Киприк яшар экан кўзни соғиниб,
Тил ҳам яшар экан сўзни соғиниб.
Тўлқинни соғиниб яшаркан қирғоқ,
Соғинчдан иборат экан яшамоқ.
------------------------------------ Абдулла Шер.
Ўтган ҳафта чинданам таассуротларга бой ҳафта бўлди. Шулардан бири Тошкент шаҳри Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри санъат усталарининг Душанбе шаҳридаги Абулқосим Лоҳутий номли академик драма
театрида концерт дастури ҳамда Нурулло Аббосхоннинг «Жайдари келин» номли спектаклини намойиш этиб, тожикистонлик мухлислар кўнглини шод этиши бўлди.
Тожикистон Маданият вазири биринчи ўринбосари Ибодулло Машрабов меҳмонларни таништирар экан,уларга қарата: -Хуш келибсизлар, нури дида тожи сар,- деди. Сўнгра ўзбекистонлик меҳмонлар ўзбегу тожиклар қадимий анъанасига мувофиқ, дўстлик рамзи сифатида Абулқосим Лоҳутий номли академик драма театри директори Лутфулло Давлатовга зарбоф тўн кийдирди. Ўз ўрнида ўзбекистонлик меҳмонларга ҳам эсдалик совғалар инъом этилди.
Шундан сўнг, Нурулло Аббосхоннинг «Жайдари келин» номли спектакли намойиш этилди. Тошкент шаҳри Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри санъат усталари ижросидаги ушбу спектакл тожикистонлик санъат мухлисларида чуқур таассурот қолдирганлиги рост. Улар саҳнадаги ҳар бир таъсирли лаҳзаларда ўзларининг ички ҳиссиётларини қарсаклару олқишлар орқали ифодалаб туришди. Спектакл тугагач, Бохтар шаҳрига – мухлислар билан навбатдаги мулоқотга ошиқаётган санъаткорлар билан театр гримхонасида учрашиб, уларга миннатдорчилик изҳор этдик ва шу ернинг ўзида Тошкент шаҳри Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри директори, Ўзбекистон Халқ артисти Мирзабек Азизов билан суҳбатлашишга муяссар бўлдик.
- Аввало, Тожикистонга хуш келибсиз. Сўнгра, бу ижодий сафардан қандай таассуротлар олаяпсиз?
- Тожикистон Маданият вазирлиги ташаббуси билан тожикистонлик мухлисларга хизмат кўрсатиш учун ижодий сафарга чиқдик. Куни кеча Камол Хўжандий номли Хўжанд мусиқали комедия театрида бўлдик. У ерда бизни жуда илиқ кутиб олишди. Бугун Душанбедаги Абулқосим Лоҳутий номли академик драма театри саҳнасидаги намойишимизга ўзингиз бевосита гувоҳ бўлдингиз, холис баҳо бериладиган бўлса, аъло. Насиб қилса, эртага Бохтар шаҳрида ҳам мухлислар кўнглини олиш ниятимиз бор.
- Томошабинларнинг узоқ олқишларидан маълумки, улар саҳна намойишларини, ўзлари севган актёрларни соғинишган…
- Бу - табиий ҳол. Бугунги техник ва технологик тараққиёт даврида кишиларнинг китобдан, кутубхонадан, театрдан бир оз бўлса-да, узоқлашишлари кўзга ташланган эди. Бироқ қадимдан санъатсевар халқ бўлган ўзбегу тожик ҳар қандай асар - китобни қўлда тутиб мутолаа қилганнинг лаззатини бера олмаслигини, ҳар қандай видеотасвирлар актёр иштирокидаги намойиш этилган саҳна намойиши роҳатини ато этолмаслигини англаб етишди. Бугун томошабин яна театрга бориб, саҳна асарларини мириқиб томоша қилмоқда.
