Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 18 Феврал 2016 Кӯришлар: 1728
Печат

 

m qurgonnnАзизлар, сиз жуда яхши биласиз – ўғлини уйлантирар экан ё қизини турмушга узатар экан, ҳеч бир ота-она янги оила бузилиб кетишини истамайди. Аксинча, тўй арафасида, ундан кейин ҳам «қўша қаринглар», деган дуо тез-тез қайтарилади. Ёш эр-хотин ҳам умид билан бир ёстиққа бош қўйишади, бахтиёр ҳаёт кечиришни исташади. Аммо...

Тўсатдан тинчгина хонадон бошига қаердандир қора булут ёпирилиб келади.

Кечагина бир-бирисиз бир соатгина тура олмайдиган ёш эр-хотин ёвлашган, қайнонанинг олдин бол томиб турган тилидан заҳар сачраган, қуда томон «гулдек қизлари умрини хазон қилган золимлар»ни қарғаган...  Қайнона келинни, келин қайнонасини, эр хотинни, хотин эрни, қудалар бир-бирини айблаган...

«Ажралаётган эр-хотин арз қилиб келишса, бир ҳафтагача ўзимга кела олмайман. Масалан, икки ойгина илгари бир-бирига узукнинг кўзидек ярашган йигит-қизнинг фуқаролик ҳолатини қайдга олгандик. Ўша куни бахтдан энтикаётганликлари сезилиб турган ёш эр-хотиннинг эндиги муносабатларини кўриб, кўзларимга ишона олмасдим. Куёв сўкинар, келин қарғанар, иккови ҳам бисотидаги бор ҳақоратларни, ёмон сўзларни қаторлаштирарди. Қайнона келинни ёмонларди. Қизнинг онаси куёвнинг гўрига ғишт қаларди. На келин-куёв, на уларнинг кўпни кўрган оналари атрофдаги одамлардан тирноқча уялмасдилар. Биз ёшларни муроса қилишга, қайноналарни инсофга чақирдик. Йўқ, на келин-куёв, на икки аёл қулоқ солишмади... Қани эди, бу каби ажралишлар биттагина бўлса!»

Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги қишлоқ жамоатларидан бирида ишлайдиган, элликка яқинлашган аёл бу гапларни айтар экан, овози титради. «Ишонинг, кейинги пайтларда оилавий жанжаллар билан келадиганлардан безиллаб қолдим. Асабим дош бермайдиган бўлиб қоляпти. Жанжаллашаётган эр-хотинни ит-мушукка ўхшатишади. Лекин ўша ит ва мушук бир-бири билан эр-хотин эмас-ку!» -  дейди ишдан кетишни ўйлаётганини айтган бу аёл.

Дока рўмол нега қуримаяпти?

Оилавий ажралишлар кўпайган экан, бунга асосан, ким айбдор, деб ҳисоблайсиз? Мен бу савол билан ўттиз нафардан ортиқ одамга мурожаат этдим. Улар орасида фуқаролик ҳолатини қайдга олиш бўлими масъуллари, кўпни кўрган отахон ва онахонлар, гендер соҳаси мутахассислари, эр-хотинлар, турли касбдаги, турли ёшдаги одамлар бор эди. Савол битта эди, лекин жавоблар бир хил бўлмади.  

«Ким бўларди, қайнона айбдор-да!» Бу жавобни кўпроқ эридан ажралган ёш келинчаклар ва уларнинг оналаридан эшитдим.

Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши, дейдилар. Лекин кейинги пайтларда дока рўмолнинг қуриши узоқ вақтни оляпти ё ҳаммадан ёмони, бутунлай қуримаяпти. Дока рўмолнинг қуримаслигига эса, кўпроқ қайноналарни айбдор қилиб кўрсатишяпти. Мен суҳбатлашган кишиларнинг учтадан биттаси ҳам ёш оилаларнинг бузилиб кетишида қайноналарни айблашди. Йўқ, фақат келиннинг қайнонасини эмас, балки куёвнинг қайнонасини, яъни қизнинг онасини ҳам айблашди.

Аслида эса, бизнинг халқимизда янги оиланинг барпо этилишида, аввало, қайноналарнинг ўрни муҳим эканлиги таъкидланади. Социологларнинг тадқиқотлари бўйича ҳам янги оилаларнинг олтмиш фоизидан кўпроғи айнан қайноналарнинг саъй-ҳаракати, раъйи, ташаббуси билан қурилар экан...

