Маҳмуджон Сафаров 1957 йили Ёвон ноҳиясида маърифатли оилада таваллуд топган. Ўртақайнар қишлоғидаги 21-ўрта умумтаълим мактабини тугатгач, медицина билим юрти, сўнгра Тожикистон Тиббиёт олийгоҳини тамомлаган. Қарийб қирқ йилдирки, элга даво улашиш йўлида астойдил хизмат қилиб келмоқда.
Оилали, уч фарзанд отаси. Маҳмуджон Имомиддинович Шарқ табобати мутахассиси ҳамдир. Айни пайтда республика Миллий саломатлик марказининг 8-корпусида жойлашган Кардиология маркази, реабилитация – саломатликни қайта тиклаш бўлимида кардиолог врач, игнатерапевт сифатида фаолият юритмоқда.
Маҳмуджон Имомиддинович газетамизнинг ашаддий мухлисларидан бири, таниқли ҳофиз, ҳамкоримиз Машрабхон Қаландаровни юрак хасталигидан даволаганлигини эшитгач, суҳбатига ошиқдим.
- Ҳурматли Маҳмуджон Имомиддинович, айтинг-чи, Сиз фаолият юритаётган Кардиология маркази фаолияти нималардан иборат?
- Марказимиз, ўз номидан маълумки, ишемик, юрак қон томир, қон босими ошиши каби ҳозирги кунда кенг тарқалган касалликлар олдини олиш билан шуғулланади. Бундан ташқари, мутахассисларимиз жойларда аҳоли билан учрашиб, уларга санаб ўтилган ва кундалик ҳаётда учраб турадиган турли касалликлар пайдо бўлиши, уларни даволаш йўллари ва ҳоказо мавзуларда тушунтириш ишлари ҳам олиб боришади.
- Бу ишлар қандайдир дастур-лойиҳа доирасида амалга ошириладими?
-Ҳа, шундай. Республика Ҳукуматининг 2016-2020 йилларни қамраб олувчи «Соғлом ҳаёт тарзи» дастури доирасида амалга оширилмоқда. Бу, албатта, республика Миллий ташхис маркази (диагнозцентр)да жойлашган «Соғлом ҳаёт тарзи» дастури идораси кўрсатма ва режалари асосида йўлга қўйилиб келинаётир. Камина ҳам Рўдакий, Фархор, Турсунзода, Файзобод ноҳияларида бўлиб қайтдим. Юқорида тилга олинган дастур асосида аҳолига қон босими ошиши, камқонлик, буқоқ касалликлари олдини олиш борасида лозим бўлган тавсиялар берилди.
- Бундай тавсиялар берилишига сабаб нима?
- Сабаб шуки, халқимиз ўз саломатлигига кераклича аҳамият бермайди. Кўп ҳолларда таблетка билан кифояланиб қолади. Боши оғрияптими, аналгин, пенталгин… Қон босими ошдими - дибазол ва шунга ўхшаш таблеткалар билан чекланиб қолинаяпти. Бош оғриши ва қон босими ошишининг сабаби нимада эканлиги билан қизиқишмайди. Давомли даволанишмайди.
- Мазкур касалликлар келиб чиқишига нималар омил бўла олиши мумкин?
- Бунга турли омилларни кўрсатиш мумкин. Кундалик ҳаётдаги асабийлашиш, сиқилиш, нотўғри овқатланиш… Биргина нотўғри ва тартибсиз овқатланиш турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкинлиги кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмайди. Масалан, халқимиз ёғли овқат ейишни, айниқса, ҳайвон ёғи билан тайёрланган таомларни хуш кўради. Бечора организмнинг тили бўлганда, додлаб юборган бўлармиди, балким… Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман: спорт билан меҳнатни уйғунлаштириб, овқатланишни тўғри йўлга қўя олган кишини касаллик четлаб ўтади, худо хоҳласа.
- Сиз беморларни қайси усулда даволайсиз?
- Игнатерапия, сужок терапия ва лазер терапияси воситасида даволаймиз. Биргина игна терапияси орқали ошқозон, энтероколит, аденома, борингки, жуда кўп касалликларни даволаш мумкин. Сужок терапия ҳам шундай. Масалан, кафтни олсак, унда 14та даволаш меридиан-нуқталари бор, ана шуларга игна санчиш орқали организмда пайдо бўлган турли иллатлар бартараф этилади.
