Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 03 Ноябр 2016 Кӯришлар: 2798
Печат

 

u usmonЎринбой УСМОН 1951 йилнинг 2 ноябрида Тожикистонда, Суғд (собиқ Ленинобод) вилоятининг Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги Исфисор қишлоғида дунёга келган. 1968 йили Розия Озод номли 6-ўрта мактабни битирган. Тошкент Давлат университети журналистика факултетини (1968-1973) тугатган.

1973 йилдан иш фаолиятини бошлаган. У ўша пайтдаги Ленинобод вилоятининг "Ҳақиқати Ленинобод" газетасида, аввалига,

адабий ходим, сўнгра мухбир, катта мухбир, бўлим мудири вазифаларида 1990 йилнинг охиригача меҳнат қилган.

1991 йилдан ҳозиргача турли  оммавий ахборот воситаларида ишлаб келаётир.

Ўринбой Усмон  Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи ва Халқаро журналистлар конфедерацияси аъзоси.

Адибнинг қисса ва ҳикоялари "Шарқ юлдузи", "Паёми Суғд", "Суғд ёғдуси", "Ёшлик", "Ёш куч", "Гулхан", "Нафосат" каби журналлар, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" ҳафталигида чоп этилган.

 Унинг "Спитаменнинг  қотили" (Тошкент, Ғафур Ғулом номли адабий-бадиий нашриёт), "Кўргилик" (Хўжанд, "Хуросон" нашриёти), "Синчли уй" (Тошкент, "Янги аср авлоди" нашриёти), "Анқонинг уруғи" (Раҳим Жалил номли нашриётнинг Спитамен(Нов)даги филиали), "Дарахтга дўнган одам" (Хўжанд, Раҳим Жалил номли нашриёт), "Сафо чиғириғи" (Хўжанд, "Анис" нашриёти), "Инсон ўзинг, инсон ўзинг" (Хўжанд, "Анис" нашриёти)  китоблари нашр этилган. 

Ўринбой Усмон "Таъқиб" романи, "Қари қиз", "Осмондан тушган одам" ("Қулф"), "Муқаддас" драмалари, "Қарз" мусиқали комедияси, "Қишдан олдинги фасл" каби қатор қиссалар ва ўнлаб ҳикоялар муаллифидир.            

У Ҳожи Содиқ, Самад Ғани, Баҳманёр, Сайф Раҳимзод Афардий, Меҳмон Бахтий,  Абдулҳамид Самад, Маъруф Бобожон, Ғайрат Ҳаким, Анвар Олим, Хуршеди Атовулло ва бошқа тожик, шунингдек, Василий Шукшин каби рус адиблари, болгар ва бошқа халқлар ижодкорлари асарларини ўзбек тилига таржима қилган.          

Ижодкор Ҳожи Содиқ номли ва "Журналистикадаги устуворлиги учун" мукофотлари ҳамда халқаро адабий мукофотга (АҚШ) сазовор бўлган. Шунингдек, Ўринбой Усмон Тожикистон Ёзувчилар иттифоқининг олтин нишони билан тақдирланган.

Шу кунларда ўзининг табаррук 65 ёшини қаршилаётган устоз Ўринбой Усмонни таваллуд айёмлари билан чин дилдан муборакбод этарканмиз, у кишининг  тинимсиз ижод билан машғул бўлиб, янги "Алғов-далғов" романи устида ишлаётганини мушоҳада этдик.

 Қуйида азиз муштарийларимиз эътиборига адибнинг "Сафо чиғириғи" номли қиссасидан бир бобни ҳавола этмоқдамиз.

 

САФО ЧИҒИРИҒИ

Бешинчи боб

Ниятбек тагида ётган инсон бадани кўринмайдиган қорамтир сувга кириб, оқ халатли, бошига учбурчак оқ дурра ўраган ҳамшира кўрсатган ванна адоғидаги тахтага оёқларини қўйгач, узун кўк парда сурилди.

- Қум пастга тушиб бўлганча ётасиз, - ҳамшира ярим қаричча келадиган қумсоатни тўнтариб қўйди-да, чиқиб кетди.

Ҳалигина қорамтирлигидан бироз ижирғангандайин сувга истар-истамас кирган Ниятбек энди у танасига алланечук бир хуш ёқиб, қумнинг пастга секин тўкилишини истай бошлади. Қум неча минутда пастга тушиб бўлса?.. Ажиб нарсаларни ўйлаб топишади. Игнахонада най, бу ерда қумсоат. Соат қўйишса, чиқ-чиқи асабга тегади, дейишганми? Ҳозир чиқилламайдиган соатлар ҳам чиққан-ку!