 

Ўзини айблаган қайнона

Гулсара опанинг икки фарзанди бор. Эри бевақт вафот этгач, болалари бировдан кам бўлмаслиги учун уларга ҳам оталик, ҳам оналик қилди, ўзини ўтга-чўққа урди. Қизини узатди, икки нафар попукдек невараси бор. У ўғлини уйлантириш учун узоқ вақт қиз танлади. Қайси қизни айтишмасин, унинг юриш-туриши, юз-кўзидан тортиб, ота-онаси-ю бобо-бувисигача суриштирди. Бир қизнинг ўзи ёқса, онаси ёқмади, онаси ёқса, отасини хушламади. «Гулсара, қиз танлаб, нечта эшикка кириб-чиқдинг. Яна танлаб-танлаб, таннозига учрамагин», деди опаси навбатдаги қиз маъқулланмасдан қайтилаётганда. «Опажон, биласиз, битта-ю битта ўғлим бор. Аввало, унинг кўнглига қарадим. Ёқтирганинг бўлса, айт, дедим. У, онажон, сиз кимни ёқтирсангиз, ўшанга уйланаман, деди. Мен келиннинг ўғлимга мос, ўқимишли, келишган, хушмуомала, озода, чаққон, қўли ширин пазанда, эриниям, мениям ҳурмат қиладиган қиз бўлишини истайман. Ҳа, яна тагли-тугли бўлмаса, менга кераги йўқ. Зоти паст бир кун келиб, барибир пастлик қилади. Ҳа-я, мен қўни-қўшнилар, қон-қариндошлар «келининг бўлса, Гулсаранинг келинидай бўлса», дея ҳавас қилишларини истайман. Ана, сизнинг иккала келинингиз ҳам бир-биридан яхши. Уларга ўхшаган қиз топсам, жон-жон деб, тўй бошлайман, опажон»,- деди жилмайганча Гулсара. «Мен келинларимнинг ҳар икковини ҳам қизим, деганман. Лекин уларда камчилик йўқ эди, дейсанми? Камчилигини яшириб, яхши ишини ошириб, кўнгилларига йўл топдим. Сен ҳам агар келининг ниманидир билмаса, ўргатасан. Ёш ниҳолни парваришлайсан, эгасан, тўғрилайсан. Келинни келганида кўр, сепини ёйганида кўр, дейдилар. Ёйилган сеп ҳар доим ҳам қайнона кўнглидагидайин бўлиб чиқавермайди».

Гулсара опасининг бу гапларидан сўнг ўйланиб қолди. «Балки келин танлашда ўта ошириб юбораётгандирман? Бунақада ўғлимнинг ёши ўтиб кетса-чи?» Иккилана-иккалана, ҳовлиси чиннидай супурилган, ошхонаси, тандирхонаси озода бир хонадон қизини маъқул топди. «Опажон, Латофатхоннинг дастурхон ёзишини кўрдингизми, - деди Гулсара опасига. – Нозик диди бор экан. Овқатниям ниҳоятда мазали пиширибди. Қизигаям ўргатгандир, ахир».  «Ҳа, у қиз дўхтирликка ўқиётган экан. Иссиқ-совуғингдан ҳам хабар олиб туради. Лекин сен бунчалик шошмагин. Аввал ўғлинг қизни бир кўрсин, гаплашсин». Гулсара опасининг бу гапларидан ҳайрон бўлиб қолди. Кечагина қизлардан камчилик қидираверсанг, келинсиз қолиб кетасан, деб турган опаси энди...

Опаси айтмоқчи, тақдир қўшилган эканми, тўй бўлиб ўтди. Келин аста-аста сепини ёя бошлади. Унинг озодалигига гап йўқ эди. Идиш-товоқ вақтида ювилган, ҳовли супурилган, уйда тирноқча чанг топилмасди... Лекин келин хамир қориб, нон ёпиш нари турсин, ҳатто тузукроқ овқат пиширишни билмасди... Гулсара маза-матраси йўқ овқатдан келинининг кўнгли учун бир қошиқ ичар экан, опасининг гаплари эсига тушарди: «Сен ҳам агар келининг ниманидир билмаса, ўргатасан. Ёш ниҳолни парваришлайсан, эгасан, тўғрилайсан». Лекин унинг келини эгиладиган ниҳоллардан эмас экан. Гулсара овқатни мазали пиширишни ўргатмоқчи бўлганида, келин қўлидаги пичоқни тунука тоғорачага тарақлатиб урди-да, бидиллади: «Пиширган овқатим ёқмаса, ана, ўчоқ-қозонни сизга топширдим. Ёқтирган овқатингизни пишириб ейверинг!»