- Табобатнинг бу усули илгари Шўролар даврида амалда қўлланилмасди, назаримда…
- Тўғри, Советлар даврида минг йилликлар тарихга эга бўлган Шарқ табобатини Совет медицинасига бегона, деб билишган. У пайтлар, асосан, бу усулдан маҳаллий лўлилар, Бухоро яҳудийлари, уйғурлар, корейс миллатига мансуб кишиларгина фойдаланишган. Шу ўринда бир нарса ёдимга тушиб кетди. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида СССР Соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ишлаган Петровскийни Хитой Халқ Республикаси мутахассислари игна санчиш орқали даволагач, Совет Ҳукуматига табобатнинг мазкур усулидан Совет медицинасида фойдаланиш таклифи билан чиқади. Натижада, Москва, Қозон, Екатеринбург, Оренбург каби улкан шаҳарларда игна билан даволаш марказлари очила бошланди.
-Ўзимизда-чи?
- Мамлакатимизда Шарқ табобатининг бу нодир усулларидан юртимиз Истиқлолиятга эришгач, кенг қўлланила бошланди. Умуман олганда, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари давлат бошига келган йиллариданоқ соғлиқни сақлаш соҳасига жуда кўп ғамхўрликлар қилиб келмоқдалар. Мустақиллик йилларида жуда кўп даволаш марказлари-ю клиникалар очилиши фикримиз далилидир.
- Иш асбобларингиз орасида вакуум помпаларини ҳам кўраяпмиз…
- Ушбу помпалар орқали ҳижома қиламан. Бу усул ҳам жуда самарали усул. Бироқ бизда ҳанузгача ҳижомани дипломли мутахассислар амалга оширишмаяпти. Бор бўлса ҳам, улар жуда кам. Аммо махсус билимга эга бўлмаган кишилар ҳижомага қўл ураётганлиги ачинарли ҳол. Аслини олганда, ҳижома бу кичик жарроҳлик амалиёти. Табиийки, бу амалиёт ўтказилиши учун микроб ўлдирувчи махсус лампалар билан жиҳозланган кабина бўлмоғи, ишлатилган вакуум помпалари эса, ўз ўрнида автоклав усулида дезинфекцияланиши лозим. Энди айтинг-чи, уй шароитида ҳижома қилаётган кишилар иш асбобларини лоақал бирор марта автоклав усулида дезинфекциялаяптими? У ҳолда турли кишиларга ишлатилаётган помпа турли микроблару касалликлар ташувчи вазифасини ўтамаётганлигига ким кафолат беради?
- Сиз ўз даврининг таниқли шахсларини ҳам даволаган экансиз?
- Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Тожикистон Коммунистик партияси Марказий Комитети Биринчи секретари бўлган, ўша пайтларда Абдураҳмон Жомий ноҳиясидаги «ХХII партсъезд» давлат хўжалиги раиси бўлиб ишлаётган Турсун Ўлжабоевнинг қон босими ошганда даволаганман. Табиатан хушчақчақ, суҳбатга мойил Т. Ўлжабоев менда ажойиб таассурот қолдирган. Бундан ташқари, мутахассис врач сифатида Ҳукумат беморхонасида даволанаётган Раҳмон Набиев, Қаҳҳор Маҳкамовларни даволаш консилиумида иштирок этиб, уларнинг даволанишларида озми-кўпми ҳиссам бор. Бугун улар оламда йўқ. Худо руҳларини шод қилсин. Мамлакат ободлиги йўлида ҳар бирининг алоҳида хизматлари бор, албатта.
- Шарқ табобати усулларини қаерда ўргангансиз?
- Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея ва Россия Федерациясининг пойтахти Москва шаҳрида махсус курсларда ўқиганман.
- Сизни дўхтир бўлишга нима ундаган?
