Тожикистон ва Ўзбекистон республикалари президентлари Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати шарофати боис, азалдан эту тирноқ бўлиб келган икки қондош ва жондош – тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги азалий дўстликнинг узилмас ришталари кундан-кунга мустаҳкамланиб, элимиз шодиёналик билан яшаётганлиги, қўшничилик муносабатларида ҳамкорликнинг янги уфқлари очилаётганлиги кўнгилларга сурур
ва шодлик бағишлаб, дўст дийдорига муштоқ дилларни хушнуд этмоқда. Дўстлик тушунчаси янги маъно кашф этиб, юқори зинага кўтарилаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Икки халқ дўстлигининг равнақ топиши учун қулай муҳит яратилиб, энг яхши анъаналаримиз қайта тикланаётганлиги қувончли воқеа, албатта.
Таниқли жамоат ва давлат арбоби, Ўзбекистон Республикасига узоқ йиллар раҳбарлик қилган улуғ инсон, атоқли адиб Шароф Рашидовнинг яхши фазилатлари ҳақида гап кетганда, уни ўзбек ва тожик халқи ўртасида мавжуд дўстлик кўпригининг шоҳ устуни эди, деб аташади. Бу таъриф беҳуда эмас, албатта. Чунки Шароф Рашидов ўзи таъкидлагандай, тожик ва ўзбек - бир қушнинг икки қаноти. Шунинг учун ҳам, у тожик ва ўзбек халқининг ўзаро дўстлигини мустаҳкамлашга баракали ва салмоқли ҳисса қўшди, бу дўстликни ўз асарларида улуғлади, баланд пардаларда шоирона куйлади ва гард юқтирмай, кўз қорачиғидай авайлади ва ҳурмат кўрсатди.
Шароф Рашидовнинг тожик халқига нисбатан меҳри ва эътибори болалик чоғларидаёқ, аввал оилада, сўнг ҳозирги Самарқанд Давлат университетининг филология факултетида таҳсил олган пайтларда янада шаклланиб, ҳаёт мазмунига айланган эди.
Бу эса, Шароф Рашидовнинг адабиётга, ўз она тили билан бирга тожик тилини ҳам мукаммал ўрганишига, тожик адабиёти намояндаларининг асарлари билан яқиндан танишишига йўл очди. У икки тилда олиб борилган адабий мушоира ва гурунгларда фаол қатнашиб, ўзининг шеърий машқларини устозлар ва тенгдошлари муҳокамасига ҳавола қилиб, тожик-форс адабиёти бой меросини тинмай ўрганар, ундан баҳраманд бўлиб, маънавий дунёсини бойитиб борарди.
Шароф Рашидов буюк тожик ёзувчиси Садриддин Айнийни ўзига устоз, деб биларди. Буни биз Айний домланинг «Ўртоқ Шароф Рашидовга» деб номланган хатидан ҳам билишимиз мумкин. Айний домла бу хат орқали шоира Раъно Узоқова вафотидан сўнг, унинг қаровчисиз қолган уч яшар қизига моддий ёрдам бериш зарурлигини сўраган эди. Шароф Рашидов устознинг бу мурожаатини ерда қолдирмади. Шоиранинг қизига балоғатга етгунга қадар давлат ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилди. Бу мактуб тожик ва ўзбек адабиётининг арбоби Садриддин Айний ва истеъдодли ўзбек ёзувчиси Шароф Рашидов ўртасида нечоғлик яқинлик, ҳурмат ва эътибор бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатдир.
Ўз меҳнат фаолиятини ижодкор, шоир ва адиб, журналистликдан бошлаган Шароф Рашидов асарларини кўздан кечирсангиз халқлар дўстлиги мавзуси етакчи ўринни эгаллаганининг гувоҳи бўласиз.
–Тожик ва ўзбек халқи дўстлиги каби бир-бирига яқин ва қадрдон дўстликни бошқа халқлар дўстлигига қиёс қиладиган бўлсак, шубҳасиз, уни кўз-кўз қилсак арзигуликдир, – деган эди Шароф Рашидов. - Бу дўстлик илдизлари ғоят теран ва бақувват бўлиб, асрлар оша чуқурлашиб, томир отиб, дўстлик дарахтига барҳаётлик бағишлаб турибди...