Гулсара устма-уст «Астағфуруллоҳ», деди.

Эртасига келинининг қўпол муомаласини унутиб юбориши мумкин эди, лекин унинг телефонда ўзини онасига ёмонлаётганини эшитиб қолди: «Мени қанақа жойга бердингиз? Бу зиндонда оёқ босишгаям, овоз чиқаришгаям қўрқиб қолдим. Ялмоғиз ямламасдан еб қўяди мени!..» Гулсара бу гапларни эшитмасликка олди. Тунда уйқуси келмасдан ўйланиб ётар экан, қизини турмушга узатаётганда унга айтган бир гапини эслади: «Менинг қизим бўлсанг, уйингдаги битта гапниям бизникига олиб келмайсан!»

Келин эса, сепини ёйишда давом этди. Қайнонасига салом бермай қўйди, эри ишдан келди дегунча унга онасини ёмонлашга тушарди...

- Мен бу  уйда ортиқ яшаёлмайман. Ё мени дейсиз, ё у ялмоғизни...

Хотинининг оғзидан чиқиб кетган бу сўзга эр чидаёлмади:

- Нима?! Менинг онамни ялмоғиз деяпсанми?! Йўқол кўзимдан! Бу уйда бошқа қорангни кўрмай!

- Ҳали шундайми? Кетаман! Ялмоғизнинг башарасини кўришга тоқатим йўқ! Сизни... сизни онасининг этагини ушлаб юрадиган мишиқи дейишганда, ишонмагандим. Кетаман! Лекин ялмоғиз онангиз икковингизнинг бошларингга бало ёғдираман, бало!

- Йўқол!

Ўғлининг уйидаги шовқин-суронни эшитган Гулсара югуриб кирди. Ўғлини шайтонга ҳай беришга чақирди, ўзини айблади. Ўғли бир сўзда туриб олди. Келин кетди...

... Ўғлининг уйи бузилгани учун Гулсара ўзини айблайди. «Биламан, келиннинг баттол хулқ-атвори билан ўғлим узоқ вақт бирга яшай олмасди. Лекин... Мен икки ёшни бахтсиз қилдим. Ўғлимнинг юлдузига юлдузи тўғри келадиган яхши қизни топишим, шошмаслигим керак эди. Ҳаммасига мен айбдорман...»

Гулсаранинг гапларини эшитиб, ўйланиб қолгандим. Қизининг илм олиши, касб олиши учун шароит яратиб бераман, деб уни ҳатто овқат пиширишга ҳам ўргатмаган, устига катталарга иззат-ҳурматни ўргатмаган, бетгачопар, сурбет қилиб тарбиялаган она ҳам ўзини айблармикан? Онаси танлаган қизни яхши билмасдан туриб, уйланишга розилик берган йигит-чи? Тотув турмушини бузиб, номи бир марта эр кўрганга чиқиб, уйида ўтирган келин-чи? Балки хатосини англаб, кўзи очилгандир? Яна билмадим.

Уч-тўрт кун олдин Гулсаранинг опасини кўриб қолдим. «Синглим шўрлик ноинсофларга учраб қолди-да. Тўйга сарфлаганини айтмайин, келиннинг тоғаси бош бўлиб келиб, уйидаги қўлга илинган нарсанинг ҳаммасини машинага юклатиб кетди. Гулсара есир боши билан қийналиб ишлаб топган эди... Агар мен уни келин танлашда шоширмаганимда, жияним бахтсиз бўлмасмиди! Энди айбимни қандай юваман-а!..»

Мен у аёлнинг кўз ёшини артишини кузатар эканман, оилаларнинг бузилиб кетаётганида ким айбдор, деган саволга жавоб топиш унчалик осон  эмаслигини ўйлардим.

 

Олти дона ёғоч қошиқ

 «Келиннинг тоғаси бош бўлиб келиб, уйидаги қўлга илинган нарсанинг ҳаммасини машинага юклатиб кетди». Гулсаранинг опаси айтган бу гапни бот-бот эслайман. Ана шунда кўпинча ҳали Тожикистон мустақилликка эришишидан олдин вилоят газетасида ишлаб юрган йилларимда юз берган бир воқеа кўз ўнгимдан ўтади.

