Жорий йил март ойининг биринчи ўн кунлигида бир тарихий воқеа – узоқ кутилган ташриф амалга оширилди. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон таклифи билан Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев ҳур диёримизга давлат ташрифи билан келди.
Миллат пешвоси таъбири билан айтганда, бу ташриф, ҳақиқатдан ҳам, тарихий бўлиб, унда дўсту биродар Тожикистон ва Ўзбекистон республикалари муносабатларида кейинги йигирма олти йил давомида тўпланиб қолган барча муаммолар ўз ечимини топди. Энг қувонарлиси эса, қардош халқларнинг ўттиз кунгача ўзаро визасиз сафарлари тўғрисидаги келишув икки давлат раҳбарлари томонидан имзоланди.
Қадимий, муштарак ва халқаро байрамимиз бўлмиш Наврўзи ажам арафасида эса, ушбу келишув икки мамлакат парламентлари томонидан тасдиқланиб, амалга жорий этилди.
Мен, асли, жаннатмакон Тожикистонда туғилиб, шу диёрда камол топган бўлсам-да, кўпчилик қариндошларим азим Самарқанднинг Ургут шаҳрида яшашади. Улар билан борди-келдини ҳеч ҳам узганимиз йўқ.
Бу галги сафарим буткул бошқача бўлди. Ўттиз кунгача визасиз борди-келди режими жорий этилганлиги ҳақидаги хабарни эшитганимда, ўзимда йўқ қувондим. Ўзбекистондаги қариндошларимга қўнғироқ қилганимда, улар мени Ургутга таклиф қилишди. Сафарга отландим.
Душанбедан Панжакент шаҳри сари йўлга чиқдим. Янги қурилган йўлнинг қулайлигидан 3,5-4 соатда манзилга етганимизни ҳам сезмай қолибман. Тўғри «Саразм»-«Жартепа» назорат-ўтказиш нуқтасига бордим. Одам гавжум. Навбатим келиб, чегарачига паспортимни узатдим. Қўллари кўксида, «Ассалому алайкум», - деб ходим саноқли дақиқаларда паспортни қўлимга тутқазиб, «Роҳи сафед!» - деди. Ёнимдаги, Тожикистондан қайтаётган ўзбекистонликка эса, «Хуш бошед!» - деди бошқа бир чегарачи. Кейин ўзбекистонликлар олдига бордим. Паспортимдан Тожикистон фуқароси эканлигимни билган чегарачи: - «Хуш келибсиз, сайёҳатгами?» - дея сўради. Бошқа суриштириб ўтирмасдан тезда расмийлаштирди. Унинг «Ёқимли сайёҳат» сўзини эшитиб, сафаримни бошладим.
Дўст, қариндош-уруғлар билан дийдорлашув онларидаги шодлигу ҳурсандчиликдан кўра, бахтли дамлар бўлмаса керак, инсон ҳаётида. Бундай онларни анчадан бери, кутиб юрган мен учун ҳам бегона эмас эди, бу туйғулар. Узоқ кўришмаган дўсту ёрларнинг дилтортар суҳбатидан сўнг, ўтиб кетган яқинларимиз қабрларини зиёрат қилдим, кексалари ҳолидан хабар олдим.
Бир-икки кун Ургут шаҳрида бўлганимдан кейин, қариндошларим ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳри саёҳатига чиқдик. Ушбу кўҳна ва навқирон шаҳардаги Имом Бухорий, Ҳазрати Хизр мажмуалари, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда, Регистон майдони каби тарихий обидалар, бозорлар ва сайёҳлик мавзеларини мириқиб зиёрат айладик.
Шу билан бирга, ўзбекистонлик қариндошларимга бу йил Тожикистонда Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, дея эълон қилинганлиги ҳамда юртимизнинг сайёҳлик мавзелари ҳақида қисқача маълумот бериб, уларни ҳам юртимизга таклиф қилдим.
Самарқандни томоша қилиб юрган пайтимизда, Тошкентга йўлга чиққан яқин қариндошларимдан бири мени ҳам ўзи билан олиб кетмоқчи бўлди. Мен розилик билдирдим.
Самарқанддан Тошкентгача Душанбедан Панжакентгача бўлган вақт, яъни автобусда 4,5-5, енгил машинада эса, 3,5-4 соатда етиб борар экан, киши.
У ерда бизни бир гуруҳ санъаткор дўстларимиз кутиб олишди. Ўзбекона меҳмондорчилик, қатор учрашувлар, орзиқиб кутилган самимий суҳбатлар жуда кўп бўлди. Айниқса, бир вақтлар Тожикистон Миллий университетининг ҳуқуқшунослик факултетида таҳсил олиб юрган кезлари бизнинг хонадонимизда турган Мирсоат Эргашев укамиз ҳамда хушовоз хонанда дўстимиз Эркин Худойқулов, бастакор Комилжон Хидиров, қадрдон акамиз Сафар Алимбаев, «Ўзбекистон» телевидениесидаги «Рангинкамон» кўрсатуви бошловчиси Шарофат Эрматова, хонандалар Мажидхон ва Рашидхон Саидовлар билан учрашганим, сафаримнинг унутилмас онларига айланди. Тошкентни ҳам бир-икки кун айланиб, роса томоша қилдим. Лекин шунча гўзаллиги-ю ободончилиги, одамларининг самимий ва меҳмондўстлигидан ташқари, бир воқеа хотирамда абадий сақланиб қолса керак. У – тошкентлик профессорнинг кўз ёши.