Шароф Рашидов бутун ҳаёти давомида ана шу улуғвор ғояга содиқ бўлиб қолди. Оилада ҳам, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам тожик ва ўзбек халқларининг бирлиги, ягоналиги учун Ҳофиз Шерозий айтганидай, дўстлик дарахти ҳамиша яшилланиб туриши учун курашди. Тожик ва ўзбек халқлари ўртасида кўприк бўлди. Қаерда бўлмасин дўстликни шарафлади, дўстликка ҳидоят этди. Бу мазмун унинг амалий ишларидагина эмас, балки асарларида ҳам ўз ифодасини топди.
Шароф Рашидов энг яқин дўсти ҳисобланган тожик шоири Мирзо Турсунзода асарлари парвозидан илҳомланган, айниқса, тожик шоирининг Ҳиндистон ҳақидаги шеърлари унда катта таассурот қолдирган эди. Шундан кейин, унда афсонавий Ҳиндистон мавзусида асар ёзиш истаги туғилиб, «Кашмир қўшиғи» номли асарини ёзди.
–Мирзо Турсунзода билан дўстлигимизнинг илк кунларидан бошлаб, бизни ижодий ҳамкорлик ва инсоний муносабатларнинг боқий илдизлари чамбарчас боғлади,–деб ёзган эди Шароф Рашидов ўз эсдаликларида. –Бу илдизлар халқларимизнинг файзли дўстлиги шарофатидан тобора мустаҳкамроқ бўларди.
Самарқанд Давлат университети профессори Аслиддин Қамарзода ўзининг «Дўстликни ардоқлаган раҳбар ва адиб» номли мақоласида ёзишича, тожикистонлик дўстлар ҳам Шароф Рашидов ва унинг ижодига меҳр билан қараб, унинг деярли барча асарларини тожик тилига ўгириб, китобхонларга манзур этганлар. Таниқли тожик адабиётшунос олими Атахон Сайфуллоев Шароф Рашидов ҳаёти ва ижоди тўғрисида алоҳида рисола ёзиб, нашр эттирган.
Шароф Рашидов Ўзбекистоннинг турли шаҳар ва қишлоқларида азалдан яшаб келаётган тожик, қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқа халқларнинг тили ва маданиятига ҳурмат билан муносабатда эди.
Унинг бу тиллардаги вақтли матбуот ривожига ҳам эътибори кучли эди. Буни 60-йилларда “Ҳақиқати Ўзбекистон” республика рўзномасининг (ҳозирги “Овози тожик”) ҳафтада беш маротаба чиқарилиши, республика радиосида тожик тилидаги кундалик эшиттиришлар вақти оширилганлиги, тожикча куй-қўшиқлар мунтазам эшиттирилиши, Самарқанд, Бухоро, Фарғона вилоят радиоларида ҳам тожик тилидаги эшиттиришлар ташкил этилганлигидан ҳам билиш мумкин.
Шароф Рашидовнинг эътибори туфайли, ўзбек ва тожик адабиёти ва илми учун бир хил хизмат қилган Садриддин Айнийнинг Самарқанддаги уйи музей сифатида сақланди ва ҳозиргача ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Мазкур уй-музейнинг очилишида ҳамда бу буюк ёзувчининг 100 йиллиги муносабати билан Самарқандда ўтказилган халқаро анжуманда қатнашди.
Шароф Рашидовнинг раҳнамолигида Самарқанд Давлат университетида тожик тили ва адабиёти факултети кенгайтирилиб, таълим, асосан, тожик тилида олиб бориладиган Садриддин Айний номидаги Самарқанд Педагогика институти очилган эди. Бухоро Давлат педагогика институтидаги бир қатор факултетларда ҳам таълим тожик тилида олиб бориладиган бўлимлар фаолият кўрсатар эди.
Ҳа, Шароф Рашидов раҳбарлик даврида «бир илдиздан кўкарган икки дарахт, ёхуд бир байтнинг икки сатри» тарзида талқин этиладиган бу икки халқни бир-бирига янада яқинлаштирувчи, туташтирувчи кўприк вазифасини ўтаганди.
