Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 31 Март 2016 Кӯришлар: 2078
Печат

 

yolgonАссалому алайкум, азизлар! Ўтган гал сиз билан хайрлашар эканман, навбатдаги суҳбатимиз мавзуси кўпгина оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлаётган ёлғон, ёлғончилик ҳақида бўлишини айтгандим. Келинг, аввал ёлғон ҳақида донолар, мутафаккирлар, жаҳонга машҳур инсонлар айтган фикрларни келтирайлик:

Ўғлим, ёлғондан сақлан. У чумчуқ гўшти каби шириндир. Ундан жуда оз кимса қутулади.

Луқмон Ҳаким.

Ёлғончи билан хасис жаҳаннамга тушади. Фақат қайси бири чуқурроққа ташланади, билмайман.

Шабий.

Дили тилига, гапи ишига мос бўлмаслик мунофиқликдан. Мунофиқликнинг асоси эса ёлғондир.

Ҳасан Басрий.

Кимки бир ёлғон гапирдими, яна гапиради. Ахир, битта ёлғонни бошқа еттитаси билан қувватлаш керак-да.

Ф. Рюккерт.

Албатта, билмай туриб ҳам ёлғон гапириб қўйиш мумкин, аммо «ёлғончи», деган тушунча қасддан ёлғон сўзлаш маъносини билдиради.

Б. Ласкал.

Ёлғон кучга кирган вақтда ҳам барибир ҳеч вақт ҳақиқатга айланмайди.

Р. Тагор.

Мен машҳур ҳинд адиби Робиндранат Тагорнинг ёлғоннинг ҳеч қачон ҳақиқатга айланмаслиги ҳақидаги фикри тўғрисида ўйланар эканман, беихтиёр кўпчилик оғиздан-оғизга кўчиб юрадиган ўзбек халқ мақоли ёдимга келди: ёлғоннинг умри - қисқа.

Тўғри, ёлғоннинг умри қисқа, вақти келиб, унинг миси чиқади. Лекин ана шу қисқа умри давомида ҳам ёлғон кўпинча ўз ишини қилишга улгуради. Баъзан яқин дўстларни юзкўрмасга айлантиради, ойига уч-тўрт марта ҳолингдан хабар олиб турган қариндошинг эшигингни қоқмай қўяди, бошлиқ софдил ходимини ишдан бўшашга ариза ёзишини талаб қилади, эр хотинга, ё хотин эрга ишонмайди, бир-бирини кўрганда тилидан бол томиб турган қудалар ана шу ёлғонга учиб, отарга ўқ тополмай қолишади...

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муқаддас ҳадисларида ҳам ёлғоннинг қанчалик ёмон эканлиги ҳақида марҳамат қилинган. Камина улардан айримларини келтиришни жоиз деб топдим:

“Ёлғон мунофиқлик эшикларидан биридир”. 

(Ибн Адий ривояти).

“Тўғри бўлинг, тўғрилик яхшиликка, яхшилик эса, жаннатга олиб боради. Ёлғондан сақланинг, ёлғон фисқ-фужурга, фисқ эса, жаҳаннамга олиб боради” .

(Имом Бухорий ривояти).

“Сўз билан чиқарилган фитна қилич билан чиқарилган фитна кабидир. Ёлғон гапириш, туҳмат-бўҳтон қилиш билан чиқарилган фитна қилич билан чиқарилган фитнадан ҳам ёмондир” .

(Ибн Можа ривояти).

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг уқтиришларича, имон соҳибига ёлғон сўзлаш хос эмас:

- “Имон соҳиби ҳар хил хато қилиши мумкин. Лекин хоинлик қилолмайди ва ёлғон гапиролмайди”. 

(Ибн Абу Шайба, Баззор ривоятлари).

Азизлар, кўряпсизми, юқоридаги ҳадисда ёлғон хоинлик билан бир қаторда келтирилмоқда. Агар, аслида бундай чуқурроқ ўйлаб қаралса, кимнингдир ширин турмушини бузиш, кимнидир ноҳақ қаматиб юбориш учун ишлатилган ёлғон сотқинлик каби ёмон-ку! Ёлғон ўз ортидан туҳмат, бўҳтон, фитна, жанжални етаклаб юради.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ёлғончининг ўз хатосини англаб етиши, бу номаъқул ишини бошқа такрорламаслиги учун интилардилар. Оиша онамиз айтадилар: “Агар Расулуллоҳ (с.а.в.)га у кишининг оила аъзоларидан бирови ёлғон гапиргани ҳақида хабар етиб борса, у киши ўша одам билан тавба қилгунича гаплашмасликка ҳаракат қилардилар”.

(Имом Аҳмад ривояти).

 

Отам нега ёлғон гапиргандилар?

