Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 12 Май 2016 Кӯришлар: 4734
Печат

 

dushanbe-Ҳайитмуродов? Қани, айт-чи, Ватан дегани, нима? -Эшназарнинг фамилиясини айтиб сўради ўқитувчи.

-Ватан дегани, бу - Ватанимиз, яъни Тешиктош қишлоғимиз, Чорикўл, Хўжақозиён тоғи дегани.

-Яна, - сўради устоз.

-Янами, - Эшназар ўйланиб қолди.

-Жўраева. Сен айт-чи, Ватан дегани нима ўзи?

-Ватан, дегани бу, биз ўқиётган шу мактаб, шу синф. Сиз ва бизлар дегани.

-Яна, - сўради ўқитувчимиз.

-Янами, яна ҳув анаву пахтазор, Кўржалолқум, колхозимиз дегани.

-Яна, - сўради домла.

-Янами, - Бўстон биронта ёрдам қилармикан, деб ҳар томонга қараб ўйланиб қолди.

-Бердиқулов. Сен айтарсан, Ватан дегани, нима ўзи?

-Ватан дегани жуда катта, чексиз-чегарасиз тушунча. Яъни ота-она, бобою бобокалонларимиз, бизнинг меҳнатсевар халқимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз дегани.

-Яна, - қатъий оҳангда талаб билан сўради устоз.

-Яна, - мен ўйланиб қолдим. Хўш, яна Ватан тушунчасига нималар тўғри келади?..

-Ўтир Бердиқулов, -деди муаллим мендан жавоб чиқмаётганлигини сезиб.

-Устоз! Сиздан бир илтимос. Менга икки қўйманг. Мен Ватанни биламану ҳозир эсимга келмаяпти. Мен ўқиб, ўрганиб Сизнинг бу саволингизга, албатта, жавоб бераман, -дедим-да устознинг саволига жавоб бера олмаганимдан кўзларимга ёш келди. Сабаби, мен она тили ва адабиёт фанларидан фақат беш баҳога ўқир, ўқитувчиларга мактабни тугатсам, Сизларга ўхшаб қишлоқ мактаби ўқувчиларига дарс бермасдан Педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти факултети студентларига ўз она тилимиз ва адабиётдан маърузалар ўқийман, -деб айтардим.

Кейин устоз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Ҳар кимки вафо қилса вафо топқусидир" сатри билан бошланадиган рубоийсини ифодали ўқиб, ёддан айтиб, мазмунини тушунтирди-да, ушбу рубоийни ёдлашни уйга вазифа қилиб берди.  

***

Қайсидир йили Термизга бориб "Юбилейний" бозорини айланаётган эдим, бир йигит қўлимни тутиб саломлашгач, чойхонага бошлади.

-Кўзларимга иссиқ кўриндингиз, Тожикистондан бўлсангиз керак?

-Ҳа, -дедим.

-Ватандош билан бир мириқиб суҳбатлашсам ҳам дардим кетади. Мен Колхозободнинг (ҳозирги Жалолиддин Балхий ноҳияси) Узун қишлоғидан. Акаларимнинг қистови билан кўчиб келдим. Жарқўрғонга, "Ғур-Ғур"да уй-жойим бор. Лекин бу ернинг шароитига ҳеч кўниколмадим.

-Нега?

-Дилдан суҳбатлашишга одам йўқ.

-Бир қишлоқ одамлар орасиданми?

-Ҳа, одамлар борликка бор-у, сени тушунишмайди.

-Ўзбекчани билмайдими?

-Йўқ, асло, билади-ю, кўнглидагини айтмайди.

-Нега?

-Умуман бошқача. Дардларингни эшитишни хоҳламайди.

-Сиз нима қилдингиз?

-Мен яна Колхозободга, Узунга кўчиб кетдим.

-Нима учун?

-Дарахт бир ерда кўкаради, -дегани тўғри экан.

-Бу ерда нима қиляпсиз?

-Беш йил ўтгач, акаларимнинг қистови билан яна кўчиб келдим.

-Яхши-ку. Оғайниларнинг олди.

-Нимаси яхши? Бошқа кишилар-ку. Оз ишласанг ҳам, кўп ишласанг ҳам ёқмайсан.

-Нега?

-Билмадим. Ҳеч тушунмадим.

-Кўзларимни юмсам туғилиб ўсган она қишлоғимиз, синфдошларим, устозлар, қишлоқ оқсоқоллари, кўчалар, ариқлар хаёлимда жонланаверади, жонланаверади.

-Эҳ-ҳе, шундай денг.

