Бугун қондош ва жондош, оға-ини, дўст ва биродар икки халқ - тожикнинг ҳам, ўзбекнинг ҳам кўзи, нигоҳи икки давлат бошлиқларининг гулдиёримиз Тожикистонда олий мақомда бўлиб ўтадиган учрашувига қадалган. Бу учрашув ён қўшнимиз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг юртимизга илк ташрифи ила амалга ошади. Илк ташриф эса, ҳамиша қадрли ва қутлуғ, файзли ва баракали бўлади. Унинг қувончи ва хосияти ўзгача. Қўшни
давлат сарвари дастлабки ташрифининг айнан баҳор фасли бошланишида амалга ошаётганининг катта бир рамзий маъноси бор. Зеро, фасллар келинчаги бўлган баҳор хайрли ишларнинг дебочасидир. Ҳали қиш кетиб улгурмаган, баҳор эса, ўз ҳуқуқларини тўла қўлга олмаган икки фасл оралиғида барқ уриб гуллаган ўрик дарахтига бирор киши бефарқ ва лоқайд қарай олмаганидек, айни баҳор чоғида Ўзбекистон Президентининг юртимизга қўяётган қадамлари хосиятли бўлишига, тилаклар ижобатини топишига халқимиз катта умид ва ишонч билан қарамоқда. Ташриф чоғида давлатлараро ва ҳукуматлараро 20дан ортиқ икки томонлама битимлар имзоланиши кутилмоқда. Бу битимлар замирида иккала халқ учун ҳам манфаатли бўлган масалалар ётибди.
Бундан бир неча аср илгари ўзбек ва тожик халқларининг дўстлигига тамал тошини қўйиб, дўстлик булоғини қазиган, унга равонлик бахш этган, булоқ соҳилларини меҳр ва ақл-идрок воситасида мустаҳкамлаб, ҳар қандай бало-офатлардан асраган икки улуғ сиймо - Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ана шу оппоқ бўлиб гуллаган ўрик атрофида суҳбат қуриб, икки халқ дўстлигини тўлиб-тошиб куйлаган эдилар.
Бугунги кунда бу буюк алломаларнинг дўстлик, рафоқат борасидаги хайрли ишини давом эттириб, унга ўзгача кўрк ва чирой бағишлаётган икки сарвар, икки дўст - Тожикистон ва Ўзбекистон Президентлари Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевлар олиб бораётган ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари илдизи ана шу минг йиллик тарихнинг зилол ва мусаффо булоғидан сув ичаётганлиги кўнгилга ғурур ва ифтихор туйғуларини олиб кирмоқда. Бугун иккала халқ ҳам ана шу бебаҳо туйғу оғушида яшамоқда. Бир ўзбек адиби сифатида менинг ҳам қалбимни ана шу беғубор туйғу забт этди ва бу икки халқнинг азалий ва абадий дўстлиги тўғрисида икки оғиз сўзлагим келиб қолди.
Икки халқ дўстлиги ҳақида сўз юритар эканман, беихтиёр Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг: "Тожик ва ўзбек дўстлиги Худованд амри биландир. Икки халқ дўстлигининг зилол булоғи бошида икки буюк сиймо - Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий турганлиги икки халқ дўстлиги рамзидир. Биз бу дўстлик булоғининг мусаффо сувларига асло гард юқтирмаймиз, уни кўз қорачиғидек авайлаб-асраймиз. Бу сувнинг мусаффо юзаларида хазон барглари эмас, нилуфар гуллари қийғос очилиб, сузиб юришини истаймиз…",- деган образли сўзлари ёдга тушди. Зотан, Эмомали Раҳмон давлатимиз сарвари бўлган кундан бошлаб, шу катта оиланинг меҳрибон падари сифатида икки халқ - тожик ва ўзбекларнинг дўстлигини тез-тез эслатиб келмоқда. Шу боис, икки халқ дўстлиги кундан-кунга ошиб боряптики, ҳеч қанча камайгани йўқ.
