Тошматов Абдуваҳоб Эсонбоевич 1953 йилнинг 13 март куни Регар қишлоғида туғилган.
Шу қишлоқдаги 23-ўрта мактабда таҳсил олган. Болалигидан санъатга меҳр боғлаган. Мактабдан сўнг, Ватан мудофаачилари ташкилотидаги ҳайдовчилик курсини битиргач, 1971-1973 йилларда Германия Демократик Республикасида ўз йигитлик бурчини ўтаб келган.
Сўнгра савдо техникумида таҳсил олган. 1973 йилдан бошлаб шаҳримиз ва республикамиз миқёсидаги «Бўстон» ва бошқа кўплаб кўрик-танловларда фаол қатнашиб келган.
Элимизнинг севимли санъаткори Абдуваҳоб Тошматов ёшлик йилларидан бошлаб ўзбекнинг асил ва бетакрор ҳофизи Шерали Жўраев санъатининг мухлисига айланди ва кўплаб тадбирларда устоз санъаткорнинг қўшиқларини қойилмақом қилиб ижро эта бошлади. Шу билан биргаликда, Бобораҳим Машраб ғазалларини мақом йўналишида ижро этишга катта эътибор берди. Тиришқоқлиги ва изланувчанлиги туфайли устоз Шерали Жўраевнинг эътиборига тушди. Устознинг маслаҳатлари ила репертуарини янги қўшиқлар билан бойитиб борди. Ўзбек миллий чолғу асбобларини чалишни қунт билан ўрганди.
-Ҳар бир янги қўшиғимни халққа тақдим этишдан аввал устозим Шерали Жўраевнинг назаридан ўтказар эдим, - деб хотирлайди Абдуваҳоб ака.
Ёш санъаткор илк қўшиғини ёзиб, ижро этганида, йигирма ёшда эди:
Дилоромим, ушбу кун ҳолим сўраб қошимга кел,
Шаршарангга қилма маст, боғу бўстонимга кел.
Сен билан бўлсам кетур бу ғаму ҳасратларим,
Шоҳиди оҳанг бўлиб, ашку ашъоримга кел.
Абдуваҳоб Тошматов шоир Ҳайдар Яҳё қаламига мансуб бўлган Анвар Тилланазаров ижро этган «Онажон каъбам ўзинг, сенсиз жаҳонни на қилай», деб бошланувчи шеърини маҳорат билан куйга солиб, элу юртнинг эътиборига тушди. Ҳофизнинг ширали овози, бетакрор ноласи ва торни маҳорат билан чалиши тингловчилар қалбини тўлқинлантириб юборар эди. Шахсан мен ҳамиша Абдуваҳоб аканинг ушбу қўшиғини севиб тинглардим.
Етмишинчи-саксонинчи йилларда ҳофиз шоир Олимхон Суярхонов қаламига мансуб «Вафодор тожикмиз, бахтиёр ўзбек», раҳматли шоир Абдумажид Бойхонов қаламига мансуб «Май саломи», «Хайр, Нодира», Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййид қаламига мансуб «Онажон», «Ёр-ёр», «Бой бува» ҳамда Шерали Жўраевга бағишланган «Шаҳр аро» каби қўшиқларини яратган бўлса, истиқлол йилларида шоирлар Маҳмуд Тоир қаламига мансуб «Куйлаб яшайлик», Ғойиб Назарнинг «Оғажон», Турғунали Абдуллаевнинг «Карвон», Темур Шукурнинг «Қўрқаман» ҳамда каминанинг «Ватан обод», «Тасанно» каби шеърларини куйлаб, мухлислар эътиборига ҳавола қилди.
