетаётган шундай паллада шалаббо бўлиб кўмир ташиётган болакайнинг аламдан бўғилиб йиғлагиси келарди...
Кўчада от туёқларининг таниш дупури эшитилди. Болакай кўчага отилмоқчи бўлди-ю, онасига қараб, турган жойида бўшашиб кетди. Онаси худди қулоқ билан кўчани кўриб бўладигандай хиёл бошини қийшайтириб, ўқрайиб қўйди:
- Қара, биров келганга ўхшайди!
Болакай кўчага отилди. Узун чакмонли киши дарвоза рўпарасидаги букри толга отини боғламоқда эди.
- Эна, Тош тоғам!
Болакай тоғлар орасида яшовчи чўпон тоғасини жуда яхши кўрарди. Тоғаси ҳар гал унга ғаройиб совғалар олиб келарди. Чиройли тош граната, ёғоч автомат ҳам шу кишининг совғаси эди.
- Оббо, азамат-эй! Қўзивоймас, Қўчқорвой бўлиб кетибсан-ку! - дея тоғаси гирдикапалак бўлаётган болакайни баланд кўтарди. Ана шунда Қўзивойнинг кўзи тоғасининг тулки телпагига қистирилган сап-сариқ бойчечакка тушиб қолди-да, унинг эркалаб айтган гаплари қулоғига кирмай қўйди. Кечагина Мурод чилим бошлиқ болалар лойга беланиб, қирдан бойчечак тополмай қайтишган эди. Мурод чилимдек одам тополмай шалвираб қайтган бойчечакни у - Қўзи лилипут кўтариб борса, қойил бўларди-да!
Тоғаси ҳовлига кирганда ҳам, Қўзивойнинг кўзи телпакда бўлди. Ҳар қанча ийманса ҳам, барибир ўзини тутиб туролмади:
- Тоға, ановини қаердан олдингиз?
- Айтгандай, сенга бойчечак топиб келувдим, - деди телпагини қўлига оларкан, жиянининг ҳалидан бери бошига жавдираб турганига энди тушунган тоғаси. - Қара, қандай чиройли!
- Ростдан ҳам менгами? - деб болакай терисига сиғмай ирғишлай бошлади.
- Ҳа-да! - деб тоғаси бойчечакни телпагидан авайлаб олиб, унга тутди - Ановини қара!
Қаттиқ ердан
қатраб чиққан
бой-че-чак!
Юмшоқ ердан ялтираб
чиққан бой-че-чак!
Қўзивойнинг қўлига бойчечак тегиши билан у теваракка лой сачратиб, Илонтепа томон шаталоқ отди.
- Ур-ре-э-э! - у бойчечакни қўлида ҳилпиратиб, тойчоқдек шаталоқ отиб чопар эди.
- Пиёзини лойлаб ол, сўлиб қолади! - деганча ортидан қичқириб қолди тоғаси.
Қўзивой Илонтепага яқинлашганда, тепагузарликлар "тор-мор" этилган эди. Пастгузарликлар қўмондони Мурод чилим қўллари боғланган "асирлар" олдида ғўдайиб у ёқдан-бу ёққа юрганча уларга қандай жазо бериш устида бош қотирарди. Ўйин қоидасига мувофиқ кимдир отувга, кимдир осувга, кимдир сургунга ҳукм қилиниши керак.
Шафқатсизлиги билан донг таратган Мурод чилимнинг турқидан қўрққулик эди. У "наган"ини ҳавода ўйнатганча асабий одимлар, белидаги қиличи, этиги қўнжида осилиб турган ҳўл ва кир пайтаваси шап-шап этиб болдирига уриларди.
- Ўртоқ қўмондон, душманлар!
Қўмондон бир сакраб тушди.
"Банди"лар ялт этиб пастга қарашди. Қўзивой тепалик сари ўрмалаб келарди. Буни кўриб, "асир"лар нигоҳидаги оний қувонч сўнди: "Лилипутнинг қўлидан нима келарди? Отабек бўлганда..."