Раҳматли отам ёлғончиликни ўта ёмон кўрардилар. Агар уйда билмасдан бирон буюмни синдириб қўйиб, уни, масалан, шамолга тўнкайдиган бўлсак, кўзимга қараб гапир, дердилар. Отамнинг кўзларига қарагач, тилимиз ғулдираб қоларди. Мактабга борганимдан кейин дарсликларнинг бирида ёлғончининг уйига ўт тушгани ҳақидаги ибратли ҳикояни қайта-қайта ўқитишган, ўқиганман. Лекин мен бу ҳикояни ҳали мактабга бормасимдан илгари уйимизда, раҳматли отам ва онамлардан эшитганман. Улар ҳикояни айтиб беришгач, ёлғоннинг қанчалик ёмон иллат эканлигини, унинг касофати ёлғончининг ўзига ҳам уриши мумкинлигини содда қилиб тушунтиришарди. «Мудом тўғри сўзла, ёлғон сўзлама, бировнинг гапини бировга етказма, ҳеч кимнинг ортидан гапирма, гапинг бўлса, ўзига айт!»  Падари бузрукворимнинг бу ўгитлари ҳамон кечагина айтилгандайин.

Ўн уч ёшларда эдим. Ўйнагани чиқаётиб, кўчада дадамнинг ким биландир гаплашаётганларини эшитиб қолдим.

- Усмон ака, сиз доим бизга ёлғон гапирма, дейсиз. Кимдир ёлғон гапирса, юзингда кўзинг борми, демасдан, қаттиқ койийсиз. Лекин нега ўзингиз тегирмончига ёлғон гапирдингиз?

- Тўғри, мен ёлғон гапирдим. Мен айрим одамларга ўхшаб  қуданг ундай, қуданг бундай, деб ёмонламадим, унга қайтага яхши ишларини бироз бўрттириброқ айтдим. Сизни, куёвини ҳурмат қилади, араз қилиб келган қизини қаттиқ уришяпти, дедим. Ана, тегирмончи келинини қайтариб олиб келиш учун кетди-ку! Битта оила тикланди. Демак, иккита бола тирик етим бўлмайдиган бўлди. Ука, эр-хотинни, қудаларни яраштириш учун, бузилган оилани тиклаш учун ишлатилган ёлғоннинг ёмони йўқ. Лекин тинчгина яшаб турган оилаларни бузаётган ёлғондан асрасин!..

Бу гапларга эллик йилдан ошди. Лекин болалик онгимга сингиб кетган бу ибратли гаплар ҳеч бир эсимдан чиқмайди. Гоҳида қариб қолган кампирларнинг агар дадангиз бўлмаганларида, раҳматли чолим билан яраштириб қўймаганларида, учта болам билан отамнинг уйида, укаларимнинг хотинлари қош-қовоғига қараб яшармидим, дейишганида раҳматли отамлардан фахрланиб кетаман.

Эр-хотинни яраштириш учун била туриб ёлғон ишлатган отахонлар, онахонлар ҳақида гапиришганда, савоб иш қилиш ниятида айтилган ёлғоннинг зарари йўқлиги ҳақида ўйлайман.

 

Темир чангак йиртадиган оғиз

«Лекин тинчгина яшаб турган оилаларни бузаётган ёлғондан асрасин!..» Афсус, минг афсус, раҳматли отамларнинг бу гапларини эслашимга тўғри келяпти. Бир мартагина эслаганимда, майли эди, дея таскин излайман ўзимча. Афсус, айниқса, кейинги йилларда у гапни кўп эслаяпман. Тўғри, оила бузишларга сабаб бўлган ёлғонлар илгари ҳам бўлган. Ёлғончи имонсизлар фақат бизнинг давримиздагина эмас, балки бошқа давру замонларда ҳам қилгиликларини қилиб туришган. Кимдир бошқаларнинг ширин ҳаётини кўролмасдан, кимдир ўч олиш мақсадида, кимдир ўзининг жирканч мақсадига эришиш учун ёлғон ишлатган.

Ана шу жирканч мақсадли кимсалар ҳақида ўйлаганимда, буюк адиб Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романидаги ҳийлагар Ҳомиднинг ёлғон хатлари эсимга тушади. Биламан, бу романни ўқиган ҳар бир китобхон Отабек ва Кумушнинг тотув турмуши бузилаётгани, қайнотаси Мирзакарим қутидор томонидан ҳайдалган Отабекнинг тунги Марғилон кўчаларида ўйчан, маъюс кезаётгани, Кумушнинг кўнгли тўлиб-тўлиб йиғлаётгани тасвирланган лавҳалардан ўта таъсирланган, ифлос ниятли Ҳомиддан нафратланган. «Ўткан кунлар»да ёлғоннинг миси чиқади. Лекин ҳаётда ёлғон ғийбат-туҳматдан азоб чеккан, хотини ё эридан ажраб кетган инсонлар йўқ, дейсизми?