Тошкентдаги Пушкин номли маданият ва истироҳат боғини сайр қилиб, бир оз дам олиш учун скамейкага ўтирдим. Шу пайт, енгил машина боғ йўлакчаси тўғрисига келиб тўхтади. Ундан икки – бири олтмишдан ўтиб қолган ва иккинчиси, 25-30 ёшлардаги кишилар тушишди. Секин-аста айланиб келиб, ижозат сўраб, ёнимга ўтиришди.
Салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашишгандан кейин, ўзларини таништиришди: катта ёшдагиси бир университетнинг профессори, ёнидаги ҳамроҳи эса, невараси экан. Суҳбат асносида мен тожикистонлик эканлигимни айтдим.
- Сездим, - деди профессор ва сўзида давом этиб. – Хуш келибсиз, бизнинг Тошкентга. Сўнгги вақтларда тожикистонлик меҳмонларни кўплаб учратаяпмиз. Бу ҳам икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли. Яқинда Президентимиз Тожикистонга давлат ташрифи билан борди. Биз ушбу ташрифни катта қизиқиш билан кузатдик. Тожикистон Президенти ва халқи меҳмонни олий даражада кутиб олишди. Ташрифга юқори даражада тайёргарлик кўришган экан. Айниқса, икки мамлакат Президентлари иштирокида тожик ва ўзбек санъат усталарининг биргаликдаги «Дўстлик оқшоми» концерт дастурининг ўтказилиши икки халққа шодлигу сурур бағишлади.
Мен ҳам ушбу концертни телевидение орқали томоша қилдим. Жуда кўтаринки руҳда ўтди. Унда куйланган қўшиқлар, ижро этилган куй, рақсларнинг барчасида, фақатгина дўстлик тараннум этилди. Концертнинг энг ажойиб номери бу, шубҳасиз, СССР Халқ артисти Жўрабек Муродов ва Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраев биргаликда ижро этган қўшиқ бўлди.
Менинг ҳам Тожикистонда қариндошларим бор. Ўн йилча бўлди уларни кўрмаганимга. Мана энди йўллар очилди, Худо хоҳласа, биз ҳам дийдорлашамиз, - дея ҳаяжонланиб гапираётган профессорнинг кўзларида ёш ҳалқаланди, шу пайтда.
Сафарим давомида Ургут шаҳридаги бир неча тўйларда ҳам меҳмон, ҳам санъаткор сифатида қатнашдим. Уларнинг тўйлари бизникидан бироз фарқ қиларкан.
Лекин бир нарсанинг гувоҳи бўлдим: уларда энди тўй-маъракалар тартибга солинаётган экан. Биз бундан ўн бир йил муқаддам, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ташаббуси билан одамлар турмуш даражасини яхшилаш, ортиқча сарф-харажат ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик мақсадида, «Тожикистон Республикасида анъана, тантана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги миллий қонунни қабул қилган эдик. Улар эса, энди «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишмоқда. Албатта, лойиҳа ишлаб чиқилишида, Тожикистон тажрибаси ҳам ўрганилганлиги, шубҳасиз.
Яқинда Ўзбекистон Республикасининг Тожикистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эргаш Шоисматовнинг оммавий ахборот воситаларига берган маълумотига қараганда, бир ойда икки мамлакат чегарасидан 30 мингдан зиёд киши ўтиб-қайтишган. Буларнинг барчаси икки қардош халқнинг азалий дўстлиги-ю яқинлиги, мамлакатларимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишта ва хотиржам муҳит, қолаверса, мана шундай ташаббус билан чиқиб, тожик ва ўзбек халқларини бир-бирига янада яқинлаштирган Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари – муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевларнинг меҳнатлари самарасидир.
Сафарим ниҳоясига етиб, Душанбега қайтиш олдидан, саксон ёшдан ошган амакимдан дуо олмоқчи бўлдим. У киши кўзларида ёш билан узундан-узоқ дуо қилди: дўстлигимизга ҳеч қачон кўз тегмасин. Яратганнинг ўзи азалий дўстликни қайтадан бошлаган, йўлларни очган раҳбарларни ўз паноҳида асрасин. Президентларимиз омон, дўстлигимиз бардавом ва юртларимиз тинч бўлсин!
Яқинда пойтахтимиз Душанбе шаҳрига Ўзбекистон Халқ артисти Ортиқ Отажонов ва ёш хонанда Улуғбек Отажоновлар концерт дастури билан ташриф буюрди. Ушбу тадбирда ҳам, асосан, халқларимиз ўртасидаги завол билмас дўстлик ҳақида тароналар янгради...
Машрабхон ҚАЛАНДАРОВ, санъаткор.
Душанбе-Самарқанд-Тошкент-Душанбе.
Махсус «Халқ овози» учун.
Истеъдодли тожик шоири Низом Қосим Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмонга бағишланган бир шеърида “ Миллат бирлиги учун уруш билан урушдинг...” деган ажойиб, оҳорли сифатлашни келтиради. “уруш билан урушдинг...” ҳаётий мисра. Уруш ва низоларга чек қўйиб, тинчлик ўрнатган Миллат пешвосининг асл қиёфасини, характерини, тинчликпарварлигини
Муфассал...
14 май, кечки пайт Белорус Республикаси Президенти Александр Лукашенко расмий ташриф билан Тожикистонга келди.
15 май куни олиймақом меҳмонни Миллат қасрида расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шундан кейин, Белорус Республикаси Президентининг Тожикистон Республикасига расмий ташрифи доирасида Тожикистон ва Белорус ўртасида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015