- Душман қанча? - деб Қўзивойнинг ёлғизлигини кўриб турган бўлса ҳам, соқчига юзланди қўмондон.
- Биттага ўхшайди.
- Аниғи?
- Битта, ўртоқ командир!
- Тириклай ушлансин!
"Қуролланган" уч "жангчи" болакайни қуршаб ола бошлади.
- Мен ўйнамайман! Мен бойчечак олиб келяпман! - деб бақирди нафаси бўғзига тиқилган Қўзивой. - Мана!
У қўлидаги бойчечакни баланд кўтарди. Бойчечакнинг сап-сариқ япроқлари қуёш нурида тилладай товланиб кетди.
- Қаердан топдинг?
- Қойил!
Бойчечакнинг қуёш нурида товланиб турган тилла япроқчалари Мурод чилимдан бошқа ҳамманинг кўнглидаги гина-адоватга барҳам берди. Чилим ҳам бойчечакни кўриб бир энтикиб тушган бўлса-да, "жанг"дан кейин зўрға етишган лаззатли онлардан маҳрум қилгани учун Лилипутни ич-ичидан бўралатиб сўкди.
- Зўр-ку, қоғозмасми?- деди у ҳаммадан кейин бойчечакни қўлига олиб. - Хўб вақтида келдинг-да, пакашвой. Бу энди бизники бўлади!
Унинг соққадай кўзлари айёрона ўйнаб турарди.
- Нега сеники бўларкан? - дея чувиллашди тепагузарликлар.
- Сизларни енгдикми, енгдик! - деб баланд келди қўмондон. - Барча мол-мулкларинг ҳам энди бизники бўлиши керак.
- Тўғри, тўғри! - тасдиқлашди қўмондонларининг ақлига қойил қолган шериклари.
- Ўйин қоидасида бойчечак йўқ! - деб бўш келмади Рўзивой. (Отабек келмагани учун бугун у қўмондонлик қиларди). - Бермасанг, Отабекни чақирамиз!
Отабек билан Мурод тенгдош бўлса ҳам, Мурод ундан чўчирди.
- Учгача санайман. Берсанг бердинг, бўлмаса... Бир, икки, икки ярим, чоракам уч...
Мурод довдираб қолди. Лекин сир бой бергиси келмади.
- Отабек-потабегинг билан қўрқитолмайсан! - деди ингичка бўйнини ўрдакдек чўзиб. - Ғирром!
- Ўҳ-ҳуу! Ҳали биз ғирром бўлиб қолдикми? - деди бу туҳматдан бўғилган Рўзивой. Сўнг ёнидаги болакайга буюрди: - Асад, Отабекка чоп!
Энди катта жанжал бўлиши аниқ эди. Буни Мурод ҳам сезди-да, чопишга шай турган Асаднинг енгидан ушлаб тўхтатди.
- Бўпти, жириллайверма. Қонун бўйича бизники тўғри бўлса ҳам гапингга кўнамиз. Фақат битта шарт билан: бойчечак ҳаммамизники бўлади.
Икки гузар болалари "Бойчечак" айтишда ҳам ўзаро беллашиб келишарди. Биринчи бўлиб "Бойчечак" айтганлар анчагача нариги гузарликларга гап бермай юришарди. Мурод эшитмаганларини топиб айтарди.
- Йўқ! - дея Рўзивой бурилмоқчи эди, Мурод қўймади.
- Шошма, балки Қўзивой розидир. У эсли бола, ҳар нарсага жириллайвериш яхшимаслигини тушунади. Тўғрими, Қўзивой?
Болалар шундан кейингина бир четда қолиб кетган Қўзивойни эслаб қолишди. Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир, дегандек бойчечагига хўжайинлик қилувчиларнинг кўпайиб кетганидан эзилиб турган болакайга Муроддек машҳур саркарданинг "Қўзивой" деб майин илжайиши ёқиб кетди.
