Жорий йил 1 сентябрида Тиббиёт олийгоҳида Тинчлик дарсини ўтган муҳтарам Президентимиз республикани қамраб олган барча муаммоларни тилга олди. Тинчлик дарси Тиббиёт олийгоҳида ўтаётганлиги учунми, у киши негадир, кўпроқ аҳоли саломатлиги, тиббий хизмат, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва кун сайин урчиб бораётган турли юқумли касалликлар борасида кенг тўхталиб ўтди.
Айниқса, муҳтарам Президентимиз тиббий муассасалардаги сансоларлик, пул ортидан қувиш, гепатитнинг В ва С турларининг тарқалиш омиллари ҳақида сўзлар экан, кўпчиликнинг кўнглида кечаётган, ҳис этаётган, бироқ дардини кимга айтишни билмай юрганлар дардига малҳам бўлаётган эди, шу тобда.
Чинданам, ҳурматли Президентимиз тилга олиб ўтаётган муаммолар жуда ҳам муҳим ва долзарб!
Биргина гепатит В ва Сни олсак, кейинги йилларда ушбу юқумли дарднинг илгари йилларга нисбатан «қулоч ёйганлигининг» гувоҳи бўламиз.
Бу борадаги журналистик тадқиқотимиз ва мушоҳадаларимизни азиз газетхон ҳукмига ҳавола этишни ихтиёр этдик.
… Бундан уч йил бурун икки қариндошимиз ушбу юқумли касаллик туфайли оламдан кўз юмди. Бири 41, иккинчиси 31 ёшни тўлдирганди. Таҳлиллардан иккаласи ҳам бу дардни тиббий асбоблардан юқтирганлиги маълум бўлди. Қирқ бир ёшли З. ёз чилласида гриппга чалиниши ортидан томоғи шишади. Ноҳия клиникасида даволовчи врачлардан бири унга «Ангинангиз бор экан, жарроҳлик йўли билан олиб ташлаймиз», -дейди. З. рози бўлади ва ангинасини олдириб ташлайди. Бир муддат яхши бўлиб юрган З. тез орада ҳолсизланиб, мадорсизлана бошлайди. Пойтахтдаги лабораториялардан бирига қон топширгач, унинг қонига вирус ўтганлиги ҳақида хабар қилишади. Грипп-тумовдан даволаниб юрган З. қонидаги вирус «ўз иши»ни қилиб бўлганди. Қарияи болодаги корпуслардан бирига ётқизилгач, химия охирги умиди эди. Аммо…
Билгич мутахассислар хулосасига кўра, З. бу вирусни лор-врач асбобидан юқтирган бўлиши эҳтимоли зиёдроқ.
Иккинчи қариндошимиз 31 ёшли Н. ҳам ушбу вирусдан азият чекиб, оламдан кўз юмди. Маълум бўлишича, у бир қанча вақт илгари тиш уздирган экан…
Албатта, З.нинг ҳам, Н.нинг ҳам қавму қариндошлари, ота-онаси бошларига тушган мусибатни кўргулик, тақдирда бор экан, дея ўзларига таскин берардилар. Аммо…
Ҳа, ҳар икки ҳолатда ҳам даволовчи врач-мутахассисларнинг совуққонлиги ётибди-ку, ахир. Ё шундай эмасми?
Яратганга минг шукрки, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, муҳтарам Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсат натижасида мамлакатимиз электр энергияси тақчиллигидан тўлиқ қутулди. Икки йилдан буён, қишки чеклов олиб ташланиб, аҳоли электр энергиядан тўла-тўкис фойдаланмоқда. Тиббий муассасалар ҳам инчунин.
Шунинг учун ҳам 170 даражали ҳарорат берувчи автоклав, сухожаркадан бемалол фойдаланиб, муаммо олдини олсалар яхши бўларди.
Муҳтарам Президентимиз тилга олиб ўтган соҳалардан яна бири бу – сартарошлик. Бундан бир неча йил илгари сартарошхоналарда устара ила соч-соқол олинмаслиги борасидаги дастур-фармойиш чиққанига қарамай, ҳанузгача аксар сартарошхоналарда бу ҳол давом этаётгани кузатилмоқда.