Газета идорасига шикоят билан келадиган одамлар орасида қизларининг оиласи бузилганидан нолиб келадиганлар анчагина эди. Айнан қизларининг ҳаққини топиб беришни сўраб, куёвни, унинг ота-онасини айблаб келадиган одамлар кўп эди. Ҳамкасбларимнинг айримлари шикоят қиляптими, демак, у ҳақ, деган ўйга боришарди. Жонидан ўтказиб юборишмаса, арз қилармиди, дейишарди. Мен бўлсам, наҳотки, айб фақат йигит томонда бўлса, деган истиҳолага борардим. Хуллас, шикоят хатларидан бирида яна эрнинг муштумзўрлиги, қайнонанинг жоҳиллиги, қайнотанинг хотини чизган чизиқдан ярим қаричгина чиқа олмаслиги ёзилганди. Шикоят келиннинг отаси имзоси билан келган, у қизининг ширин ҳаёти бузилганига сабаб бўлган «бола кўр қилгурлар»ни қаттиқ жазолашни, газетага ёзиб, элга шарманда қилишни сўрарди.

Шикоятни ўрганиш учун хат ходимлардан бирига топширилганидан бир кун ўтмасдан редакция идорасига эгнида оқ йўл-йўл кўйлак, қора йўл-йўл костюм-шим кийган, ёши элликдан ошган бир киши кириб келди. У бўлим мудири кимлигини сўрагач, дағдағага ўтди. Совет ҳокимияти катта ҳуқуқ берган аёлни хўрлаган золимларнинг танобини тортиб қўйишни ўйламаётган мухбирларга ҳам чора кўрадиган юқори ташкилотлар борлигини эслатди. Мен жилмайганимча унинг сўзини бўлмасдан эшитдим. Шикоят, албатта, ўрганилишини, унинг қизи, аёли билан ҳам, куёви, унинг ота-онаси билан ҳам, маҳалладаги холис одамлар билан учрашиб, суҳбатлашишимизни, ана ундан кейин бир хулосага келиш мумкинлигини айтдим. Йўл-йўл костюм-шимли киши тутақиб кетди. «Мен бор гапни ёзганман-ку! Яна нимасини текширасизлар! Сиз менга қараб бунақа тиржайманг! Нима биров ўламан, деса, сиз куласизми? Сизларга устал топшириб қўйганлар билан ишим бор!» Мен одатимга кўра яна жилмайдим...

У шикоят атрофлича текширилди. Натижада, на куёв, на унинг ота-онаси келинни хўрлаш нари турсин, ҳатто, унга қаттиқроқ гапиришмагани маълум бўлди. Аксинча, бироз тантиқроқ келин ҳуда-беҳудага жанжал чиқариб, тез-тез ота уйига аразлаб кетаверар экан. Шикоятда ёзилгандайин куёв томон келиннинг нарсаларини бермасдан, уйни қулфлаб қўймаган экан. Суд ижрочиларининг айтишларича, аксинча келиннинг отаси беш-олти кишини эргаштириб келиб, қизининг уйидаги игнагача қолдирмай олиб кетибди. Лекин куёвчорларда у қизига берган олти дона ёғоч қошиқ топилмабди. Ҳозир қаерга борса қудаларини, куёвни «олти дона ёғоч қошиқни ўғирлаб олиб қолишган», дея ёмонлармиш. Куёвнинг отаси қудасига олтита эмас, ўн иккита ёғоч қошиқ олиб бориб бергани, лекин ҳамон «қошиқ ўғриси» деган туҳматдан қутула олмаётганини ютиниб-ютиниб айтди. Куёвнинг маҳалласидагилар ҳам, келиннинг маҳалласидагилар ҳам икки ёшнинг оиласи бузилишига қизнинг отаси сабаб бўлганини айтишди. У ёш оила ҳаётига  бўлар-бўлмасга аралашаверган экан. Қизиғи, худди шу гапни келиннинг онаси ҳам йиғлаганча айтди...

Элда бир гап бор – эр-хотиннинг орасига эсини йўқотган аралашади. Айрим ота-оналар, ўзини ҳамма нарсани биладиган, дея ҳисоблайдиган айрим маҳалла фаоллари, келин ё куёвнинг яқин қариндошларининг ёшлар ҳаётига бўлар-бўлмасга аралашишлари кўп ҳолларда яхши натижа билан тугамаётир... Мен бу билан ёш келин-куёвга тўғри йўл кўрсатадиган, оқил, кўпни кўрган отахон ва онахонлар йўқ, демоқчи эмасман.

