- Жўрабек ака, келинг, бугун суҳбатни ўзгачароқ бошлайлик. Қўшиқ, ашула, бу - нима? Умрини қўшиқчилик санъатига бағишлаган инсон сифатида бу борада нималар дея оласиз?
- Қўшиқ, ашула санъатнинг энг оммалашган тури ҳисобланади. Дунёда қўшиқ эшитмаган инсон йўқ, десам хато қилмайман. Чунки бешик тебратиб айтиладиган она алласи – қўшиқ, ёш келин-куёв бахтини тилаб айтилаётган ёр-ёр – қўшиқ.
Қўшиқ, ашуланинг яна бир қиладиган хайрли амали бор – у бир-бирини танимайдиган инсонларни бирлаштиради. Санъатнинг тили, миллати йўқ, деган фикр янги эмас. Фақат тор доиралар учун мўлжаллаб айтилган қўшиқ, ашулаларнинг парвози баланд бўлмайди. Масалан, буюк санъаткорлар Юнус Ражабий, Маъмуржон Узоқов, Фахриддин Умаров, Комилжон Отаниёзов, Таваккал Қодиров, Шерали Жўраев фақат ўзбеклар учун куйлашмаган. Ё Ҳожи Абдулазиз, Содирхон Ҳофиз, Акашариф Жўраев, Боймуҳаммад Ниёзов, Абдулла Назрий, Одина Ҳошимовни фақат тожикларгина эшитишмайди. Бошқа халқлар вакиллари ҳам жон қулоқлари билан тинглашади. Ё Иосиф Кобзон, Алла Пугачёва, Муслим Магомаев фақат русларнинггина эмас, жаҳондаги русчани тушунадиган ва тушунмайдиган миллионлаб инсонларнинг севимли санъаткорларига айланишган. Италия операларини фақат италянларгина тинглайди, дейдиганлар хато қилишади.
Мен бир нарсадан фахрланаман: уч уммон оша миллатимиз қўшиғини, овозини тарата олдим. Дунёнинг турли қитъаларида яшайдиган минг-минглаб инсонлар тожик санъатининг ошуфтаси бўлишди. Тожиклар яшайдиган ўлкага қизиқиб қолишди. Мана буни қўшиқнинг сеҳрли кучи, дейдилар.
- Жўрабек ака, Сизнинг узоқ йиллик фаолиятингиз Тожикистон Давлат филармониясида ўтди. У ерда аввалига яккахон ҳофиз, кейинроқ ансамбл ва филармония бадиий раҳбари бўлиб ишладингиз. Ёш мухлисларингизни кўпроқ педагогика институтини битирган ва ўша олий ўқув юртида ишлаган муаллимнинг қандай қилиб пойтахтдаги машҳур санъат масканига бориб қолгани қизиқтиради…
- Мен баланд тоғлар орасида туғилганман. Айний ноҳиясининг Куруд қишлоғида. Қишлоғимиз манзараси гўзал: тоғ, ўртадан сой оқиб ўтади. Бу табиий манзаралар инсонга илҳом беради, кўнгилга ранг-баранг туйғуларни индиради. Лекин қишлоқда ўша пайтда санъаткор учун муҳит йўқ эди. Бирон мусиқий мактаб бўлмаган. Бунинг устига қишлоқ одамларининг ашулачиларга бўлган муносабати ҳам яхши эмас эди. Мутаассиблар, саводсиз диндорлар фалончи артист бўлибди, бу бизнинг динимизга тўғри келмайди, деган гапларни тарқатишарди. Лекин асил диндорлар асло бундай фикрда бўлмаганлар. Отам яхши санъаткор эдилар. Тенор овозлари бор эди. У киши менинг яхши санъаткор бўлишимни орзу қилардилар. Содирхон Ҳофиз, Ҳожи Абдулазиз, Маъмуржон Узоқовнинг ашулаларини кўп эшитганлар ва улар каби элда машҳур санъаткор бўлишимни истаганлар. 