ёхуд тадбиркорлар йўлидаги тўсиқлар хусусида
Сўнгги йилларда мамлакат олий раҳбарияти ташаббуси билан тадбиркорлик ҳамда хусусий сектор фаолиятини ривожлантириш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва қулай шарт-шароит яратиб бериш борасида қатор чора-тадбирлар кўрилаётганлиги барчага аён. Бу соҳага оид қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, қабул қилинмоқда.
Уларда тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш, тартибга солиш, давлат идоралари билан улар ўртасидаги муносабатлар ҳам очиқ-ойдин белгилаб қўйилган. Шундай бўлса-да, айрим текширувчи ва назорат органлари томонидан тадбиркорлар фаолиятига сунъий тўсиқлар қўйиш, ўринсиз аралашиш ҳамда кўплаб текширишлар ўтказиш ҳоллари учраб турибди. Бу ҳолат нафақат элга мададкор - тадбиркорлар, балки Давлат бошлиғининг ҳам ташвиши сабабига айланганлигининг гувоҳи бўлдик. Бунинг исботи ўлароқ, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг 2016 йил 22 декабрда мамлакат олий қонунчилик органи - Олий Мажлисга йўллаган Паёмида бу масалага оид билдирган фикрини келтириш ўринлидир: - «… шуни таъкидлаш жоизки, тўғридан-тўғри сармоялар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун қулай шароитни яратиш йўналишида шу пайтгача баъзи бир сунъий маъмурий тўсиқлар кўзга ташланмоқда…
… Ўтган йили тегишли идоралар фаолиятларини тартибга солиш учун Тожикистон Республикасининг «Хўжалик субъектлари фаолиятини текшириш тўғрисида»ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.
Бироқ текширувчи ва назорат органларининг катта қисми ҳамда ўринсиз текширувлар тадбиркорларни асоссиз ташвишга солади.
Шунинг учун, Иқтисодий тараққиёт ва савдо, Молия вазирликлари, Сармоялар ва давлат мол-мулкини бошқариш давлат комитетига мазкур масалани ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда Ҳукуматга текширувлар камайтирилиши, уларнинг янада шаффофлашуви ва соддалаштирилиши борасида тегишли ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатни тавсия этиш топширилади».
Давлат раҳбари томонидан тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, улар олдидаги турли тўсиқ ва асоссиз текширувларни камайтиришга оид берилган бундай топшириқларнинг тегишли давлат тузилмалари томонидан қатъий ижро этилишини таъминлаш лозим.
Негаки, ҳозирги шароитда давлат иқтисодиёти ривожи ва халқ фаровонлигини таъминлашнинг асосий омилларидан бири бу, албатта, тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар манфаатларини қонун доирасида ҳимоялаш ҳисобланади. Ҳақиқатдан ҳам, тадбиркор қандайдир бир катта ёки кичик ишлаб чиқариш корхонаси, дўкон, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаларини ташкил этиш билан ўзи учун даромад олибгина қолмасдан, балки ўша жойда истиқомат қилувчилардан уч-тўрт нафарини иш ўрни билан таъминлаб, давлат учун солиқ тўлайди. Шу йўл билан у мамлакат тараққиётига оз бўлса-да улуш қўшади. Бироқ ўз интилиши, саъй-ҳаракати ўлароқ даромад олаётган тадбиркорлардан «бирор нарса» умид қилиб турганлар ҳам талайгина. Меҳнат қилмай, мансаби ва вазифасини суиистеъмол қилиб, мўмай даромад олишни истаганлар кам дейсизми? Тадбиркорлар эса, улар учун асосий «ўлжа».