Ҳозир сизга ҳавола этиладиган воқеий ҳикоянинг қаҳрамонларидан бири айнан шундай оқил инсонлардан эканлигини тез орада билиб оласиз.

 

Ивиган кафт

Хосият Ғайрат билан олийгоҳда бирга ўқиган. Ғайрат билан илк марта учрашганидаёқ – ўша олийгоҳдаги биринчи дарс куни унинг кўзига кўзи тушар экан, негадир юраги типирчилаган. Лекин икки ойгача ортидан тинмай эргашиб юрадиган Ғайратни силтаб ташлайверган. Ҳатто, бир гапи эсида: «Боринг, тошингизни теринг! Мен бу ерга ўқиш учун келганман, ким биландир учрашувга чиқишга, унинг ёлғон сўзларини оғзимни ланг очганча эшитиш учун эмас!»

- Биласизми, Ғайрат ҳеч нарса демасдан менга кўз узмай тикилиб турганда, унинг елкаси оша онам пайдо бўлган ва мен томон муштини ўқтаган.

Хосият бир зум жим қолди ва жилмайди.

- Ишонасизми, ишонмайсизми, Ғайрат нималардир деб гапирарди, менинг қулоғимга эса, фақат онамнинг гаплари кирарди: агар биронтаси билан юрганингни эшитсам, оёғингни синдираман. Ўша кунданоқ остона ҳатлаб, кўчага чиқмайсан.

Энди ҳар қандай она ҳам ёш қизи кимнингдир алдовига учиб, домига тушиб қолмаслиги учун куйинади, уни тергайди, койийди, дейман.

Хосият оналар қизларининг бахтини ўйлашларини, шу сабаб баъзан ўта қаттиққўллик қилишларини яхши тушунишини айтади. Ва «майли, гап очишга очдим, энди ҳаммасини айтаман», дея ҳикоясини бошлайди...

Хосиятнинг акаси онаси мўлжаллаб юрган қизга уйланмаслигини, кўнгил қўйгани борлигини айтиб, ўшани олиб берасиз, деб туриб олибди. Онаси ўғлини койибди, унга ёлворибди, лекин аҳдидан қайтара олмабди. Хуллас, тўй бўлиб ўтибди. Чимилдиқ йиғиштирилгандан кейин икки-уч кун ўтмай, қайнона-келин орасидаги можаролар бошланибди. Келиннинг чой узатишидан тортиб, пиширган овқатигача, кийинишидан тортиб, эри билан кулиб гаплашишигача... қайнонага ёқмас, унинг ҳар бир ишидан қусур топарди. Қайнона келинни ерга урар, анқовликда ва ялқовликда, фаросатсизликда ва одобсизликда айбларди.

Келин қайнонанинг зуғумларига бир ой чидабди, икки ой чидабди... охири сабр-бардоши тугаб, онасиникига кетиб қолибди. Қайнона келиннинг уч ойлик ҳомиласи борлигидан ҳам бехабар қолибди...

- Акам кеннойимларникига уч-тўрт марта бориб-келдилар. Лекин қайнона, яъни менинг онам қизларининг «бошига тегирмон тоши» юргизганини эшитган кеннойимнинг отаси акамни ҳар гал қуруқ қайтарибди. Бу ёқда акамнинг кеннойимникига борганларини эшитган онамлар оғизларига келган гапни қайтармасдан айта бошладилар. Акамни нималарда айбламайдилар, дейсиз? Акам эркак киши-ку, бу гапларни эшитганда мен қулоқларимни беркитиб олдим. Ва онам кўндаланг бир шарт қўйдилар: «Ё мени – туққан онангни дейсан, ё хотинингни!» Хуллас, акам кеннойим билан ажралди. Бир йил ўтгандан сўнг уйимизга янги келин келди. У муомала кўчасидан ўтмаган, қўпол, устига арзимаган нарсага араз қиладиган, уйига гап ташийдиганлар хилидан чиқди. Мен онамнинг ичларидан нималар ўтиб турганини билиб турардим. Лекин буни на акамга, на қўни-қўшни, қариндошларга сездирмасликка ҳаракат қилардилар. Акам... акам ўз уйига соядек кириб-чиқарди. Ҳамма нарсага вақт даво дейишади, лекин ёмон яра вақт ўтса ҳам тузалмас экан. Қайтага маддалайверар экан. Янги келин акамнинг ўғлини кўриш учун биринчи хотининикига борганини эшитиб қолибди. У аввал онам билан жанжаллашди. Акам ишдан келиши биланоқ унинг юзига супурги отди... Маддалаган яра ёрилди. Супургини тутиб қолган акам уйдан югуриб чиққан онамга қаҳр билан қаради. Онамнинг кўзлари жиққа ёш эди. Шу пайтгача онамнинг кўнглига қараб юрган акам иккинчи хотинини ҳайдаб юборди...

