Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 06 Феврал 2019 Кӯришлар: 1481
Печат

 

kuz 2019"Ўзбек модерн шеърияти" китоби қўлимга тушганда қувончим чексиз эди. Янги шеър, яхши шеър ўқийман, деб ўйлагандим ўшанда. Китобни ўқиб, ҳафсалам пир бўлди. Аммо бунгача бўлган шеърий суҳбатларда эшитганим яхши шеърлар қироати доимо янги шеър, замонавий шеър бўлиб қолаверишига ишонгандим. Ва ушбу ўринда кўнглимга хуш ёққан айрим шеърлар ҳайратини изҳор қилишни лозим топдим.

Бу шеърлар муаллифи ҳеч қачон биринчилик даъво қилмаган. Ҳеч қачон ўз шеърларини модерн деб, манманлик қилмаган. Шунингдек, унинг қатор-қатор мажмуалари чиқиб, китоб дўконларида чанг босиб ётгани йўқ. Ва ўрта мактаб синфхоналарида "шеърхон" болаларга сотилгани ҳам йўқ. У шунчаки ўз кўнгли учун шеър ёзиб юрган камсуқум шоир, холос.

Ҳар гал унинг бу шеърини ўқир эканман, кеч кузакнинг сокин боғлари ёдимга тушади. Хазонлар тўшама бўлиб ётган бу боғларда шод кечган болалигим қувонч билан мени ўзи сари чорлайди. Бир ажиб титроқ билан болаликка қайтгим келади. Аммо... бу шеърда муҳаббатнинг аччиқ эртаги...кузак боғлари афсонаси боғлиб янграгани боис, мен хазонрез боққа...Ҳижрон қўшиғини куйлаётган оғочлар ёнига қайтаман.

Хазонрез боғларда жилмаяди куз,

Оғир гуноҳ каби тўкилар хазон.

Шахслантирилган фасл - кузнинг жилмайиши менга ажиб туюлади. Оғир гуноҳ каби тўкилаётган хазонлар билан ошиқ изтироблари тўкилиб бораётган каби бўлади...

Бу кўҳна дунёга боқар ёруғ юз,

Кўҳна дунёдаги энг кўҳна армон.

Изтиробларнинг гард каби ўзидан тўкиб софланган, тозаланган ошиқ "кўҳна дунё" - қадимий куй Ишққа ҳафиф қалби ва "ёруғ юз" билан боқмоқда.

Хазонрез боғ ичра эса...

Юракни ўйнатиб, ўйнайди қадим,

Қўрқинчли боғ ичра ҳасрат жинлари.

"Ҳасрат жинлари" қиёфасидаги армон азалдан буён бедор ва у ошиқ қалбни ўз куйига, ўз кўйига ўйнатади. Натижа, ҳижрон билан ноиттифоқ эса-да, баъзан итттифоққа мойил "Соғинчдан юрак қабариб"...(тасаввур қилинг, вужуд гўру, ундаги қалб лош)кетди.

Соғинчдан қабариб кетди юрагим,

Қирқ кун гўрда ётган ўлик сингари.

Бу хазонрез боғ ичра, бу Айрилиқ фасли ғурбатидан қочиб кетмоқ номумкин. Руҳ ғурбат аро сарсон, тана турбатда ётур. Гарчанд шундай бўлса ҳам ошиқ - ана шундай эзгин лаҳзаларда ҳам ўзини бахтиёр сезмоққа имкон топа олади.

Аммо кетолмасман ғурбатдан қочиб,

   Қайси турбатларда тентирар танам.

   Сен билан тирикдир саркаш қувончим,

   Сен билан гўзалдир мозорбости ғам.

   Ошиқ қувончи ҳеч кимга, ҳеч нимага бўйсунмас саркаш Умид фарзанди. У - ҳали тирик. Ишқнинг турфа манзиллари... Ҳижрон, Соғинч, Ҳасрат, Қайғу, Fусса каби бекатларда ошиқ гирён юргани боис, унинг ғами муқаддаслашиб, мозорбости бўлди ва латифлашди. Энди унинг ғами муборак ва азизлашди.

   Яна тинч хазорезги боққа қайтамиз. Сокин боғ ичра сукунат - ҳоким. Бу ҳижрон мулкида, ҳатто, ёр бўйини келтиргувчи на сабо, на самум бор. Лекин ошиқ ҳиссиёти шу сукунат ичра ўз маъшуқаси ёдини топиб олади.

