Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 19 Октябр 2018 Кӯришлар: 1590
Печат

 

Ёхуд Туркманистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги маданият кунлари ҳошиясига битиклар

turkman 2018Тожик-туркман дўстлиги кеча ё сал илгарироқ пайдо бўлган эмас. Бу дўстлик илдизи қадим-қадимлардан сув ичади. Гоҳ у, гоҳ бу томоннинг бир-бириникига ташрифи эса, бу дўстликнинг янада кучайишига сабаб бўлади. Инчунин, куни кеча, аниқроғи, 14-15 октябр кунлари Тожикистонда Туркманистон маданияти кунлари сабабли, 350 нафар туркманистонлик делегациянинг мамлакатимизга ташрифи азалий дўстлик саҳифаларини янада бойитди,

нурлантирди, десак хато бўлмас.

Бу икки халқ дўстона муносабатлари, айниқса, истиқлолият даврида янада ривож топди. Мустақиллик илк йиллариданоқ Тожикистон ва Туркманистон Республикалари биринчилардан бўлиб, дипломатик алоқаларни йўлга қўйган давлатлардир. 1993 йилнинг 27 январида «Тожикистон ва Туркманистон республикалари ўртасида дипломатик муносабатларни ўрнатиш борасида»ги Протокол имзоланиши эса, ана шу алоқалар кучайишига илк асос бўла олди.

turkman 2018 1Ҳадемай, Тожикистонда Туркманистон элчихонаси очилиши ва кейинчалик Тожикистоннинг ҳам элчихонаси ўз фаолиятини Туркманистонда бошлаб юбориши ушбу халқларнинг бир-бирига хайрихоҳ эканлигидан далолат беради. Дўстлик ва одамгарчиликни:

Ҳар йигитнинг аслин

                     билай десангиз,

Маъракада ўтур-туришин

                                       кўринг.

Биров билан ошно

                     бўлай десангиз,

Аввал иқроринда

               туришин кўринг…

- деб куйлаб ўтган буюк туркман шоири Махтумқулидан сабоқ олиб улғайган туркман эли ҳамиша чин дўст қадрига етиши ва уни ардоқлашини ўзимиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Ҳа, тожику туркман дўстлик бобида ўз аҳди-иқрорига содиқ ва вафодорликда устувордирлар.

Юқорида эслатиб ўтганимиздек, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатлар том маънода ривожу равнақ топди. Бунинг мисоли шуки, 1993 йилдан 2012 йилгача 50дан ортиқ барча муҳим соҳаларни қамраб олувчи ҳужжатлар имзоланиб, ҳаётга татбиқ этилгани.

Шунингдек, иккала мамлакат ўртасидаги савдо алоқалари оборотининг 2013 йилда 119,3 миллион АҚШ долларига етиши кўп нарсага далолат қилади.

Тожикистон Туркманистондан, асосан, нефт маҳсулотлари, пахта ёғи ва бошқа маҳсулотлар харид қилса, ўз навбатида Тожикистон ҳам Туркманистонга халқ эҳтиёжига зарур бўлган маҳсулотлар, алюминий ва ундан тайёрланган жиҳозлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилади.

Айниқса, ҳамма томонлама дўстона муносабатлар Давлат бошлиқларининг у ёки бу мамлакатга сафарларида ўз инъикосини топади. Мамлакатимиз Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг 1995 йили Туркманистонга илк сафари ва бу сафар доирасида Марказий Осиё давлат бошлиқларининг «Ашхобод саммити»га иштирок этиши мамлакатларимизнинг келажакдаги ўз сиёсий йўналишини белгилаб берган ва дўстлик борасида иккала мамлакат ҳам адашишмаганди.

Туркман Президентининг ҳам ўз навбатида Тожикистонга бир неча бор расмий ташриф билан қадам ранжида қилганлиги ва Тожикистон ҳақида илиқ таассурот билан ватанига қайтганлиги ҳақиқат.

Бир сўз билан айтганда, Туркманистон –Тожикистон муносабатлари қамрови жуда кенг. 2013 йилнинг 5 июнида Туркманистоннинг Атамурод шаҳрида уч давлат – Афғонистон-Тожикистон-Туркманистон ўртасида қурилажак темир йўлнинг туркман диёридаги қисми қурилиш ишлари бошланиши, 2008-2014 йиллар орасида Ҳукуматлараро бир қатор битимлар имзоланиши, шунингдек, 2013 йили Халқаро Наврўз байрамининг Туркманистонда ўтказилиши бу иккала давлатнинг кўзлаган мақсадлари, ўй-фикрлари жуда яқин эканлигидан далолат бериб турибди. Дарвоқе, Наврўз байрами борасида ҳам туркман элининг тожик халқи каби тушунчалари бир хил. Туркман шоири Махтумқули ҳам бу байрамни севиб васф этган:

Келса наврўз оламга, ранг

               қилар жаҳон пайдо,

Булутлар овоз уриб, тоғ

               қилар туман пайдо,

Бежонларга жон кириб,

           этарлар даҳон пайдо,

Кўкармаган гиёҳлар

           кўкариб равон пайдо,

Этарлар ҳайвонотга

   ҳам суд, ҳам зиён пайдо.