17 ёшимда Хўжандга келдим. Ўқишга кирдим. Шаҳар маданият уйида Наимжон Азимов деган моҳир санъаткор ишлардилар. Ўзлари аслида самарқандлик, Хўжандга келиб, тожик санъатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшганлар. Наимжон ака ва Рамз Алимуҳаммедов менга бир қўшиқ ўргатишди. (Жўрабек ака ўша қўшиқни хиргойи қилдилар – муаллиф). Шу-шу қўшиқ айта бошладим. Дастлабки қўшиқни ўргатган икки устозимдан умрбод миннатдорман. Шеър ўқимаган, уни мағзи-мағзигача тушуниб етмаган ҳофиз ҳеч қачон яхши қўшиқ айта олмайди. Мен буни ёшлигимдан ҳис қилган ҳолда, Борбад, Содирхон Ҳофиз, Ҳожи Абдулазиздан қўшиқ айтиш, мусиқани тушуниб ижро этишни ўрганган бўлсам, Мавлавий – Жалолиддин Балхий, Рўдакийдан шеър нималигини ўргандим. Ўша йиллари Боймуҳаммад ака Ниёзов ва Фахриддин ака Умаров эл орасида машҳур бўлиб кетишганди. Уларнинг икковларидан ўрганиб, мен ўз йўлимни топдим. Яхши боғбон қўлида гул табассум қилади, дейдилар-ку! Бошқа кўплаб санъаткорларни ҳам устоз деб ҳисоблайман. Чунки уларнинг қўшиқларини, ашулаларини эшитиб, ўзимга маъқул томонларини қабул қилганман, ўрганганман.
- Тўғри, Сизнинг санъатга қизиқишингизда отангиз ва акангизнинг таъсири катта бўлган. Айни бир пайтда Сиз машҳур санъаткорлар Ҳожи Абдулазиз, Содирхон Ҳофиз, Домулло Ҳалим Ибодов, Шоҳназар Соҳибов, Акашариф Жўраев, Боймуҳаммад Ниёзовларни ўзингизга устоз деб билгансиз. Айтинг-чи, устоз кўрмасдан яхши санъаткор бўлиш мумкинми?
- Устозсиз йўлга чиқма, замона Искандари бўлсанг ҳам. Ҳеч ким ўзича бирон нарса топмаган. Ҳеч бир темир ўзича ўткир ханжар бўлмаган…
Бу гапларни Мавлавий айтганлар. Аввал Худо устод, кейин халқ. Худо ва халқдан ўрганмаган одам ҳеч нарсани ўзлаштирмайди. Устозларни ҳурмат қилишимиз зарур. СССР пайтида мактаблар, билим юртлари, институтлар бор эди. Лекин устоз-шогирдлик анъанаси бироз унутилганди. Айримлар учун устоз меҳнати бир чақалик бўлиб қолганди. Миллатимиз, халқимиз орасида урф бўлиб келган устоз-шогирдликка бироз путур етганди. Шогирд устознинг дуосини олса узоққа боради. Биноий айтганидек, устоднинг ҳақи отаникидан кўпроқдир. Ота ҳаёт ато этса, устоз шогирдни асраб-авайлайди, нажот беради. Мен ўзим ҳамма нарсага эришдим, ҳеч кимдан ҳеч нарса ўрганган эмасман, дейдиганлар хато қилишади, ёлғон гапиришади. Ҳа, айтишади-ку: устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар. Ундайлар қайси мақомга йўрғалашмасин, савиялари пастлигича қолаверади, санъатни ҳақиқий тушунадиганлар назардан четда қоладилар.
- Ҳамма шогирднинг ҳам устоз истаганидай маҳоратли санъаткор бўла олмаслиги бор гап. Урфиятда устоздан ўзмаган шогирд – шогирд эмас, дейдилар. Шогирдларингиз орасида эл эътироф этган, минглаб мухлислари бор санъаткорлар йўқ эмас. Лекин санъатшунослар буни тан олган ҳолда, айни бир пайтда ҳали Жўрабек Муродовнинг шогирдлари устозидан ўзиб кетишганича йўқ, дейдилар. Агар бу фикрни тўғри, деб ҳисобласангиз, ноқулай аҳволга тушиб қолмайсизми?
