Кабинетимдан кўриниб турган виқорли тоғлар салобати, қоплаган оппоқ қор, жозибали кўкламнинг шишадек беғубор осмонига кўрк бағишлайди. Бу манзара мен учун Худонинг марҳамати эканлигини мамнуният билан қайд қилган бўлардим. Осмонда қуёш чарақлаб турибди, бироқ унинг тафти қайтган. Лолақизғалдоқ офтоби бўлишига қарамасдан, мўътадил иқлим танга роҳат бағишлайди. Рамазон кунларининг мўъжизаси-бу. Нигоҳларим тоғ бошидан
пастга эна бошлайди, бепоён бу кентларда тоғ қишлоқлари тўрт томондан Тожикистон пойтахти - Душанбе шаҳрига туташиб кетган. Яхшилаб разм солинса, кавказ манзарасини ёдга солади. Бу тоғларга қараб туриб, доғистонлик машҳур шоир Расул Ҳамзатов ва тожикистонлик шоир Мирзо Турсунзоданинг бир-бирлари билан қадрдонликлари ҳамда дўстликлари эсга тушиб кетади. Тоғлар каби салобатга эга ва қадимий, қоялари каби мустаҳкам бир дўстлик.
Дарвоқе, ҳар икки шоир ижодини ўзбеклар бир хил қадрлайдилар ва ўз миллатлари шоири каби эҳтиром кўрсатишади…
Бир пайтлар шувоқзорларга макон бўлган кентларда Тожикистон байроғи ҳилпирайди, ҳилпирайверади. Жонбахш эпкинлар шарофатидан байроқ қадалган ернинг атрофи обод бўлиб бораверар экан. Бундай жойлашув бош шаҳар атрофида ажабтовур манзара яратади. Душанбенинг ўз сиру синоати ва англаб бўлмас сеҳрли бир жозибаси бор. Шунинг учун ҳам, навқирон мамлакатнинг бош шаҳри қилиб олинган бўлса ажабмас.
Мен учун тириклик, болалигимдан ёдгор қолган олисдаги қишлоғимга ўхшаш, мўъжазгина қишлоқлардан ва уларнинг зумрад тонгларидан бошланади аслида. Табиат яратилгандан буён, қиблага сари ҳаракатланаётган, шаҳарнинг қоқ ўртасидан ўтган Душанбе дарёси (халқ орасида "Душанбинка" номи билан машҳур) ва тириклик илинжида юрган кўчаларнинг тиним билмас шовқини бир-бирига қоришиб кетади. Назаримда, бу ҳолат қиёматгача шу тарзда давом этса керак. Шовқинга кўмилган шаҳарни кузатарканман, ўтган йигирма саккиз йиллик тарих кўз ўнгимда қайтадан жонлана бошлайди. Йигирма саккиз деганимга сабаб, журналистик фаолиятимга йигирма саккиз йил бўлибди. Юрт бошидан нималар ўтмади. Тарих ғилдираги олдинга қараб кетаверар, из қолдиргани каби ўтган кунлар ҳам ўзидан из қолдирибди. Яра битиб, ўрни қолгани сингари. Бир муддат қора кўланка соясида қолган юрт осмони яна тиниқлашди. Бу орада кўплар тарихга айланди… Шу муққадас тупроқ бағрида мангу уйқуга кетишди. Ватан мадҳини куйлаганлар Ватан бағрида қолишди. Кексайганинг сари бунинг жуда катта бахт эканлигини ҳис қила бошларкансан, киши. Миллатидан қатъий назар, Худо маскан қилиб берган манзилу манозилларни қадрлаш катта бахт эканлигини унутиш гуноҳ. Худо шуни лойиқ кўрибдими, демак, бунда ҳаётий ҳикмат ётади. Ватан деган катта бир ҳикмат… Шиддатли довул каби кучга тўлган бир йигит каби пойтахт кўркамлашиб бораётир. Кўз тегмасин. Кундан-кун тобора замонавийлашиб, осмонга бўй чўзаётган иморатларни кўраркансан, ўриснинг: - "Москва ҳам бир кунда қурилмаган", - деган мақоли эсингга тушади…
Тожикистон Республикаси халқлари билан хамнафас ва ҳамқадам бўлиб яшаб келаётган жонажон газетамиз "Халқ овози"нинг илк нашри чоп этилганига бу йил тўқсон йил тўлади. Бу йил - "Халқ овози"нинг тўқсон йиллик юбилейи.