Ўртада ванна қўйилган эни тўрт метрча, бўйи энидан салгина кенгроқ хонанинг икки тарафи баланд девор, йўлак парда билан тўсиб қўйилган. Ишқилиб, бирон қўшниси хурракчи чиқмасин-да. Бу ер игнахона каби тор эмас, битта хонада ўн киши муолажа қилинмайди-ку, балким хуррак отишса ҳам эшитилмас.

Деворнинг икки томонидаги қўшниларидан биронтаси ё хурракчи эмас, ё қайси бири мириқиб хуррак отаётган бўлса-да, эшитилмасди. Демак, бугун хуррак эшитмайди ва хурракчиларга қўшилиб кетиш хавфи ҳам йўқ.

Ниятбек бундай қараса, аллақачон қумнинг тўртдан бир қисмига яқини пастга тушиб бўлибди. Ваннага кирганига қараганда илиқлашиб бораётган сув қўл-оёқларига, бутун баданига хуш ёқар, ёққан сари қумсоатга хавотирли боқарди. Қумсоат тепасидаги қум тобора камайиб борарди. Ҳадемай, қум бутунлай пастга тушиб бўлади ва ванна ташқарида навбат кутиб турган бошқа бир беморга бўшатиб берилиши керак!

Ниятбек баайни пастга отилаётган қум зарраларини тўхтатиб қолмоқчидек қумсоатга қаттиқ тикилди…

 "Қумсоатни кўрганмисиз? Бизнинг бу синов  дунёдаги умримиз учун берилган вақт худди ана шу соат тепасидаги битта-битталаб пастга тўкилаётган қум зарраларига ўхшайди. Лекин қум пастга тушиб бўлгач, соатни ағдариб қўйишади ва яна ўша олдинги ҳолат: тепадаги қум пастга аста тўкилаверади. Бироқ умримизнинг қумсоати бизнинг қўлимизда эмас, ҳеч бир инсон ҳеч қачон вақтни орқага қайтара олмайди. Бу оддий ҳақиқатни ҳаммамиз яхши биламиз, лекин ўз ҳаётимизга келганда умр югурик эканлигини тан олмаймиз. Тан олгимиз келмайди…"

Бу гапларни айтар экан, Отабек ғалати бир оҳ тортди-да, тилининг учида турган нарсани қийналиб-қийналиб ютиб юборди.

Совуққа олдирган оёғи симиллаб оғриб, юмуқ кўзлари атрофида айланаётган уйқу куларкан, Ниятбек Отабекнинг ўша ҳолатини қайта-қайта эслади: унинг тишлаган пастки лаби қонаб борарди. Қон дераза томон ёйила-ёйила оппоқ нурга айланди. Ўн беш кунлик тўлин ой. Агар шу ой тугаса, Россияга  келганига роппа-роса икки йил тўларкан. Икки йил йигирма тўрт ой, етти юз ўттиз кун! Аввалги кунлар кун санаган, "зиндон"дан чиқиб, қулликда юрганда соат санаган Ниятбек уч ойдан буён қуёш чиқиб-ботишига, куннинг тун билан алмашишига иши бўлмай қолган. Фақат аясининг дуога очилган қўллари ортидаги ёш сизаётган кўзлари, ўғлининг талпинганча ортидан ялангоёқ югургани эсига тушаркан, тезроқ олинган иш тугаши, хўжайин инсофга келиб, пулни вақтида беришини ўйларди. Уйига борганда оёғи оғришини аясига билдирмайди. Жияни ўтган йили дам олиб, даволаниб қайтган икки томони тоғ, шундайгина ёнидан шарқираб сой оқадиган  "Мусаффо" деган осойишгоҳга боради. Аясига у ер осойишгоҳ, беморхона эмас, ҳамма дам олиш учун боради, деб тушунтиради. Ишни тугатишларига эса, ҳали камида икки ой бор…

Ғалати оҳ тортган Отабекнинг қаттиқ тишланган пастки лабидан қон оқиб, бўйнига тушди… "Бу оддий ҳақиқатни ҳаммамиз яхши биламиз, лекин ўз ҳаётимизга келганда умр югурик эканлигини тан олмаймиз. Тан олгимиз келмайди…" Отабек нега гапининг давомини айтмади? Лабини қонаганча тишлаганидан ичига ютган гапидан менинг ранжиб қолмаслигимни ўйлаган. Нима демоқчи эди?