- Қайси бир устоз шогирдининг камолини кўришни истамайди? Масалан, яна шу кунларда кўпчилик тилидан тушмаётган Дилшодга яна қайтайлик. Дилшод Назаровнинг устози ҳам шогирдининг ўзидан ўзиб кетишини истаган-ку! Энди айтинг, у олимпиада чемпиони бўлганда, олтин медал олганда, шоҳсупага чиққанда, Тожикистон байроғи баланд кўтарилиб, миллий мадҳиямиз янграганда, устози ўз ютуғи каби қувонмаган, дейсизми.
Мен ҳам шогирдларимнинг мендан ўзиб кетишларини истайман. Уларнинг турли мамлакатларда тожик халқининг юксак санъатини намоён этишларини истайман. Ва шогирдлардан тинмай ижод қилишни, санъатни улуғлашни, Худо берган истеъдоди бўлса, увол қилмасликни талаб қиламан. Ҳофизнинг фақат бир шаҳар, қишлоқ, минтақадан четга чиқа олмаслиги айбдир. Тожик ҳофизининг қўшиғини ҳамма ерда – Бадахшонда ҳам, Хўжандда ҳам, Кўлобда ҳам, Раштда ҳам, Зарафшонда ҳам тингловчилар бирдай берилиб эшитишсин. Шундай бўлмаса, санъаткор ўз қобиғига ўралиб қолаверади. Айрим ҳофизларни биламан, Хўжанддан четга чиқа олишмаган. Дунё бўйлаб концерт бериш нари турсин, ҳатто, мамлакатимизнинг бошқа минтақаларига бориб, санъатларини кўрсатишни ўйлашмайди. Мен худди Дилшод Назаров Тожикистон номини жаҳонга танитганидайин, санъаткорлар ҳам дунёнинг турли мамлакатларида юрт номини улуғлашларини истардим.
Шогирдларимнинг мендан ўзиб кетишларига ишонаман. Ўзганларини кўриш муяссар бўлганида, уларни бошимга кўтараман.
- Майли, мавзуни ўзгартира қолайлик. Сиз олган мукофотларни санаган одам чарчаб қолади. Бу мукофотлар орасида Япониядаги «Мин-он» концерт уюшмасининг олтин медали ҳам бор. Гарчи бу мукофотни олганингизга салкам ўттиз йил бўлса-да, унинг тарихи ҳақида сўзлаб берсангиз.
-1982 йилда Япониядан мутахассислар келиб, СССРдаги ўн бешта республикада бўлишди. Улар барча санъаткорлар орасида тожик санъаткорларини танлашди. Биз тўққиз нафар эдик. Ҳофизлардан Даврон Алиматов икковимиз, раққоса Малика Қаландарова ва олти нафар созанда. Бир ой Японияда бўлдик. Муваффақият билан қайтдик. Япониядан миннатдорчилик мактуби юборишибди. 1987 йилда японлар яна ўн бешта республикада бўлишиб, тағин тожик санъаткорларини - бизни танлашди. Айримлар нега яна Жўрабек Муродов боряпти, деган гаплар қилишди. Мен японлар билан қариндош бўлмасам, улар билан гаплашиб олмаган бўлсам, қаердан билайин, дедим.
Биздан ташқари Хитой, Мўғулистон санъаткорларини таклиф этишган экан. Шўролар сиймосида биз – тожикистонлик санъаткорлар бордик. Бу гал Японияда олтмиш кун бўлдик. Жуда кўплаб шаҳарларида, жумладан, Нагасаки, Хиросимада концерт бердик. Концертлар ўтадиган 5-10 минг кишилик томоша заллари лиқ тўларди. Бўш ўрин йўқ. Олдинда Америка ташлаган атом бомбасидан фалаж бўлиб қолган одамлар ётиб томоша қилишяпти. Мен «Дили модар» («Она қалби») қўшиғини айтяпман. Унинг сўзини таржима қилиб туришибди. Қарасам, ҳамма йиғлаяпти. Мана, санъатнинг кучи!