-Ҳа, ака мен кундузлари Ўзбекистонда-ю, кечалари тушимда Тожикистонда яшайман.

-Бу нима? - мен ўзимга ўзим шундай савол бераман. Ватан дегани дардми, орзуми, сеҳрми, меҳрми ёки оловмикин, юракни куйдиради. Сеҳрлаб ўзига тортаверади, тортаверади. Хўш, нима? Ёки менми? Менинг сиймомда у ўз Ватанини кўрди-ку. Кўнглидагини очди-ку. Ёйинки у ҳасратми кўринмайдиган ҳам, тугамайдиган ҳам. Хўш, нима?

Бозордан чиқиб автовокзалга бораётгандим орқамдан ЛАЗ автобуси шофёри сигнал бериб тўхтатди. Бу шаҳарда автобусчилардан танишим йўқ эди-ку, дея ҳайрон бўлиб орқамга ўгирилдим.

-Чиқинг, -деди шофёр, худди оғайнилардек бўлиб.

-Юришингиздан сездим, тожикистонликсиз.

-Ҳа, -дедим мен.

-Хўш, Ватанда аҳвол қандай, Колхозободга бориб турибсизми?

-Яхши, ҳа, -дедим мен.

-"Гулбаҳор"га кўчиб келдик, денг, -гап бошлади шофёр. -Бир қишлоқ. Биласиз, деҳқончиликда суяги қотганларданмиз-ку қовун, тарвуз, пиёз, сабзи экиб, туну кун ишлаб, уй-жойларни обод қилдик. Қўша-қўша енгил машиналар олдик. Ёшлар институтларга ўқишга кира бошлади. Баъзилари Россияда ишлаб, қўй-эчкиларимиз уларникидан ҳам ошиб, саноқ тошдай бўлиб кетди.

-Нимаси ёмон?

-Ёмон.

-Нега?

-Ернинг қурти. Ит тиним билса билади-ю, лекин булар тиним билмайди, -дейди.

-Деса десин, "ит ҳураверади, карвон ўтаверади". Ҳалол ишлаяпсизларку!

-Ажралиб қоларкансан. Ватанда эса, қаёққа боряпсан, нима иш қилаяпсан, ҳеч кимнинг иши йўқ. Шароити бўлса сабзи, пиёз, қовун, тарвуз, шолини йиғиштиришда, Камазга юклашда оиласи билан келиб ёрдам қилиб, шу кеча ётиб ҳам қолишади. Шунингдек, уй қуриш учун ғишт ташлаш керак бўлса ёки ҳатто ғишт теришда ҳам оилавий бўлиб навбатма-навбат келишиб туни билан ётмасдан ишлашади.  Унутиб бўладими? Навоий бобомиз:

Олтин қафас ичра гар қизил гул бутса,

Булбулға тикондек ошён бўлмас эмиш, - деб тугалланувчи рубоийсида тўғри ёзган экан.

Хўш, Ватан нима? Мен яна ўйланиб қолдим. Ватан-Она юртдан ташқарида ташналигинг қонмайдиган булоқми? Ёки ҳув анави саробми, борган сари илгарилаб кетаверади, кетаверади. Ёки 300 йил давомида Ҳиндистонга ҳукмронлик қилган Бобурийлар сулоласининг етакчиси Мирзо Бобурнинг ғазали, Навоийнинг шеъри, Шералининг қўшиқларими эшитиб тўймайсан ҳам, эшитишни қўймайсан ҳам. Хўш, нима? У жон риштасими? Узилса тинасан, узилмаса юрагингда қайнаб юраверади, юраверади...

Ҳиндистон империясининг подшои олампаноҳи, шунчалик буюк мамлакат сарвату бойликларига эга Мирзо Бобурни қақшатиб йиғлатган Андижоннинг бир тилик қовуни эмасми? Ўша қовун тилиги шоир учун Ватан тимсоли эди-ку. Шу подшоҳнинг олдида "Узун"ликнинг  она юртини қўмсаши нима?

***

Қишлоғимизда Улуғ Ватан уруши "Шараф"орденининг ҳар учала даражаси нишондори Ҳамро Қораев яшарди. Нафақа пулини олиб келишса, олмасди. -Она-Ватанимга соғ-омон етиб келдим, шуниси етиб ортади, ўзим ишлаб пул топаман, -дерди.

Демак, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Ҳамро бобо учун Ватани шукроналик рамзи экан-да. Урушдан соғ-омон қайтганлиги шукронасини бажо этиш учун - Ватан!..