Ўзининг жирканч мақсадига етган аблаҳ чеккада пусиб олиб, ёлғон тузоғига илинган ҳалол, пок, лекин содда инсонларнинг устидан ҳузур қилганча кулади. Лақма эрининг ёлғон хабарни суриштирмай-нетмай, ҳайдаб солганидан зор-зор қақшаб, қон босими ошган аёлнинг беморхонага тушганини эшитган аблаҳ янада кўпроқ ҳузур қилади. Лекин у ҳузурланаётган лаҳзалари бири уч яшар, иккинчиси бир яшар болаларининг кўз ёшларини артаётган бегуноҳ аёлнинг ич-ичидан тошиб келаётган аламга чидаёлмасдан, устма-уст қарғиши вақти келиб, албатта, уришини, ўшанда ёлғонидан, туҳматидан минг пушаймон чекишини сира ўйламайди.

Ғирт ёлғон касрига оиласидан ажралган ёш келинчакнинг отаси бир куни менга қўнғироқ қилди. У ёзган нарсаларим орқали танишини суриштириб-суриштириб, телефон рақамимни топганини айтди. Ота куёви қайси бир имонсизнинг ёлғон гапига учиб, ҳеч нарсани суриштирмасдан, жаҳл устида қизига талоқ айтгани ҳақида гапирар экан, овози титради. «Мен энди уларни яраштирмоқчи эмасман. Талоқнинг касофати энди-энди тили чиқаётган неварамга уришидан қўрқаман. Лекин ёлғон туфайли бошқа оилалар бузилмаслиги учун ич-ичимни тирнаётган аламни бир дафтарга тўкиб солдим ва уни кўпчилик ўқишини истайман. У билан бир танишиб чиқсангиз...» Хуллас, нотаниш одам билан қаерда, қачон кўришишга келишиб олдик. У келишган жойимизга охирги варағигача ёзув билан тўлган дафтар кўтариб келди.

Дафтардаги битикларни ўқиш осон кечмади. Мен хотиржам, ҳеч қандай ҳиссиётга берилмасдан ўқиб чиқишга уринардим. Чунки иккинчи томонни, холис одамларни эшитмасдан туриб, айблаётган киши тарафига ўтиш тўғри эмас. Лекин дафтардаги сатрлардан сизиб чиқаётган алам, одамларни ёлғончилар макрига учиб, оиласидан ажраб қолмасликка, ҳам отасини, ҳам онасини дейдиган болаларни тирик етим қилмасликка чақириқ минг уринмайин, таъсир қилаётганди.

Дафтарни ўқиб бўлгач, ҳалигача аламда ёнаётган отага куёви билан гаплашишим зарурлигини айтдим. «Майли, бемалол, гаплашинг. Лекин иложи бўлса, бировнинг турмушини бузган ярамас билан ҳам гаплашинг»,-деди ота.

Куёв гапларимни индамай эшитди. Эшитаётиб, кўзига ёш олди. Эркак киши ҳуда-беҳудага йиғлайвермайди. Тўсатдан куёв бошига муштлай кетди. «Мен ғирт аҳмоқ эканман. Лаънати бир шайтоннинг ёлғонига ишонибман-а! Қаердан тилимга талоқ келди! Тушимда хотинимни кўриб чиқаман. У менга маъюс-маъюс қараб туради-да, орқасига ўгирилиб кетворади. Ўғлимнинг тили «дада» деб чиққанди. Энди унинг овозини эшитишга зорман! Аввалига мен ҳаётимни бузган ифлос ёлғончини ўлдирмоқчи эдим. Дўппини олиб ўйлаб қарасам, ўзим ҳам оппоқ эмас эканман. Бундай тузукроқ суриштирмайманми?! Мен... эсини еган аҳмоқ... покиза хотинимга ишонмасдан... Қайнотам, сиз, Худонинг ғазабини келтирадиган сўзни тилга олгансиз, энди ярашишнинг ҳеч иложи йўқ, деганларида, у кишига ўшқирдим, бақирдим... Энди билсам, қайнотам ҳақ эканлар. Мен ўйламай-нетмай тупурибман. Энди у тупукни...»

Куёв ногоҳ жим қолди ва... осмонга қўлини кўтарди-да, овозининг борича ўкирди...

