Бир оиланинг дилбар қизи, тилидан бол томади. Одоб-ахлоқда тенги йўқ. У онасидан ибрат олиб, меҳнат қилиб сира толмайди. Мактабда яхши ўқийди. Уйга берилган вазифалар ва бошқа барча топшириқларни бажариб, пазандалик сирларидан ҳам хабардор.
У китоб ўқишни жуда яхши кўради. Аёнки, бу қизнинг келажаги порлоқ, чунки ақлли, хушмуомалалиги билан ҳаммага бирдек ёқади.
Озода бўлиш билан бирга, бичиш-тикиш ҳунарини ҳам ўрганиб олган.
Халқимизнинг ажойиб ҳикмати бор: «Қуш уясида кўрганини қилади».
-Қизим, ҳаво ранг нафис гулли дастурхонни кўрмадингми, кир эди?
-Аяжон, у дастурхонни ювиб, дазмолладиму сочиқ, дастурхонлар орасига солиб қўйганман.
-Қизим, тўйга борасанми?
-Аяжон, холамдан узр сўранг, уйимизда пишириқларни тайёрлай, дарсларим кўп, улгуришим керак.
Бу оқила, нозикниҳол қиз энди олий ўқув юрти талабаси бўлишдек бахтга эришди.
Илоҳо, барча қизларимиз ақлу одоблари билан бахтли бўлишсин!
***
Юзлари гулгун, ибо-ю ҳаёдан лов-лов ёнган келинчак бошини эгиб ўтирибди. Орзулар осмонида учиб юрган малаксиймо келинчакнинг қошида ўсма, шаҳло кўзларига сурма тортилган. Куёв эса, ширинсўз, жуда келишган, йигитлар ичида ажралиб турибди. Бошида дўппи, эгнида чопон, белида белбоғ, унга куёвлик сарпоси жуда ярашган. Давранинг тўрида ўтирган келин-куёв узукка кўз қўйгандай, бир-бирига чин маънода муносиб эди.
-Оила муқаддасдир. Оилада доим бир-бирингизни тушуниб, ўрни келса мадад бўлиб, қўллаб-қувватлаб, ўзаро ҳурмат билан яшанглар. Бир-бирингизга меҳрли бўлинглар. Покиза юринг, шайтоний нафслардан йироқ бўлинг. Оллоҳ буюрган фарзларга амал қилинг, ҳаромдан ҳазар қилинг.
Қайнота-қайнона дуога қўл очдилар. Ёши улуғлар ҳам пок ниятларга эш бўлдилар.
-Парвардигор сизларга қўша-қўша фарзанд берсин. Фарзандингизни оқил, доно қилиб тарбияланг.
-«Оила пойдеворини меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик ва ишончдан мустаҳкамлаб кўтаринг. Бахтингиз бекам, иқболингиз порлоқ бўлсин, азиз келин-куёвлар»,- дея яхши тилаклар айтилди.
Покиза юрак, покиза қўл, покиза тил билан чин қалбдан икки ёшга бахт тилашди. Ялтир-юлтирсиз, тарақа-туруқсиз, ашқол-дашқолсиз, сарпо-суруқлар меъёрида, ажойиб тўй бўлиб ўтди.
Бу гўзал, лобар қиз хосиятли хонадонга келин бўлиб тушди. Эр-хотин – қўш ҳўкиз, деганларидек, турмуш ўртоғи билан рўзғор юкини тенг тортиб, бахт нашидасини тотди. Энг бахтли, ибратли оила, деган шарафли номга эришдилар.
***
Бир оиланинг арзанда қизи, қайсар, эрка, инжиқ, аразчироқ. Бироз танбал, ишёқмас, тили заҳар, кўпроқ вақтини телевизор кўриш билан ўтказади. Мактабда билими суст, баҳолар ҳам ҳаминқадар. Китоб ўқишга вақти ҳам, тоқати ҳам йўқ. Онаси бирор иш буюрса, лабини бурар, отаси насиҳат қилса, қовоғини соларди. Онасидан ибрат олиб, кибрни, мақтанишни, ғийбатни ўзлаштириб олди. Она то асабийлашиб, овозини баландлатмагунча, бирор юмушни ўзи билиб бажармайди.
Ажойиб ҳикмат бор: «Қуш уясида кўрганини қилади».
Бирдан деразанинг шарақлаб очилиши атрофни ларзага солгандай бўлди:
-Дада, ойи, кино бошланди, - деди қиз бақириб.
Уялмай, безбетларча ота-она ҳузурида беҳаёларча эҳтиросли филмларни кўради. Катталар эса, бепарво, ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Дастурхонга келтирилган таомга биринчи бўлиб, ота эмас қиз қўл узатади. Кираверишда остонада оёқ кийимлар пала-партиш, устма-уст ечилган.
Қизлари қиммат вақтларини телефон, интернет, қўлларида планшет ёки бўлмаса, кўзгу олдида ўтказадилар.
Отанинг парвойи фалак. Менимча, баъзи бир оталарда ғурур қолмаяпти.
Ажабо, ота-онага баланд овозда гапириш, устозга ҳурматсизлик, ҳақорат ва туҳмат қилиш, ёлғон гапириш одатларини ўғил-қизларимиз томоша қилган ана шу сериаллардан, интернетлардан ўрганишмаяптимикан?