Кузак қучоғида мудраб ётар боғ,

   Шамол ҳам арвоҳдай кезмас телбавор.

   Фақатгина, сенинг нафасинг уйғоқ,

   Фақатгина, сенинг соғинчинг бедор.

Бу "бедор соғинч"лар ошиқ таҳайюли - иллюзиялари маҳсули. Чунки...

Хазонрез боғларда жилмаяр кузак,

У - ёруғ кунларнинг унут арвоҳи.

Мен жон аччиғида титрайман, юрак -

Заққум дарахтининг япроғи...

Гарчанд боғларда куз жилмайса-да, буёғи фасли ҳижрон. Буёғи Айрилиқ. Буёғи қаҳрбод Зимистон қўшиғи. Шу сабаб ошиқ жон аччиғида титраб, гўё кузак шамолларида тебранаётган оғоч мисол бечора. У яланғочланган куз боғи дарахтлари қаторида. Юраги эса... айрилиқ бодасини ичиб-ичиб, заҳарланган каби заққум япроғига айланган.

Ҳижроннинг   кучли фожиавийлигини бу тарзда беришлик учун шоир беҳад даражада маҳорат соҳиби бўлиши керакми, дейман. Шоир Одил Икром гарчанд ўзи бунинг даъвосини қилмаса ҳам, унинг шеърлари бу ҳақиқатни ўз-ўзича исботлайверади. Юқоридаги шеър тимсолларининг рангин рақсида кучли драматизм, кучли руҳий ҳолат ва кучли фожиавийлик берилиши ошиқнинг энг оғир ҳиссий ҳолатининг мусаввирона чизилишидир. Назаримда, мусаввир ҳам ҳижронни бундай тасвирга торта олмасди. Нари борса, у ҳижронни сариқ рангда чизиб, куз боғидаги хазон ўйинларини берарди. Шоир Одил Икром эса, хазонрез тўкилишидан то жилмайган боғ қувончигача бўлган масофада Ишқнинг энг қадимий ғамгин қўшиғи - ҳижроннинг гўзал сувратини чизиб берган. Инсон табиатидаги туйғуларнинг ғамгин ўйинлари билан уйғунликда берилишининг ўзиёқ шеърга самимий руҳ бағишлаган.                

Ҳижронга ҳамоҳанг яна бир қўшиқ - Соғинчнинг, айнан, баҳор фаслида нажиб манзара касб этиши эса, шоирнинг "Манзара" шеърида чинакам мусаввирона тасвир бўлган.

Сокин тун. Шоирнинг рассомона нигоҳи тасвир тортаётир.

Ийланиб кетади кўнгил кулига,

Бир ғариб аёлнинг сўлғин ҳислари.

Бетоқат гуллаган сирен гулига,

Қўнади жонсарак май қўнғизлари.

Сўлғин ҳисли аёлнинг Соғинч ёрғунчоғида туйилиб, кўнгил кулига ийланиши, руҳ безовталигидан дарак. Баҳорга - сирен гулига етганига шод "жонсарак май қўнғизлари" севинчига зид бўлган ҳолат учун у тунга кириб бормоқда.

Юмшоқ замин узра тун чўкар ҳорғин,

Тун чўкар тун бўйи жонидан тўйиб.

Тун бўйи таралар - саргардон соғинч,

Тобора чўзилиб кетар тун бўйи.

Ташхислантирилган Тун чарчаб, гўё сув остига қуйқа каби чўкмоқда. Бу тун жонли бўлиб, жонидан тўйган - безган. "Тун" сўзининг мисраларда такрор келиши биринчи сатрдан бошлаб ийҳом санъатини юксак маҳорат билан қўлланишига олиб келган. Эътибор беринг:

1. Тун узоқ муддат - тун бўйи - бутун тун давомида жонидан тўйган.

2. Тун - тун бўйи - ҳидидан тўйиб чўкмоқда.

Кейинги мисрага диққат қилайлик. Биринчидан, Тун бўйи таралар, яъни бутун тун давомида саргардон соғинч таралади. Иккинчидан,Тун бўйи -ҳиди - саргардон Соғинч бўлиб таралмоқда. Кейинги мисрадаги маънога қаранг. Биринчидан, чўзилиб кетган туннинг бўйи қадди. Иккинчидан, тун бўйи - ҳиди чўзилиб кетган. Маъно полифониясида берилган кучли драматизм - оғир руҳий ҳолат ва ранг тасвир манзарасини қуюқ рангларда бермоқда. Давом этамиз.