Азизлар, дафтардаги ёзувлар билан қизиқяпсизми? Майли, қисқагина қилиб айтиб берайин. Боласи бир ярим яшар бўлгач, келинчак ишга чиқади. Ишга борса, раҳбар ўзгарибди. Бошқа ишга ўтган олдинги раҳбар ўрнига қирқ ёшлардаги киши ишга келибди.  Келинчак ўн кунча ишлагач, янги раҳбар уни кабинетига чақириб, нуқул хотинидан нолибди. Қисқаси, уни яхши кўришини айтибди, хотинимдан ажралиб, сизга уйланаман, дебди. Келинчак индамай чиқиб кетибди. Раҳбар уни эртасига яна чақирибди. Яна «оҳ-воҳ», яхши кўриш айб эмаслиги, тунлари уйқуси қочиши, тушида нуқул уни кўриб чиқиши... Келинчак ғазабини босганча эрига яхши кўриб теккани, ҳеч қачон унга хиёнат этмаслигини айтибди. Лекин раҳбарнинг кабинетга чақиришлари давом этаверибди. Келинчак шартта ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзибди. Аризани раҳбарнинг олдига қўяётиб, шундай дебди: - «Эшитдим, сиз олдинги ишхонангизда гулдек бир қизнинг ҳаётини куйдирган экансиз, бошқа бир ёшгина котибангизни домингизга илинтириб, ёмонотлиққа чиқариб, уйини бузибсиз. Лекин мен ширин сўзга учадиган анойилардан эмасман! Ҳа-я, гулдек учта болангиз бор экан, катта қизингизга совчи келибди, уларни ўйласангиз бўлмайдими? Ҳаром ишларингиз яна бегуноҳ болаларингизга урмасин! Сизга ишониб яшаётган хотинингиз ифлос ишларингиздан хабар топса, нима қиласиз?»

Келинчак чиқиб кетар экан, раҳбар ёпилган эшик ортидан бақириб қолибди: «Ҳали шошма, тавбангга таянтираман! Оёғимга йиқиласан. Ўша яхши кўрган эринг сени итдек ҳайдайди!»

Ишхонада тарқалган миш-миш келинчакнинг уйигача етиб борибди. Миш-мишларга қулоғини беркитишга уринаётган эр ишга кетаётиб, эшик тирқишига қистирилган хат-жилдни кўриб қолибди. Уни очиб қараса... не кўз билан кўрсинки, хотини ва унинг раҳбари бир-бирига тикилганча ҳиринглашиб турган сурат. Бошқа бир суратда...

- Мен ўзимни тутолмай қолдим... вафодор хотинимга ишонмадим. Қаёқдаги қалбаки суратларга ишондим. Фотошоп деган нарса чиққан, компютерда ҳамма суратни ўзгартириш мумкин экан-ку! Нега ўша пайтда буни ўйламадим?!

Куёв япроқлари тўкилиб бўлган дарахтга тикилганча жим қолди.

- У ифлоснинг котибаси бор ҳақиқатни айтиб берганида, аслида сиз покиза хотинингизнинг этагида намоз ўқишингиз зарур эди, деганида мен тамом бўлдим. Ўўўл-дииим!

... Мен бу воқеани анчагача унута олмадим. Кейинроқ эшитишимча, ўша имонсиз раҳбарнинг қизи икки ой уй қилмасдан, эри ҳайдаб юборибди. Узоқ йиллар эрига ишониб юрган хотини уни бегона аёл билан тутиб олиб, болаларини эргаштириб, кетиб қолибди...

Ҳа, ёлғон-туҳмат гарчи бир оиланинг уйини бузган бўлса-да, лекин вақти келиб, ёлғончининг ўзини ҳам жазолаган. Лекин ёлғонининг куртак тугиб, гуллаб, мева қилганидан роҳатланиб юрган аблаҳлар озми?

Одамнинг кўзига қараган ҳолда ёлғон сўзлаб, ғийбат қилиб, тотув оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлаётган ичи қора, бахил худобехабарлар агар бу дунёда жазо олишмаса, у дунёда оғир жазога мубтало бўлишади, дейди саксон ёшдан ўтган отахон.

Отахоннинг гаплари ҳақида ўйланар эканман, Имом Бухорий тўплаб, аниқлаб, бизга қолдирган Пайғамбаримиз алайҳи вассаламнинг ҳадисларидан бирини қайта-қайта эслайман. Мазкур ҳадиси шарифда марҳамат қилинишича, Жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.) ёлғон гапирган кимсанинг оғзи бир тарафдан қулоғига қадар темир чангак билан йиртилишини, оғзининг нариги томонига ўтганида аввалги йиртилган томони соғайиши, сўнгра яна такрор йиртилиши ва шу тарз қиёматга қадар қабрида азоб чекишини билдирганлар.

Аллоҳ ҳар биримизни бундай қийноқ, азобдан Ўзи асрасин!

Бир танишим ёлғон туфайли ўғли, оиласи бошига тушган азоблар ҳақида гапириб берар экан, мен унга Пайғамбаримиз алайҳи вассаламнинг ёлғончини қиёматгача қандай жазо кутиши ҳақидаги ҳадисларини айтиб, яра кўнглига малҳам қўйишга интилдим.

Қуйидаги воқеий ҳикоя ана шу танишим айтган гаплар асосида ёзилган.

