Куз охирлашиб бораётганида...
Дарахтлар сўнгги заъфарон баргларини ерга тўшаётганида...
Бўм-бўш даштлару хилват боғлар очкўз зоғлар билан тўлаётганида...
Шу вақт…
У ўлим нафасини эшитди.
Бу наҳс дам болиши бошидан келарди.
Бир кунмас-бир кун ҳамма ҳам ўлади. Ўлимдан қўрқмаслик керак. Зеро, ҳеч ким абадий яшамайди.
Лекин бемор бўлиб, қимирламасдан, кўрпача ичида узундан-узоқ кутиш…
Бу, албатта, яхши эмас.
Бу – азобу алам!
Мўйсафид, ҳақиқатан ҳам, азият панжасида эди. Қарийб ҳушдан кетиб, гоҳо бошқа бегона олам зулматига ғарқ бўлса, бошқа бир пайт…
Сарсон тараша мисол гирдоб халқасида.
Гўё бир қаттиқ туртки-ла ундан чиқарди.
Бегона олам ажойиб ва айни замонда азобу уқубатга тўла, лиммо-лим эди. Яна қайтиб, унинг зулматига тушмаслик учун мўйсафид, фақат ўз кўзларидан мадад истарди. Шунинг учун ўша хира нигоҳини худди сувга ташна одам нигоҳларидек… Шифт чироғидан узмасди. Борди-ю мижжа қоқса, дарҳол ўша нотаниш олам тубсиз жарига қулаётгандай қўрқарди.
Ундан нарироқда ўғилу қизи ухлаяпти, узун кечалар мўйсафиднинг бошида киприк қоқмай ўтириб чарчашган.
Мадорлари қуриган.
Гарчи кўз киприклари оғир, жуда оғир бўлса-да, у ҳам томиру пайларини ишга солиб, чироқдан кўз узмасди. Ўлимга тан бермасди.
Одамлар…
Эгниларида мотам тўнлари.
Қўлларида асо.
Гўр оғзига тикилашади.
Кейин ўгирилиб чолга назар ташлашади. Ва зудлик билан ғойиб бўлишади.
Уларнинг ўрнида фақат… кўзларигина қолади. Кўп, кўпгина кўзлар…
Худди мўрмалахдек ҳар деразадан касал томон сакрашиб, унинг пешонасини сийпалашади, бадани бирданига совуйди…
Мўйсафид қўрқиб, азоб билан кўз очди. Қўлини бўйнига олиб борди ва унинг йўғон томирини қаттиқ титраётган кўрсаткич бармоғининг учи билан босди.
Ва кўнглидан ўтказди, унинг ориқ қилтириқдек бўйни ҳозир елкасидан жудо бўлади.
Демак Азроил келибди.
Мўйсафид ана шундай ўй-фикрлар билан банд бўлиб турганда чироқ нури кўз олдидан сирғалди,
Гўё асло бўлмагандай.
… Ва у текис, кенг ва чанқоқ бир даштни кўрди. У сув дерди, сув талаб қиларди. Ёндирувчи қуёш остида титраб, кўм-кўк ҳолсиз майсаларни ютиб юборишни истарди. Улар танасидаги сувдан… кам қолган бўлса ҳам, бир оз жон олмоқ бўларди.
Мўйсафид ер ҳайдарди. Аммо ташналик босимидан ҳалқуми шу даражада қурибдики, ҳолдан кетиб, қўллари омоч дастасини тута олмайди. Ҳўкизларнинг ҳам бу оғир дард юкидан қимирлашга мадори йўқ. Тумшуқларини ерга суртиб, унинг рутубларини ҳидлашади ва шу билан гўё чанқоқларини қондирмоқчи бўлишарди. Унинг сабри тугаб, бошқа тоқат қилолмай, омоч дастасини беихтиёр қўйиб юборди-ю…
Дашт ўртасида…
Шудгор устига йиқилади.
Ва дашт уни куйдириб, кулга айлантиради.
… Чироқ нури мўйсафидни беҳушликдан, ажиб ва нотаниш олам гирдобидан ташқарига олиб чиқди.
«Мен у даштда неча бор ташналикдан ўлган эдим. Худои Карим унутмагандир!»
Аммо у яна ҳушидан кетди.
…Она ўша вайрона кулба бурчагида ўтирибди. Тиззаси бошида бир парча оқ мато, қўлида игна-ю ип. Пичирлаб қўшиқ куйлайди. Ва ўша ғамгин қўшиқ уй фазоси узра ёйилиб, то мўйсафиднинг қулоғигача етди. Болалик айёмида она фақат унинг учун куйлаган қўшиқ.
Мўйсафид йиғлайди, ўксик кўнгли аччиқ изтиробда, аччиқ…
Кафти билан шашқатор ёшларини артади.
Дилафгор она…
Унинг қўшиғи ўғил қалбининг туб-тубигача йўл очади. Ва беморнинг барча дарди ҳам қўшиқ бирла йиғлаб, кўз ёшларига ғарқ бўлади.
Мана, она эшик томон бормоқда.
Ва мўйсафиднинг тилкаланган қалбидан макон топган азоб-уқубат ўша андуҳ тўла қўшиқ-ла, эшикдан ташқарига чиқади.
…
Шифт чироғи яна равшанлик беради.