***

Ватанимиз - Тожикистон Республикаси мустақиллигига бу йил 25 йил тўлади. Мен ҳам ушбу Республика кишилари билан замондош. Тақдирларимиз туташ. Менинг ва бошқа меҳнаткашлар авлодларининг ҳаёти ҳам тобора яқинлашаётган 25 йиллик юбилей билан боғлиқ.

Эмомали Раҳмон раҳбарлигида республикамизнинг мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқларининг энг асосийлари:

1. Тожикларнинг янги давлатчилигига пойдевор - асос бўладиган Тожикистон Олий Совети XVI сессияси (ноябрь 1992 йил)да фуқаролар урушининг олди олиниши ва қонуний ҳукуматнинг барқарор бўлиши;

2. Тинч-тотувликнинг барқарор бўлиши (Миллий келишув 27.06.1997 йил) ва мамлакат кишиларининг бунёдкорлигу яратувчанлик ишларига сафарбар этилиши;

3. Қўрғонтепа-Кўлоб темир йўли қурилиши. 1700 километрдан ортиқ автомобил йўлларини қуриш ва таъмирлаш. 17 километрлик туннел ва 100дан ортиқ кўприклар қурилиши. Шу жумладан, Душанбе-Хўжанд-Чаноқ, Душанбе-Рашт-Лахш,  Душанбе-Кўлоб-Қалъаи Хумб-Хоруғ-Қулма,  Душанбе-Қўрғонтепа-Дўстий-Қуйи Панж, Душанбе-Турсунзода автомобил йўллари. Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги Панж дарёси устидан 5та кўприк бунёд этилиши. Бу кўприклар Хоруғ, Ишкошим, Ванж, Қалъаи Хумб ва Қуйи Панж мавзеларида қурилган;

4. "Сангтўда 1" ва Сангтўда 2" электростанциялари қурилиши;

5. Роғун ГЭСи қурилишини авж олдириш. Улкан Норак ГЭСида янгидан таъмирлаш ишларининг бошланиши;

6. Республика турли минтақаларида 300тадан ортиқ кичик электростанциялар қурилиши. Тоғларнинг энг баланд чўққилари устидан Жануб-Шимол йўналишидаги 500 киловатлик электр линиялари ўтказилиши;

7. 200 киловатлик "Лолазор-Хатлон" ва "Тожикистон-Афғонистон" линияларининг ишга туширилиши;

8. Юзлаб янги саноат корхоналари бунёд қилиниши ва минглаб иш ўринларининг муҳайё этилиши;

9. 75000 гектардан ортиқ ернинг деҳқонларга тақсимлаб берилиши ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг ерга эгалик қилиши;

10. Суғориб экиладиган ерларда такрорий экишнинг йўлга қўйилиши ва бир йилда икки ва ундан ортиқ ҳосил олиниши;

11. Бошоқли дон маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг бир миллион тоннагача етказилиши;

12. Мустақиллик йилларида "Истиқлол", "Озодий", "Хатлон", "Шаҳристон" туннелларининг қурилиб ишга туширилиши.

13. Республикамиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларига ривожлантириш бўйича уч стратегик мақсадни олға суриш. Яъни, коммуникация боши берк кўчадан чиқиш. Энергетика мустақиллигига эришиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш. Айтиш мумкинки, биринчи мақсадга, аллақачон, эришдик. Чунки, автомобил-транспорт йўллари ва кўприклар ҳамда зикр қилинган туннеллар қурилиши билан жаҳоннинг тўрт томонига йўл очилди;

14. Роғун ГЭСи қуриб битказилиши билан, энергетика мустақилликка ҳам эришилиб, Тожикистонимиз жаҳондаги электр энергияси экспорт қилувчи мамлакатлардан бирига айланади;

15. Маориф ва соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича минглаб янги иншоотлар қурилдики, бу янгиланиш жараёни давлат ва ҳукуматимизнинг ижтимоий сиёсатининг ҳаётга самарали татбиқ этилиши нишонасидир;

16. Жаҳондаги 150дан ортиқ давлат мамлакатимиз давлат мустақиллигини расмий равишда тан олди. Тожикистон БМТнинг ва 60дан ортиқ халқаро ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзосидир;

17. Мустақиллик йилларида чет мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқалари  ривожланиб, мустаҳкамланди. 1068тадан ортиқ қўшма саноат корхоналари бунёд этилди;

18. Тожикистон тинчликсевар, тинчликка эришувчи ва бутун сайёра аҳолисини тоза ичимлик суви ҳамда экологик зарарсиз электр энергияси манбалари бунёд қилувчи мамлакат сифатида дунёвий шон-шуҳратга эришди;