 

Ёлғон тузоғи

Назар мактабда аъло ўқирди. Муаллимлари унинг қобилиятли эканлигини, ҳар қандай олий ўқув юртига бемалол кира олишини кўп айтишарди. Лекин Назар мактабни битиргач, ўқишга кирмади. Онаси «ўғлим, кеча муаллимларинг уйга келиб, Назар, албатта, ўқишга кирсин, билимини увол қилмасин», -дея такрор-такрор айтишди, деганда, у индамай эшитди. Лекин отаси тўсатдан дунёдан ўтгач, етти йилдан буён онасининг тўрт болани боқиш учун ўзини ўтдан-чўққа уриб юрганини ўйлади. Қачонгача онаси кўпроқ пул топиш учун эртадан кечгача мактабда дарс беради, уйга келиб ҳам тинмайди, қозон-товоқ, нон ёпиш, кир ювиш, яна ярим тунгача кимларгадир кўйлак тикиб ўтиради. Агар, ўқишга кирса, онасининг ташвиши янада ортмайдими? Йўқ, яхшиси, ишлайди... Хуллас, Назар ўқимади, ҳунар ўрганди, ишлади. Лекин вақти келиб, битта-ю битта ўғли – Нодирни ўқитди.

Нодир пойтахтдаги олий ўқув юртини битириб, вилоят марказида ишлай бошлаганида, Назар ич-ичидан қувонарди. У бир қувонса, онаси – Ораста опа ўн қувонарди. Лекин буви неварасининг тўйини кўришни истарди. «Ўғлим, мен қариб қолдим, Нодиржонимнинг ёр-ёрини тезроқ эшитсам, дейман». Она бу гапни бир айтиб, икки айтиб, қўймасди.

Назар Нодирнинг ўртоқларидан унинг кўнгил қўйгани бор-йўқлигини суриштирди. Ўғли шу пайтгача биронта қизни, ҳатто, кўз остига олиб қўймаганини билгач, Нодир онаси, укалари, хотини билан маслаҳатлашди. Яхши жойни танлаб, совчи жўнатишди. Лекин у хонадон эгалари қизларининг боши боғлиқ эканлигини айтишди. Ака-укалар яна маслаҳатга тўпланишганда, кутилмаганда Назарнинг синфдоши Тўйчи кириб келди.

- Нодиржонга келин қидиряпсизларми? Тўй ер эканмиз-да, - деди Тўйчи гап нимадалигини англагач. – Бу қариндош-уруғ, ёру дўстларда қиз йўқми? Энди, биласизлар, синамаган отнинг сиртидан ўтма, деганлар. Бу замоннинг  кўп қизлари нон беравермайди...

- Тўйчи ака, сиз ҳам акамнинг дўсту ёрларидан бирисиз. Бу... нон берадиган қиз бўлса, айтинг, - деди Назарнинг катта укаси Неъмат кулимсираганча.

- Майли, топилиб қолса, айтармиз, - деди Тўйчи илжайиб...

Эртаси куни Тўйчи Неъматнинг ишхонасига кириб борди. Чайналди-чайналди-да, мақсадга кўчди. Дўстида яхши бир қиз турганида Назарнинг танимаган-билмаган одамларникига совчи юбораётганига ҳайрон эканлигини айтди.

-Акамнинг қайси дўстини айтяпсиз?

Неъмат савол берар экан, Тўйчи хандон отиб кулди.

- Акангнинг жонажон дўсти мен бўламан-да! Ҳали билмайсанми? Э, қойил, қойил...

Назар юборган совчилар яна икки қизнинг эшигидан қуруқ қайтишди. Ҳар иккови ҳам аввалига «қизимизни берсак, сиздек оилага берамиз, ўғлингиз ўқиган, яхши ишда ишлаётган экан», дейишганди. Лекин бу юмшамоқ ортидан уч кун ўтмасдан ҳар икки оила ҳам қаердаги баҳоналарни топиб, бошқа бозорни кўринглар, деб қайтаришди.

Совчилар тўртинчи қиз эшигидан ҳам шумшайиб қайтиб келишганда, Неъмат Тўйчининг гапини  эслаб қолди.

- Ука, нега бу гапни менга олдинроқ айтмадинг? Эшитмадингми,  маҳаллада Назарнинг ўғлига ҳеч ким қиз бермаяпти, деган гаплар ўрмалаб қолди. Тўйчининг қулоғига бу миш-мишлар чалинмайдими? У айниб қолмасдан олдинроқ совчи жўнатайлик...

Ака-уканинг гапларига қулоқ солиб ўтирган Назарнинг онаси ўғлини шошмасликка ундади.

- Ўғлим, умр савдосида шошқалоқлик қилиш тўғри эмас. Маҳаллада бир-икки оғзига кучи етмаганлар гапиришгани билан неварам хотинсиз қолиб кетмайди. Қиз деганнинг уруғига қирон келган эмас! Тўғри, мен Нодиржонимнинг чимилдиғини тезроқ кўришни истайман. Лекин неварамнинг ўзига муносиб умр йўлдоши бўлишини ҳам истайман, ўғлим!