Бечора тадбиркор кичкина бир корхона очиш мақсадида ижозатнома олиш, ўз фаолиятини қайддан ўтказгунча, қанчадан-қанча идоралар эшигига бош суқиб, неча кишиларни «хурсанд» қилади. Бундай югур-югурлардан қутулиб, энди нафас ростлайман деганда, яна текшир-текширлар бошланишини айтмайсизми? Бирини кузатмасдан, иккинчиси келиб турган «текширувчилар» кўп бўлган бундай ҳолатда бечора тадбиркор қачон қаддини тиклаб, қачон хотиржам фаолият юритади?
Бир суҳбат доирасида доимий равишда газета мутолаа қилиб борадиган танишимнинг гапи диққатимни тортди.
– Мен кўп газета ўқийман. Шу сабабдан улардаги эълонларга ҳам бир кўз югуртириб қўяман. Корхона ва кичик тадбиркорлар ўз фаолиятларини тўхтатаётганликлари ҳақидаги эълонлардан ажабланаман, - дейди у сўзида давом этар экан, - бунинг сабаби нимада бўлса?
Ўшанда унинг гапларига эътибор бермаган эканман. Лекин бир куни газетага шу масалада эълон бермоқчи бўлиб келган кишининг сўзларини тинглаб, юқоридаги гаплар ёдимга тушди.
– Ўзи кичкина бир дўкон очгандим. Фаолият бошлаганимга ҳали кўп ҳам бўлгани йўқ. Қилган харажатларимни қоплашга ҳам улгурмадим. Шундай бўлса-да, дўконни ёпмоқчиман. Чунки устма-уст текширишлардан чарчадим. Улар келгандан кейин қуруқ қайтариб бўлмайди-ку, ахир, - деди ўша киши.
Мазкур мақолани ёзиш жараёнида бир қатор идоралар ва тадбиркорлар билан суҳбатда бўлиб, масалани кенгроқ ўрганишга тўғри келди. Тожикистон Республикаси Сармоялар ва давлат мол-мулкини бошқариш давлат комитетининг Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бошқармасида бўлганимда ҳам: - «Жорий йилнинг уч ойи мобайнида фалон миқдордаги юридик шахслар фаолиятларини тўхтатибди. Бунинг сабабларини ўрганиб чиқиш лозим», - дея гаплашаётганлар суҳбатига гувоҳ бўлдим. Бунинг асосий сабаби, аввало, тадбиркорлар ўз олдидаги тўсиқлар ўлароқ эркин фаолият юрита олмаётганликларида эмасмикан, деган савол туғилади кишида. Сунъий тўсиқ деганда бир нечтасини санаб ўтиш мумкин: ижозатнома бериш жараёнининг мураккаблиги, солиқларнинг юқорилиги ва энг катта «ғов» эса, ҳар бир келганида «ўз ҳақи»ни олиб кетадиган текширувчилар…
Бу борада тадбиркорлар фикрини билмоқчи бўлганимизда, кўпчилиги: - «Иш бор жойда, камчилик ҳам бўлади-да», - дейиш билан чекландилар. Нега десангиз, улар бирор кишига бу масалада оғиз очишга ҳам қўрқиб қолишган. Тадбиркорлар ўзларини шу даражада четга олишадики, ҳатто, кўпчилик улар ҳақида билишини ҳам исташмайди. Шаҳар ёки чекка бир қишлоқда янги фаолият бошлаган тадбиркор олдига бориб, газета орқали у ҳақда бирор мақола ёзиш истагингиз борлиги тўғрисида гапирсангиз: - «Келинг, шу газетага бермай қўя қолинг. Агар газетага мақтаб чиқадиган бўлсангиз, бошим балога қолади. Текшир-текшир баҳонасида бугун униси, эртага буниси келиб-кетишаверади. Ўзи бир амаллаб ижозатнома олиб, энди фаолият бошладим...» - дейди.