Шу ерга келганда Хосиятнинг кўзи ёшга тўлди. Пиқиллади. Анча вақтгача кузги дарахт шохидан битта-битта узилаётган япроқларга тикилиб турди-да, ҳикоясининг давомига ўтди. Акаси биринчи хотини билан ярашмоқчи бўлибди. Хотинини кўндирибди. Лекин қайнотаси ҳеч ҳам кўнмабди. Ниҳоят, қуда тоға яшайдиган маҳалла оқсоқоллари, қариндошлари аралашишгач, у қизининг ярашишига рози бўлибди. Лекин битта шарт қўйибди: қизим ҳайдаб чиқарилган уйга қайтиб қадам босмайди, хотин, бола керак бўлса, бошқа уйга кўчиб чиқасиз, куёв!

- Акам аввалига бу шартга кўнмадилар. Онамнинг хафа бўлишларини ўйладилар. Лекин қуда тоға қўйган шартни эшитган онамлар акамга «Майли, ўғлим, рози бўлгин. Сен дунёнинг бир четига кўчиб кетаётганинг йўқ-ку! Синглинг бор, ана, уканг ҳам эрта-индин мактабни битиради. Мени асло ўйламагин! Аслида оғироёқ хотинингни ҳайдаб юбориб, мен гуноҳга ботганман. Оталаринг бевақт жон таслим қилиб, бизни ташлаб кетганларида, сен энди ўнга, синглинг еттига киргандинг, уканг икки яшар эди. Сенлар Худонинг иродаси билан етим бўлдиларинг. Мен неварамнинг тирик етим бўлишини истамайман. Буни ўйлаб, кечалари уйқум келмайди. Худодан хатоимни, гуноҳимни кечир, деб сўраб чиқаман...» Акам индамай бориб онамнинг кўз ёшларини артиб қўйдилар. Ижарага уй топиб, кеннойим билан яшай бошладилар...

Хосият ҳикоя қилар экан, мен унинг ўз тақдири қандай кечганлиги ҳақида ўйлардим. Акасининг ҳаёти унинг кўзини очдими ё онасининг раъйи билан турмуш қурдими?

- Биласизми, акам икки марта уйланганликларидан кейин уйимизга совчи келмаса керак, деб ўйлагандим, - Хосият негадир оғир тин олди. – Лекин бир куни ўқишдан келсам, уйимизда иккита бегона аёл ўтирарди. Улар менга бошдан-оёқ тикилишди. Авзойилари худди бозорга чиқиб, мол танлаётган одамникига ўхшарди. Мен илдам юрганча хонамга кириб кетдим...

Аёллар кетишгач, онаси Хосиятнинг хонасига киради. У аёлларнинг совчилар эканлигини айтади. Хосият бу гаплар ўзига сира тегишли эмасдайин китобга термулиб ўтираверади.

- Хосият, ақалли, йигит ким экан, деб сўрамайсан ҳам? – она негадир шивирлаб гапирарди. - Тагли-тугли, ўзига тўқ бир оиланинг ўғли экан. Тагида янги машинаси бор экан, уйлари икки қаватли эмиш. Ўша йигит сени кўриб, ишқи тушиб қолибди.

Хосият китобни авайлаб бир четга қўяди. Онасига қараб жилмаяди:

- Тагли-тугли экан, машинаси, икки қаватли уйи бор бойвачча экан, қизимни берсам сизларга бераман-да, деб розилик бервормадингизми?

- Вой, қизим, қизиқсан-да? Қанақа қилиб сендан сўрамасдан розилик бераман? Мен сенинг бахтингни ўйлайман. Сен... сен... йигитнинг суратини бир кўргин-а!

Хосият онаси узатган суратга бир кўз ташлагач, қўлига китобини олади.

- Қизим, китобингни қўйиб тур, бир зум! Афтидан туппа-тузук йигит, кал эмас, кўр эмас, бети қийшайган эмас!