Бир воқеани эслаб ўтмоқчиман. 2008 йилда Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг 50 йиллик юбилейи сабабли шоирнинг таклифига биноан Абдуваҳоб ака ва марҳум шоир Абдумажид Бойхонов билан биргаликда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё районига бордик. Ўзбекнинг машҳур шоиру адиблари, Ўзбекистон Халқ Қаҳрамони, халқ шоири раҳматли Абдулла Орипов, халқ шоирлари Усмон Азим, Маҳмуд Тоир, Азим Суюн, ёзувчи Эркин Аъзамов, Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар иштирок этган ушбу тадбирга кечикиброқ кириб бордик. Давра мезбони шоир Сирожиддин Саййид бизни илиқ кутиб олар экан, Абдуваҳоб акани дарҳол саҳнага таклиф этди ва «Ватан обод» қўшиғини куйлаб беришларини илтимос қилди. Аслида ҳам Сирожиддин Саййидга «Ватан обод» ва «Тасанно» қўшиқлари маъқул бўлиб қолган ва шу туфайли мени ҳам ижодий кечага таклиф қилган эди. Кечада Абдуваҳоб аканинг ижро маҳоратидан завқланган давра аҳли ҳофиздан яна қўшиқ куйлашни илтимос қилганлари ёдимда. Сирожиддин аканинг қаламига мансуб «Ватан абадий» ва каминанинг «Тасанно» шеърига басталаган қўшиғини куйлаганида ўзбек зиёлилари мароқ билан тинглаганларига гувоҳ бўлганман:
…Юз йилда бир дунёга келар экан буюк зот,
Адолат бўлган мулкда кўнгиллар ҳам бўлар шод.
Мардлар йўлбошчи бўлса, Ватан ҳам бўлар обод,
Эл дардини тинглаган ўғлонларга тасанно,
Ҳақ йўлини англаган инсонларга тасанно…
Ушбу қўшиқ матнидан парча келтиришимга сабаб, 2006 йилда Ўзбекистон ёзувчилари нашри «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида Абдуваҳоб Тошматовнинг ижоди ҳақида «Қўшиқ куйлаб яшайлик» номли мақола эълон қилинди (Муаллифи сурхондарёлик адиб Ахтамқул Карим). Мазкур мақолада Абдуваҳоб Тошматов репертуаридаги қўшиқлардан намуналар қаторида «Тасанно» шеърининг иккинчи банди ҳам келтирилган эди. Бировнинг молини ўзиники қилишдан тортинмайдиган бир хонанда ушбу бандга баъзи жумлаларни қўшиб, нақоратини эса, «султонига тасанно», дея ўзгартириб, турли давраларда ижро эта бошлайди. Аммо шеър матни ва қўшиқ ижроси билан таниш ўзбек зиёлилари ҳамда мамлакат раҳбарларининг ғашини келтирган қўшиқчи олқиш ўрнига дашном эшитади. Абдуваҳоб ака ҳам баъзи давраларда ижро сўнгида «султонларга тасанно», «шоир, ҳофизларга ҳам тасанно», дея лутф қилар эдилар. Шундай ҳолатларда мен «Абдуваҳоб ака, шу қўшимчалар сал ўхшамаяпти» десам, у киши «Дунёда тинчлик-хотиржамликни сақлаб туришда раҳбарларнинг хизматлари катта. Қолаверса, мен «султонига тасанно» эмас, «Юрт тинчлигин ўйлаган султонларга тасанно», деб айтаман. Ахир, бизнинг хотиржамлик билан тўй-томошаларда қўшиқ айтиб юришимиз тинчлик деган неъматнинг шарофатидан эмасми?» - дея жавоб берарди.
Абдуваҳоб ака саккиз фарзанд – олти ўғил ва икки қизнинг севимли отаси. Тўнғич фарзанди Муҳаммадшариф отасининг изидан бориб, миллий чолғу асбобларини маҳорат билан чалади. Бугунги кунда устоз санъаткорларнинг дилтортар қўшиқларини ижро этиш бараварида ўзи ҳам янги қўшиқлар яратиш устида меҳнат қилиб келмоқда. «Бедорман, эй дўст» номли қўшиқлари ёзилган аудио албомни мухлислар эътиборига ҳавола қилишга улгурди.
Устоз ҳофиз Абдуваҳоб Тошматов билан санъат ва адабиёт ҳақида суҳбатлашар эканмиз, Абдуваҳоб ака янги шеърий машқини менга узатди:
Эй биродар, бир дақиқа ортингга боқ,
Яратганга меҳр ила қалбингни ёқ.