Бир воқеани айтиб берайин. Орадан шунча йиллар ўтган бўлса-да, уни биринчи марта сўзлаяпман. Япониялик саҳна безатувчилар доим биз билан бирга юришди. Уларнинг айтишларича, биздан олдин Италия, Америка, Франциядан санъаткорлар келишган экан. Хуллас, концертлар ўтгач, меҳмонхонадаги хонамизга телефон бўлиб қолди. Икки таржимон – бири москвадан, бири япон қиз. Япон қиз рус тилида ўта илтифот билан бизни ташқарига чиқишимизни сўрарди. Совет даврини биласиз. Ижозатсиз бориш йўқ. Ҳайрон бўлдим. Ниҳоят, бир ўзим эмас, созанда, ҳа, у кейинчалик «Жўрабек Муродовнинг юз оҳанги» китобини ёзган Ҳамидқул Жумаев билан бирга чиқдик. Пастга тушсак, таржимон ва яна икки киши турибди. Улар ниятларини тушунтиришди. Денгиз бўйига бордик. Бизга таниш бўлиб қолган саҳна ишчилари, ҳайдовчилар…16 кишига жой қилинган. Стол-стул қўйилган. Балиқ қовуришган. Хуллас, зиёфат. Ишчиларнинг бошлиғи туриб, «биз италянларни кўрдик, америкаликларни, французларни кўрдик. Лекин… Биринчи марта санъаткорлар биз билан қўл бериб кўришишди. Бу – сизлар бўласизлар»,- деди. Ишонинг, тўлиб кетдим, йиғлагим келди. Оддий одамлар ҳамма нарсани кузатишар, ҳис қилишар экан-да. Тонгги олтигача ўтирдик. Кечқурун бошқа шаҳарга етиб борсак, ишчилар аллақачон саҳнани тайёрлаб қўйишибди.
Японияда бизни концертдан олдин икки тарафда тизилиб кутиб олишарди, концертдан сўнг, яна икки тарафда тизилиб, хайрлашишарди. Миллий кийимларимизни кўзларига суртиб, ўпишарди. Икки ойда биз япон, хитой, мўғуллар билан қадрдонлашиб кетдик. Улар биз билан тожикча: «Ассалом, дўстлар», деб сўрашишарди. Санъатнинг буюклигини кўринг. Ўшанда икки марта асосий мукофот, медал олдик. Японча ашула ўргандим. Уни қайта-қайта айтдим. Қайтганимиздан сўнг, Япониядан яна мактуб келди. Лекин ўзимизда… ҳеч ким қаерда бўлдинглар, сафар қандай ўтди? - деб сўрамади. Телевизорда кичиккина хабар ҳам беришмади. Ҳаммасига тоқат қилдик, сабр қилдик.
Таиланд, Ҳиндистонда ҳам тожик санъати билан танишган, минг-минглаб одамлар «қойил, қойил», деб қичқиришарди. Ҳиндистонда Раж Капур билан қўшиқ айтдик. Ўша концертда 50 минг нафар томошабин бор эди.
Таиландда 25 кун, кунига уч мартадан концерт бердик. Совет Иттифоқининг Таиланддаги элчисидан хат келди. У тожик санъаткорларининг СССР номини улуғлашганини таъкидлаганди. Афсус, бу мактубга ҳам аҳамият беришмади. Майли…
- Сиз ҳақингизда гап кетганда, «оладиганини олиб бўлган» дейдиганлар топилади. Чиндан ҳам Тожикистон халқ артисти бўлгансиз, гарчи ҳозирда тарқаб кетган бўлса-да, тор чалиб куйлайдиган ҳофизлар орасида биринчи марта СССР халқ артисти унвонини олгансиз, орден-медаллар, турли даражадаги мукофотлар… ҳаммасини санаш қийин. Жўрабек ака, айтинг, сиз шуҳратга интилганмисиз ё шуҳрат сизнинг ортингиздан юрганми?
- Бирон марта унвон ҳақида ўйлаган эмасман. Бу шунчаки қизил гап эмас. Ҳали ёш эдим. Душанбега концертга таклиф этишди. Бу концертда улуғ санъаткорлар - Шоҳназар ака, Фазлиддин ака, Туҳфа опа, Ғаффор Валламатзода қатнашишди. Концертнинг охирида олтита қўшиқ айтдим. Концертга Жаббор Расулов келган экан. У Валламатзодага Муродовни ишга ол, дебди. Мен қишлоғимга келдим. Отам тоққа, ўтин тайёрлашга кетган эканлар. Онам шеърни яхши кўрардилар. У киши янгиликни эшитиб, хурсанд бўлдилар. Акам ҳам. Отам келдилар.
