-Устоз, яқинда Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллик юбилейини кўтаринки руҳда қарши олдик. Тантаналар тантаналарга уланиб, Давлат тили байрамига ҳам етиб келдик. Шу боис, сиз суҳбатимизни истиқлолият ва давлат тили ҳақидаги фикрларингиздан бошласак.
-Истиқлолият – бу халқимизга ато этилган энг муқаддас неъмат. Мустақиллик ва давлат тили ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳақиқатдан ҳам, истиқлолият йилларида давлат тили ва унинг жамиятда тутган ролини ошириш мақсадида давлат ва Ҳукумат томонидан катта эътибор қаратилди. Чунки мустақиллик шарофати билан тожик тили давлат тили мақомини олди. 2008 йил - Тожик тили йили, деб эълон қилинди. 2009 йили эса, Тожикистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Давлат тилимизни янада такомиллаштириш, глобаллашув замонида ташқи салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш ва Тожикистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги қонуни ижросини ҳаётга самарали татбиқ этиш мақсадида Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Тил ва терминология комитети ташкил этилди. Бундан ташқари, икки жилдлик тожик тили изоҳли луғати қайта нашр этилди. Буларнинг барчаси истиқлолиятимиз ва давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат самарасидир. Яна бир қувонарли томони шундаки, бугунги кунда давлат тилимиз халқаро ташкилотларнинг юқори минбарларидан янграмоқда. Бунинг ёрқин мисолини Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб, давлат тилимизда нутқ сўзлаганида кўришимиз мумкин.
- Барча давру замонларда шаҳар мавқеи қишлоқникига қараганда анчайин юқори бўлган.
-Албатта.
-Шундай экан, тилни ҳам шаҳар яратади. Бундай ҳолатда бошқа бир гуруҳнинг гапига кириб, маҳаллий шевага суяниб қолишлик тўғрими?
-Давлат тили тўғрисидаги қонунни қабул қилиш арафасида нега ҳозирги тожик адабий тили бошқа шевалар асосида эмас, фақат Бухоро шеваси асосида олиниши керак, деган фикр пайдо бўлди. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоизки, барча тилларда бир хусусият бор. У ҳам бўлса, маданият марказларидаги тиллар ҳам луғавий бойлик ва ҳам кучлилик томонидан бошқа минтақалардаги мавжуд тиллардан фарқ қилади. Бунинг учун бир мисол келтираман. Масалан, ҳозирги форсий тили Теҳрон шеваси асосида қабул қилинган. Чунки бу шаҳар ҳам аҳоли сони ва маданиятнинг ривожланиш нуқтаи назаридан анча олдинда. Яна бир мисол. Яқинда қўлимга ўзбек тилшунос олими Иброҳимов қаламига мансуб, «Фарғона касб-ҳунар терминлари» деган китоб тушди. Мазкур китобда ранг билан уй шифтига чизиладиган нақш гулларнинг 119та номи келтирилган. Шулардан 11таси туркий тилларга мансуб, қолганлари эса, тожикча. Бу ҳам тилимизнинг бой эканлигидан гувоҳлик беради. Фарғона эса, аҳоли зичлиги бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринда туради. Бу ерни маданият маркази, дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам адабий тил маданият марказларига суянади. Бизда эса, бундай маданият марказлари Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари бўлган. Шу боисдан ҳам, адабий тил мазкур шаҳарлар шеваси асосида олинган.
-Охирги йилларда шаҳар ва қишлоқларнинг қадимий номлари ўзгартирилмоқда. Бунга мисол тариқасида Кофарниҳоннинг Ваҳдат бўлганлигини келтириш мумкин. Бу ҳақдаги фикрларингиз?
