-Қишда қорнинг, баҳорда эса, ёмғирнинг йўлини кутиб, кўзимиз тўрт бўлди. Экинларимиз пишиб етиламан, деб турганида тинимсиз ёмғир ёғиши ва сел келиши чакки бўлди-да, - деган гаплар тез-тез қулоғимизга чалиниб қолади. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, иқлим ўзгаришининг об-ҳавога салбий таъсири сўнгги йилларда яққол сезилмоқда.
________________________________________________________________________
Сўнгги 60 йилда Тожикистондаги ўртача йиллик ҳарорат бир даражага кўтарилди. Тожикистонда вайрон қилувчи табиий офатлар сони ошди. Тошқин, сел, кўчки ва ўпирилиш каби бундай табиий офатлар ҳар йили мамлакат аҳолиси ва иқтисодиётига катта зарар етказмоқда. Сўнгги 5-6 йилда Тожикистонда табиий офатлар такрорланиши тахминан 25 фоизга ошди.
Ушбу даврда турли табиий офатлар оқибатида, 200 киши ҳалок бўлиб, 100 мингдан зиёд кишининг ҳаёт шароити хавф остида қолди. Етган зарарнинг умумий ҳажми 600 миллион Америка долларидан зиёдни ташкил қилди.
-------------------------------- Эмомали Раҳмон.
__________________________________________________________________________
Яқинда пойтахт Душанбедан Шаҳритуз ноҳиясининг Пахтаобод қишлоқ жамоати сари йўл олдим. Қишлоғимизга кириб борар эканман, бир қатор экин майдонларига зарар етганининг гувоҳи бўлдим. Ҳаддан зиёд ёққан ёмғир туфайли, келган сел ариқлардан тошиб, аҳолининг экин майдонларигача кириб борган. Пахта майдонларини қоқ ярмигача лойқа босган. Деҳқоннинг пишиб етилган, ҳосили йиғилиши керак бўлган буғдойзорлари, картошка майдонлари лойқанинг тагида қолган. Хатлон вилояти мамлакатимизнинг озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчи катта аграр минтақаларидан саналади. Бу ернинг халқи картошка, пиёз, сабзи ва бошқа экинлар ҳосилини кўтарасига сотиб, рўзғорининг кемтигини ямайди.
Сўнгги йиллардаги иқлим ўзгариши билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар эса, деҳқоннинг меҳнатини йўққа чиқармоқда. Ҳар йили баҳор мавсумида мамлакатимизда табиий хусусиятга эга кўп сонли фавқулодда ҳолатлар юз бериши кузатилади. Бундан эса, мамлакат иқтисодиётига катта зарар етади. Бу йил ҳам табиий офатлар ўзидан дарак бериб турди.
Жорий йилнинг 16-18 май кунлари Хатлон вилоятининг Панж ва Фархор ноҳияларидаги кучли ёмғирлар туфайли, 26та уй тўлиқ вайрон бўлиб, 19таси қисман зарар кўрган.
Панж ноҳиясидаги Намуна қишлоқ жамоатининг Коммунизм ва Пешқадам, Кабуд Сайфуддинов номидаги қишлоқ жамоатининг Селга ва Озодагон қишлоқ жамоатининг Отчопар қишлоқлари селдан зарар кўрган. Фархор ноҳиясида эса, Ғалаба қишлоқ жамоатининг Сурхоб ва Нурмат Сафаров номли қишлоқларига зарар етди. Панжда 1471, Фархорда эса, 135та хўжалик ўз вақтида эвакуация қилинди.
Тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш ва қабул қилиш учун Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаролар мудофааси комитети раиси ўринбосарлари бошчилигида иш гуруҳлари ташкил қилиниб, улар зарар кўрган ноҳияларга етиб боришди.
Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаролар мудофааси комитетининг Хатлон вилояти бошқармаси қутқарувчилари томонидан табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш даврида, 977та зарар кўрган уй тош-лойдан тозаланди. Шунингдек, кўчалар, йўллар, томорқалар сел лойқаларидан тозаланиб, Сурхоб дарёсининг зарар кўрган соҳилини тозалаш ва мустаҳкамлаш ишлари давом этмоқда.
Панж ноҳиясида табиий офатлар натижасида, 20та уй тўлиқ, 8таси қисман, 949та ёрдамчи иншоотлар ва томорқалар, битта умумтаълим муассасаси биноси, автомобил йўли, 4та кўприк, 5 минг 61 километр электр узатиш линияси, 500 метр соҳил мустаҳкамлаш иншоотлари, 41,9 километр канал, 58,9 километр коллектор-дренаж тармоқлари, 14,8 километр сел суви зовурлари, 8та насос станцияси ва гидротехник иншоотлар, 738,58 гектар экин майдонлари ва 3 гектар боғлар тўлиқ зарар кўргани аниқланди.