Тадбиркор дегани текширувчидан шунчалик безиб қолганки, ҳатто, нотаниш бир киши келаверса ҳам ҳовлиқиб қолади. Бундай текширувчилар маълум бир вақтда келиб, ишларини қонун доирасида амалга оширадиганлар эмас, балки тамагирлардир. Тамагир бўлганда ҳам бир марта олиб, қайтиб кетадиган эмас, аксинча, ўша жойни ўзининг доимий мўмай даромад манбаига айлантириб оладиганлардир. Уларнинг бундай ноқонуний амалларини эса, бир-икки киши учун иш жойи яратиб, уларнинг қора қозони қайнашига кўмаклашган, юрт равнақига ҳисса қўшишни мақсад қилган тадбиркорлар йўлидаги асосий тўсиқ, дейиш мумкин.
Тадбиркор ва текширувчи органлар ўртасида бўладиган қонун доирасидаги муносабатлар эса, мамлакат Президенти томонидан 2015 йил 25 декабрида имзоланган Тожикистон Республикасининг «Хўжалик субъектлари фаолиятини текшириш тўғрисида»ги қонуни асосида тартибга солинган. Мазкур қонун мулк шаклидан қатъий назар, текшириш, уни ўтказишнинг ягона тартиби ва расмийлаштирилиши, хўжалик субъектлари, текширув ўтказадиган орган мансабдор шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг ҳуқуқий асосларини белгилаб, фуқаролар саломатлиги, уларнинг қонуний манфаат ва ҳуқуқлари, атроф-муҳит, миллий хавфсизлик ва текшириладиган хўжалик субъектлари фаолиятини ҳимоя қилишга қаратилган.
Унда ваколатли давлат органларининг хўжалик субъектлари фаолиятини текшириш соҳасидаги ваколатлари, текширув ўтказиш намунавий қоидалари, асосий принциплари, текширув органлари ва унинг мавзулари, текширув ўтказиш учун асос, текширувларни қайдга олиш дафтари ва шунга ўхшаш барча масалалар аниқ белгилаб қўйилган. Мазкур қонуннинг 13-моддаси 2-бандида белгиланган талабга кўра, «Текширувчи органнинг мансабдор шахси текширишларни қайдга олиш дафтарига қайд этмаган тақдирда текшириш учун йўл қўйилмайди».
Шундай экан, тадбиркорлар ҳам ўз ҳуқуқлари учун курашиб, ҳар доим давлат ҳимоясида эканликларини ёдда тутган ҳолда, ҳар бир текширувчидан текширувини дафтарга қайд этишларини чўчимасдан талаб қилишлари керак. Бундан ташқари, Паёмда таъкидланганидек, Иқтисодий тараққиёт ва савдо, Молия вазирликлари, Сармоялар ва давлат мол-мулкини бошқариш давлат комитети Ҳукуматга мазкур масала юзасидан аниқ бир тегишли ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатни тезлик билан тавсия этишса-ю, текширишга ваколатли органлар раҳбарлари ҳам ўз ходимлари қилаётган ишларга жиддий эътибор қаратсалар яхши бўларди…
Зуҳриддин УМАРОВ, «Халқ овози».
Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги Хистеварз қишлоқ жамоатида бўлиб ўтган ҳалқ ҳунармандчилиги кўргазмасига ўз маҳсулотларини қўйиш истагида бўлган ҳунармандлар сони кутилганидан камида икки баравар кўп бўлди. Кўргазмага деярли 50 турдаги халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари қўйилди. Улар орасида сўзаналар, заргарлик буюмлари, атлас ва адрас, чолғу асбоблари, ўйинчоқлар, тандир, қандолатчилик маҳсулотлари бор эди.
Муфассал...
Худо ҳеч бир махлуқнинг кушандасини ўзидан чиқармаган. Фақат одамгина ўз кушандасини ўзи яратади. Одамнинг кушандаси – одамнинг ўзи. Ит итни емайди, аммо одам одамни маънан «ейиши», жисмонан йўқ қилиши оддий ҳолга айланиб бормоқда…
Асқар МАҲКАМ, «Оқ китоб».
Одам – Яратганнинг ноёб мўъжизаси… Ҳақиқатдан ҳам шундай. Бу –
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015