- Мен қадимий сўзларнинг тожикча ёки тожикча бўлмаслигидан қатъий назар, ўзгартирилмаслигининг тарафдориман. Энди эса, саволга қайтадиган бўлсак, бундай сўзлар ижтимоий-сиёсий сўзлар бўлиб, жамият муносабатларини ифодалайди. Ваҳдат, Дўстий ва шунга ўхшаш сўзларнинг табиий макон, нишонаси йўқ. Бир вақтлар Вахш водийсида бир жойни Дўстий, деб аташди. Лекин бу номни ҳеч ким қабул қилмади. Яна ўзининг асл номига қайтди. Яъни номнинг табиий-географик нишонаси бўлмаса, ном бўлмайди. Жуда тўғри айтдиларингиз, Кофарниҳон ҳам табиий ва ҳам дарёнинг номи. Ҳақиқатдан ҳам, агар бирор-бир макон дарё номи билан аталадиган бўлса, у шу ернинг умрбод ўзгармайдиган номига айланади. Лекин бу ернинг тарихий номи ҳам бўлиши керак. Баъзи тарихчилар у ерни Левиканд дейишади. Баъзи бирлари эса, Левиканд ҳозирги Қўрғонтепа эканлигини айтишади. Ҳар ҳолда, тарихий манбаларда учрайдиган бу ном юқоридаги мавзелардан бирига қўйилса, яхши бўларди.
-Бундан ташқари, баъзи минтақалар номи бошқа тилларга мансуб эканлиги боис, ўзгартирилмоқда.
-Болалик даврим Улуғ Ватан уруши йилларида ўтганлиги боис, колхоз ва совхозларда етиштириладиган буғдойни аҳоли бир жойга, қишлоқ қуйироғидаги Чашма деган жойга олиб бориб тўплашарди. Лекин у ерда ўзбеклар яшагани сабабли, бу маконнинг номи ўзгарди. Чашма Булоққа айланди. Ҳозир эса, Булоқнинг номини ўзгартирдилар. Менимча, бу ном бир тарафдан маъқул, бошқа бир томондан эса, мувофиқ эмас. Қаҳрамон, деб аташди. Бу ҳам, албатта, Тўйчи Эрйигитов хотирасига қўйилган. Аслида эса, Тўйчи Эрйигитов Булоқдан эмас, Қамишқўрғондан бўлган. Ўша Қамишқўрғон бугун Меҳробод, деб аталмоқда. Бу ном у ерга ҳеч ярашмайди. Меҳрободнинг ўзи эса, жуда олийжаноб сўз. Масалан, Теҳрон аэропорти ҳам Меҳробод, деб аталади.
-Бугунги кунда ҳам оммавий ахборот воситалари, ҳам одамлар ўртасида кенг қўлланилаётган реклама сўзига тўхталсангиз. Давлат тилимизда унинг русча шакли қабул қилинган. Бироқ қозоқ биродарларимиз уни «жарнома», деб олишган.
-Реклама сўзи бизга чет тиллардан кириб келган. Шундайгина, эълон, эъломия десак, сўзнинг тўлиқ маъносини ифодаламайди. Агар қозоқ биродарларимиз «жарнома», деб олишган бўлса, жуда тўғри. Тилларга ҳайрон бўласан, киши. Бизнинг бир сўзимиз тилимиздан чиқиб, қозоқ тилига кириб қолибди. Масалан биз иккита сўзни ишлатамиз. Биринчиси қайчи - туркий тилларга хос, иккинчиси - миқроз арабча. Аммо ўзимизники йўқ. Мана шу тожикча сўз қозоқ тилида бор экан. Масалан қозоқлар қайчини олиб кел, дейдиган бўлса, «дукордани олиб кел», дер экан.
-Ҳозирги пайтда аҳоли ўртасида бир ҳолат анъана тусига кириб бормоқда. Бу ҳам бўлса, миллий номлардан қочиш ва бегона номларга кўпроқ аҳамият қаратиш. Сизнинг фикрингизча, уларнинг бу амали қай даражада тўғри ва давлат тилимизга қандай таъсир ўтказа олади?
- Мен барча миллатлар ўз фарзандларига она тилларида исм қўйишларининг тарафдориман. Майли, араб ўзининг тилида, ўзбеклар ўз она тилларида қўйишсин. Мен ориёийлар авлодидан бўлганлигим сабабли, ўз она тилимда ном қўйишни хоҳлайман. Бегона номларга унча ҳушим йўқ. Бизнинг Аштимизда охирги саксон йил давомида бир ном бир кишига қўйилган. Бугун у қариб қолган. Номи Федел. Ҳозир оқсоқолни Федел бобо, деб аташади. Масалан, университетимизда Мэлс исмли бир ўқитувчи бўларди. Яъни, Маркс, Энгелс, Ленин, Сталин. Яна бир бошқаси Сталина Азаматова эди. Яқинда бир киши «Шоҳномада номлар» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Ҳозир сизлар менга берган ва айни пайтда энг актуал саволингизга у жавоб бера олмади. Менимча, бундай бегонапарастликка аҳолининг тушунмаслиги сабабдир.