Маълумки, юқумли касалликлар ВИЧ-СПИД – Иммун етишмаслик синдроми, А, В ва С гепатитлар, шунингдек, бошқа инфекцион иллатлар, асосан, қон орқали ўтиши тасдиқланган. Минглаб мижозларга битта устарада хизмат кўрсатаётган сартарош устарасини тозалашда сухожаркадан фойдаланмайди-ку? Ана шу минглаб мижозлар орасида юқумли иллатларга чалинганлари йўқ, деб ҳеч ким юз фоиз кафолат бера олмайди ҳам.
Гўзаллик салонлари борасида ҳам шу гапни айтиш мумкин. «Гўзаллик қурбонлик талаб этади!» шиори остида бу тахлит салонларга ҳафтада лоақал икки бор «бош суқувчи» мижозлар орасида вирус ташувчилари йўқ, деб ким кафолатлай олади?
Тиббиёт олийгоҳларида 5-6 йиллаб таҳсил олган мутахассис врачлар баъзан ўз ишларига панжа орасидан қараб келаётганлиги, уларнинг совуққонлиги ортидан мижозларининг баъзи юқумли касалликларга чалиниб қолаётганлиги кўзга ташланиб турган бир пайтда, тиббий маълумоти бўлмаган, санитария-гигиеник қонун-қоидаларидан бехабар сартарошлару гўзаллик салонлари ходимларидан нима гина қилиш мумкин?!.
Кейинги йилларда тиббий хизмат кўрсатишнинг яна бири – ҳижома усули ҳақида икки оғиз сўз. Табобатнинг бу усули чинданам ўта манфаатли. Ва бу усул Тиббий Набавий сирасига дохил бўлиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.) Меърожга чиққанларида фаришталар: «Эй, Худонинг Расули (с.а.в.), умматларингизга ҳижомани васият қилинг!»- дея илтимос қилган экан. Токсинлардан азият чекаётган дунё аҳли бугунги кунда ҳижомадан кенг фойдаланиб келмоқда. Бироқ урфиятда: «Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин», демишлар. Модомики шундай экан, ҳижомачиларимиз лоақал ибтидоий тиббий маълумотга эга ва санитария-гигиеник қонун-қоидалардан хабардор бўлмоғи лозим. Ва албатта, ҳар бир ҳижома қилдирувчининг ўз шахсий асбоби – қон тортувчи помпаси бўлмоғи шарт. Бу ўринда изоҳга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Ва барча ҳижомачилар – помпа воситасида ишлайдиларми ёки шох воситасида ва ёки томирларга игна-тиғ санчиб, қон олишадими, албатта, биринчи навбатда, ўзлари соғлом бўлишлари бараварида, бир кишига ишлатган асбобларини бошқа кишига ҳаргиз ишлатмасликлари лозим.
Бу йил ёз аввалида мамлакатимиз жанубий минтақаларига сафар қилишга тўғри келди. Жойдаги штатсиз мухбиримиз Бахтиёр Ҳайдаров машинасида бир қишлоққа кириб борар эканмиз, пассажирларимиздан бири йўл четида мунғайиб ўтирган онага ишора қилиб, «Бечора қизига куймоқда. Қизи эса, ВИЧ-СПИДга чалинганини била туриб, бир қатор кишиларга атай юқтирган эмиш. Шунга айни пайтда, у қамоқда», деди.
Ўйланиб қоласан, киши. Чекка бир ноҳиянинг чекка бир қишлоғигача кириб борган ХХ аср вабоси - ВИЧ-СПИД - Иммун тақчиллиги синдроми касаллиги мамлакатимизга хориждан кириб келаётганлиги, шубҳасиз. Бу ҳол, айниқса, муҳожиратдан қайтиб келаётган, пала-партиш ҳаётни хуш кўрган муҳожирларимиз воситасида келаётганлиги ҳам сир эмас. Ҳатто, йил аввалида мамлакат тегишли идоралари аэропортлару поезд вокзалларида муҳожиратдан қайтаётганларни кўрикдан ўтказиш хоналари, қон таҳлили учун кўчма лабораториялар очиш таклифи билан чиққандилар ҳам. Агар том маънода ишлатилса, ушбу таклифни ўз вақтидаги тўғри ва жўяли, деб ўйлайман.