- Бирга айтсак, нима бўпти! Қайтанга кўпчилик бўлсак, кучуклар яқинлашолмайди, тўғрими?
Хижолат чекаётган Қўзивой иккиланиб қолди.
Рўзивойнинг жаҳли чиқди:
- Кўнмоқчимисан, унинг гапига? Билиб қўй, ҳозир бойчечакни олмасанг, иккинчи сен билан ўйнамаймиз!
- Ўйнамаса, ўйнамас! - деб аврай бошлади Мурод. - Мана, биз бормиз. Биз билан ўйнайверасан. Сен эса, ҳей, ёш болага унақа дўқ қилаверма, абжағингни чиқариб қўяман.
- Шунақами? - деб Муродгамас, балакайга қараб аламли ҳайқирди Рўзивой, - Сотқин! Кетдик, жўралар!
Тепагузарликлар Қўзивойга ўқрая-ўқрая пастга туша бошладилар. Эсанкираб қолган Қўзивой ҳам уларга эргашмоқчи эди. Мурод кўнмади.
Қўзивой нимадир демоқчи бўлди-ю, томоғига гўшт тиқилгандек бурнини торта-торта ўртоқларининг орқасидан қараганча қолаверди. Тепагузарликлар кўздан ғойиб бўлиши билан Мурод:
- Қўзивой - бойчечакнинг эгаси, у бошқалардан уч ҳисса ортиқ ҳақ олади! - деб эълон қилди.
Қўмондоннинг ана шу одиллигидан сўнг, болакайнинг чиройи очилгандек бўлди.
... Шомга яқин қишлоқ бўйлаб болаларнинг янгроқ овози жаранглади:
Бойчечак аввал
баҳорда очилади-ей,
очилади!
Яхшиларнинг қошида
сочилади-ей,
Бой-чечак, бо-ой-че-чак!
Бу овоз ҳали мағзи илимаган далаларга, эндигина куртаклаётган дарахтларга, оқимтир осмондаги ялтироқ юлдузларга тегиб акс-садо бераётгандек туюларди.
Режа бўйича, "Бойчечак" айтиш Фотима фолбинникидан бошланди. Фотима фолбин қишлоқ четидаги ҳовлида ёлғиз яшарди. Унинг уч ўғли урушда ҳалок бўлган, фарзанд доғи момонинг руҳига қаттиқ таъсир қилган эди. Қишлоқда у ҳақда ҳар хил миш-мишлар юрарди: фолбин оқшомлари фаришта-ю малойикалар билан гурунглашармиш, ҳовуз бўйида ажиналар билан ноғора чалиб базм қилармиш. Кимки фолбиннинг жиғига тегса оғзини қийшиқ, оёғини шол қилиб қўярмиш...
Ҳовли атрофида нурайвериб ер бағирлаб қолган пахса девор чўкиб ётган туя, калласи хумдек айиқ ва яна алланима балоларни эслатарди. Бўғотда осилиб турган янтоқ пардалар шамолда Ибн Ҳаттоб чолнинг соқолига ўхшаб селкиллар, буралиб-буралиб ўсган жийда танаси битта, боши мингта аждардек кўнгилга ваҳима соларди.
- Калтаги борлар олдинга ўтсин! - буйруқ берди Мурод дарвозага яқинлашишгач. - Кучук чиқса, ҳеч ким қочмасин! - у овози борича куйлаб юборди:
Бойчечак айтган билан
тўямизми-ё!
Бурунгилар одатини
қўймизми-ё!
Бо-ой-че-чек!
Нимқоронғи уй эшиги ғийқиллаб, саватдек сочи устидан рўмол ўраб олган фолбин чиқди. Узун камзулини судраганча ҳассасини тўқиллатиб келаётган кампир алвастининг ўзгинаси эди.
- Ўргилайлар, баҳор келдими-я? - демаса баъзилар жуфтакни ростлаб, қочишлари турган гап эди.
- Бўлмаса-чи, мана, қаранг, - деб бойчечакни унга узатди Мурод.