-Суҳбатимиз сўнгида Давлат тили байрами муносабати билан тилакларингиз.
-Албатта, аждодларимиздан бизгача етиб келган тилимизни бегона салбий таъсирлардан ҳимоялаш, унга эҳтиром кўрсатиш ва келгуси авлодларга етказиш бизнинг асосий вазифамиздир. Давлат тилимиз ҳамиша тоза, жарангдор ва ширин бўлишини истайман.
Суҳбатдош ҳақида:
Баҳриддин Камолиддинов 1935 йилнинг 8 октябрида Ашт ноҳиясининг Пунғоз қишлоғида таваллуд топган.
Филология фанлари доктори, профессор. Тожикистон илм ва техника арбоби, Тожикистонда хизмат кўрсатган ходим, Тожикистон маорифи аълочиси, «Олий таълимда қўлга киритган мислсиз ютуқлари» нишони ва икки марта Тожикистон ССР Олий Совети Президиумининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.
Тожикистон Давлат университети (ҳозирги Тожикистон Миллий университети)нинг филология факултетини имтиёзли диплом билан битиргандан кейин, 1959 йилдан бошлаб, тожик тили кафедрасида ассистент сифатида иш бошлаган. 1966 йилда номзодлик ва 1988 йилда докторлик диссертациясини ҳимоялаб, 1991 йилда профессор илмий унвонига мушарраф бўлган. Узоқ йиллар филология ва шарқшунослик факултети деканининг таълим ишлари бўйича ўринбосари, Тожикистон Миллий университети проректори, 1994 йилдан 2011 йилгача мазкур университет журналистика факултети услубшунослик ва адабий таҳрир кафедраси мудири вазифаларида фаолият юритган. Айни пайтда мазкур кафедра профессори сифатида студентларга таълим бериб келмоқда.
Бундан ташқари, илмий ва педагогик фаолияти давомида 150дан ортиқ илмий ва методик мақолаларни нашрдан чиқариб, 50дан зиёд илмий, дарслик ва методик қўлланмаларни таҳрир қилган. Баҳриддин Камолиддинов «Ҳозирги тожик тили грамматикаси» (Илмий академик грамматика, 1985-1992) китоби муаллифи ва муҳаррирларидан бири ҳисобланади.
Профессор Б.Камолиддинов Тожикистон Ҳукумати қошидаги Тил қонунини амалга татбиқ этиш комиссияси ҳамда 1994-1998 ва 2010 йилларда тожик тили имлоси ислоҳоти ишчи гуруҳи аъзоси сифатида хизмат қилган.
Унинг сўнгги йиллардаги илмий фаолияти кўпроқ оммавий ахборот воситаларидаги тожик тили ва адабий тил меъёрлари риояси, шунингдек, тожик адабий тилини барча бегона унсурлардан сақлаш масалаларига қаратилган.
Суҳбатдошлар: Дўстмурод БОБО, Зуҳриддин УМАР.
Интернет, уяли телефонлар кундалик ҳаётимизга тўлиқ кириб келди. Эндиликда бу матаҳлардан мактаб болалари ҳам бемалол фойдалана олишади, десак унчалик ҳам муболаға бўлмас.
Кундалик турмуш тарзимизнинг бир қисмига айланиб улгурган уяли телефонларнинг инсон организмига зарари ҳақида жуда кўп ва хўб айтилган ва айтилмоқда. Аммо инсоният ҳамиша тараққиёт сари интилиб яшаган ва яшайверади ҳам. Шу боис, ҳар қанча зарарли бўлмасин, тараққиётдан ортда қолгиси келмайди инсоннинг.
Муфассал...
Халқ донишмандлигида: “Икки шиддатли оқим туташган жойда улкан дарё ҳосил бўлади. Бу кўплаб инсонлар учун бахт-саодат келтириб, уларнинг имкониятларини рўёбга чиқариб, турмушларини фаровон, ҳаётларини чароғон қиладиган дарёдир”, - деган ҳикмат бор.
Бу том маъноси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил баҳор кунларида Тожикистон Республикасига қилган
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015