"Жумада кўринмадингиз? Масжид узоқ эмас, қадамингизни салгина тезроқ ташласангиз, бор-йўғи ўн минутда етиб борасиз. Оғайни, энди бу беш кунлик дунё ўтади-кетади. Оқибат борар жойимизни ўйлайлик. Нариёққа қуруқ қўл билан борсак, уялиб қоламиз. Нима дейишарди? Ҳа, сўнгги пушаймон - ўзингга душман".

Ниятбек бу гапларни чертиб-чертиб айтган Жавлонга индамади. Беш вақт намоз ўқишини-ю жума куни осойишгоҳ ёнидан ўтадиган йўналишли таксига ўтириб, шаҳардаги катта масжидга борганини айтмади. Айтгиси келмади. Индамай кулиб тураверди. Нега айтаркан? Нима Худо йўлида қилган ибодатини миннат этсинми?

Ниятбекнинг кулиб турган кўзларига қарар экан, Жавлоннинг лаблари қимтилди. "Ўзингиз биласиз. Мен бир айтдим-қўйдим-да. Бу - мусулмон учун бир фарз. Елкамдаги юкни ағдардим, бўлди". Ниятбек ҳамон индамасдан кулиб турарди. Жавлон қўл силтади-да, орқасига қарамасдан кетди.

"Бир яхши одамни ранжитдим-да. Балки у тўғри кўнгил билан айтгандир, ўзининг намозхонлигини писанда қилмагандир. Лекин нега Отабек ака ҳеч қачон: - Мен беш маҳал намоз ўқийман, рўза тутаман, сизларга ўхшаб телевизор олдида ётволиб, сериал кўрмайман. Пайғамбаримиз ҳадисларини ўқийман, -  деб айтмайди. Москвада хонамизга келганда шерикларим у билан сўрашишди-да, дуо тугаши заҳоти яна телевизор тагига ётиб олишди. Ниқоб кийган тўртта барзанги бир одамни куппа-кундузи шаҳар ўртасида автоматдан ўққа тутган, сатанг аёл эрининг ўртоғи билан қочиб кетган, "ўтда ёнмас, сувда  чўкмас" изқувар портлаб, тўрт томонни куйдирган машинадан омон чиққан… "Уҳ, айни қизиқ жойида тугаб қолди-да, эртага нима бўларкин, мошинни портлатганларни топишармикан?" Шериклардан бири хонада меҳмон борлигини, у Ниятбек билан пичирлашиб гапириб ўтирганини хаёлига келтирмасдан оғзини очиб қолган йигирма ёшлардаги йигитнинг елкасига шапатилайди: - Топади, мана кўрасизлар, топади,- дейди йигит янгиликлар бошланган телевизорни бошқа каналга ўтказар экан. Яна сериал, яна ур-йиқит, қип-яланғоч буралиб-буралиб рақсга тушиш… Ниятбек хижолатдан терга ботади. Меҳмонни ўтқазадиган бошқа хона йўқ. "Тоза ҳаво олишга қалайсиз? Лекин кўприк томонга ўтмаймиз". Ниятбек жилмайганича ўрнидан турган Отабекнинг ортидан эргашади.

 - Йигитлардан хафа бўлмайсиз. Ота-оналарини соғинишган, биттаси уйланган, қизчаси бор. Энди нима қилишсин, ёлғон-яшиқ, олди-қочдилар, бемаза-беҳаёларни кўриб, ухлаб қолганларини билишмайди. Эрта тонгдан яна иш…

- Сира хижолат тортманг. Нима мен қишлоғимизда яшайманми, сизларга ўхшаб Москвада нон топяпман-ку…

Ниятбек Отабекнинг бу гапларидан "ҳаммасини тушунаман", деган маъно уқди-да, оқ тераклардан учиб тушаётган тўзғоқ бурнини ачиштириб, устма-уст уч марта чучкирди.

 - Алҳамдулиллоҳ!