- Сиз бугунги концерт намойиши олдидан қилган чиқишингизда жуда таъсирли сўзларни айтдингиз, жумладан, бизни Тожикистонга соғинч олиб келди, дедингиз…
- Соғинч… Ҳа, биз бугун бу ерга тожик санъати дарғалари – Асли Бурҳонов, Аҳмад Бобоқулов, Шоиста Мулложонова, Барно Исҳоқова, Одина Ҳошим, Ҳошим Гадоев, Жўрабек Муродов, Зебо Аминзода, Жўрабек Набиев, Ўринбек Ҳамдамов, Сайрам ва Майрам Исаевалар, Кароматулло Қурбонов, Мастона Эргашева, Баҳодур Неъматов ва бошқа кўплаб устозларимиз соғинчи ҳамда уларни алқаган халқ соғинчи билан келдик. Шоир айтмоқчи, кўрголи келдик соғиниб…
Айни пайтда Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов, Лутфихоним Саримсоқова, Маҳмуджон Ғофуров, Соиб Хўжаев, Турсуной Жаъфарова, Файзулла Аҳмедов, Фароғат Раҳматова, Суръат Пўлатов, Фахриддин Умаров, Камолиддин Раҳимов, Хайрулла Лутфуллаев, Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов каби ўзбекистонлик санъат усталарини танимаган, уларни эъзозламаган тожикистонлик кам бўлса керак.
- Модомики, сўз устозларга тақалган экан, айни пайтда, ўзингиз раҳбарлик қилаётган театр ҳақида қисқача маълумот берсангиз.
- Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри ўз фаолиятини 1939 йил 30 ноябрда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Майсаранинг иши” комедияси билан бошлаган. Театрга бадиий раҳбар этиб машҳур комик актёр, Ўзбекистон Халқ артисти Миршоҳид Мироқилов тайинланган. У қисқа вақт ичида республика театрларидаги комедия жанрига лаёқати бор артистларни жалб қилади. Труппага режиссёрлардан Фатҳулла Умаров, Бобо Хўжаев, артистлардан Марям Ёқубова, Умар Абдуллаев, Абдурауф Болтаев, Аббос Бакиров, Соиб Хўжаев, Муҳаммад Холмуҳамедов, Сабохон Каримова, Собир Раҳмонов, Омина Фаёзова, Мирвали Миртолипов, Маҳмуджон Ғофуров, Анвар Юсупов, Зуҳра Шерматова, Муҳаррам Эрматова, Турғун Зоҳидов, Шаҳодат Раҳимова, Турсунхон Жаъфарова, Абдуваҳоб Азимов, Жўрахон Султонов кабилар жалб этилиб, бу устозлар театрнинг оёққа туришида катта хизматлар қилишган.
Бугунги кунга келиб театр жамоасида Марям Ихтиёрова, Наима Пўлатова, Б.Холмирзаев, Х.Тўхтаев, М.Азизов, Г.Носирова, М.Отажонова, З.Бойхонова, Н.Ҳасанова, А.Бекжонов, М.Бекжоновалар каби қатор актёрлар ижод қилишмоқдаки, уларнинг баъзи бирларини бугунги намойишда кўрдингиз.
- Бир пайтлар ўзбегу тожик халқлари ўртасида санъат декадалари бўларди. Бир муддатлик танаффусдан сўнг, бу удум қайта жонлангандек…
- Тўғри, собиқ Иттифоқ даврида Тожикистону Ўзбекистон ўртасида маданий ҳамкорликлар кенг қамровли бўлган. Бироқ кейинги 20 йиллар атрофида бу муносабатларга кўз теккандек бўлиб, бироз совиш мушоҳада этилди. Минг шукрки, Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон жорий йил март ойи бошларида Душанбе шаҳрида учрашиб, қадимий дўстлигимизу борди-келдимизни тиклаб беришди. Бугун Ўзбекистонда тожик биродарларни, Тожикистонда ўзбек биродарларни учратиш мумкин. Улар яна бир дастурхон атрофида биргалашиб, бир товоқдан таом емоқдалар, ҳангомалашиб, бир-бирига бўлган иззат-эҳтиромини куй-қўшиқ ила ифодаламоқдалар. Бунинг учун ҳар иккала муҳтарам Президентларимизга чексиз раҳматлар бўлсин.