- Айланиб кетай баҳор элчисидан. Бел оғриғидан қутуладиган бўлибман-да, - дея фолбин бойчечакни кўзларига суртди, япроқларидан авайлаб ўпди, сўнг қозондек рўмолининг қатларини узоқ тимирскилаб нимадир олди-да, Муродга берди.
- Ма, суюнчи!
- Қозонини шунча кавлаб ўттиз тийин берибди-я! - деди фолбиннинг пулини фонус ёруғига солиб қараркан Мурод кўчага чиқишгач.
- Шунисига ҳам раҳмат десангчи, гап пулда эмас-ку! - деди босиқлиги ва билағонлиги учун "профессор" номини олган Баҳрилла. - Бечора момонинг бойчечакни кўриб севинганини қара! Йиғлаб юборди-я.
- Тўқи-я, тўқи! - деб қўл силтади Мурод.
- Йиғлади! Мен олдигинасида эдим, аниқ кўрдим, - деб шоша-пиша Баҳрилланинг сўзини тасдиқлади Қўзивой.
- Вой, лочин кўз-эй, қоронғида одам одамни базўр танийди-ю, бу киши кампирнинг кўзидаги ёшни кўрганмиш! - деб масхара қилди Мурод. Кейин муроса қилгандек қўшиб қўйди: - Майли, йиғласа, йиғлагандир. Тўридан гўри яқин одамларнинг бари шунақа - йиғлоқироқ бўлади. Қани, етишиб, етишиб юринглар. Бирортангни ҳап этиб кучук қопиб олмасин тағин.
Болалар кейинги ҳовлига яқинлашишди.
- Шу ерда бир зўр берасизлар, - деди Мурод дарвозадан кираётганларида. - Шодмон амакининг боласи йўқ, бир эритамиз:
Анов томнинг орқасида
ой кўринар,
Ҳамма уйдан мана шу уй
бой кўринар!
Том ортидаги тераклар устида жилмайиб турган тўлин ой ҳовлини сутдек ёритиб юборган, ҳар жой, ҳар жойда сув кўллаб қолган олачалпоқ супа пастида устига катта сават тўнкариб қўйилган сўри - ҳамма, ҳаммаси кундуздагидек аниқ кўриниб турар эди. Болалар "Бойчечак" айта-айта сўрига яқинлашиб келишди ҳамки, ҳеч ким чиқмади.
- Мановининг тагида қатиқми, қаймоқми борга ўхшайди, - деди бетоқат болалардан бири саватнинг тагига бошини тиқиб. - Ҳеч ким чиқмаса, кади-падиси билан олиб жўнаймиз.
Худди шу гапни кутиб тургандек, орқадаги деразада қизғиш шуъла пайдо бўлди. Кенг ола чопонини елкасига ташлаб олган Шодмон амаки йўтала-йўтала чиқиб келди.
- Ҳей! Нега чинқирасанлар, қулоқ-мияни қоқиб бердиларинг-ку! Ҳе, ўша!..
Бунақа дўқ-деварани кутмаган болалар кўчага қараб қочмоқчи бўлишган эди, Шодмон ака дарвоза томонни тўсиб олди.
- Ҳеч гўрга бормайсанлар! Ҳаммангни Мўйноққа талатаман. Мўйноқ, ҳо Мўйноқ!
Қўрқиб кетган болалар девор тагига ғуж бўлиб олишди. Кимдир йиғлаб юборди.
- Ким йиғлади?
Чурқ этган овоз чиқмади.
- Мен демайсанми! - деб негадир Мурод Қўзивойни олдинга итарди.
Қўзивойнинг дами ичига тушиб кетди.
- Сенмидинг? Яна бир йиғла, бўл! Йўқ, қўшиқ айт, биласанми қўшиқ?
Болакай аранг бошини қимирлатди.
- Зўридан айтсанг, мана, шу сеники. - Шодмон ака киссасидан бир чангал ғижимланган пул чиқарди.