Кўнгилга қарамоқ учун бир нафас

Ярим кунлик умри етмаса агар,

Чўзилар оқ шомдан тонгга қадармас,

Чўзилар заминдан осмонга қадар.

Сутканинг деярли ярми бўлган Тун соғинчда қовжираган кўнгилга қараш учун етмайди. Шунинг учун оқшомдан тонггача эмас, ердан осмонгача чўзилади - етади, яъни қоронғулик осмонга чиқиб кетади. Самошуносларнинг эътирофича, бизнинг кўзимизга мовий кўринган само аслида қоп-қора экан. Демак, шоир фан мантиғидан келиб чиққан ҳолда, Соғинчни етаклаб юргувчи ҳижроннинг ранги қоралигига ишора қилмоқчи. Ана шу ҳолатдаги кўнгил...

Дунёдан безади, дунёни безар,

Бўм-бўш кўнгил - мулки таланган сарой.

Ярим тун ярим яланғоч кезар,

Қадрсиз, қаровсиз, қаримаган ой.

Ўз кўнгли - бўм-бўш маъвода - қоп-қора осмон - ҳижрон бағридаги Ой - ғариба аёл. У дунёдан безиб кетган. Аммо дунёни ўз ҳусни билан безаб, эвазига фақат қадрсизлик билан яшайверади. Унинг қадамлари қуриган, шўри қуриган. Тун бағрида Соғинч билан яшаб, секин-аста йитиб бораверади.

Қадами қуриган, шўри қуриган,

Кўнглида қолади оёқ излари.

Бетоқат гуллаган сирен гулига,

Қўнгандек бетоқат май қўнғизлари.

Fариба - Ойнинг кўнгилда ёруғ ёди қолади. Ўзи эса, Тун ва Кун аро саргардон кезиб юраверади. Гоҳ Соғинчдан маст, гоҳ Ҳижрондан зада. Худди сирен гулига бетоқат қўниб, учиб юрган май қўнғизлари каби. Мана, "Манзара"нинг ўз кўнглимиз оинасидаги манзарасини кўрдингиз. Сокин май кечасидаги Ой ва гуллаган сирен гули тимсоли билан берилган Соғинч ва Ҳижроннинг нафис манзарасининг шоирона тасвирига ошно бўлдингиз. Биз шеър малоҳатига путур етказмаслик учун баъзи шеърий санъатларни четлаб ўтдик. Аммо СЎЗ билан ҳам гўзал суврат чизиш мумкинлигига, ўйлаймизки, сизни ишонтира олдик.

Тўғри, Одил Икром ўз шеърида шеърий санъатларни бераман, деб ўйлаб ҳам кўрмаган. Аммо шеърнинг табиий тийнатида гўзал санъаткорлик ўз-ўзича намоён бўлаверади. Бу шоирнинг фасоҳати ва маҳорати маҳсулидир.

Бизнингча, яхши шеър доимо замонавий шеър бўлиб қолади. Чунки яхши шеърнинг умри бугун тугамайди. У эртага, индинга ҳам яшайверади. Зеро,чинакам санъат асарининг умри - боқийлик.

Сизга ҳамиша яхши шеър ҳайрати ҳамроҳ бўлсин.

 

Мунаввара Ойматова, шоира.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Муҳтожларга кўмак…

 

Суғд вилоятида яшаётган 7600та камтаъминланган оилага, қаровчисиз яшаётган кишилар ва ногиронларга моддий ёрдам кўрсатилди. Мазкур кўмак Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Рамазон ойида муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш борасидаги кўрсатма ва топшириқлари асосида амалга оширилди.

Муфассал...

Фикрдошлик тарихининг жонланиши

Тожик ва ўзбек халқларининг адабий алоқалари тарихига бир назар

Халқларнинг бир-бири билан яқин алоқада бўлиши, бир-бирининг ҳаёт тарзи, адабий, маданий, илмий ва тарихий тажрибасидан кенг фойдаланиши, улар адабиётларининг шаклланиши ва ривожланишига ҳам улкан ҳисса қўшганлигига тарих гувоҳ.

Ўзбек адабиёти туркий халқлар адабиёти ва маданияти муҳитида ўзининг

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990373

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477283
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3211
4027
20896
7426653
98927
114875
7477283

Сизнинг IPнгиз: 18.218.71.21
Бугун: 23-11-2024 16:39:19

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015