... Тўйдан кейин Назар онасининг гапларини қайта-қайта эслади. Эслади ва бошига қайта-қайта муштлади.

Нодир келиннинг бокира чиқмаганлигини янгаларга билдириб, уни ҳайдайман, деб туриб олганди. Буни эшитган Тўйчи оёғини қўлига олганча етиб келди. Қизини сўкди, бундай шармандаликка чидаёлмаслигини, уни тилкалаб ташлашини айтди. Сўкинди-сўкинди-да, қўққисдан Назарнинг оёғига йиқилди. «Дўстим, мени эл олдида шарманда қилма! Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича турсин. Мен элнинг кўзига куёвчорларни ўтказиб оламан-да, ана кейин у иплосни отнинг думига боғлатиб опкетаман. Мени шарманда қилма, жон дўстим!»

Эркакнинг, яна дўстнинг кўз ёшига чидаб бўлармиди! Назар ўғлини кўндиришга ваъда берди. Онасининг «эсингни йиғ, болам», дейишига ҳам қулоқ солмади.

Нодир отасининг гапини ерда қолдира олмади. Бўлган воқеани айтмасликка сўз берди.   Лекин хотинига бошқа қарамади, чимилдиқ йиғиштирилмаган уйидан чиқди-кетди. Куёвчорлар ҳам куёвсиз ўтди...

Орадан бир ой ўтар-ўтмас Назар яна бир марта қаттиқ хато қилганлигини англади. Тўйчи дўсти деб ишониб, Назарга қиз берганлигини, унинг ўғли шаҳарда юрганида суюқоёқларга илашиб, ёмон касал орттиргани ҳақида гап тарқатди. Ана шунинг учун қизини тез ажратиб олибди. У ярамас  куёв гулдек қизининг ҳаётини куйдирган эмиш...

Назар аламидан тутаб юрганда маҳаллада бошқа гап тарқалди. Эл оғзига элак тутиб бўлармиди? Одамлар Тўйчининг қизини олдинлари ҳам ўзидан камида ўн ёш катта бир бойвачча билан тез-тез бирга кўришганини, улар энди яна топишиб олишгани ҳақида гапира бошлашди. «Назар, дўстман, деб юрганинг сени алдаб, чув тушириб, қизининг номини оқлаб олибди-да, туллак!» Маҳалла оқсоқоли бу гапни айтар экан, Назар ўзини эмас, ғирт туҳматга қолаётган ўғлини ўйларди.

Неъмат эса, бошқа бир гап топиб келди. Назарнинг совчиларини қайтарган учта одам бир хил гап айтибди: «Биз жиянингизга қизимизни бермоқчи эдик, лекин нотаниш одамлар бизни айнитишди. У йигит шаҳарда ўқиётганда бир қиз билан аҳду паймон қилган, барибир унга уйланади, дейишди. Яна қизларинг куйиб қолмасин, дейишди. Ўшанда уларнинг кимлигини тузук суриштирмабмиз. Энди билсак, у ёлғончи, туҳматчи, бузғунчиларни акангизнинг жонажон дўсти Тўйчи юборган экан!»

Назар бу гапларни онасига қандай айтишни билмас эди. Унинг умр савдосида шошқалоқлик қилмасликка чорлашлари, тўйдан кейинги ғалвада Тўйчининг найрангига учаётганда, «эсингни йиғ, болам», деб ундашларига қулоқ солмаганидан афсусланарди...

Вақт – ҳамма нарсанинг давоси. Ғам қулига айланган одам ўзини еб, нобуд қилади. Ҳаётнинг давом этишини ўйлаган инсон эса, бошига тушган қийинчиликларни унутади, хатоларидан хулоса чиқарган ҳолда иш тутади.

Назар бир йилгача ўғлига уйланиш ҳақида гап очмади. Устига Тўйчи тарафдагилар қонуний ажралишни ортга сураверишди. Ниҳоят, ўша бойваччанинг хотини қизини эри билан тутиб олиб, ғалва кўтаргач, Тўйчи ЗАГСни бекор қилишга мажбур бўлди. Қизини апил-тапил кимгадир бериб юборди. Айтишларича, янги куёв икки марта уйланган, яқиндагина қамоқдан чиқиб келган экан...

Бу орада Назарнинг хотини гап топиб келди: - «Ўғлингиз қўшни маҳалладаги бир қиз билан учрашиб юрган эмиш!»

- Учрашаётган бўлса, суриштир, у кимнинг қизи, юриш-туриши қанақа? Ўғлингдан сўраб кўр, шунчаки кўнгилхушлик қилиб юрибдими ё  у қиз жигаридан урганми?

Онаси суриштирганда, Нодир кейинроқ айтаман, деди. Бир ойча ўтгач,  у қизнинг оти – Бахтигул, фалон жойга совчиликка бораверинглар, деди.