- Айт, бўлмаса, еб қўйяман, вов-вов!
Муроддан эшитавериб миясига ўрнашиб қолган сўзлар беихтиёр болакайнинг оғзидан чиқиб кетди
"Бойчечак" айтиб келдик
эшигингизга.
Худойим ўғил берсин
бешигингизга.
Бойчечак...
Унинг қалтироқ овозини эшитган Шодмон ака бирдан бўшашиб кетди. Энкайиб болакайнинг юзларини кетмондек кафти билан силади. Қўланса арақ исидан Қўзивойнинг боши айланиб кетди.
- Яна битта айт, жон ўғлим...
Қўзивой боя айтганларини яна такрорлади.
- Айтганинг келсин, болам. - Шодмон ака хумдек бошини боланинг кўкрагига тегизиб мунғайиб қолди.
Табиатан камгап ва юмшоқкўнгил бу одам ичганда феъли айниб, ўзгариб кетарди. Шунақа пайтда "Шодмон ака кўча-кўйда болаларга қанд-қурс улашиб юрарди", десалар, ҳеч ким ишонгиси келмасди.
Тераклар орасидан қуйилаётган ой нури амакининг силкинаётган елкасини, сирғалиб ерга тушган ола чопонини ёритиб турарди. Бу ғаройиб тасодифдан болалар анқайиб қолишди.
- Энди кетинглар! - деди бирпасдан сўнг бошини кўтариб амаки.
Қўзивой Шодмон амаки берган пулларни ола ўзини дарвозага урди, қолганлар ҳам чувиллаб кўчага югуришди. Фонус ёруғида пулни санаб кўришди: ўн икки сўм! Бу - шу чоққача йиғилган пулларнинг ҳаммасидан кўп эди.
- Энди эрталабгача ухлаш йўқ!
- Бир йилда бир кун ухламасак ўлмасмиз!
Шодмон амакининг сахийлиги болаларни руҳлантириб юборди.
Улар бирин-кетин ҳовлиларга кириб чиқа бошлашди. Ҳамма хонадонда уларни қувонч билан кутиб олишар, кампир-чоллар баҳор элчиси - бойчечакни кўзларига суртишар, урушдан кейинги оғир йил бўлишига қарамай, болаларга қанд-қурс, майиз, ёнғоқ, пул беришар эди. Пулни Муроднинг ўзи олар, бошқаларини эса, Ортиқ деган ялпоқ юзли бола халтага солиб, орқалаб борар эди. Агар Исмат чўлоқникида юз берган ҳодиса бўлмаганда, болалар ҳали-бери тарқалишмасди.
Исмат чўлоқнинг данғиллама ҳовлисига қадам қўйишлари билан, димоққа гуп этиб, тезак ҳиди урилди. Дарвозахонага туташ молхона деворларига бирор қарич жой қолдирмай таппи ёпилган эди. Молхона охирида лайлак қилиб қўйилган эшак араванинг шотиси ташқарига чиқиб турар, арава ёнидаги устунга боғланган эшак янтоқ чўкиртакларини кавшар эди.
Бойчечагим
бийрондур-эй
бийрондур.
Қозон тўла
айрондур-ур.р!
Бой...
Ҳамманинг оғзидаги оғзида, бўғзидаги бўғзида қолди. Осмоннинг таги тешилиб кетгандек, томдан устиларига шовиллаб тўкилган сув баданларини жунжиктириб, кийим-бошларини шалаббо қилди. Кейин итнинг юлқина-юлқина ириллаши эшитилди. Довдираб қолган болалар дуч келган томонга ура қочишди. Қўзивой жонҳолатда Муроднинг этагига ёпишди. Мурод унинг қўлига бир уриб, этагини бўшатди-да; "Ҳамма эски сарой томонга!", деганча тун қаърига сингиб кетди. Ҳайриятки, ит у тарафга қочганларни қувди, йўқса...