Бугун бу дўстлик булоғи тиниқ ва беғубор, кўрки ва таровати, файзи ва баракоти ўзгача. Чунки, дўстлар дийдорига ташна қалблар юз кўришиб, ҳол сўрашган ҳолда, ана шу булоқ атрофида давра қуриб, дастурхон ёзиб, дўстлик булоғининг ширин ва тоза сувидан ичиб, икки давлат раҳбарининг ҳидояти ва марҳамати ила азалдан дўст ва биродар бўлиб келган тожик ва ўзбек халқининг ўзаро муносабатларида янги давр бошланганига шукроналар айтмоқдалар. Унинг назмий ифодаси будир:
Дўстлик булоғи оқавер мудом,
Зилол сувларинг ҳузури жондир.
Келақол, эй дўст, салом-ассалом,
Кўришмоқ вақти - ажиб замондир.
Баҳри муҳитда нимаики гўзал ва мафтункор бўлса, барча-барчаси арзанда ва суюкли баҳордан андоза олади. Ҳамма эзгу ишлар ўзида гўзалликни мужассамлаштириб турган баҳорнинг илк кунларидаги ўрикнинг оқ-оппоқ гулига қиёсланади. Зотан, оқлик - яхшилик белгиси, покизалик рамзи. Икки буюк халқ раҳбарининг одам ва оламни янги рангларга буркантириб юз кўрсатадиган баҳорнинг илк кунларида учрашишга шайланганлигининг сирру синоати ҳам худди ана шунда, деб биламан.
Улуғ тожик шоири Мирзо Турсунзоданинг:
Дўст ояд гарм дар оғўш гир,
Расми хуби тожиконро гум макун.
Халқи олам дўст бо мо гаштааст,
Ваҳдати халқи жаҳонро гум макун,- деган қуйма сатрлари қанот боғлаб юртимиз осмонида кезиб юрибди. Шеърият султони Абуабдуло Рўдакий тили билан айтганда, жаҳонда дўст дийдорини кўришдан азизроқ ва қимматлироқ нарса йўқ. Улуғ тожик адиби Садриддин Айний айтганидай :"Биз бир дарёдан сув ичамиз, бир дастурхондан нон еймиз, бир хил кийинамиз, бизларнинг урф-одатларимиз ҳам бир хилдир".
Ҳа, ўзбек ва тожик халқлари орасидаги дўстлик ва қардошлик жуда қадимий бўлиб, бу халқларнинг ватани бир-бирига пайваста ва қўшилгандир, турмуш тарзи ва урф-одатлари бир-бирига ўхшашдир. Бу ҳар икки халқ қадимулайёмдан бери барча ишларда ҳамфикру ҳамкор бўлиб, қўлни-қўлга бериб, елкама-елка иш олиб борганлар. Атоқли ўзбек шоири Ғафур Ғулом айтмоқчи, бу икки биродарни туғишган, эгизак, дейишдан бошқа сўзни ишлатиб бўлмайди.
-Тожиклар "Ҳавли нахару ҳамсоя бихар",- дейишади. Бу ҳақ гап,- деган эди улуғ тожик шоири, дўстлик ва биродарлик куйчиси Мирзо Турсунзода, - "қўшни", "ҳамсоя" деган сўзнинг маъноси шуки, бу ёруғ оламда ҳам, ҳатто у дунёда ҳам энг аввал қўшнидан сўралади. Халқимиз девор-дармиён яшовчи кишисига иссиқда соя бўладиган, қўшнисининг яхши яшаши учун қайғурадиган кишини "қўшни" деб атайди. Шунинг учун ҳам қўшнининг уйи сотилмоқчи бўлса, унга бошқалардан кўра қўшни ҳақлироқдир, дейилган.
Машҳур ўзбек адиби, давлат ва жамият арбоби Шароф Рашидов Мирзо Турсунзоданинг бу сўзларини қувватлаб, фахр билан ёзади:
- Панжу Вахш, Кофарниҳону Сурхондарё туғёнли дарёлари пурвиқор қорли Помир чўққиларидан бошланиб, Аму дарёсига қуйилишида рамзий маъно бор.
Бу икки халқни фақат тил ажратиб туради. Бошқа ҳамма томондан бир хил: имон-эътиқодда ҳам, урф-одатда ҳам. Тожик шоири Аминзода айтганидай:
Тил бўлакча, дил як аст, йўл битта йўл,
Биз бу манзилга етурмиз, баски моро дил як аст.
