Ҳар гал Хўжанд шаҳри, у ердаги оқибатли одамлар ҳақида ўйлаганимда талабалик даврининг ширин хотиралари кўз ўнгимда бирма-бир намоён бўлади. Айниқса, биз шогирдларни тўғри йўлга ҳидоят этиб, эзгулик сари чорлаган яхшилик тимсолидаги фариштанамо устозларимга, илм ва маърифат бобида Табризу Боғдод, Самарқанду Бухородан нуфузи асло кам бўлмаган Хўжанд шаҳрига ҳамиша таъзим қилгим келади.
Мана, олийгоҳни тугатганимизга ҳам салкам 40 йил бўлмоқда. Иш юзасидан бу шаҳри азимга ҳар дафъа сафар қилганимда азиз устозларим ҳамда қадрдон дўстларим билан дийдорлашиб, уларнинг дилтортар суҳбатларидан баҳраманд бўлишга ошиқаман. Бундай соғинч туйғуси кўп йиллар ўтса-да, бизни боғлаб тургани учун Яратганга беадад ҳамдлар айтаман.
Биз таҳсил олган муқаддас даргоҳда ҳалол меҳнат қилиб, илм аҳлининг эътирофига, ҳурмат ҳамда эъзозига сазовор бўлган устозларимиздан бири олижаноб қалб эгаси, ўз бахту саодатини шогирдлари камолида кўра олган таниқли олим, филология фанлари доктори, профессор Абдували ака Бердиалиев билан биз доимо фахрланамиз. Устознинг серқирра фаолияти ҳақида кўп ва хўп фикрлар айтиш мумкин. Хусусан, бу азиз инсоннинг биз шогирдларнинг ҳаётида ўчмас из қолдирган унутилмас хотиралар, эслашга арзигулик воқеалар талайгина. Меҳрибон устозимизнинг мавлуд айёмлари шарофати билан шулардан баъзиларни эслашга қарор қилдим. Эҳтимол, бу қайдлар ҳар бир киши учун ҳам ибрат мактаби бўлса ажаб эмас...
Олтинга тенг талабалик йилларида устоз билан кўп бор сафарларга бирга бориш бахтига муяссар бўлганмиз. Бир гал курсдошларимиз билан устоз раҳнамолигида Фарғона ҳамда Қўқон шаҳарларига сафар қилган эдик. У ердаги тарихий жойларни, ўтмишда яшаб ўтган шоирларнинг уй-музейларини кўриб, таниқли кишиларнинг мароқли суҳбатларидан баҳраманд бўлгандик. Шунингдек, сафаримиз давомида китоб дўконларидан кўплаб китоблар харид қилишимиз, курсдош дўстларимиздан Тўра ака ва Бахтиёрларнинг ҳаддан ташқари китобга ўчлиги у ердаги савдо ходимларининг ҳайрати ва хурсандчиликларига сабаб бўлганлиги бизда ўзгача таассурот қолдирган эди. Ўшанда устоз Абдували аканинг зукколик билан қандай китобларни харид қилишимиз кераклигини бирма-бир тушунтириши, зарурат туғилганида моддий кўмагини ҳам аямаганлигини алоҳида эслашим жоиз.
Сафардан қайтишда Конибодомдаги китоб дўконига қилган ташрифимиз, ўша йилларда топиш анча мушкул бўлган 14 жилддан иборат ўзбек қомуси жамламасини харид қилишимизга сабабчи бўлган устознинг ташаббуслари асло эсимиздан чиқмайди. Олийгоҳни тугатгунга қадар бу китоблар гуруҳимиз учун беминнат хизмат қилганлиги шунчаки оддийгина ҳодиса эмас эди. Беихтиёр ўша дамларни ўйлаганимда, бугунги кунга келиб китоб сотиб олишдан кўра ота-онаси тақдим қилган энг сўнгги русумдаги қўл телефонини атрофидагиларга кўз-кўз қилиб, ҳафта давомида исталган миқдорда унга пул ўтказишни одатга айлантирган баъзи ёшларга дуч келганимда, олтинга тенг талабалик йилларимизни соғинч билан эсга оламан.
...Куз фаслининг совуқ кунлари эди. Эрта билан биз талабалар одатдагидек турна қатор бўлиб, пахта майдони томон борар эдик. Устоз ҳам бирга эди. Қўлларида доимо олиб юрадиган кичкинагина радиоприёмниги бўлиб, ундан таралган куй ва қўшиқлар, хабар ва янгиликлардан биз ҳам кўпинча баҳраманд бўлардик. Шу пайт бирдан эфир тўлқинларидан “Нон нашидаси” таронаси янгради. Йўл-йўлакай уни мириқиб тинглаб, иш жойига етиб келдик. Энди ишни бошламоқчи бўлиб турганимизда, устоз ҳаммамизни олдига чорлаб, ҳозиргина эшитган қўшиқдаги икки мисра шеърни ҳисобчи йигитнинг дафтаридан олинган қоғозга чиройли қилиб ёзиб, бизга тақдим этиб, уни кимда-ким тўғри ва тўлиқ синтактик таҳлил қилиб берса, бир кунлик ишдан озод бўлишимизни эълон қилди. Шунда биз жон ҳолатда теримни қўйиб, таҳлилга киришдик. Таҳлил учун берилган шеър матни тахминан шундай эди:
Хирмон тўлиб,
тўкилди дон,
Тандир тўлиб,
ёпилди нон.