Мутахассислар сўзларига кўра, гепатитнинг «токсичный» тури ҳам юз бермоқда. Бу баъзи врач-дўхтирларнинг айрим беморларни даволаш асносида токсинли препаратлардан ортиқча дозада фойдаланишлари ортидан жигар касалланиши, «токсичный гепатит»нинг юзага келишига сабаб бўлмоқда экан.
Яна бир аламли ҳолат ҳақида эслатиб ўтмасам бўлмас. Бу – тиб ходимларининг маълум бир юқумли касалликка чалиниш ҳолати. Булар жумласига жарроҳлар, гинеколог-жарроҳлар, тиш дўхтирлари, ҳижомачилар ва тиб ҳамширалари (ёки медбратлар-тиб оғалари) киради. Бу кишилар ўзларининг кундалик фаолиятида турли касалликларни юқтириб олиш хавфи жуда кучлилиги барчага маълум. Тўғри, жарроҳлик столига ётқизилаётган бемордан дастлаб анализ олинади, унинг у ёки бу касалликка чалинган-чалинмаганлиги аниқланиб, сўнг жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Бироқ баъзан таҳлилчилар ҳам адашади… Ва ёки автоҳалокат ёки бошқа оғир ҳолатларда келтирилган беморларда дарҳол жарроҳлик ўтказилмаса, ҳалок бўлиш эҳтимоли бор пайтларда жарроҳлар қўл қовуштириб туролмайдилар-да…
Стоматолог ҳузурига борган бемор бирон-бир юқумли иллатга чалинганлиги тўғрисидаги маълумотномани дўхтирга то шу кунгача тавсия қилганини, шу ёшимизгача бирор-бир стоматолог бу тахлит справкани сўраганини эслолмайман, ҳатто.
Турли юқумли вирусларни юқтириш эҳтимоли кўп бўлганлар булар – тиб ҳамширалари (медсестралар) ёки тиб оғалари (медбратлар) ҳамда лабораторияда фаолият юритаётган қон таҳлилчилари (лаборантлар). Чунки улар беморларни укол қилишади, осма укол (капелница) қўйишади ва лабораториядагилар эса, бевосита шу дардга чалинганлардан таҳлил учун қон олишади ва ҳоказо. Озгина эҳтиётсизлик оқибатида қон юқи қолган игнанинг тегиб кетиши тиб ходимини ҳам шу дардга мубтало этади…
Модомики, тиб ходимларининг иш жараёнида бевосита ўзларининг у ёки бу юқумли касалликка чалиниш хавфи кучли экан, бундай ҳолга гирифтор бўлган тиб ходимини давлат ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги лозим, деб ўйлайман. Бугунги кунда даволанишнинг ўзи бўлмайди, ахир. Айниқса, юқумли касалликларни даволовчи препаратлар нархи осмонда эканлиги барчага маълум. 500-600 сомонийга фаолият юритаётган тиб ҳамширалари (медсестралар) ёки тиб оғалари (медбратлар) бу дориларни қайси пул эвазига олишсин?
Ҳа, жанг майдонида жароҳатланган аскарга қўмондонлик меҳрибонлик кўрсатади, ордену медаллар билан сийлайди. Тиб ходимларининг ўзгалар ҳаёти учун курашиш жараёни ҳам ўзига хос фронт – ҳаёт-мамот жабҳаси эмасми? Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, республика Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги касалликка чалинган ўз ишчиларига нисбатан меҳрибонлик кўрсатиб, уларнинг давлат муассасаларида бепул даволанишларини таъминласа, нур устига аъло нур бўларди, албатта.