Фархор ноҳияси фавқулодда ҳолатлар бўйича комиссияси табиий офат 6та уйни бузгани, 11та уй, 114та ёрдамчи иншоотлар ва томорқалар, 3,3 километр йўл, 0,95 километр электр узатиш линияси, 24,02 километр канал, 15,6 километр коллектор-дренаж тармоқлари, 6,72 томорқа участкалари ва деҳқон хўжаликлари, 272,14 гектар экин ерларига қисман зарар етганини аниқлади.
Афсуски, сел тошқинлари натижасида икки киши ҳам қурбон бўлган.
Иқлим
ўзгаришининг асосий сабаблари нимада?
Илмий маълумотларга биноан, бунга қуйидаги омиллар ўз таъсирини кўрсатаяпти:
Иссиқхона газлари. Атмосферанинг қуйи қатламида ҳарорат кўтарилишини, айнан, улар келтириб чиқаради. Асосий иссиқхона газлари – бу: сув буғи ва табиий иссиқхона гази.
Карбонат ангидрид гази. Инсон, биосфера ҳаёт фаолияти, вулқон чиқиндилари бу газ манбалари ҳисобланади.
Метан. Атмосферада қарийб 12 йил туради. Унинг фаоллиги карбонат ангидрид газига нисбатан ўн баравар юқоридир. Биомассанинг ёниши, чорваларда овқат ҳазм қилиш ферментацияси унинг асосий манбаси сифатида кўрилади. Атмосферада метаннинг кўпайишига, шунингдек, газ, тошкўмир қазиб олишдаги оқавалар ҳамда кўмилган чиқиндилар сабаб бўлади.
Озон. Унинг асосий вазифаси – Ерни зарарли ултрабинафша қуёш нурларидан сақлаш. У стратосферали ва тропосферали бўлади. Стратосфера ҳимоялайди, тропосфера эса, тирик мавжудотлар учун жуда зарарли ва хавфлидир. Айнан, тропосферали озоннинг кўпайиши иссиқхона таъсирини юксалтиради. Химиявий моддалар, транспорт, саноат чиқиндилари унинг манбалари саналади.
Олимлар ўз тадқиқотларидан келиб чиққан ҳолда, иқлимга табиий сабаблар таъсири остида ердаги ҳарорат паст бўлиши мумкин эди, деган хулосага келишди. Айнан, инсон таъсири ҳарорат ошишига ҳисса қўшиб, бу иқлимнинг глобал ўзгаришига олиб келмоқда. Булар: ёнилғи ёқиш, оғир саноат, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик, тупроқ ҳамда ўсимликларга зараркунандаларни йўқотиш учун химиявий воситалар ва ўғитлар билан ишлов бериш, ўрмонларни кесиш, чиқиндилар тўплами, аҳолининг зич жойлашуви…
Ҳалокатнинг олдини қандай олиш мумкин?
Юқорида келтириб ўтганимиздек, дунё иқлимининг ўзгариши оқибати ҳалокатли бўлиши мумкин. Инсоният яқинлашиб келаётган ҳалокатни тўхтатиш ўз қўлимизда эканлигини тушуниб етиши керак. Сайёрамизни қутқариш учун нима қилиш зарур? Атмосферага чиқиндиларни камайтириш, экологик технологиялардан кенг фойдаланиш, яшил ўсимликларни кўпроқ экиш, энергияни тежовчи ускуналар ва асбобларни қўллаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумлироқ фойдаланишни ўрганиш, энергия захираларини тежамкорлик билан ишлатиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, жамоатчилик диққатини иқлимнинг глобал исиши муаммоларига жалб этиш зарур.
Келтирилган маълумотлардан келиб чиқадики, иқлимнинг глобал исишига ўзимиз билиб-билмасдан ҳисса қўшаётган эканмиз. Шундай экан, ҳаёт фаолиятимизни юқоридаги маълумотларга асосланган ҳолда олиб бориш сайёрамиз – барча тирик мавжудотлар келажагини асрашга қўшган улкан ҳиссамиз бўлади.
Г. Аюпова,
«Халқ овози».
Тақдир
Абубакрдан келган қўнғироқни ўчирдим.
Компютерда чала қолган ишимни тугатгач, кабинетдан чиқдим.
Ишхона ҳовлисидаги улкан тут дарахти соясига ўтиб, бамайлихотир гаплашиш умидида қўнғироқ қилдим.
Самога бўй чўзган салобатли тут дарахтлари менга Ховалингни эслатади.
Муфассал...
Ўтган 2018 йил ноҳиямиз маориф соҳасида кўзга кўринарли ютуқларга эришилди. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Тожикистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Паёмида белгиланган вазифалар, ёшлар таълим-тарбиясида бажарилиши лозим бўлган кўрсатмалар ижроси юзасидан фаолият олиб бориб, ноҳиямиз умумтаълим муассасалари тарбияланувчилари
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015