-Сени давлат ишга таклиф этдими, - деб сўрадилар.
-Ҳа, Жаббор Расулов, - дедим. Отам қиблага қараб дуо қилдилар. Лекин мен ишлаётган педагогика институтидаги устозларим олий ўқув юртидан кетишимни исташмасди. Айниқса, устозим Ҳамдам Очилов. Устоз менинг олим бўлишимни истардилар. У киши телеграммадан хабардор бўлдилар.
- Нима, сен Душанбега бориб Зафар Нозимов, Боймуҳаммад Ниёзов бўласанми? - дедилар устоз.
- Мен улардан ўтиб кетаман, - дедим. Устоз оқ йўл тиладилар. Душанбеда тақдир Мирзо Турсунзода, Миршакар, Боқи Раҳимзода билан учраштирди. Лойиқ, Акбар Турсун билан қадрдонлашиб кетдик. Шоҳназар ака, Фазлиддин ака, Боймуҳаммад ака, Абдулла Назриларнинг дуосини олдим. Ҳамкорлик қилдим. Уларнинг насиҳатига қулоқ тутдим.
25 ёшимда Тожикистонда хизмат кўрсатган артист, 32 ёшимда Тожикистон халқ артисти, 36 ёшимда СССР халқ артисти бўлдим.
Мустақиллик - улуғ неъмат. Болалигимдан ниятим - тинчлик. Юртим тинчлигини кўриб, халқим шодлигини кўриб, илҳомим келади. Шунинг учун нафақага чиқмадим, оёқ узатиб ётгим йўқ. Халқим учун нафим тегишини била туриб, дам олишга кетмадим.
Энди шуҳрат ҳақида. Санъаткорда истеъдоди бўлса, марҳамат, унвонлар олсин. Лекин, афсус, ҳозир унвон ортидан югурадиганлар кўпайиб қолган. Таниш-билиш қидиришади. Пул бериб телевизорга чиқишади. Лекин, халқ буюк, ҳамма нарсани тарозига қўя олади. Сотиб олинган шуҳрат эса, жезга суркалган зарҳалдек бир гап.
- Ҳозирги қўшиқчиликка муносабатингиз қандай? Тўғри, ҳар даврнинг ўз қўшиқлари бўлади. Санъатнинг бошқа турлари каби қўшиқчилик ҳам қотиб қолган эмас, ёшлардан мана шу қолипдан чиқмайсан, деб талаб қилиб туриб олиш, балки янги қайнаб чиқаётган булоқнинг кўзини тўсиб қўяр. Лекин ёшларнинг мумтоз мусиқадан узоқлашаётгани, поп, рок, реп каби услубларда қўшиқ айтаётганларни ёқтиришларини рад этиб бўлмайди-ку!
- Шўролар давлати таназзулга юз тутаётган йиллар ҳаммаёқни четдан келаётган кока-кола, пепси-кола, сникерс, сақич, ялтир-юлтир кийимлар, хуллас сунъий нарсалар босиб кетди. Бунга қўшилиб халқдаги самимият ҳам йўқола бошлади. Мана энди одамлар ўзлари йиллар давомида тановул қилиб келган егуликларини, кийган табиий либосларнинг қадрига қайтадан етишяпти. Яна ўзимизнинг серқуёш боғ-роғларда битган мевалар, сабзавотлар, пахтали кийимлар қадрланяпти. Худди шундай Ғарб мусиқасига ўчлар ҳам кўпайиб кетганди. Бора-бора яна ўз мусиқамиз қадрига етадиганлар кўпаймоқда… Шеър, мусиқа қалбларни тарбиялайди. Лекин, минг афсус, телевизорларда берилаётган тузсиз шеърлар, у ёқ-бу ёқдан юлиб олинган куйлар асосида тайёрланган маза-матрасиз қўшиқлар тингловчи савиясини пасайтиряпти. Одобсизликни оломон тез қабул қилар экан. Агар пул муқаддас бўлса, асил муқаддас нарсалар унутилади. Айримлар Жомий, Навоий, Саъдийни ўқишмаяпти. Майли, ёшлар попни, репни ҳам эшитаверишсин. Лекин, унутмайлик, Чингиз нима деган: қайси миллатни йўқотаман десанг, аввал унинг маданиятини йўқот. Шундай экан, ўз санъатимизни, миллий куй-қўшиқларимизни унутмаслигимиз зарур. Ёшлар асил меросларни ўрганишсин. Мен ҳаммаси яхши бўлишига ишонаман.