- Вой, дадаси, суюнчи беринг, тўй қиладиган бўлдик. Қуда бизни шундай яхши кутиб олди-шундай яхши кутиб олди, очилиб-сочилиб. Икки ёшнинг бир-бирида кўнгли бор экан, тўйни бошлайверинглар, дейишди...

- Ҳай, келин, бунчалик ҳовлиқманг, - деди Назарнинг онаси қўлидаги чойни ҳўплаганча. – Бир марта оғзи куйган одам қатиқниям пуфлаб ичишини яхши биласиз-ку! Бундоқ тузукроқ сўраб-суриштиринглар. Бир боришдаёқ розилик бериб юборишнинг тагида яна бирон гап бўлмасин, айланай, келин!

Келин, майли, аяжон, майли, деди-ю, лекин ўғлининг янгиликни эшитиб қувонганини кўриб, сўраб-суриштириш эсидан кўтарилди. Буткул кўтарилди. Лекин қайнэгачисининг маслаҳати билан қуда аёлга келинни тиббий кўрикдан ўтказишса, яхши бўлишини эслатди.

- Ўзимиз ҳам шуни ўйлаб тургандик, - деди кулимсираганча қуда аёл. – Энди, давлатимиз қарор чиқариб қўйибди. Дўхтир кўрса, яхши-да. Келинни ҳам, куёвни ҳам.

Дўхтирлар берган ҳужжатга кўра куёв ҳам, келин ҳам соппа-соғ эди. Тўй бўлиб ўтди. Бир ой ўтдими-йўқми, Нодир аясига келиннинг мазаси йўқлигини, нуқул «иҳ»рашини айтди. Келинни тезда дўхтирга олиб боришди.  Даволовчи дўхтир айтган гапни эшитган қайнона уйига қандай етиб келганини билмади. Энди нима қилади? Ўғлининг пешонаси намунча шўр бўлмаса? Биринчи келин ундай чиқди, буниси... Дўхтирнинг айтишича, келин оғир хасталикка чалинган бўлиб, тўққизинчи синфда ўқиб юрган пайтидан бошлаб уларнинг махсус рўйхатида турар экан. Устига у... фарзанд кўра олмас эмиш...

Аёлнинг боши қотиб қолди. Яна ёлғон! Нега қудалар қизнинг касалини яширишди? Нега дўхтирлар ёлғон ҳужжат беришди? Бу гапларни эрига, ўғлига қандай айтади? Қайнонаси эшитса, нима дейди? Лекин барибир иситмаси касални ошкор этади. Айтмаса бўлмайди!

Онасининг гапини эшитар экан, Нодирнинг мушти тугилди. Яна бир марта алдовга учганлигидан Назар ўзини ўзи ёмон кўриб кетди. Туни билан кўзига уйқу келмади-да, нонушта пайтида онасидан кечирим сўради:

-Аяжон, бир эмас, икки марта гапингизни ерда қолдирдим. Мана энди, эккан арпамни ўряпман. Энди нима қилайлик, келинни ҳайдаб юборайликми? Ўғлимнинг номи икки марта уйланганга чиқди.

-Ўғлим, энди шошмайсан, - Ораста бувининг қошлари ўртасидаги ажинлар зичлашди. – Келин аввал беморхонадан келсин-чи.

- Мен касал хотин билан яшамайман. У мени алдади. Ал-да-ди! – Нодир ўрнидан туриб кетди.

- Ўтир! – Ораста бувининг овози амирона янгради. – Ўзинг пиширган ош, айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ичасан! Балки тузукроқ дўхтирларга қаратсак, тузалиб кетар. Ноумид шайтон, дейдилар!

... Келинни вилоят марказидаги номи чиққан дўхтирларга қаратишди. Унинг касали аста-секин тузала бошлади. Лекин қайси дўхтирга кўрсатишмасин, келиннинг фарзанд кўра олмаслигини айтарди. У ёшлигида қаттиқ шамоллаб қолган ва шамоллаш асорат қолдирган экан...

Ана шу кунларда маҳаллада янги гап тарқалди: Нодир шаҳарда ўқиб юрганида, енгилоёқ аёллардан юқтирган касали туфайли фарзанд кўра олмас эмиш! Бу миш-мишлар қаердан тарқалаётганлиги аниқланди. Аламзада Тўйчининг иши бўлиб чиқди.

Миш-мишларга Назар қулоғини беркитиб олди. Лекин Нодир чидаёлмади.  Ариза ёзди-да, туппа-тузук ишлаб турган иш жойидан бўшаб кетди.

- Бувижон, менга оқ фотиҳа беринг, бир ўртоғим пойтахтда яхши иш топибди. Айтгандай, келин уйига кетишни истамаса, майли, шу ерда юраверсин. Лекин мен энди у билан яшамайман!

Нодир бувисининг дуога қўл очишини кутиб турар экан, хотинини уйига ҳайдамаслик фикри аслида ундан чиққанини ўйларди...