Болалар анчадан кейин эски саройда тўпланишди. Кимдир қуруқ хас-хашак топиб, гулхан ёқди.
Мурод ерга тўшалган газета ёнида чўккалаб, гулхан ёруғида йиғилган пулларни санаб чиқди.
- Ўн саккиз сўм.
- Йўғ-э, - Шодмон амакининг ўзи ўн икки сўм берувди-ку?
- Алишернинг бобоси беш, Гулсара мом уч сўм...
- Ҳаммаси шу! - деб болаларнинг сўзини кесди Мурод. - Итдан қўрқиб қочганимда тушиб қолганга ўхшайди.
Болалар гумонсираб "қўмондон"га тикилишди.
- Ишонмаяпсизларми? Мана, кўринглар, - деганча Мурод чўнтакларининг астарини ағдариб кўрсата бошлади.
- Майли, борини бўл!
- Ишониш керак-да, одамга. Менга кўпчиликнинг ҳақи керакмас! - Мурод қўли билан болаларни санади. - Ўн иккита эканмиз.
- Ўн учта!
- Ўн иккита.
- Қўзивой-чи?
- У ҳисобмас.
Бу гапни эшитган Қўзивойнинг тиши такиллашдан, бадани қалтирашдан тўхтаб қолди. Болалар ҳам ҳайрон бўлиб, "қўмондон"га қарашди.
- Устимиздан сув қуйган ким? Шунинг оғайнилари! Жўралари билан тил бириктириб, бизни музлатмоқчи бўлган у лилипут!
- Қўй-э, пешиндан бери ёнимизда-ку! - деб болакайнинг ёнини олди Баҳрилла, - оз бўлса ҳам бериш керак. Эви билан-да...
- Меҳрибонлигингни катта холангга қиласан! - деб Баҳриллага ўшқирди Мурод. - Ичинг ачиётган бўлса, ўзингникини берақол!
- Нега, Бойчечак меники-ку! Сенга уч ҳисса кўп бераман девдинг-ку? - деб йиғламсиради, Қўзивой.
- Меникимиш! Ма, пишириб е! - Мурод ерга тўшалган газетанинг бир четида ётган бойчечакни жаҳл билан Қўзивойга қараб отди. Бойчечак сал наридаги кўлмакка тушди. Тилларанг япроқчалар қоп-қора булутлар қаърига кираётган куз қуёшидек балчиққа чўка бошлади. Чўкаётган бойчечагига тикилганча суратга тушаётгандек қотиб қолган Қўзивойнинг ҳўнграгиси, дод солиб депсингиси келар, лекин тушуниб бўлмайдиган аллақандай туйғу уни соқов қилиб қўйган, азбаройи хўрлиги келганидан миқ этолмас эди.
Болаларнинг нигоҳи ҳам чўкаётган бойчечакка михланиб қолган эди. Уларнинг қалбида ўз "қўмондон"ларига нисбатан нафрат ҳислари уйғонган, лекин ҳеч қайсиси дилидагини тилига чиқаришга ботинолмас эди. Фақат Баҳрилла ўзини тутиб туролмади. У бирдан энкайди-да, лойқага қўл тиқиб, бойчечакни олди.
- Шунчаликмас-да, Мурод. Бойчечакда нима айб? Бу... бу...
- Э-э, бу-булайверма! - деб ўшқирди Мурод. Агар Баҳрилла яна бир оғиз тескари гап қилса, ёқасидан олгудек шашти бор эди, унинг.
Баҳрилла аламини зўрға ичига ютди. Бойчечакнинг япроқларини этагининг учи билан арта-арта уни Қўзивойга тутди:
- Ма, Қўзивой, хафа бўлма, меникини икковимиз бўлишиб оламиз.
Баҳрилланинг меҳрибонлиги Қўзивойнинг сабр косасини тоширган энг сўнгги томчи бўлди.
- Мен... менга керакмас! Мен Усмонга бермоқчи эдим. Касал, онаси касал унинг! - деб алам билан ҳайқирди Қўзивой. Кейин ўпкаси тўлиб, ҳўнграб юборди.