- Кейинги ўн йил, сиз кўпроқ фалсафий, тингловчини чуқур ўйлантириб қўядиган, мушоҳада юритишга мажбур этадиган, ҳаётнинг моҳиятини англашга чорлайдиган қўшиқлар айтяпсиз. Ижодингиздаги бу бурилишнинг сабаби нимада?
- Мен 1942 йилда, уруш пайтида туғилдим. Урушдан кейинги харобликларни кўриб улғайдим. Устига мен ижодимнинг чўққисида, осмонда юрган пайтимда юртимизда бемаъни уруш бўлди. Мени халқ душмани, деб эълон қилишди. Бошимга жуда катта пул тикишди. Шунчалик ҳам хавфли одам эканманми? - деб ўйланардим. Мени халқ душмани дейишса, халқ дўсти ким экан? Қаттиқ ранжидим. Оғир кунларимда санъатдан ҳам кўнглим қолди. Лекин дўстлар, мухлислар мени яна қўшиқ айтишга ундашди. Хўжандга кўчиб келдим. Ҳар йили ижодий концерт беряпман. Келгуси йили 75 ёшимда, Худо умр берса олийжаноб бир дастур тузганман.
Энди кишининг ёши улғайгани, ҳаётни қанча чуқур англай бошлагани сари ижодида ҳам ўзгариш бўлар экан. Мен фалсафий қўшиқларим орқали тингловчиларни буюк неъмат - ҳаётни, бир-биримизни қадрлашга, меҳр-муҳаббат ҳар нарсадан устун эканлигини англашга чорлайман.
- Сиз Бухоро, Самарқанд, Нурота, Косонсой, яна қанча шаҳарларнинг фахрий фуқароси ҳисобланасиз. Айрим катта-катта гуруҳлар уддалай олмайдиган муҳим ишни санъаткор ижоди билан бажариб қўяди. Мисол учун узоққа бормайман: Сизнинг «Икки тилли бир халқ васфига» қўшиғингиз икки қардош, икки жондош халқ – тожик ва ўзбек дўстлигини мустаҳкамлашга жуда катта ҳисса қўшди. Ҳассос шоир Ўлмас Жамол шеъри билан айтиладиган бу қўшиқнинг туғилиши борасида биладиганлар бор, лекин айниқса ёшлар бундан ҳали хабарсиздирлар. Суҳбатларимиз давомида мен Сиздан бу борада эшитганман. «Халқ овози»нинг кўп сонли ўқувчилари учун шу қўшиқ тарихи ҳақида сўзлаб бера олмайсизми?
-Аввало, мен бу ажойиб шеър муаллифи Ўлмас акага узоқ умр тилайман. Ўлмас ака бетоб эканлар. Яқинда хабар олишга боргандим. Икки соат суҳбатлашдик. Ўзлари кузатиб қўйдилар. Саломат бўлсинлар. Бу шеърни ёзиб беришни мен сўрагандим. Ўзбекистонда Тожик адабиёти ва санъати декадаси бўладиган эди. Мен Ўлмас акага тожик ва ўзбеклар қадим-қадимдан дўст бўлишган, шу дўстликка бағишлаб бир шеър ёзиб берсангиз, дедим. Ака маълум муддатдан кейин шеър битганлигини айтдилар. Яхши шеърга куй ҳам қуйилиб келди.
Ўн кунликда шу қўшиқни ва Шароф Рашидов шеъри билан айтиладиган «Дўстлик валси»ни айтдим. Гулдурос қарсакдан ҳаяжонланиб кетдим. Бир нарсани айтиб қўяйин – худди шу «Икки тилли бир халқ васфига» шеъри туфайли Ўлмас Жамолга кўп хонали янги уй беришган.
- Ҳа, санъаткорлар, ижодкорлар чиндан ҳам халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутишади. Ҳозир кўпчилик Сизнинг Ўзбекистондаги машҳур санъаткорнинг қувончли айёмида қатнашишингиз ҳақида гапиряпти. Мана, бу икки халқ вакилининг, икки буюк санъаткорнинг чинакам дўстлиги, дейишмоқда.