19. Кўлоб Халқаро аэропорти ва ўнлаб институтларнинг очилиши, ёшларнинг чет мамлакатларда ўқиши, минг-минглаб гектар боғ-роғларнинг барпо қилиниши;

20. БМТ минбаридан нутқ сўзлаган Эмомали Раҳмон тожиклар давлатининг биринчи Президентидир. Жаноби олийлари кейинги йилларда, жаҳондаги энг олий нуфузли минбардан 10 мартадан кўп сайёрамиз аҳолисининг муаммоларига боғлиқ воқеа ва ҳодисалар борасида сермазмун нутқ сўзлади.

Мен, агар шу 25 йилни ҳисоблаб, бошқасини ҳисобга олмасам, у вақтда республикамиз ҳудуди ва музейларидаги энг қадимги, қадимги ва ўрта асрларга ҳамда Совет даврига оид  Б.Ғафуров, М.Осимий, М.Турсунзода, А. Лоҳутий, С.Улуғзода, Ж.Икромий ва бошқа олим, шоиру ёзувчиларнинг мумтоз, илмий ҳамда бадиий асарларини нима қилмоқ лозим? Мамлакат жанубий минтақалари сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларини ривожлантириш мақсадида қурилган Норак ГЭСи, Тожик алюминий заводи, Ёвон химия комбинати, Вахш азотли ўғитлар заводини-чи? Раҳбарликдаги тажрибалари ХXI аср жаҳон халқларига ўрнак бўладиган, халқининг ота деган меҳр-муҳаббатли сўзларини қозонган, зийрак ва доно Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари Саиджўжа ота Ўрунхўжаев, Абдуғаффор ота Самадов, онахон Энажон Бойматованинг ҳали кўп асрларга татигулик тажрибалари-чи? Машҳур Зарафшону Фарғона водийлари кишиларининг барча соҳалардаги цивилизациясини-чи? Мўғ тоғи қўрғони, Ямчун, Исфарадаги Қалъаи Боло қалъалари, Хулбук арки-қўрғони, Тахти Қубод ёдгорликлари, Панжакент асори атиқаларини-чи? Биринчи қўлёзма ёдгорликларини-чи? Файзободдаги Мақбара-хоноқоҳ масжид, Ҳисор қалъаси, Исфарадаги Чоркўх меъморчилик иншооти, Хўжанддаги Хўжанд қалъаси, Шайх Муслиҳиддин мақбараси, Шаҳритуздаги Хўжа Машҳад мадраса-масжиди, Хўжа Дурбад мақбараси, Қабодиёндаги Амударё хазинасига оид тилла ҳарбий арава, кумуш ручка, узун юнгли ов ити, шер тасвири туширилган тилла мужассама ва тилла кўзаларни-чи?

Демак, Ватан қандайдир бир бошланишининг ҳисоб китоби кўп тарихий тушунчами? Ўзи учун ҳам, бизлар учун ҳам ҳар бир асрда янгиланиб турадиган Оқсоч тарихнинг сиру синоатими? У нима?

***

Ёки бўлмаса Вахш водийсини ўзлаштириш сиёсати билан Хонободдан кўчиб келган дўстимнинг отаси Мамадали бобо эшигининг олдига Хонободдан олиб келтирган қип-қизил олча кўчатларини ўтқазибди. Қатор, қийғос очилган олчаларни кўриб кўзингиз қувнайди. Аслида-чи? Аслида у армон. Юрт соғинчи, Ватан армони. Чолни Ватани-Намангандан бошқа ерда қолиб кетиш қийнагану шу она юрт олчаларини кўриб таскин топган, дилдан сирлашган.

Демак, Ватан таскинлик, сокинлик...

Ўхшатиш сифатида Тўра ашулачини олайлик. У тўй-маъракаларда "Она қишлоғимиз-Тешиктошдан кўчиб кетманглар", деб ашула айтарди. Бир қарашда кўплаб яхши ашулалар орасида жўндек кўринган бу қўшиқ аслида Ватан қўшиғи эди. Санъаткор учун Ватан тушунчаси яхлит бир марварид ёки гавҳару у ана шу марварид-гавҳарнинг парча-парча бўлиб кетишини хоҳламаётир. Бирон бир мисқолидан ҳам ажралгиси йўқ.