Топшириқни бажарганлар устозга кўрсатишга ошиқар эди. Ҳамманинг фикри-зикри бир кунлик ҳордиқда эди.
Грамматик таҳлилга анча уста бўлган курсдош қизларимиздан бири Бибиражаб Аҳмедованинг ишини қўлга олган устоз: “Мана, тўппа-тўғри аниқлабсиз, таҳлил жуда ҳам тўғри бажарилган”,- дея таъкидлаши бирдан эътиборимизни тортди. Ҳамма учун тушунарли бўлган, ихчам шаклдаги икки мисрадан иборат шеърий матн “Аралаш тип қўшма гап”га мансуб эканлигини биринчи бўлиб тўғри аниқлай олган курсдошимизнинг оғир меҳнатдан бир кун озод бўлиши, тўғриси, ҳаммамизда ҳавас уйғотган эди.
Домладаги бундай ноёб топқирликлар, энг муҳими, меҳнат жараёнида ҳам таълим ва тарбия ишларини қойилмақом тарзда ўрни-ўрнида бирга олиб боришига тан бермасдан иложингиз йўқ. Кўпинча декабр ойларига қадар узоқ давом этадиган пахта даврида устознинг бир-биридан қизиқарли бўлган мантиқ ва мазмунга асосланган савол ва топшириқларига тўғри жавоблар топа олган зукко талабаларнинг ҳам “кўчаларида байрам” бўлганига кўп марта гувоҳ бўлганмиз.
Одатда пахта мавсумида ҳар бир кишининг вазифаси бўлиб, уни ўз вақтида ижро этиш шарт ва зарур ҳисобланар эди. Янада аниқроғи, теримчи-теримчилигини, ошпаз-ошпазлигини, чойхоначи-чойхоначилигини сидқи дилдан бажариши қоидага айланган эди. Чунки ҳамманинг фаолияти штабнинг қаттиқ назорати остида бўлар эди. Ҳар ўнкунликдаги тантанали якунлар, мусобақа ғолибларини олқишлаш, ортда қолганларга эса, чоралар кўриш урфга айланган замон эди.
Бизнинг дала шийпонида ҳам салкам юз киши бўлиб, уларни чой билан таъминлаш Маҳкамбой исмли йигитнинг зиммасида эди. У биздан 2 курс пастда ўқийдиган меҳнаткаш талабалардан эди. Кунларнинг бирида нимадир бўлади-ю чойхоначи оғайнимиз уйқунинг зўриданми, қаттиқ чарчоқданми ухлаб қолиб, эрталабки чой ўз вақтида қайнамай қолади. Ўшанда устознинг ҳаммадан ҳам кўпроқ хижолат бўлганлиги кечагидек кўз ўнгимизда. Аммо бўлар иш бўлган эди. Ортиқча дийдиёга асло ҳожат йўқ эди. Ўшанда нонуштани кутмасдан далага отландик. Чунки қўшни бригада аъзолари, аллақачон, ишни бошлаб юборишган эди. Орадан сал вақт ўтмасдан, ҳар сочидан бир тер томган Маҳкамбой биз учун иссиқ чой ва керакли егуликларни хирмон бошига етказиб борган эди. Эрталабки кўнгилхиралик тезда ортда қолиб, ҳамма ўз иши билан машғул бўлган эди.
Тушлик қилиш учун шийпонга келганимизда қизиқ воқеанинг устидан чиқдик. Катта қоғоздаги расм ҳамманинг эътиборини ўзига жалб этган эди. Унда катта самоварнинг расми чизилган бўлиб, ундан қоп-қора тутун буруқсиб чиқмоқда. Олдида эса, бир киши ётиб олган ҳолатда, зўр бериб, ундаги оловни “пуф-пуф”лаб тургани маҳорат билан чизилган эди. Пуфлашнинг зўридан бечора чойхоначининг лунжлари шишиб, кўзларининг олайган ҳолатдаги кўриниши унинг руҳиятини янада аниқроқ акс эттирган эди. Яна бу ҳам етмаганидек, “Чойхоначи Маҳкамбой нега имиллайди...” деб бошланувчи тўрт мисрали қофия ва туроқлари ҳам ўрнида бўлган шеърий парчанинг ёзиб қўйилганлиги расмга янада мукаммаллик касб этган эди. Хуллас, ушбу расм уч кун давомида шийпонимизни “безаб” турди. Бу орада неча марта илтимослар, тавба тазаррулар қилинган бўлса-да, устоз отдан тушмади.