(Худди шу ерда «Нури Хўжанд» ансамблининг маъмури Фирузжон суҳбатга қўшилди. Унинг айтишича, Жўрабек аканинг Шерали Жўраев шодлик кунига ташрифи акс этган ёзувни интернетдаги ижтимоий тармоқларда 135 минг одам тўлалигича кўрибди. Умуман эса, уни кўрганлар сони деярли миллионга етибди).
- Мен интернетга кирган одамларнинг дил сўзларини ўқиб, тўлқинланиб кетдим. «Ўғлим, барака топ, йигирма йилдан буён бундай гаплар айтилмаган эди»,- деб ёзибди ўқувчилардан бири.
Шералининг кенжа ўғли боришимизни илтимос қилганди. Шералининг хабари йўқ эди. Биз ўн дақиқа кеч кириб бордик. Ортиқ Отажонов мени саҳнага таклиф қилиб қолди. Бобомурод Ҳамдамовни бошлаб чиқдим. Шерали ёш бола мисол қувонарди. У тожикча, мен ўзбекча айтдик. Иккаламиз биргалашиб икки тилда куйладик. Тингловчиларнинг юз-кўзидаги завқ-қувончни кўриб, санъат, дўстликнинг қудратидан ўзимда йўқ қувонардим. Майли, ҳаммасига батафсил тўхталмайин. Ўша ижодий кечани кўрмаганлар оз қолибди-ку! Фақат шарҳлар таъсиридан ҳалигача чиқиб кета олмаяпман. Тожиклар, ўзбеклар буюк дўстлик ҳақида ёзишган. Икки халқ дўстлигини ҳеч қандай куч айира олмаслигини изҳор этишган. Россиядан, бошқа мамлакатлардан шарҳлар қолдиришган. Ҳаммаси дўстликнинг қудрати ҳақида!
Жомий ва Навоийнинг дўстлигидай дўстлик дунёда бўлмаган. Дўст – Худонинг сўзи. Бу ҳамма миллатлар учун дарс.
- Биламан, анча йиллардан буён Хўжанддаги «Нури Хўжанд» шашмақом ансамблига раҳбарлик қиляпсиз. Бу масъулиятли ишнинг ўзи жуда катта меҳнат, вақт талаб қилади. Шунга қарамай, барибир савол бериш аҳдимдан қайтмаяпман: ҳозир қандай янги қўшиқлар устида ишлаяпсиз?
- Ҳали айтдим, телевизордагилар ўз манфаатларини ўйлаб, савияси паст нарсаларни беришяпти. Буни ҳеч бўлмаса камайтиришга ҳаракат қилдик. Ҳозирча фойдаси бўлмаётир. Шунинг учун, «Шашмақом» концертларини кўпайтиришга, шу билан халқимиз дурдоналарини унинг ўзига етказишга интиляпмиз. Тўғри, концертларимиз пулли. Чунки бепул нарсаларнинг қадри ҳам йўқ. Аввалги концертларда тўрт-беш қатор бўш қоларди. Энди битта ҳам бўш ўрин топилмайди. Халқ қўшиқлари ихлосмандлари ҳам тобора кўпаймоқда. Бир нарсани айтиб қўяйин – ансамблимизда фаолият юритаётган санъаткорларимизнинг маоши унча кўп эмас. Тўғриси, оз. Лекин тожик санъати учун чинакам фидойилар бунга қарамай, тинмай ижод қилишяпти. Мен ўзим халқ қўшиқларига янги жон бағишлашга интилиш билан бирга, фалсафий, маъноси теран шеърларни куйга соляпман.
- Узр, бу саволни атайлаб кейинроққа сурдим. Чунки мустақилликнинг дастлабки йилларида бошингизга оғир ташвишлар тушганидан хабарим бор. Лекин мустақилликни қувонч билан кутиб олган кишилардан бири сиз бўлгансиз. Шундай эмасми?