Ёки бошқа бир мисол: ўзбекистонлик буюк математикларнинг шогирди Оллоёр Усанов.  А.Навоий номли Самарқанд Давлат университети математика факултетига ишга таклиф қилинганида у киши: -Қишлоғимиз ёшларига ким дарс беради? Ватандан ажралиб, қаерга ҳам борардик? -деган экан. Устоз учун Ватан меҳри ҳар қандай илмий даражалардан устун бўлган. Ўзга юртда олим бўлганидан ўз юртида оддий ўқитувчи бўлишини афзал кўрган бу устоз ўқувчиларидан юзлаб физика-математика фанларининг олий маълумотли ўқитувчиларини етиштирди. Мен ҳозиргача Сурхондарё, Қашқадарё, Суғду Хатлонда ўз фанлари бўйича юзлаб шогирдларни етиштирган ўқитувчини эшитмадим. Ёки бўлмаса 100та олий маълумотли физика ва математика фанлари ўқитувчиларининг чап қўлларида физика, математика китоблари, синф журналлари-ю, ўнг қўллари кўксида устозига таъзим қилиб турганини тасаввур қила оласизми?

Демак, Оллоёр устоз учун Ватан тушунчаси бу элу юртига садоқат тушунчасидир. Ватанига содиқликда Оллоёр устоздан ўтадигани бормикан?

Устозимнинг "Ватан нима?", деган саволига жавоб излаётганимга эллик йилдан ошди.

Мен, дўстим Абдуғаффор билан Хўжақозиён тоғлари учинчисининг устида, ўша тарихда "Амударё хазинаси" номи билан машҳур, Панж, Вахш ва Амударё дарёлари қўшилиб оқадиган водийларга дурбин билан қараб ўтирибмиз. Амударёнинг жануб томони - бошқа мамлакат Афғонистон Ислом Республикаси. Кишилари туя, от, эшакларда кўза ва хумларда дарёдан сув олиб кетаётир. Оёқларида мўкки. Маълумки, қишлоқлари орасидан сув оқадиган ариқ ўтмайди. Анави жўнбош қоп-қора барзангиларнинг кун бўйи сув ташишидан улар бойларнинг қулларига ўхшайди. Ўсмир ёшлар мактабларга бориб ўқиш ўрнига кўчаларда сув сотиб кун кечирадигандек. Ёки улар ҳам қайсидир бойларнинг ғуломлари.

-Мана, - дедим Абдуғаффорга, - сен инженер-механик. Ёшларни тракторчиликка ўқитдинг. Ер шудгорлаб, чизел қилиб, барана танғиб, кишиларнинг хизматини қилиб, шу Ватанда умринг ўтаётир.

-Хўш, нима эди, - деди дўстим.

-Хўш, сенингча Ватан нима? У ҳақида ўйлаганингда нималар кўз ўнгингга келади? Тўғрисини айт, Ватанни сен қандай тушунасан?

Дўстим Амударёга, Афғонистон тарафга дурбин билан узоқ вақт қараб турди-да, биласанми, Ҳасан, -деди у мен томон қараб, саволимга жавобан: - Амударёнинг  Тожикистон тарафида туғилганлигимизнинг ўзи қандай бахт...

-Демак, дўстимнинг фикрича, Ватан тушунчаси бахту саодат тушунчасидир.

Яратган эгам ҳеч кимни ана шу, буюкдан-да буюк бахт-саодатдан айирмасин!

 

Ҳасан Бердиқулов, журналист.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

АНИҚ ФАНЛАРНИ ЎРГАНИШНИНГ ЙИГИРМА ЙИЛЛИГИ – ДОЛЗАРБ ТАШАББУС

 

Ҳар йили Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг мамлакат парламентига йўллаётган паёмларини интиқлик билан кутиб, жамоа ҳолда томоша қиламиз. Бу йил ҳам шундай бўлди – устоз ўқитувчилар ҳамроҳлигида Паёмни томоша қилдик. Президентимиз айтаётган ҳар сўз, ҳар бир нуқта халқ кўнглидан ўтган ва амалга ошишини истаб юрган орзу-истаклар эди, ростданам.

Муфассал...

Улкан зафарлар йили

 

- Давлат ҳокимияти Турсунзода шаҳар ижроия органи ўз фаолиятини Тожикистон Республикаси Конституцияси ҳамда Тожикистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуни асосида йўлга қўйган, - деган фикрлар билан матбуот конференциясини бошлади Турсунзода шаҳри раиси Вализода Абдуқодир Исуф. - Ўтган 2018 йилнинг бошидан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990673

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477908
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3836
4027
21521
7426653
99552
114875
7477908

Сизнинг IPнгиз: 3.144.43.194
Бугун: 23-11-2024 17:06:51

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015