«Онам у дунёдан келиб, менинг ўлимимга – нобоп фарзандига … йиғламоқ истайди…»
Мўйсафиднинг оёқларига совуқлик югурарди.
Оғрирди оёқлари…
У яна бир кўрпа ёпинишни истарди.. Аммо кўзларининг оғир киприклари қайтадан ўзаро бирлашди.
…Мўйсафиднинг қулоғига гурзининг тошга урилган овози эшитилди. Ва тош майда-майда бўлиб, унинг парчалари кўрпалари узра сочилди. Бошининг неча жойи ёрилиб…
Юзига,
Болишига қон қуйилади.
Бор-йўғи – тўрт-беш тиши
Синиб…
Оғзидан тушади…
Ориқ кўксига тўкилади.
… Чол кўз очди.
Кўзлар ўз хонасидан сачраб чиққанди.
Қўрқинчли эди!
«Онамнинг мозорига, албатта, мармар тош қўяман деб ният қилгандим. Аммо йиллар ўтди, юпқақўллик имкон бермади.
Ё меҳрсиз эдимми?
Худоё Худовандо, гуноҳимни кечир. Сен, ахир, Раҳим-ку!»
Шуни айтди-ю яна зулмат гирдобига йиқилди.
… Тепаликдан бошига минглаб бошоқ буғдой тўкишади.
Гоҳо боғ-боғ…
Тўкишади, уни кўмишади.
Бошоқнинг ўткир қилтириқлари баданини тирнарди.
Оғзига кирарди,
Томоғига…
Ниҳоят, ичкаридан кўкрак қафасига етиб, худди оловда қиздирилган сон-саноқсиз игналар мисол ўпкасини ғалвир қилиб…
Оқибат…
Тўрт томондан захмдор юрагига санчиларди.
… Мўйсафид тамомила нурсиз, хира бўлиб энди ўлаётган кўзларини...
Нечанчи мартадирким…
Очди.
«Қиронбек бир баҳор мен билан бирга қўш ҳайдади. Унга икки қоп буғдой ваъда қилдиму кузда … бермадим. Ҳали ҳозир ўша буғдой мени ўлдиради».
Мўйсафид зўр бериб, овоз чиқармоқчи бўларди. Қизу ўғлини уйғотиб, уларга унинг ўлими олдидан, агар иложини топиша олмаса… гўри чўпидан кейин Қурбонбекка икки қоп буғдой беришни айтмоқчи эди.
Аммо овоз томоғидан ташқарига чиқмайди. Мўйсафид жисмида худди қиздирилган қўрғошиндай тарқалди.
У қора тилини чиқариб, бармоқларини оғзига солди…
Токи овозини тортиб, томоғидан ташқарига чиқармоқ учун…
Аммо жағлари бир-бирига ёпишиб, унинг бармоқларини исканжага олди. Ва кўз-қовоқлари мисли сандиқ қопқоғидай…
Гўё тарақлаб,
Бир-бирига урилди!
… Хона деразаси очилди. Ва мўйсафиднинг атрофида оқ мато назарга ташланиб, тинмай ҳилпирайди, ўралади, охири йўқ, сўнги йўқ, оқ мато.
Уй оқ матонинг худди чақноқ қуёш нурлари мисол зиёсидан ёришиб кетади. Кейин мато мўйсафид жисмига ёйилади. Ва аввал оёғини,
Кейин қўлини,
Елкасини…
Ўрайди. Маҳкам ўрайди,
аммо бундан у енгил тортади, кейин мато бошига етиб,
мўйсафидни майингина эркалайди.
Барча томир пайларини ҳам тасарруфига олиб мулойимгина ёпади. Ва ниҳоят,
бўйнига ўралади.
Янада қаттиқроқ…
Худди дарахт япроқларини беозор шитирлатгандай, енгил бир сабо мисол атрофга паст, дилчасп ва айни ҳолда сиру асрорли садо таратиб…
Ўша оқ мато гўё ҳаргиз чеки бўлмаган ипак толасидай мўйсафиднинг бўйнига ўралади.
1988 йил.
Саттор Турсун.
Тожик тилидан Омонбой Жуманов таржимаси.
ёхуд келажагимиз бунёдкорлари маънавиятига қайғуриб…
Ёшлик - инсон умрининг «маънавий қасри»га тамал тоши қўйиладиган ғанимат замон. Зеро, ана шу маънавият умрбод одам боласининг ҳаётдаги мавқеини белгиловчи мезондир. Бақувват маънавият - етук инсонлик гарови…
Халқимиз: -Бола бошдан… - деган иборани бот-бот қўллайди, бу бежиз эмас. Тарбия она қорнидан бошланади. Уч кунлик гўдак тарбияси эса, ахлоқ-одоби комил фарзандни тарбиялаш имконини бой бериш демакдир.
Муфассал...
Ватанпарварлик ғояларини тарғиб қилиш ва амалда исботлаш олий бурч ҳисобланади. Ватанга бўлган муҳаббат ва садоқат сарҳад билмас ҳис-туйғу эканлигини баъзи бир ватандошларимиз сиймосида кўриш одамга ўзгача ифтихор бағишлайди. Ёки аксинча, Ватанга хиёнат қилган кишининг кирдикорлари одамлар қалбида чуқур ва тузалмас жароҳат қолдиради. Инсон умри давомида ҳар икки кўринишни ҳам ўз баданида ҳис қилиб яшашга - маҳкум.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015