- Мен кал дедимми, кўр дедимми, менга ёқмади!

- Шу гапинг гапми?

- Ҳа!

- Унда мени эшит! Бу йигитнинг гердайиб туриши менгаям ёқмади. Бунақалар хотинга бир буюмга қарагандайин қарашади, - онаси гапирар экан, Хосиятнинг кўз ўнгидан ўзига бошдан-оёқ тикилган ҳалиги аёллар ўтди. – Биласанми, у йигитнинг аммаси нима деди: қизларинг укамнинг уйида қасрда яшагандайин яшайди. У бу гапни айтаётганда уйимизга нописанд қараб қўйганини сездим. Қизим, менга қаср керак эмас, сенинг бахтинг керак!

Хосиятникига келган кейинги совчилар нуқул келиннинг сепидан, куёвникига олиб борадиган мебелидан тортиб, пардасигача гапиришибди.

- Молпарастликлари шундайгина кўриниб турибди. Аслида келиннинг сепи ахлоқ-одоби, иш тутиши, муомаласи эмасми?

Хосият бу гапларни айтаётган онасининг оғзига ҳайрон-ҳайрон қараб турарди. Шу лаҳза кўз ўнгидан Ғайрат ўтди. Борди-ю, Ғайрат совчи юборса, онаси нима деркин? Аммаси келганида унинг «мен ҳеч қачон қуданинг олдида қизимнинг тили қисиқ бўлишини, қизларинг ўғлимизга хоҳлаб теккан, деб камситишларини истамайман», деганини эшитганди.

Шу орада Ғайрат Хосиятларникига устма-уст совчилар бораётганини эшитади. Буни унга Хосиятнинг курсдош дугонаси айтади. Ғайрат онасига Хосиятни яхши кўришини айтиб, тезда совчиликка боришларини сўрайди. Хосиятнинг онаси совчиларни кузатиб, ким эканликларини суриштириб билади. Сўраб-сўраб Ғайратнинг Хосиятга кўнгли борлигини, қизи ҳам унга бефарқ эмаслигини билиб олади. Совчилар кейинги гал келишганида, уларга узил-кесил рад жавоби беришади.

- Хосият, мен яхшилаб ўйлаб кўрдим, сен у хонадонга келин бўлиб борганингдан кейин, оёқости қилишади. Нима, ўша йигитнинг ота-онаси вақтида ўзи ўғлимга хоҳлаб теккан, деб келинга берган азобларимни эшитишмаган, дейсанми? Энди, мен сенинг азоб чекишингни истамайман. Бунинг сабабини айтмасам ҳам ўзинг яхши тушуниб турибсан, қизим. Ким қилмагай, ким тортмагай, дейишган.

Хосият онасининг нима демоқчи эканлигини яхши тушунади. Онаси бўлажак қуда аёл Хосиятнинг тилини қисиб олиб, хўрлашини ўйлаяпти.

- Она, мен у йигитга ҳеч қандай ваъда бериш нари турсин, яхшироқ гапирганим ҳам йўқ. У... менга тикилиб турганида, елкаси оша сиз маъноли қараб турардингиз, - Хосиятнинг овози титради.

- У онасига яхши кўраман, ўлсам ҳам, бошқасига уйланмайман, дебди-ку! Сенинг кўзларингдан ўзига кўнгли борлигини сезармиш...

- Кўзларимдан сезармиш? Айтинг, мен ақалли бирон марта ўша йигитга мен ҳам сени яхши кўраман, деб айтибманми? Яна ўша совчилар келишса, қизимнинг боши боғлиқ дейсизми, бошқами, ишқилиб, қайтариб юборинг.

Икки кундан кейин Ғайратнинг совчилари келишганда, Хосиятнинг онаси боши оғриётгандайин, атайлаб катта рўмол танғиб чиқди.

- Узр, қизим йўқ, деди. Бошқа боғни кўрсаларинг яхши бўларди.

- Шарофатхон, қизингиз йўқ, деяптими, ё сиз? - деди Ғайратнинг холаси Хосиятнинг онасига бўш пиёлани узатар экан.

Совчилар Шарофатнинг кўзини олиб қочаётганини сезиб қолишди.

- Бунинг нима аҳамияти бор? Энди тақдирлари қўшилмагандан кейин, қизим йўқ дейди, мен йўқ дейман, - Шарофатнинг чой қуйиб узатаётган қўли титради.