- Ўзбегу тожикни эт билан тирноқ дейишади…
- Бу рост. Бу икки халқнинг азал-азалдан дини, мазҳаби, бозори, мозори, тў-ю маросимлари бир бўлиб келган. Улар бир дарёдан сув ичишган, бир сарзаминда аҳил-иттифоқчиликда истиқомат қилишган. Шу боис, бу халқлар тилга олинганда, уларни эт билан тирноққа ўхшатишган, икки тилли бир халқ, дейишган. Жаҳонда ўзбегу тожикчалик бир-бирига яқин халқнинг ўзи йўқ. Шу далилнинг ўзиёқ бизнинг бир-биримизга, нақадар, азиз ва суюкли эканлигимиздан дарак беради.
- Сўрасак - савол, қайтарсангиз - жавоб қўп. Аммо вақтнинг тиғизлиги бунга имкон бермаётир. Шу боис, қолган саволларимизни Худо насиб қилса, Сиз фаолият юритаётган ва айни пайтда раҳбари бўлган Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрига ташриф буюриб, ўша ерда суҳбатни давом эттирсак, деган эзгу ният ила хайрлашсак. Одатда, суҳбат сўнгида суҳбатдошдан тилак-дуо сўралади. Сиз ҳам тилак билдирсангиз, дегандик.
- Устоз-шогирд Мавлоно Абдураҳмон Жоми-ю Алишер Навоий каби улуғ боболаримиз очиб берган дўстлик булоғи ҳеч қачон қуримасин. Ҳурматли Президентларимиз Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмонлар қайта бошлаб берган дўстлигимиз то қиёмат пойдор бўлсин. Бу дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда қалам аҳли, шунингдек, санъаткорлар роли беқиёс бўлиши лозим. Сизлар тў-ю хурсандчилик қилаверинг, биз санъаткорлар келиб хизматда бўлайлик, илоҳим.
- Мазмунли суҳбат учун ташаккур.
**
Ибодулло МАШРАБОВ - Тожикистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари:
- Ҳамкасб дўстларимиз – Тошкент шаҳри Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри санъат усталарининг Камол Хўжандий номли Хўжанд мусиқали комедия театрида ҳамда Душанбе шаҳридаги Абулқосим Лоҳутий номли академик драма театридаги чиқишлари-ю, намойиш этган спектакллари мухлисларга манзур бўлди. Энг ажойиби: Бохтар шаҳрида юз берди. Ато Муҳаммаджонов номли мусиқали комедия театри мухлис-шинавандаларга чунонам лиқ тўла эдики, асти қўяверасиз. Йўлакларга қўшимча ўриндиқ-стуллар қўйилди. Хурсандчилиги юз-кўзларида уфуриб турган мухлислар бу икки қадимий халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини қайта тиклаган улуғ инсонлар – Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевларга ташаккурлар изҳор этишди.
**
Турғун Бекназаров - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
- Тожикистонлик мухлисларимизнинг дийдорга ташналиги-ю, кўтаринки руҳда кутиб олишлари мени жуда қувонтирди. Бу дамларни санъат ихлосмандлари интиқиб кутишганини ҳис қилиб турдим. Биламизки, ўзбек ва тожик халқларининг дўстлигу биродарлиги узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ушбу дўстликнинг мустаҳкамланишида делегациямиз аъзолари билан озгина бўлса-да, ҳиссамизни қўшганимиздан бениҳоят шодмиз.
**
Мирзабек Азизов - Ўзбекистон Халқ артисти:
- Биз ўзбекистонлик санъаткорлар тожикистонлик санъаткорларни соғиниб, қўмсаб келдик. Ўринбек Ҳамдамов, Ҳошим Гадоев, Жўрабек Муродов, Зебо Аминзода, Жўрабек Набиев ва бошқа кўплаб устоз санъаткорларнинг соғинчи бизни бу диёрга етаклаб келди. Айни дамда бизнинг дўстлигимизга жаҳон аҳли ҳавас билан қарамоқда. Бу дўстлик ришталари ҳеч қачон узилмасин.
