Шаҳристон ноҳияси меҳнаткашлари ҳам азиз Тожикистонимиз давлат мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш илинжида ободончилик ва бунёдкорлик ишларини кенг миқёсда йўлга қўйишган. Давлат ҳокимияти Шаҳристон ноҳияси ижроия органи бу санага атрофлича тайёргарлик кўриб, 68 банддан иборат юбилей иншоотлари бунёд этиш чора-тадбирларини белгилаган. Ўтган йил ноҳияда 19та иншоот қурилиб,
фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 35та иншоот қурилиб, фойдаланишга топширилди.
- Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг ободончилик ва бунёдкорлик ишларини тезлаштириш ҳақидаги кўрсатмаларига амал қилган ҳолда, биз барча имкониятларни ишга солмоқдамиз, - дейди Шаҳристон ноҳияси раиси Ашурали Жалилзода. – Ноҳиямиз маркази, қишлоқлар, маҳаллаларда ободончилик ва бунёдкорлик ишларини йўлга қўйиш учун аниқ чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, мунтазам амалга оширилмоқда. Айниқса, бу йўналишда маҳаллий тадбиркорлар фаоллиги ёрқин кўзга ташланмоқда.
Ноҳия раисининг таъкидлашича, Шаҳристонда юраги ватанпарварлик ҳисси билан ёнган ишбилармонлар талайгина. Уларнинг ҳар бири ноҳия ободончилигига ўз ҳиссасини қўшиш учун саъй-ҳаракат қилмоқда.
Ваҳдат қишлоғидан бўлган тадбиркорлар – Анвар Бегимов, Нурали Рустамов ҳамда Шарофиддин Шомирзоевлар ўз маблағлари эвазига учта сув қудуғи ковлаб, қисқа муддат ичида 20 гектар лалми ерларни суғориладиган майдонга айлантирганликлари қувонарлидир. Натижада, 30дан ортиқ оила учун деҳқончилик қилишга шароит яратилди. Бу майдонда етиштирилган буғдой, арпа, полиз экинлари яхши ҳосил берди. Деҳқонлар етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг эҳтиёжларидан ортиғини бозорга чиқариб, турмуш шароитларини яхшиламоқда.
Ишбилармон Ҳасан Баротов эса, оила аъзолари билан мол бозори ва хизмат кўрсатиш нуқталарини бунёд этди. Айни пайтда у ташкил қилган мол бозори шу яқин атроф қишлоқлари аҳолиси учун хизмат қилмоқда.
Тадбиркор йигит Умид Қаршиевнинг «Душанбе-Чаноқ» катта автомагистрали ёнида ташкил қилган савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси бунёдкорликнинг ёрқин мисоли бўла олади. Айни пайтда мажмуада ҳаммом, кексалар ҳордиқ чиқариши учун чойхона, сартарошхона ва савдо маркази фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, ноҳия ишбилармонлари қурилишига ҳисса қўшган ноҳия марказидаги 400 нафар ўқувчига мўлжалланган гимназия қурилиши якунланиш арафасида турибди.
Дуо билан эл кўкарар…
Шаҳристонда йўлга қўйилган ободончилик ва бунёдкорлик ишларининг ташаббусскори, албатта, ноҳия раиси Ашурали Жалилзодадир. Раиснинг энг яхши фазилатларидан яна бири – унинг халқ ичига кириб боришидир. Қуйида биз шаҳристонлик бир қатор меҳнат фахрийларининг мулоҳазаларини келтиришни ўринли, деб билдик.
Гулистон қишлоғида яшовчи 91 ёшли табаррук отахон Эгамберди ҳожи Худойбердиев шундай дейди:
- Ноҳия раҳбарлиги фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ, Ашурали Жалилзода қишлоқлардаги қариялар, беморлар, ногиронлар ҳамда эҳтиёжманд оилалар ҳолидан мунтазам хабар олмоқда. Энг асосийси, ноҳия раҳбарининг мўътабар оқсоқоллар билан юзма-юз мулоқот уюштираётганлиги, уларнинг камчилик ва муаммолари ечими пайидан бўлаётганлиги таҳсинга арзийди. Ишончим комилки, кекса ва мўътабар кишилар дуосини олган раҳбар кам бўлмайди…
- Ноҳия раиси Ашурали Жалилзоданинг қўқисдан уйимизга мени йўқлаб келганлигидан бошим осмонга етди, - дейди Ваҳдат қишлоғида истиқомат қилаётган тўқсон ёш арафасидаги меҳнат фахрийси Абдураҳмон Жойноқов. – «Абдураҳмон ота, сизнинг узоқ йиллар боғ яратиш билан машғул бўлганлигингиз, ноҳиямиз равнақига муносиб улуш қўшганлигингизни қадрлаймиз. Сиздек мўътабар шахснинг дуосини олишга келдим», - деди раис мен билан суҳбатлашиб. Ноҳия раиси кўрсатган хайр-саховат ва совғалар меҳнат фахрийларига кўрсатилган қадр нишонаси эканлигидан қувондим.