Ер юзига ёйилиб, юрарлар

                           ниҳон-пайдо,

Ваҳ, бастадаҳон қушлар

       қиларлар забон пайдо…

Дарвоқе, 2014 йилнинг 5 майида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг юртимизга расмий ташрифи қадимий икки дўст халқлар тарихида янги саҳифалар очган эди. Бу ташриф давомида 9 муҳим ҳужжатлар имзоланиб, аллақачон, уларнинг баъзилари амалда жорий этилган. Дўстий (собиқ Жиликўл) ноҳиясининг «Эргаш Султонов» номли деҳқон хўжалиги ҳудудида улуғ туркман шоири Махтумқули номли янги мактаб биноси қурилиши ҳам ўша имзоланган ҳужжатларнинг бири эди.

Чунончи, ушбу имзоланган ҳамкорлик битими нақлиёт, сайёҳлик, иқтисодиёт, санъат, Ташқи ишлар вазирликлари ҳамкорликлари, шунингдек, Тожикистон Президенти қошидаги Қонун чиқарувчи марказ билан Туркманистон Республикаси Президенти қошидаги Давлат ва ҳуқуқ институти билан меморандум ҳамда Тожикистон Миллий университети ва Туркманистоннинг Махтумқули номидаги Давлат университети ўртасидаги илмий-техник ҳамкорлик алоқаларини ўзида мужассамлаштирган.

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали     Раҳмоннинг ҳам дўст Туркманистон Республикасига сафарлари, инчунин, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Тожикистонга сафарлари сони бир талай. Бу дўстлик алоқаларининг мустаҳкамлигидан дарак беради, албатта. Шунингдек, яқинда пойтахт Душанбеда ўтказилган МДҲ давлатлари бошлиқлари йиғини доирасида Туркманистон Вазирлар девони муовини Пурли Агамуродовнинг юртимизга ташрифи фикримиз далили бўла олади.

Туркманистон Маданият вазири Атагелди Шомурадов бошчилигидаги делегациянинг юртимизга ушбу ташрифи ҳам анчайин сермазмун ўтди. Улар дастлабки кун Туркманистон минтақаларининг халқ ҳунармандчилиги молу маҳсулотларини намойиш этишди. Иккинчи куни Хатлон вилояти Дўстий ноҳиясига сафар этишиб, бу ерда дўстлик концерти намойиш этишди. Шу куннинг ўзида Душанбеда ҳам қатор тадбирлар ўтказилиб, булардан эсда қоларлиси делагация аъзоларининг «Тожикистон миллий музейи» давлат муассасасида Тожикистон Маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода томонидан қабул этилиши, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг «Туркманистон – Буюк Ипак Йўлининг юраги» китобининг тақдимоти бўлди, десак хато бўлмас. Тушликдан кейин, Лебап вилоятининг С. Сейди номли мусиқали драма театрининг «Гулпам» спектакли намойишномаси, кечқурун эса, туркманистонлик санъаткорлар иштирокида дўстлик концертининг «Кохи Борбад» давлат мажмуасида бўлиб ўтиши икки халқ вакиллари хурсандчилиги боисига айланди.

Шундан сўнг, қадрли дўстлар делегацияси «Душанбе-Ашхобод» махсус поездида Туркманистон сари жўнаб кетишди.

Ҳа, тожигу туркман дўстлиги куни кеча пайдо бўлган эмас. У қадим-қадимларга бориб тақалади. Дўстнинг дўст уйига ташрифи эса, қардошлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига, катта-кичик муаммолар бартараф этилиб, мушкуллар осонлашувига сабаб бўлади, албатта. Дўст чин дўст ташрифига ҳамиша муштоқ. Унинг учун қалб қўридан жой бериши тайин. Зеро, шоир айтганидек:

Кел, дўстим, уйим

                         тўри Сеники,

Дўстга муштоқ кўзим

                           нури Сеники.

Тилдан эмас, қалбдан

                     чиқар сўзларим,

Кел, дўстим, қалбим

                           қўри Сеники!

 

Абдулло Саидов,

«Халқ овози».

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Кароматика

 

ёхуд антиқа ихтиро (Беш кўринишдан иборат фантастик драмадан парча)

1-кўриниш

Кўримсизгина жиҳозланган бир хоналик уй. Иккита стул, битта кўрпа ташлаб қўйилган сим кроват. Бир узунроқ стол устида физика фанларига доир турли хил ускуналар, телевизор, компютер, радиога оид айрим қисмлар

Муфассал...

Стефано Мансервиснинг Давлат бошлиғи билан суҳбати

 

12 июл куни Миллат қасрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Европа Комиссиясининг халқаро ҳамкорликлар ва тараққиёт бўйича маъмурияти Бош директори Стефано Мансервисни қабул қилди.

Учрашувда Тожикистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорликлари даражаси ва сифатидан қониқиш изҳор қилиниб, суҳбатдошлар икки томонлама ҳамда кўп

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990845

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478145
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4073
4027
21758
7426653
99789
114875
7478145

Сизнинг IPнгиз: 18.216.53.7
Бугун: 23-11-2024 17:23:35

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015