Нодир шу кетганча бир йилгача уйига келмади. Бир йилдан сўнг эса, уйига ёқимтой бир келинчакни бошлаб келди. Унинг қўлида йўргакланган боласи бор эди.

Ораста буви эгилиб салом берган келиннинг пешонасидан ўпар экан, устма-уст «қўша қаринглар», деди.

- Қани, айланай, келинжон, эварагинамни менга беринг-чи, - Ораста буви болага суқланиб тикилди. – Умрингни берсин, болажоним, ҳовлимизни тўлдириб юргин! Келинжон, узр, тўйларингга бора олмадим. Ихчамгина, яхши тўй бўлибди. Қайнотангиз, қайнонангиз роса ичимни куйдиришди...

Худди шу лаҳза эшик ёнида қўлида чойнак-пиёла кўтарган Бахтигул кўринди. У бувининг қўлидаги чақалоққа ҳавас билан тикилар, кўнглида кечаётган истакни айтишдан ўзини зўрға тийиб турарди. «Сингилжон, сизга Худойим яна қўша-қўша фарзанд берсин. Мен уларни ўзимнинг боламдайин тарбиялайин!» Гарчи бу истак, ният ич-ичидан тошиб келаётган бўлса-да, Бахтигул уни айта олмади.

- Бахтигул, нима қилиб турибсан? Ичкарига кир, синглинг билан сўрашмайсанми?

Бувининг ўктам овозини эшитган Бахтигул жилмайганча остонадан ўтди. Унинг жилмайишидаги синиқликни фақат Нодир сезди, холос.

Ёлғончиларга инсоф берсин!

Азизлар, маълум сабабларга кўра  ҳозир сиз танишган воқеий ҳикоя қаҳрамонлари номларини ўзгартирдим. Танишимнинг айтишича, гарчи Нодир уйланган бўлса-да, Бахтигул ҳозиргача ота уйига кетмабди. Ораста бувининг олдида ётиб, уйдаги хизматларни ҳеч бир оғринмай қилиб юрармиш. Ота-онаси олиб кетишмоқчи бўлганда, Бахтигул кўзлари ёшга тўлиб, «сизларга қўшилиб мен ёлғон айтдим, катта гуноҳ қилдим, бувижонимга хизмат қилсам, зора гуноҳим ювилса», -дебди.

Ораста буви эса, ўз манфаатини ўйлаб, содда одамларни алдаган худбинлар ёлғони туфайли неварасининг уч марта уйланганини келган-кетганга ҳикоя қилар эмиш. «Болаларим, ёлғон асосига қурилган оила эртами-кечми, барибир бузилади. Ўғил-қизининг бахтини ўйлаган одам ширин гапларга учмаслиги керак. Суриштиришнинг ҳеч бир айби йўқ. Суриштирмай тўй бошлаганнинг биттаси биз бўлсак...»

Танишим онаси ҳар гал бу гапни такрорлаганида ўзи хижолатдан қора терга ботишини айтар экан, мен ёлғон туфайли уйи бузилган бошқа бир таниш инсон ҳақида ўйлардим. Унинг рашкчи ўғли ёлғонга учиб... Азизлар, келинг, бу мавзуни келгуси суҳбатга қолдирайлик. Ҳозирча эса, ёлғон айтишдан қўрқмайдиган айрим одамларга инсоф тилайлик. Нима дедингиз?

Ўринбой УСМОН,

Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи ва Тожикистон Журналистлар иттифоқи аъзоси.

 

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Обод бўлсин шу Ватан, халқим…

 

Муҳаммад  Исо (Маматисо Абдуллоев) узоқ йиллардан буён Қабодиён ноҳиясининг «Тахти Қубод» рўзномасида фаолият юритиб келмоқда. Кўплаб ҳикоя ва шеърлари республика нашрияларида чоп этилган.

Иқтидорли шоир Муҳаммад Исо бу йил муборак 60 ёшни қаршилаётир. Шоир акамизга камолот ёшида комёблик тилаймиз.

Сутдай оқ субҳидамда,

Муфассал...

Сен билан фақат мен яшашим мумкин

 

Ёхуд оиладаги зўравонликка қарши кураш хусусида

Бугун мамлакатда лаёқатли хотин-қизлар ҳисобидан раҳбар кадрларни тарбиялаш, танлаш ва жойлаштириш, жамият ҳаётида аёллар ролини фаоллаштириш, оилада зўравонликлар олдини олиш, оилани ривожлантириш йўналишида бир қатор ишлар олиб борилаяпти. Оилавий бахт ҳар бир аёл учун биринчи ўринда туради. Оила бузилиши аёлни ҳам руҳан, ҳам жисмонан эзиб, иш фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991169

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478857
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4785
4027
22470
7426653
100501
114875
7478857

Сизнинг IPнгиз: 3.147.86.143
Бугун: 23-11-2024 17:55:49

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015