Раҳматли Мафтун Жўра (Тоштемир Жўрабоев)нинг Хўжандга бориб мени ишга таклиф қилгани-ю редактор ўринбосарлари: Исмоилжон Муҳсинов ва Абдусаттор ака Аҳмадалиевларнинг мени яхши қарши олганлари ҳақида хаёлга берилиб ўтирганимда, кабинетимга дўстим Абдулло Насриддин хурсанд бир кайфиятда кириб келди. Мен Абдуллонинг мардлиги, тантилиги, тўғрисўзлиги ва ғийбатни, умуман, ёқтирмаслиги учун ҳурмат қиламан. Бир пайтлар фақат ўзи суйган қизни қуёшга менгзаб юрган Абдулло бугун ўзгача бир кайфиятда эди…
Талабалик йилларимиз қадимий Хўжандда Абдулло билан шанба кунлари мардикор бозорига чиқардик. Бизнинг тенгқурлар ичида Пайшанбе бозор биқинида жойлашган мардикор бозорини ҳам шу - Абдулло кашф этган. Колумб Американи қандай кашф қилган бўлса, мусофирлик нонини еб юриб, ундаги қийинчиликлар гирдобида тобланаётган биз кабиларга Абдулло мардикор бозорини шундай кашф қилган эди. Тирикчилик манбаи ҳисобланмиш мардикор бозори сўқмоқларида тентираб юрарканмиз, Абдулло Насриддиндан миннатдор бўлардик. Ҳамма унга дўст, деб мурожаат қиларди. Абдулло ғишт қуйишнинг устаси эди. Тиним билмай ишлар, бир қарашда асотирлардаги Фарҳодни эслатарди. Абдулло Қуёшни қаттиқ севарди. Қуёш Абдуллони куйдирарди. Қуёшга етолмаслигига кўзи етгач, кейинчалик, каратэ секциясига қатнай бошлади. Устози бир татар йигити эди. Бу миллатга жуда қаттиқ меҳр қўйди. Абдуллонинг муҳаббати олдида Алишер ва Фарҳодларнинг ишқ-муҳаббати ип эшолмай қолди. Ҳатто, Қримга бориб, Қора денгиз соҳилидаги қоя тошлар устида суратга ҳам тушиб келган. Дўстнинг айтишича, устози қизил белбоғ соҳиби экан. У пайтлари бу мартабага эришишнинг ўзи катта гап эди. Собиқ Итттифоқ даврида каратэ билан шуғулланиш яширин бўлиб, махсус куч ишлатар тизимидагилардан бошқаларга тақиқланганди. Абдулло Насриддин ҳақда кенгроқ тўхталганимнинг сабаби, йиллар ўтган сайин газеталарнинг компютер тизимига ўтишини давру замон талаб қиларди. "Халқ овози" газетасининг янги тизимга ўтишида Абдуллонинг хизмати катта бўлган. Мен бу ўтиш даврини, формациядан формацияга ўтиш, ҳар жиҳатдан мустақил бўлиш деган бўлардим. Хитойлик донишманд Конфуций айтганидек, ўтиш даври одамларига осон бўлмаган. Абдулло Насриддиннинг "Халқ овози" газетасининг гуллаб-яшнаши ва тараққиётида хизматлари шоён ва каттадир.
У, бир пайтлар яхши ижодкор бўлишига қарамасдан, ноширчилик билан шуғуллана бошлади. Бир ишга киришдими, уни астойдил бажаришга ҳаракат қиладиганлар хилидан. Абдулло ноширлик соҳасида анчайин ютуқларга эришди. Бу гапларни айтишимга сабаб, кабинетга кириб келганида қўлида, "Тожикистон ўзбек адабий танқиди" туркумида босмадан чиққан, "Ўзбекнинг ардоқли шоири" ва "Тожикистон ўзбек адабиёти манзаралари" номли икки китоб бор эди. Ҳар икки китоб ҳам филология фанлари номзоди Юсуфали Шоназаров қаламига мансуб бўлиб, Тожикистондаги ўзбек адабиётининг ютуқ ва камчиликлари хусусида экан…
"Халқ овози" - устозларнинг ибрат мактаби.
Мен бу мактаб саҳнида қарийб ўттиз йил тентирабман.
Бу муддат - бир инсон умрида каттагина ҳаёт мактабини ўташи мумкин бўлган вақт. Севимли газетада фаолиятимнинг ибтидоси республикадаги фуқаролар урушининг бошланиш вақтларига тўғри келди. Армия сафида хизмат қилган, ўша пайтларда энг замонавий қуролларни ишлатиш ҳадисини олган бўлсам-да, кўчалар ва майдонларда ўлиб ётган одамларни фақат киноларда кўрганман. Мен дуч келган манзаралар, воқеалар кинодаги каби эмаслигини жуда яхши тушунардим. Ватан осмонидаги қора булутлар кўланкаси ортида яширинган ғаддорлар қилмишининг қора шарпаси эндигина бошланган экан, энди ўйласам. Бироқ шундай талотумли замонларда "Халқ овози" редакциясида ажойиб инсонлар билан ишладим. Мен уларни ҳар доим миннатдорлик туйғулари билан эслайман. Айниқса, миллатнинг севимли шоирига айланиб улгурган Ўлмас Жамол билан кўп йиллар бир хонада ишлаш мен учун унутилмас хотиротга айланди. Ўлмас ака билан кўп ҳазиллашардик. Ўлмас ака кўп нарсани биларди. Ҳар қандай саволга унда жавоб топиларди. Ўлмас ака редакцияда мен тенгиларни Мирзо, деб атарди.