 - Соғ бўлинг! Сизу биз бу ернинг ҳавосига ўрганишимиз қийин, шекилли. Биласизми, кеча ғалати туш кўрдим. Ўчоқ тўла китоб гуриллаб ёнаётганмиш. Опоқдадамлар ўчоққа қўлларини тиқиб, зарҳал муқовали китобни олмоқчи бўлибдилар. Бундай қарасам, бармоқларим куйяпти, кафтларим жазиллаяпти. Жоним оғрияпти, олов бутун баданимга ўрмалаб, ёниб кетишдан қўрқяпман, лекин қўлимни ўчоқдан ололмайман. Мен туш кўряпман, бу туш дейман тўрт томондан нажот излаб. Бармоқларим ўткир пичоқ билан тилиб-тилиб, аямасдан туз сепилгандан ёмонроқ ачишарди. Шунда ўчоққа учиб кирган бўз халтача учи очилди-да, қўлларимни аста-аста ўзига тортди. Ва тўсатдан уйғониб кетдим. Соатга қарасам, бомдодга ўн дақиқа қолган экан…

Тушни ҳар қандай одамга айтмаслик керак эди, дейишади-ку! Нега Отабек ака тушини менга айтди? Китоблар гуриллаб ёнаётган ўчоқ, зарҳал муқовали китобни олишга интилган опоқдада, Отабек аканинг куйган бармоқлари ва бўз халтача…

Ниятбек уч-тўрт кунгача шу туш ҳақида ўйланиб юрди, ўзича таъбирлар топмоқчи бўлди. Аввалига маъқул бўлган таъбири бирпасдан сўнг ёқмай қолар, яна кўз олдидан китоб тўла ўчоқ,  опоқдада, куяётган бармоқлар ва учи очилаётган  бўз халтача ўтарди… Ниятбек бу тушни унутиб юборганди. Бугун нега яна уни эслаб қолди-я?!

… Бор вужуди бўшашиб, роҳатланар, лекин қумсоат тепасида бармоқ бўғинининг ярмидан ҳам оз қум қолган, маъданли сув эса, тобора совиб борарди. Яна икки-уч дақиқа бор, ана кейин қумсоат тепаси бўшаб қолади, сув  баданини илитмай қўяди ва у ваннадан чиқишга мажбур бўлади.

Ниятбекнинг кўз олдида:  ташқарида навбат кутиб ўтирган одам пайдо бўлди. Балки мендан олдин кирган одам ҳам қум пастга тушмаслигини, ташвишли хаёллардан озод этган, жисмидаги оғриқни симириб олаётган сув совимаслигини истагандир. Мен ҳам шуни истаяпман, ҳали ўрнимга  келадиган одам ҳам балки шуни истар…

Қумсоат тепасидаги қум пастга тушиб бўлди. Ниятбек истар-истамас сувдан чиқди. Шошмасдан қўл-оёқлари, баданини сочиққа артиб, кийиниб бўлгач, аста йўталди. Парда очилавермагач, мен бўлдим. Қўлингиз дард кўрмасин, деди.

Узун кўк парда сурилиб, ҳамшира кўринди.

- Хонангизга борганингиздан сўнг камида икки соатгача чўмилмасликни маслаҳат бераман. Сув баданга яхшилаб сингса, фойдаси катта бўлади. Бу маъдансув ўзимизнинг районимизда чиқади, балки вақтингиз бўлса, бориб кўрарсиз, булоқдек қайнаб ётади. Сизга маъқул келдими?

- Маъқул келганда қандоқ, фақат бир илтимос - келаси гал қумсоатнинг каттароғидан қўйсангиз…

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Паём – янги илҳом бахш этди

 

Мен Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмоннинг янги Паёмини қизиқиш ва ўта қониқиш билан ўқиб чиқдим. Бир неча кун давомида мазкур Паём таъсирида юриб, таассуротларимни ҳамкасбларим, дўстларим, танишларим билан ўртоқлашдим. Уларнинг ҳаммаси ҳам мен каби  Президент Паёми ўзларига янги куч-ғайрат, илҳом бағишлаганини айтишди.

Муфассал...

Кўзимиз осмонида ёғду сочар ишқ кавкаби...

 

СОҲИР ШЕЪРИЯТ

Кўзимиз осмонида

Ёғду сочар ишқ кавкаби...

Эй фоний дунё!..

 Мен чекиндим, эй фоний дунё,

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990341

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477208
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3136
4027
20821
7426653
98852
114875
7477208

Сизнинг IPнгиз: 3.147.86.246
Бугун: 23-11-2024 16:36:20

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015