Фикримизча, домланинг ўрнида бошқа киши бўлганида эҳтимол, ўзгача йўлни танлаган бўлар эди. Нари борса, ҳаммани тўплаб, мажлис ўтказиб, масалага сиёсий тус бериб, узундан-узоқ нутқ ҳам ирод қилиб, масъулиятсиз Маҳкамбойга бирор маъмурий чора кўрилар эди. Аммо азиз устозимизнинг вазиятга ўзига хос тарзда ёндашуви фақат чойхоначи Маҳкамбойгагина эмас, балки ҳаммамиз учун муҳим ҳаётий сабоқ бўлган эди ўшанда. Ҳар бир кишининг ўз зиммасидаги вазифага доимо масъулият билан ёндашмоғи зарур эканлигини устоз биргина расм воситасида ҳаммамизга эсдан чиқмайдиган қилиб эслатиб қўйган эди. Домладаги рассомлик билан боғлиқ қобилият аслида у кишидаги кучли хотиранинг ҳосиласи эканлиги билан характерланади. Жаҳон тилшунослигидаги мураккаб назарий тушунча ва илмий хулосаларни зудлик билан илғаб, ўзлаштириб олишлари, ўқиганларини узоқ муддат давомида ёдда сақлай билишлари ёки кўплаб шогирдларни, таниш-билишларни исм ва шарифларини ҳеч ҳам эсдан чиқармаслик каби фазилатлар у кишининг Худо берган қувваи ҳофиза эгаси эканликларидан далолатдир.
Ўзим ҳам кўп йиллар давомида раҳбарлик вазифаларида иш олиб бориб, турфа хил одамларга, муаммоли вазиятларга ҳар гал дуч келганимда, устоздаги зукколик ва топқирлик каби қатор фазилатларига таянган ҳолда иш юритишга ҳаракат қиламан.
Қадрдон устоз Абдували ака Бердиалиевнинг илм аҳли, барча шогирдларга намуна бўлишга арзигулик шахсиятлари, серқирра ва сермаҳсул илмий ҳамда педагогик фаолияти, у кишининг том маънодаги комил Инсон эканлигига шаҳодатдир. Азиз устозимиз ўзининг ибратга лойиқ 80 йиллик мазмунли умри давомида амал, мансаб ҳамда мукофоту ёрлиқларга интилмасдан ҳам яшаш мумкин эканлигини ўз фаолияти мисолида исботлаб турибди. Бу дунёда илм ўрганмоқни ва уни тарғиб этишни саодат деб билган азиз устозимиз ўзидаги бор иқтидор ҳамда илмий салоҳиятни бу эзгу мақсад йўлига сафарбар қила олганлиги учун ҳам юксак обрў-эътиборга мушарраф бўла олди. Аслида ҳам инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!
Мирзо ЭШОВ,
Қабодиён ноҳияси маориф бўлими мудири,
Тожикистон
маорифи аълочиси.
P.S.:
Бу йил академик Б.Ғафуров номидаги ХДУ ўзбек филологияси факултети жамоаси учун қўшалоқ байрамлар йилидир. Шу қутлуғ даргоҳдаги азиз устозларнинг мавлуд айёмларини ўтказиш учун талай режалар тартиб берилган. Таниқли тилшунос, профессор Абдували Бердиалиев таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан халқаро илмий анжуман шу йилнинг май ойида ўтказилиши белгиланган. Бу шукуҳли тадбирга қўшни давлатлардан ҳам таниқли тилшунослар ҳамда қадрли меҳмонларни таклиф қилиш кўзда тутилган. Шу муносабат билан биз ҳам азиз устозни қутлуғ ёш билан чин дилдан муборакбод этиб, у кишининг ибратли фазилатлари ёритилган мақолалардан бирини Сиз - азиз газетхонларга тақдим этишни лозим, деб топдик.
Толиб Саъдулло (Толибжон Ҳомидов) 1971 йилда Панжакент шаҳрининг Қизилжар қишлоғида туғилган. Шеърлари 1989 йилдан матбуот саҳифаларида чоп этилиб келинади. Бир туркум шеърларини эътиборингизга ҳавола этарканмиз, шоирнинг шеърий кечинмалари сизни ҳам бефарқ қолдирмайди, деган фикрдамиз.
Муфассал...
- Қадимий Саразмнинг 5500 йиллиги Тожикистон Республикаси Ҳукумати қарори асосида 2020 йил ўтказилади, - деди Тожикистон Фанлар академияси президенти Фарҳод Раҳимий Фанлар академиясининг ярим йиллик фаолиятига бағишланган матбуот конференциясида. – Айни пайтда тадбирнинг ташкилий комитети ҳамма томонлама тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Шу билан бирга академия олимлари қадимий Саразмда илмий-тадқиқот ишларини давом
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015