**
Боир Холмирзаев - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
- Таассуротларим - жудаям зўр. Мен аслида Суғд вилояти Спитамен ноҳиясининг Фармонқўрғон қишлоғида туғилиб ўсганман. Ҳозирда Ўзбекистон фуқаросиман. Икки давлатнинг маънавий кўпригиман десам, хато қилмаган бўламан. Шу сабабли, мендаги таассуротни сўз билан ифодалаш қийин. Жудаям соғиниб келдим, интилиб келдим, йиғлаб келдим. Президентларимизга бўлган меҳрим янада ошди. Илоҳим, дўстлигимизга кўз тегмасин!
**
Одинахон Ғозиева - Ўзбекистон Халқ артисти:
- Биз икки – ўзбек ва тожик халқлари қавму қариндошмиз. Бирга ўтирсак, қай биримиз ўзбегу қай биримиз тожик ҳеч ким ажратолмайди. Тилимизда фарқ бўлишига қарамай, бир-биримизни яхши тушунамиз. Мана шундай имкониятларни яратиб бераётган Президентларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Илоҳим, икки халқ янада гуллаб, яшнайверсин.
**
Азизхон Латипов - актёр:
- Сафаримиздан олган таассуротларим - бир олам. Санъат ихлосмандларининг ўзбек санъатига бўлган ҳурмат ва эътибори мени қувонтирди. Айниқса, бизни ўз яқинларидек ўзгача бир меҳр-муҳаббат билан кутиб олиб, санъатимизга юқори баҳо берганликларини жуда қадрлайман.
**
Маърифат Ортиқова - актриса:
- Очиғи бизни бундай илиқ кутиб олишларини кутмагандим. Мухлисларнинг бизга бўлган меҳр-муҳаббати уларнинг юз-кўзлари-ю олқишларидан сезилиб турди. Ўзбек ва тожик санъаткорлари орасидаги бу каби ҳамкорликлар яна давом эттирилиши, борди-келдилар давомий бўлишини истардим.
**
Нурбек Маматов - актёр:
- Мен Тожикистонда биринчи марта бўлишим. Бу диёр халқи бизнинг халқимиз каби меҳмондўст, очиқ кўнгил, санъатсевар эканлигини кўриб, ўзбек ва тожик халқлари, ҳақиқатдан ҳам, бир-бирига ажратиб бўлмас даражада ўхшашлигига ишонч ҳосил қилдим.
**
Машҳурбек Раимжонов - Ниҳол давлат мукофоти совриндори:
- Таассуротларим - жудаям катта. Тожикистоннинг қаерига бормайлик, бизни яхши кутиб олишди. Бу ерда шунча кўп мухлисга эга эканлигимиздан қувондик. Бу заминга қилган сафарим ҳеч қачон ёдимдан чиқмаса керак.
Суҳбатни Абдулло Саидов ва Садоқат Абдуразоқовалар уюштиришди.
Азиз ватанимиз истиқлолиятга эришгандан сўнг, барча соҳаларда илгари силжишлар, ривожланиш юз бериб, порлоқ келажак сари шахдам қадамлар ташлана бошланди. Давлатимиз ва республика Ҳукумати Раиси муҳтарам Эмомали Раҳмон бошчилигида истиқлолият даврида эришилган муваффақиятлар сифатида «Сангтўда-1», «Сангтўда-2», «Помир-1», «Душанбе-2» иссиқлик – энергия маркази, «Қўрғонтепа-Кўлоб» темир йўли, Қулма-Қароқурум автомобил
Муфассал...
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Минтақавий террорчиликка қарши кураш тузилмаси Ижроия комитети доимий амал қилувчи орган ҳисобланади. Ташкилотнинг штаб-квартираси Ўзбекистон Республикаси пойтахти - Тошкент шаҳрида жойлашган.
ШҲТ Минтақавий террорчиликка қарши кураш тузилмаси Ижроия комитети ўз фаолиятини ШҲТ Хартияси низомномаси, Шанхайнинг
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015