Тожик ва ўзбек халқларининг дўстлиги борасида Шароф Рашидов бошлаган улуғ ишлар бугунги кунда икки республика сарварлари Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев томонидан изчил давом эттирилаётганлиги қалбларга қувонч бағишлайди.
Душанбе-Тошкент, Душанбе-Кўлоб-Термиз поезд йўллари қайта тикланаётганлиги, Ўзбекистон Ҳукуматининг қарори билан атоқли тожик ёзувчиси Садриддин Айний таваллудининг 140 йиллиги муносабати билан домла Айнийнинг Самарқанддаги уй-музейини қайта таъмирлаш учун ҳукумат томонидан маблағ ажратилганлиги ва ниҳоят, борди-келдини осонлаштириш чора-тадбирлари белгиланаётганлиги икки халқ дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида қўйилган дадил қадамлардир.
Навбатдаги қадамлар ҳали олдинда. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг ўлкамизга ташриф буюрганини улуғ ишларнинг дебочаси, дейиш мумкин. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бу ташриф замирида унинг Тожикистонга қиладиган сафарига шароит муҳайё этишдек улуғвор мақсад бор.
Зотан, бу икки елкадош халқ кеча ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам бир-бирисиз, бир-бирига ёрдам қўлини чўзмай яшай олмайди. Фақат бир-бирини англаш, ўзаро ҳамкорлик орқалигина икки томон ҳам муваффақиятга эриша олади.
Ҳар икки томон халқлари олий даражада ўтадиган бу учрашувни интиқ-интизор кутаётганлиги ойдай равшан.
Икки давлат раҳбарларининг муборак қўллари билан ёқиб қўйилган умид чироғи яна қанчадан-қанча эзгу ишларга муштоқ кўнгилларни ёритишига, жамулжам орзуларнинг ушалишига хизмат қилиши аниқ.
Ўз навбатида, ҳурматли Президентимиз муҳтарам Эмомали Раҳмон ҳам тожик ва ўзбек халқларининг дўстлигини худованд амри биландир, деб атаган.
– Зилол сувли сойлар пурвиқор тоғ чўққиларидан бошлангани каби икки халқ дўстлигининг зилол сойлари ўзанини икки буюк сиймо– Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий қазиб берганини эслатиб ўтиш фараҳбахшдир,–дея таъкидлади Миллат пешвоси. - Биз бу дўстлик булоғининг мусаффо сувларига асло гард юқтирмаймиз, уни кўз қорачиғидек авайлаб асраймиз. Бу сувнинг мусаффо юзаларида хазон барглари эмас, нилуфар гуллари қийғос очилиб, сузиб юришини истаймиз…
Тожик ва ўзбек халқлари дўстлиги бундан кейин, янада мустаҳкамланишига шак-шубҳа йўқ. Дўстлик дарахти шунчалар бақувватки, у давр бўронларини, ногаҳон берилган зарбаларни назар-писанд қилмади, тўсиқларни мардонавор енгиб, қоматини ростлаб, гуркираб ўсаверди, кўкка томон бўй чўзаверди. Чунки меҳр сувидан баҳра олиб, қуёш нурига йўғрилган дўстлик дарахти бугун ҳам ишончли қўлларда.
Дўстлик дарахтининг ўз боғбонлари бор. Икки халқнинг улуғ сарварлари боғбонлик қилаётган бу дўстлик дарахти асрлар оша барқ уриб яшнайверади. Оқил ва доно раҳбарларимиз бор экан, дўстлик дарахти дилларни бир-бирига боғлайверади…
Сулаймон Эрматов, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси.
Юрагимдан ғам, алам қочар,
Кўнглим қуёш каби ёришар,
Гўё олам сирларин очар,
Онажоним дуо қилсалар.
Муфассал...
Парвардигор одамзотни ўзига энг яқин мавжудот қилиб яратган ва уни маънавий дунёсини обод қилиш учун иймон, виждон, номус, инсоф, ҳалоллик ва адолат сингари покиза ҳамда улуғ инсоний фазилатлар билан сийлаб қўйибди.
Аллоҳнинг бу марҳаматини тўғри фаҳмлаб, ундан имкон қадар баҳра олган одам боласи ўзининг "умр қасри"ни юқорида зикр этилган, ота-боболар бошларига тож қилган зийнатлар билан нақшу нигор айласа, ҳаёти том маънода
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015