- Ҳали Шўролар пайти эди. Курдистонга боргандим. Миллион-миллион одамнинг мамлакати йўқ. У ерда истиқлолиятнинг маъносига янада чуқурроқ етдик. Лойиқ шеър ёзди, мен қўшиқ қилиб куйладим. Депутатликка номзодимни қўйган пайтим ҳам миллий мустақилликка ҳисса қўшиш, маданият, санъатни ривожлантириш, бу соҳалар одамлари учун ижод қилиш, шароитини яхшилашга нафим тегишини ўйлагандим. Лекин… У кунлар ўтиб кетди. Юқорида бироз эслаб ўтдик. Етти ой ёру дўстлар бизни асрашди. Ичим ёнарди. Наҳотки мен тожигимга душман бўлсам. Ҳеч эсимдан чиқмайди. Вақт ўтиб, қилғиликни қилганлар мансаб учун бегуноҳ одамлар қонини тўкишгани маълум бўлди-ку! Четдан душманлар содда одамларни уриштирганликлари маълум бўлди-ку! Афсус, ўша беъмани уруш минглаб йигитларимиз ёстиғини қуритди. Болалар етим қолди. Ота-оналар ғам чека-чека жон беришди. Худога шукр, Миллат пешвоси, Президентимизнинг доно сиёсати боис тинчликка эришдик. Энди нуқул олға қараб боряпмиз. Эркинлик. Шоирлар шеърларини бемалол ёзишяпти, ҳофизлар қўшиқларини бемалол куйлашяпти. Масалан, Хўжандда «Шашмақом» ансамблининг очилиши, Хўжанд Давлат дорилфунунида санъат факултетининиг иш бошлаши ҳам истиқлол неъматидир. Тадбиркорлар, ишбилармонлар очган ишхоналарда янги-янги маҳсулотлар чиқариляпти. Ўз ерига эгалик қилаётган деҳқонлар, боғбонлар дастурхонларимизни, бозорларимизни сархил меваларга, сабзавотларга тўлдириб ташлашяпти…
Фақат тўқликка шўхлик қилаётган айрим одамларга инсоф берсин. Шарқона одоб, услуб, асил нарсаларимизни, анъаналаримизни йўқотмайлик.
-«Халқ овози» муштарийлари, улар орқали барча мухлисларингизга тилакларингиз бўлса, билдиришингиз мумкин.
- Аввало, «Халқ овози» ижодий жамоасини, минг-минглаб ўқувчиларини юртимиздаги энг улуғ, энг азиз байрам – Тожикистонимиз мустақиллигининг 25 йиллиги билан табриклайман. Мустақиллигимиз абадий бўлсин! Биласизми, халқ сўзини айтганлар, халқ дуосини олган одамлар бахтиёр бўлишади. Халқ сизни эҳтиром қилса, бундан ортиқ мукофот йўқ. «Халқ овози» бу, энг яхши ном. Энг яхши фарзандлар бу ерда ишлашади. Халқнинг дарди дилини айта олишади. Халқи учун юраги куяди. Мен сизларнинг доимий аъзоларингиздан бириман. Ижодий, машаққатли ишларингизда омад ёр бўлсин. Мен сизларни яхши кўраман. Худо ишларингга ёрдам берсин. Рўдакий айтганидек, минг йил яшайлик, юз минг йил яшайлик.
- Мазмунли ва қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат! Аллоҳдан Сизга узун ва мазмунли умр беришини, янги-янги қўшиқларингиз билан мухлисларингизни қувонтириб юришингизни сўрайман.
Суҳбатдош
Ўринбой УСМОН.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Минтақавий террорчиликка қарши кураш тузилмаси Ижроия комитети доимий амал қилувчи орган ҳисобланади. Ташкилотнинг штаб-квартираси Ўзбекистон Республикаси пойтахти - Тошкент шаҳрида жойлашган.
ШҲТ Минтақавий террорчиликка қарши кураш тузилмаси Ижроия комитети ўз фаолиятини ШҲТ Хартияси низомномаси, Шанхайнинг
Муфассал...
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон кўрсатма ва топшириқлари асосида мамлакат Бош вазири Хатлон вилоятининг Левакант шаҳри ва Жалолиддин Балхий ноҳиясида бунёдкорлик ишлари жараёни, турли иншоотларнинг янгиланиши ва қайта қурилиши ҳамда деҳқон хўжаликлари фаолияти билан танишди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015