Яна бир муҳим нуқтага тўхталмасдан илож йўқ. Бу ҳам бўлса, оила қурувчиларнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиш ҳолатлари. Бундан асосий мақсад: ёш оилаларнинг ҳаёт ва саломатликларини таъминлаш, соғлом, бахтли оила шаклланиши учун шароит яратиш ҳамда ногирон фарзандлар туғилиши олдини олишдан иборатдир. Шундай бўлишига қарамай, ёш келин-куёвларнинг бу ҳақдаги тиббий кўрик маълумотномасини сотиб олиш ҳоллари ва кўрикдан ўтказмай туриб, маълумотнома ёзиб берувчи, ўз касбига манфаат нигоҳи-ла қаровчи дўхтирларимиз ҳам бор. Ўзини ва келажагини ўйлаган инсон, албатта, бу кўрикдан ўтмоғи лозим.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари саъй-ҳаракати натижасида, мамлакатимизда тиббиёт соҳаси ниҳоятда юксалди. Тиббий хизмат кўрсатишнинг турли кўринишлари вужудга келди. Бир сўз билан айтганда, бугунги тиббиётимиз чет элларникидан қолишмайди. Президентимиз бошлиқ Тожикистон Ҳукуматининг асосий мақсади ҳам шу-да. Шунинг учун ҳам, бу барча тиб ходимлари олдидаги масъулиятни янада оширади, улардан ҳушёрликни талаб этади. Зотан, жаҳоний характерга эга ВИЧ-СПИД ва бошқа турдаги юқумли касалликларга қарши курашда, уларни даволашда барча бир ёқадан бош чиқариши лозим ва лобуддир. Бир сўз билан айтганда, виждон амри ила иш юритмоқлари шарт. Ана шундагина виждон азобига гирифтор бўлишмайди!..
Абдулло САИДОВ,
«Халқ овози».
МУАЛЛИМА
Яқинда сизни учратиб қолдим. Ўқувчиларингиз орасида ёшариб кетгандайсиз. Сизни кўрдим-у болалигим ёдимга тушди. Дарсни:
-Болажонларим, деб бошлардингиз. Ўйинқароқ эдик, сизни кўпинча койитиб қўйсак-да, кенг феъл, меҳрибон нигоҳ билан бизга сабоқ беришни давом эттирардингиз. Мулойим овозингиз ҳали-ҳануз қалбимда акс-адо бериб турибди. Биринчи ўқитувчимга, деб олиб борган даста гулларим кўз ўнгимда.
Кейин йиллар ўтди. Сўнгги қўнғироқнинг жарангдор садоси юрагимизга жо бўлди. Беғубор болалик, ўсмирлик даври ортда қолди. Сиз каби устозлар дуоси билан мустақил ҳаётга дадил қадамлар қўйдик, муаллима.
Мана кеча сизни учратиб қолдим. Ширинтой болажонларингиз атрофингизда парвона.
...Мен шу лаҳза ўз болалигим билан учрашгандай бўлдим.
ШАМОЛ ВА МУСИЧА
Шамолнинг қаҳри – қаттиқ. Бунча ҳам қаттиқ эсмасанг, деб ёлборарди мусича, ахир инимни бузиб, полапонларимни…
Мусичанинг илтижолари зое кетди. У бузилган уяси атрофида бир-икки айланди-да, ерга қўнди. Ўлиб ётган полапонларига боқаркан, яна гир айланди. Шамол ҳамон қутурар, хас-чўпларни турли томонларга учирарди.
Орадан вақт ўтиб, мусича яна жўжа очди. Шамол эсарди. Энди мусича унга парво қилмайди – шамолдан панада полапонларига меҳр билан емиш улашади. Шамол қанча ғазаб отига минмасин, мусича хотиржам болаларига андармон бўлади. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оларкан, мусича: -Бир вақтлар сизлардай полапонларим, акаларинг бор эди, бу шамол…- деб қўяди ғу-ғулаб. Ва панароқда ин қурганидан хурсанд бўлади.
Раҳмат БЕК.
Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида қитъанинг энг нуфузли спорт мусобақаси «Осиё ўйинлари-2018» турнири ниҳоясига етди.
Мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган вакилларимиз ўз жамғармаларига 7та- 4 кумуш ва 3та бронза медалларини тўплаб, умумжамоа ҳисобида 30-ўринни эгалладилар.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015