Чин ибодат айламакни бўйнингга тоқ,
Адашдим, эй дўст, ёмон адашдим.
Ғийбатлардан пора-пора бўлди бағрим,
Сабр ила кўп юпатдим оташ қаҳрим.
Пок йўлларга бошлагувчи ўзинг Тангрим,
Адашдим, эй дўст, ёмон адашдим.
Сиз акамсиз, жуда зўрсиз деганларим,
Тўн ёпишиб, бирга палов еганларим.
Сал чалғисам, мендан юзин бурганларим,
Адашдим, эй дўст, ёмон адашдим.
Кўп йиллар ўзга юртларда мусофирликда юрган жаҳонгашта инсон Абдуваҳоб Тошматовнинг ушбу мисраларини кўздан кечирар эканман, туйғуларнинг тасвири, ўз хатосини англаб етган инсоннинг иқрорига дуч келдим.
Ҳаёт йўлларининг пасту баланди, тақдирнинг эса, ёзилган ва ёзилмаган қонунлари мавжуд. Биз қанчалик орзу-ҳавас қилмайлик, машҳуру маъруф бўлмайлик, қисматнинг аёвсиз ҳукмлари олдида ожизмиз. Аммо қийин ҳолатларда ҳам умрнинг биз учун синов эканлигини унутмасак бас. Тақдирнинг оғир синовларидан мардлик ва шараф билан ўтмоғимиз, йўл қўйган хатолардан тўғри хулосалар чиқариб яшашимиз лозимдир.
Абдуваҳоб Тошматов ижросидаги Сирожиддин Саййид қаламига мансуб «Ватан абадий» қўшиғини тинглар эканман, Ватан соғинчи юрагини ўртаб юборган инсоннинг дардли ноласини туйгандек бўламан:
Баҳрайн сувларига чайдим юзимни,
Насимлар эсдилар илиқ, арабий.
Кўксимни тўлдириб келди бир осмон,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Халқимизда: - Ватанни севмоқ имондандир, - деган ҳикматли ибора мавжуд. Абдуваҳоб аканинг репертуаридан жой олган аксарият қўшиқлардан она-Ватан, ота-она, дўсту ёрга муҳаббат ва осойишталик ҳукм суриб турган дориломон кунлардан шукроналик туйғулари уфуриб туради. Бу каби қўшиқлар одамлар қалбида она-Ватан, элу юрт ва бир-бирларига нисбатан дўстлик ва меҳр-мурувват туйғуларини пайдо қилади. Муқаддас заминнинг ҳар заррасини тўтиёдек кўзга суртиб, унинг қадрига етмоғимизни англашга хизмат қилади.
Ҳасанбой Ғойиб, шоир.
Ҳаловатсиз тунлар
Тун яримдан оғганда ҳам кўзига уйқу келмади. У ёнига ағдарилди, бу ёнига ағдарилди, ёстиқни пастлатди, баландлатди. Қани энди, кўзлари юмилса-ю ухлаб қолса! Йўқ, кўзини юмди дегунча, бошига устма-уст томчилар келиб урилар, лўқиллаётган боши ёрилгудай эди. Нима қилсин?! Бошини кўрпага ўраса ҳам, совуқ томчилар миясини тешгудай муттасил келиб уриларди.
Муфассал...Қор ёғишини энг гўзал табиат ҳодисаларидан бири сифатида кимлардир жуда интизорлик билан кутадилар. Бунинг боиси шундаки, қор улар учун қандайдир, фақат ўша кишиларнинг ўзигагина маълум бўлган бир мўъжизага сабаб ёки туртки бўлади.
Агар бошқа фасл бўлганда, балким, улар баҳор келиб, илк дарахтлар гуллашини, ёзнинг иссиқ кунлари тезроқ етиб келишини, куз фасли келиб, пахта терими бошланишини ёки бошқа кўплаб воқеа-ҳодисаларни кутган бўлишармиди?
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015