-Дада, ҳамма дугоналаримда энг зўр телефон, фақат менда йўқ. Улар яхши кийинишади, менинг ҳам улардек кийингим келади. Фотоаппарат олиб беринг, ўртоқларим билан расмга тушаман. Ноутбук, компютер, планшет керак, деган хархашалар. Қизларининг шартларидан лол қолган ота-онанинг тили калимага келмайди. На ўқишга, на ҳунар ўрганишга ёки бирор ишни уддалашга эпи йўқ қиз вояга етди.
***
Келинчак оппоқ либосда. Елкаси яланғоч, бўйнидан белигача очиқ, охирги урфдаги «деколте» кўйлак эгнида. Малаксиймо келинчакнинг юзлари макияждан товланади. Худди биров куёвни тортиб оладигандай, икки қўллаб маҳкам ушлаб олган. Гоҳ-гоҳ бошини куёвнинг елкасига қўйиб олади. Давранинг тўрида ўтирган келин-куёв бир-бирига узукка кўз қўйгандек муносиб эдилар. Куёв ўтирган жойида хизмат қилиб, елиб-югураётганларга назар ташлаб, телефонда гаплашиб ҳам олади. Келинга нималарнидир гапириб, кулдиради. Ўртада хиром этаётган беҳаё раққоса қийқираётган йигитларга тинмай муқом қилади. Базм энди қизиётган пайти қўлларида қадаҳлар билан йигирма чоғли жўралар даврага чиқишди. Биттаси: «Биродарлар, шу икки ёш бахтли бўлишсин, қўша қаришсин, ували-жували бўлишлари учун юзта-юзта олишингизни сўрайман, қани, олдик», - деди.
Барча ўтирганлар, турганлар қадаҳларни уриштира кетдилар. Куёв ҳам бир кўтариб сипқорди-да, келинга қаради. Келин ҳам секингина бир-икки ҳўплади. Аёлу эркак, масту аластнинг кўзи келин-куёвда эди. Қўшиқ-куй авжига чиқди, ҳамма даврада рақсга тушмоқда. Энди сўз навбати куёвнинг амакисига берилди.
-Азиз меҳмонлар, шу икки ёшга бахт тилайман. Соғ бўлишсин, аҳил-иноқ бўлсинлар. Шу гапларнинг исботи учун юзта-юзта кўтарайлик.
Ароқ ичиб, кайфи тароқ маст-аласт бўлганлар, келин-куёвни қуршаб олдилар. Энди келин-куёв валс (севги рақси)га туша бошлади, устидан даста-даста пул сочилди. Пок ниятлар билан никоҳ ўқилиб, энди даврада гир-гир айланаётган келин билан куёвга жирканчли назар ташлаётганлар кам эмасди. Куёв келинни белидан қучганича бир қўлини юқорига кўтариб, давра бўйлаб айланардилар. Сўнг шампан виноси қадаҳларга тўлдирилиб, яна ичиш бошланди. Мастлар орасида келин-куёв эшилиб ўйнар, ёшу қари – ҳамманинг оғзи ланг очилиб қолганди...
Тўйдан сўнг жанжал авжига чиқди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, икки ёш ажралишиб кетишди. Ғалванинг боши келин овқат қилишни билмаслиги, куёвга гап қайтариши-ю онанинг тарбия бермагани бўлди.
Ота-оналарнинг ҳалол меҳнати, пешона тери эвазига қурилган янги оилага, сарф этилган харажатлар дарёга оқди-кетди. Ажабо, никоҳни бузиш шунчалар ҳам осонми? Энди икки ёшнинг келажак тақдири жуда ачинарли. Қайсидир бир китобда ўқиганим:
-Никоҳ кечаси келин билан куёв нимани тилак қилса, ижобат бўлармиш. Наҳотки, ҳар томонлама шон-шарафларга эришган мусулмон аждодларимизнинг бугунги фарзандлари маст қилувчи ичимликлар билан никоҳларини намойиш этсалар? Бу маросимлар ёт-бегоналар одати эмасми? Халқимизнинг ўзига хос урф-одатлари, маросимлари бор. Бу маросимларнинг энг жозибали ва ардоқлиси бу никоҳ маросими, никоҳ базмидир. Ҳамиша келин-куёвларимизнинг яхши ниятлари ижобат бўлсин. Оила деган муқаддас қўрғон метиндек мустаҳкам бўлсин!
Гулчеҳра Сотиболдиева.
ШУКРОНА
Болалар кулгиси ҳар хонадонда,
Қушлар эркин парвоз этар осмонда.
Толе иқбол сари юз тутган онда,
Кўнгилни тарк этиб қайғу, аламлар,
Муфассал...
Жорий йил 1 сентябрида Тиббиёт олийгоҳида Тинчлик дарсини ўтган муҳтарам Президентимиз республикани қамраб олган барча муаммоларни тилга олди. Тинчлик дарси Тиббиёт олийгоҳида ўтаётганлиги учунми, у киши негадир, кўпроқ аҳоли саломатлиги, тиббий хизмат, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва кун сайин урчиб бораётган турли юқумли касалликлар борасида кенг тўхталиб ўтди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015