Бу гапдан Баҳрилла ҳам, бошқалар ҳам титраб кетишди. Ҳатто, ҳозиргина урушқоқ хўроздек ҳурпайиб турган Муроднинг вужуди ҳам ток ургандек зирқирарди.
Усмон Муродларнинг ён қўшниси эди. Урушнинг адоғида Усмоннинг отасидан қора хат келган, касалманд онасига қараш ёлғиз Усмоннинг зиммасида эди. Мурод кунора онаси пишириб берган овқатни Усмонларникига олиб чиқар, Усмонларнинг аҳволи ҳаммадан кўпроқ унга, Муродга аён эди. У бўлса... эртага сигарет олиш учун ўз ўртоқларига шумлик қилиб ўтирибди-я...
- Менга қара, Мурод...
Мурод ялт этиб Баҳриллага қаради. Баҳрилла уни койигани оғиз жуфтлади-ю, яна фикридан қайтди:
- Сенга бир гапни тушунтиргандан кўра... Болалар, Қўзивой жуда тўғри ўйлаган экан. Келинглар, ҳамма пулни Усмонга берамиз.
- Бўпти!
- Роса севинади бечора Усмон, - деб чуғурлашди болалар.
Мурод каловланиб қолди.
- Нега сен индамайсан? - деди унинг индамай қолганини ўзича тушунган Баҳрилла. - Бергинг келмаяптими? Ихтиёринг, зўрламаймиз. Ҳаққингни ол-у...
Мурод бошини шартта кўтарди. Бир нима демоқчи бўлди. Лекин тили гапга келмай, беихтиёр Қўзивойга қараб бир қадам ташлади-да:
- Шунақа экан, нега боя айта қолмадинг? - деди ўксиниб. Сўнг нафрат билан тикилиб турган болаларга бир қаради-да, шартта ўтириб этигини ечди, пайтаваси орасидан ғижимланган қоғоз пулларни олиб газетага ташлади.
- Жуда жойига яширган экан-у! - деб юборди кимдир.
- Бу киши яна қўмондон эмиш...
- Мен... мен... - Мурод сакраб турди-да, этик-пайтавасини олиб, ўзини тун қучоғига отди...
- Ўзидан кўрсин, - деди болалардан бири.
Баҳрилла пулларни шу ҳолича газетага ўради. Болалар энг қувончли хабарни юртдошларига етказишга ошиқаётган элчилардек гувиллаб Усмонларникига жўнашди. Олдинда пилдираб кетаётган Қўзивойнинг шодлиги ичига сиғмасди. Унинг хаёлида қўлидаги бойчечак машъала сингари ҳаммаларининг йўлини ёритаётгандек туюлар ва шунинг учун ҳам, қўлини баланд кўтариб кетиб борарди.
Қизчани гўдаклигидаёқ кўпчилик меҳр билан қўлга олмади. Ҳатто, ота-онаси ҳам уни бошқа фарзандларидек юрак-юракдан суйиб эркалашмади. Андаккина бўй чўзиб, бошқа қизчалар билан қўни-қўшниникига кирганида ҳам, уни алоҳида ажратиб қўйишгандай, хушламайгина қарши олишарди. Дарҳақиқат, унда кишини беихтиёр ром этадиган, юракни жизиллатадиган нимадир етишмасди. Ана шу «нимадир» кўп йиллар уни таъқиб этди, ҳаётда ўз ўрни ва
Муфассал...
Машҳур тожик ёзувчиси Жалол Икромийнинг ўғли кимёгар олим Жонон Икромий билан жуда яқин дўст эдик. Ўзаро суҳбат чоғларида, у падари бузрукворининг ҳаётига оид ажойиб, ибратли воқеаларни завқ-шавқ билан сўзлаб берарди. Бугун мен ана шундай ҳикоялардан бирини сиз билан ўртоқлашмоқчиман.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015