- Биринчи сабабчи бу, отамнинг оналари - катта онам. У киши гиёҳ билан даволардилар. Ёшлигимдан у кишига «ассистент»лик қилиб келганман. Иккинчи сабаб, оиламиздаги соғлом муҳитнинг шаклланганлиги. Ўртақайнардаги 21-ўрта мактабга узоқ йиллар директорлик қилган отам Имомиддин Сафаров ҳам географ-биолог эдилар. Эҳтимол, у кишининг ушбу фан ўқитувчиси бўлганлиги ҳам менинг ҳаётимда ижобий рол ўйнаган бўлса, ажабмас.
- Дўхтир ака, суҳбатимиз мусулмонлар учун муқаддас саналган рўза ойига тўғри келганлиги учун ҳам бу ҳақда фикрингизни сўрамоқчиман…
- Очлик билан даволаш, очлик терапияси терминлари бугунги кунда қарийбки, барчага маълум. Мутахассис врач сифатида рўзага ижобий ёндашаман. Бироқ баъзи маслаҳатларимни ҳам айтиб ўтмоқчиман. Ана шу рўза ойи давомида рўзадорлар иложи борича ҳазми оғир саналган овқат истеъмол қилмасликлари керак. Айниқса, оғиз очар пайтида куни бўйи оч юрган ошқозонни таркиби қаттиқ, шўр ҳамда аччиқ бўлган овқатлар билан қийнамаслик лозим. Шунингдек, ифтор пайтида яхна ичимликлардан ҳам ўзни эҳтиёт қилинг. Яхшиси, илимилиқ қайнатилган сув билан ошқозонни ҳаракатга келтириб, 10 дақиқалардан сўнг тановул қилинса, рисоладагидек бўлади. Акс ҳолда, ошқозон-ичак касаллигини орттириб олиш ҳеч гапмас.
- Халқимизда «устоз кўрган» деган ибора бор…
- Тушундим. Зикриё Яҳёевич Раҳимов ҳамда М. Н. Навжувоновлар менга устозлик қилиб, шу даражага эришишимга сабабчи бўлишган. Улардан бир умр миннатдорман.
- Маҳмуджон ака, олдимизда қатор байрамлар турибди. Ушбу байрамлар арафасида муштарийларимизга тилакларингиз.
- Ҳар бир халқнинг ўз байрамлари бўлади. Биз учун ҳам энг бебаҳо неъмат бўлган Истиқлолият ҳамда юртда Тинчлик ва миллий бирлик байрамлари муқаддас саналмоғи лозим. Зеро, дунёда миллион-миллионлаб ватансизлар бор. Улар Ватан исташади. Аммо тақдир буни раво кўрмаган. Бизнинг эса, Ватанимиз бор. Юртимиз тинч-омон. Обод, озод, гўзал, осойишта мамлакатда яшаётирмиз. Худога беҳисоб шукрларким, жорий йил Тожикистонимизда Тинчлик ва миллий бирлик ўрнатилганлигининг 19 ҳамда мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамлари қайд қилинади. Фурсатдан фойдаланиб, азиз муштарийларга соғлик-саломатлик ва хотиржамлик тилайман.
-Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Абдулло Саидов суҳбатлашди.
Тожикистон Республикаси Бош прокурори аризаси асосида мамлакат Олий суди томонидан Тожикистон Ислом тикланиш партияси фаолиятида экстремистик-террорчиллик унсурлар бор, дея эътироф этилиши боис, унинг ман этилиши, фаолиятига барҳам берилиши, шунингдек, мазкур партияга тегишли «Нажот» газетаси тўхтатилиши, интернет сайтининг ёпилиши ҳамда партияга алоқадор аудио-видео ёзувлари, адабиётлару варақаларни олиб кириш, тарқатиш қатъиян тақиқланиши борасидаги хабарни телевидение орқали томоша қиларканман,
Муфассал...
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон саъй-ҳаракатлари, Тожикистон шарафли халқининг ўз пешвоси олиб бораётган оқилона сиёсатини қўллаб-қувватлашлари самараси ўлароқ, юртимизда тинчлик ва осойишталик ҳукмрон. Жаҳон миқёсида мустақил Тожикистонимиз сайёҳлар ташрифи учун энг хавфсиз мамлакатлар сирасига киритилганлиги ҳам буни тасдиқлайди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015