Бакробод қишлоғилик Улуғ Ватан уруши фахрийси, тўқсон ёшли Абдуғани бобо Жабборов ҳам бу борада ўз фикрларини баён этди:
- Мамлакатимиз Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ҳамиша қариялар, ногиронлар, фахрийлар ва камтаъминланган оилаларга ёрдам қўлини чўзиб, шахсий ташаббус кўрсатаётганлиги юксак инсоний фазилат белгиси. Муҳтарам Президентимизнинг жойлардаги ишончли вакиллари, албатта, ноҳия раислари ҳисобланади. Ашурали Жалилзоданинг ҳам бу ташаббусни ноҳиямизда йўлга қўйганлиги – яхши амал. Айни пайтда ноҳиямизда икки нафар Улуғ Ватан уруши фахрийси бор: бири мен бўлсам, иккинчиси Ободи қишлоғилик Остонақул Умрзоқов. Ҳар бир байрамда ноҳия раисининг шахсан йўқлаб келишлари, бизга совға-саломлар олиб келиши унинг юксак инсоний меҳр-оқибат ва масъулият ҳисси соҳиби эканлигидан дарак беради. Илоҳим, кам бўлмасин…
- Меҳр кўзда, деган ҳикмат бор халқимизда, - дейди Навкент қишлоғидан бўлган фахрий ўқитувчи, саксон ёшдан ўтган отахон Мамарасул ҳожи Эгамов. – Ноҳия раиси барча қишлоқлардаги мўътабар кишиларни шахсан йўқлаб турадилар. Бундан ташқари, ҳафтасига икки марта фуқаролар қабулини йўлга қўйиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилишлари кўпгина муаммолар ечимини топишга хизмат қилаётганлиги табиий. Бундай қабулларда аҳолинининг уй-жой, хўжалик, сув билан таъминлаш, оилавий масалалар юзасидан кўтарилган саволлар ўз жавобини топаётганлиги қувонарлидир.
Ноҳиянинг чекка қишлоқларидан бири – бу Темур Малик қишлоғидир. У ноҳия марказидан 22 километр масофада жойлашган. Бу қишлоқ чеккароқда бўлганлиги учун ободончилик масаласида ҳам бир оз ортда қолганлиги сир эмас. Айниқса, йўл масаласи оқсарди. Қишлоқнинг мўътабар кишилари нафақадаги ўқитувчи Бойзоқ Ҳаққулов ва маърифатли инсон Бозорбой Норқуловларнинг айтишича, ноҳия раиси қишлоқ аҳолиси билан учрашиб, қиш мавсумида қийинчилик туғдираётган йўлни аҳоли билан ҳамжиҳатликда, ҳашар йўли билан бўлса-да, таъмирлаш ҳақида ваъда берганлиги кўпчиликка манзур бўлган. Раис ташаббуси билан йўл қуриш техникалари жалб қилинди, тез орада йўл қайтадан таъмирланди. Аҳоли ҳам ҳашар тариқасида йўл таъмири ишларида қатнашди. Шунингдек, қишлоққа қайтадан ичимлик суви келтирилганлиги катта савоб иш бўлди.
Ноҳиядаги бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, ноҳия раисининг ташаббускорлиги юзасидан, шунингдек, юқори Шаҳристон қишлоғида яшовчи Шавкатбек Ўлмасов ҳам яхши фикрлар билдирди. У киши ноҳия раиси бошчилигида йўлга қўйилган ободончилик ва бунёдкорлик ишлари хусусида батафсил тўхталиб, ўз фикрини қуйидаги хулоса билан якунлади:
- Шу ернинг сувидан ичиб, ҳавосидан баҳраманд эканман, бу масканни обод этишга барча кучимни сарфлайман. Давлатимиз бошлиғининг биз масъуллар зиммасига юклаган энг асосий вазифалардан бири ҳам - шу - дейди Ашурали Жалилзода. Демак, ноҳия раиси масъулият ҳиссини жуда чуқур англайди ва ўз вазифасига виждон юзасидан амал қилади. Шундай экан, обод Шаҳристон янада обод бўлишига ишонч бор…
Ёдгорлик мажмуаси қайта таъмирланди
- «Душанбе-Чаноқ» автомагистралига яқин жойлашган Ваҳдат қишлоғидаги Улуғ Ватан уруши иштирокчилари хотирасига бунёд этилган Ёдгорлик мажмуаси бундан 31 йил муқаддам, яъни 1988 йили очилган, - дейди Ашурали Жалилзода. – Архитектор Зулҳайдар Самадов, ҳайкалтарош Виктор Гладких ва қурувчи-инженер Мирзоолим Қаршиевларнинг меҳнат маҳсули бўлган мажмуа йиллар давомида таъмирталаб бўлиб қолганди. Жорий йил ноҳия ташкилот ва муассасалари, тадбиркорлар, аҳоли билан ҳамжиҳатликда мажмуа қайта тикланди. Энди бу жой шаҳристонликлар учун замонавий ҳордиқ чиқариш масканига айланган.