- Опа, бир нарса десангиз-чи? Кечаги менга айтган гапларингизни ичингизга ютиб ўтираверсангиз, қиздан қуруқ қоламиз, ана кейин - Ғайратдан балога! – Ғайратнинг холаси ўйланиб ўтирган опасини астагина туртди.

- Мен... мен қандай айтаман?

- Айтасиз, буни умр савдоси, дейдилар!

- Майли... Шарофатхон, ростга завол йўқ, дейишади. Биз келинингизга қилган муомалангизни эшитганмиз. Лекин кейин уни қайтариб келиш учун ўзингиз бош бўлибсиз-ку! Агар биронтаси Хосиятхонга мени ёмон муомала қилади, камситади, қийнайди, деб айтган бўлса, ҳеч қачон ишонманг. Ўғлимнинг бахти – менинг бахтим. Худо хоҳласа, кўрасиз, биз Хосиятхон билан она-боладек бўлиб кетамиз. Агар, Сиз дунёи қасос, деб ўйлаётган бўлсангиз, янглишасиз. Аллоҳим кечиримли, сиз келинингиз билан ўғлингизни яраштирган, ёш гўдакнинг тирик етим бўлиши олдини олган кунингизоқдаёқ У сизни кечириб бўлган. Кечирдими, демак, энди қасос-пасос, деган гап йўқ. Шарофатхон, айланай, қани қўлингизни очинг, дуо қилайлик, икки ёш бахтли бўлишсин!

Шарофат дуога қўл очар экан, кўзидан думалаган ёш юзидан сирғалганча кафтига тушди...

 

Тадқиқотчилар нима дейишади?

Азизлар, бу воқеий ҳикоя ҳақида мен бирон-бир шарҳ бермоқчи эмасман. Бундан хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Фақат кўпни кўрган бир танишимнинг гапини келтирмоқчиман, холос. У Хосиятнинг ҳикоясини мендан эшитар экан, «Худбинлик – ёмон хислат, агар ота ё она фақат менинг айтганим бўлади, деб фарзанднинг кўнгли билан иши бўлмаса, жигарбандини бахтсиз қилиб қўйиши мумкин».

Бундан келиб чиқди, оилавий турмушларнинг бузилиб кетишига кимнингдир худбинлиги ҳам сабаб экан-да! Демак, эр-хотиннинг ажралишларига фақат ким эмас, нималар ҳам сабаб бўлаётган экан-да! Оилавий масалаларни ўрганаётган тадқиқотчилар, «нима»нинг сабаби кам эмаслигини таъкидлайдилар. Масалан, зино, арақхўрликка муккасидан кетиш, гиёҳвандлик, оилавий турмуш борасида билимларнинг етишмаслиги, сабр-тоқатнинг йўқлиги, ёлғон, инсофсизлик, очкўзлик каби сабаблар билан ажралиб кетган оилалар тўғрисида мисоллар келтиришади.

«Ёлғон билан қурилган иморат вайрона бўлур», деган гап бор, дейди гендер масалаларини ўрганиб келаётган мутахассислардан бири. Унинг фикрича, оилаларнинг бузилиб кетиш сабаблари орасида энг кўп учрайдиган сабаб кўпинча ёлғон бўлиб чиқяпти.

Азизлар, келинглар, бу ҳақда кейинроқ батафсил суҳбат қурайлик! Раҳмат!

Ўринбой УСМОН,

Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи ва Тожикистон Журналистлар

иттифоқи аъзоси.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Лахш – истиқлол файзидан яшнаган диёр

 

Давлат ҳокимияти Лахш ноҳияси ижроия органи ҳамда меҳнаткашлари Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон томонидан илгари сурилаётган оқилона сиёсатни ҳаётга татбиқ этиш ва ноҳия ижтимоий-иқтисодий тараққиёти кўрсаткичларини таъминлаш мақсадида, 2018 йилда бир қатор ободончилигу бунёдкорлик ишларини амалга оширди.

Муфассал...

Самимият муносабатлар гултожига айланди

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг Тожикистонга давлат ташрифи ҳамда олиймақом меҳмоннинг самимият билан дўстона кутиб олиниши Тожикистон ва Ўзбекистон республикалари муносабатлари тарихида зарҳал ҳарфлар билан битилади, десак муболаға бўлмайди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990978

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478405
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4333
4027
22018
7426653
100049
114875
7478405

Сизнинг IPнгиз: 18.118.119.129
Бугун: 23-11-2024 17:37:54

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015