Ўзбекистон халқ шоири Собир Абдулла юракдаги жўшқин ҳис-туйғуларини тожик дўстларига аталган қуйидаги эҳтиросли мисраларда битган эди:
Сиз билан биз қариндош, ҳаттоки қуда-анда,
Тўйлар давом этсин ободу тинч ватанда.
Тошкентга келса тожик шоир эмас мусофир,
Ўз шаҳридек қилур ҳис, Душанбе борса Собир.
Мен тожик ва ўзбек халқи дўстлигига бағишланган шеърларни кўпроқ аруз вазнида ижод қилганман, яъни бу безавол дўстликни кўпроқ ғазалларимда васф этишга мойиллик ва рўйхушлик билдирганман. Чиндан ҳам ўзбек ва тожик сўзларининг уйғун, қофиядош бўлиб келиши бир банднинг икки мисрасига ўхшаб кетади.
Мангу ҳамдам, мангу ҳамқон тожигу ўзбек бўлур,
Лойиқи таърифи шоён тожигу ўзбек бўлур.
Гулшани дунё ароким турфа гуллар ўсгуси,
Гулшан ичра ғунча хандон тожигу ўзбек бўлур.
Ул бириси моҳитобдир, ул бириси ол қуёш,
Тунда ёруғ, кунда рахшон тожигу ўзбек бўлур.
Ул бири муштоқи дўстдир, ул бири пазмони дўст,
Ҳам у муштоқ, ҳам бу пазмон, тожигу ўзбек бўлур…
Дўстлик булоғи. Унинг зилол сувидан нўши жон этган сайин кўнглинг равшан тортади, танингда куч-қувват пайдо бўлади. Дўст дийдорига ташналик сени ўша табаррук булоқ сари чорлайверади. Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифини интиқ-интизор кутаётган халқимизнинг бугунги кайфиятини кўз ўнгимга келтирар эканман, машҳур тожик шоири Боқи Раҳимзоданинг бундан 50 йил муқаддам ўзбекистонлик олийқадр меҳмонларнинг диёримизга ташрифи муносабати билан ёзган қуйидаги сатрлари яна бир марта хотирамда жонланди:
Ҳар бир хонадонда бугун шодликлар мавж уради,
Ўзбекистон Тожикистон диёрида давра қуради.
Назму санъат жамолини қилади у намойиш,
Дўстлик мадҳин ардоқлаб берар унга оройиш.
Тожикларнинг пойтахти очгандир ўз бағрини,
Жойлаштирар юрагига ўзбек элин барини…
Дастлабки пойқадамда фазилат кўп. У тожик ва ўзбек халқларининг дўстлиги, қўшничилик муносабатларида янги даврни очиб бериши, янги мазмун ва маъно кашф этиши шубҳасиздир. Онингдекким, икки фасл оралиғида гуллаган ўрикнинг меваси ширин ва тотли бўлади.
Сулаймон Эрматов,
Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси.
Улуғ устоз Абдулла Қодирий айтганларидек, мозийга қайтиб иш кўриш хайрлидир. Зотан, киши мозийдан ибратланиб, ўзининг келажаги учун яхши ва мустаҳкам пойдевор қуриши мумкин. Айниқса, бу икки мамлакатнинг ўзаро муносабатларига тегишли бўлса, унда бу пойдевор то қиёмат пойдор бўлади, ё насиб!
Илдизи тарих қаъридан сув ичган тожик-ўзбек дўстлигига янги аср
Муфассал...
Табаррук газетамиз "Халқ овози" 90 ёшга тўлибди. Газета тарихи ҳақида сўзлар эканмиз, устоз Ҳожи Содиқни эсламай бўлмайди…
Сўз устоз ҳақида борар экан, мураббий, тарбиячи деб ифтихор-ла тилга олинадиган саховатпеша, бепоён меҳру мурувват, одамий фазилатлар соҳиби бўлган бу заҳматкаш инсоннинг нурли сиймоси кўз ўнгингизда гавдаланади, хотирангиз гўшаларида қад ростлаб, сизга меҳрибон кўзлари-ла нигоҳ ташлаб
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015