Дарҳақиқат, ноҳия марказидаги замонавий мажмуа, нафақат, шаҳристонликлар, балки республикамизнинг бошқа минтақалари ҳамда хориждан ташриф буюраётган сайёҳларни ҳам жалб этадиган обод масканга айланган.
Бунёдкорликлар жараёни
- Ноҳиямизда қишлоқ хўжалиги етакчи соҳалардан бири ҳисобланади, - дейди ноҳия қишлоқ хўжалиги бошқармаси катта мутахассиси Алижон Қодиров. – Ноҳиямиз техника базаси анча бойиган. Биздаги қишлоқ хўжалиги техникалари, нафақат, ноҳиямиз, балки вилоятнинг кўп минтақаларида деҳқонлар мушкулини осон қилмоқда. Айни пайтда 347та турли русумдаги трактор-машиналаримиз бор. Комбайнларимиз 54та, 32та пресс-подборник машинамиз бор. Улар қўшни ноҳиялар хўжалик ишларида ҳам фаол ёрдамлашадилар.
Шаҳристон ноҳияси республикамизнинг сайёҳларбоп минтақаларидан бири ҳисобланади. Ноҳиянинг гўзал табиати ва зиёратгоҳлари сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган жойлар қаторига киради.
Ноҳия ҳудудида жойлашган Абубакри Сиддиқ, Ҳазрати Мулло, Мужаррад, Чанговул, Оқтош Бобо, Туятош Бобо, Қутур Бобо зиёратгоҳлари меҳмонлар ва сайёҳларни ўзига жалб этади.
- 2019-2021 йиллар – Қишлоқлар, сайёҳлик ва халқ ҳуранмандчилигини ривожлантириш йиллари, дея эълон қилиниши ноҳиямизнинг янада ободонлаши учун туртки бўлди, десам янглишмайман, - дейди Ашурали Жалилзода. – Ноҳиямиздаги арчазорларимизнинг ўзи нотакрор гўзал манзара яратади. Бу ерларда келгусида сайёҳлар учун қулай дам олиш масканлари бунёд этиш ниятимиз бор. Ноҳиямизда Моҳкўл, Хуррамдара, Сафеддара, Шодмондара каби бир қатор истироҳат мавзелари амал қилади. Бундай истироҳатгоҳларни кўпайтириб, ноҳиямизга ички ва ташқи сайёҳларни янада кўпроқ жалб этиш имконияти мавжуд. Шунингдек, Бодомча, Рўдоба, Эделвейс, Обшорон, Аҳмаду Каромат табобат-истироҳат муассасалари фаолият юритади. Уларда кўпчилик ҳордиқ чиқариш билан бирга, табобат ҳам олишади. Ноҳиямиз об-ҳавосининг ўзи шифо манбаи ҳисобланади.
Шаҳристон ноҳиясида Тожикистон давлат мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида ободончилик ва бунёдкорлик ишлари яхши йўлга қўйилган.
- Эзгулик, ободончилик, бунёдкорлик этагини тутган республикамиз ва ноҳиямиз раҳбарларига Яратгандан иқбол, ишларига омад тилаймиз, - деб дуога кўл очади Себзор қишлоғида яшовчи отахон Нишонбой ота Мажидов.
Ҳаёт кўрган, мўътабар қарияларимизнинг дуоси ижобат бўлади, дейди халқимиз. Ташаббускор раҳбарлари бўлган хушманазара Шаҳристон истиқлол самараси туфайли янада обод бўлишига ишонч бор.
Шаҳристонлик мўътабар кишиларнинг ўз фикрларини табаррук тўқсон ёшини нишонлаётган «Халқ овози» газетаси саҳифаларида ўқиш истакларини бажо келтиришни бурчимиз, деб билдик…
Мирзоолим ҚАРШИЕВ,
Тожикистон Журналистлар иттифоқи аъзоси,
Тожикистон матбуоти ва маданияти аълочиси,
Шаҳристон ноҳияси.
Суратлар муаллифи Облоқул Мусоев.
2 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ҳамда Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомали пойтахтнинг Исмоил Сомоний ноҳиясидаги Рўдакий хиёбонининг ғарбий қисмидаги боғда қурилиш ишларининг бориши билан танишишди.
Дастлаб Давлат бошлиғи Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг шаҳар
Муфассал...
Мен ҳар гал Деваштич ноҳиясидаги Яхтан қишлоғига борар эканман, энг аввало, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Ўринбек Ёқубов, донгдор «Ленинград» совхозига омилкорлик билан раҳбарлик қилган, собиқ СССР Олий Совети депутатлигига сайланган Тожимурод Ражабалиев ва ҳамкасбим Абдураззоқ Умаров ҳақида эслайман.
Яхтанга кираверишда, йўлнинг ўнг томонидаги янги токзорларни кўрар
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015