- Мирзо, ҳали бу гурунглади армон билан эслайсиз, унда Ўлмас акангиз ёнларингда бўлмайду,- дерди раҳматли ургутча шевада. Тарихга айланган боболар тўғрисида ўйларканман, Ўлмас аканинг гаплари эсимга келаверади.
Ўлмас аканинг жанозасида республиканинг ҳар тарафидан туманот одам йиғилди. Ҳар хил касбу кордаги кишиларни тобут бошига келтирган туйғу адабиётга, шеъриятга бўлган муҳаббат эди. Устоз Асқар Маҳкам дунёдан ўтганида, Ўлмас Жамолнинг куюнгани-ю анча вақтгача ўзига келолмай юрганлигининг гувоҳи бўлганман. Ўлмас Жамол соддадил, оқкўнгил бир инсон эди. Ўлмас аканинг бу дайру дунда бундан бошқа нарсаси йўқ эди. Ўлмас Жамол деган шоир мол-дунё ва шуҳратга муккасидан кетган одамларга мутлақо ўхшамасди. Ўлмас Жамол одамлар назарида дунёдан оқ кўнглини олиб кетди…
***
Ўлмас ака билан узоқ йиллар бир кабинетда ишладик. Шу йиллар мобайнида шоир қаламига мансуб "Чор девон" дунёга келди. Бу воқеа кейинги йиллар ўзбек адабиётининг мислсиз ютуғи эди. Чунки ўзбек шеъриятида Собир Абдулладан кейин ҳеч ким чор девонга қўл урмаган эди-да. Ўлмас аканинг девонига киритилган шеърлар яратилишидан қарийбки, бохабар эдим, десам янглишмаган бўламан. Ўлмас ака ҳар бир шеърини менга ўқиб берарди ва фикримни сўрарди. Бирор фикр билдирилса, албатта, инобатга олар ва сатрлар устида қайта-қайта ишларди. Шундай кунларнинг бирида редакциядаги йигитлар - Ёқубжон, Абдулло Насриддин ва Искандар Ўлмас акани чалғитдик. У киши оғзимизга қасам бериб, ишқий бир саргузаштларини айтиб берди. Юқорида айтганимиздек, Абдулло Насриддин энди компютерда иш бошлаган кезлари эди. У билинтирмасдан, Ўлмас аканинг гапларини ёзиб олди. Ёзувларни Ўлмас аканинг ўзига қайта эшиттирганимизда, "Э мирзолар, мени шарманда қилманглар, ўчириб ташласанглар, битта қўлбола димлама қилиб бераман", - деб қолди. Биз ҳам димламадан кейин, албатта, ўчириб ташлашга сўз бердик. Эртаси куни саҳармардондан Ўлмас ака димлама учун қилиб келган харидини редакциянинг чоғроққина ошхонасига олиб бориб қўйди ва бош муҳаррир Ҳайдар Усмоновичнинг кабинетига кириб, болаларга бир қўлбола димлама қилиб беришлигини айтиб чиқди. Мен бориб ёрдам керакмасми, - деб сўрасам у киши: - Ў бола, записни ўчирсанглар, яна битта димлама силардан ўргилсин, - деб димоғида нималарнидир хиргойи қилиб сабзи-пиёзни арчишга тутинганди. Дарҳақиқат, Ўлмас ака қўли ширин ошпаз ҳам эди. Димламани паққос туширганимиздан кейин: - Энди кассетани менга беринглар, - деб туриб олса бўладими?! Биз Ўлмас акага: - Бу кассетага ёзилмайди компютернинг ичидаги қаттиқ дискда ёзилади. Уни Абдулло ўчириб ташлади, - десак ҳам, "Сен номардлар сўзларингнинг устидан чиқмадинглар", - деб хунобимизни оширганди. Суғд вилоятидан бўлган акахонимизнинг бошига оғир бир иш тушганда, кўплар ўзини четга олиб қочди. Ҳамма карерасидан қўрқиб, "лом-мим" дея олмаганида Ўлмас ака мардонавор туриб, акахонни ҳимоя қилганини эслайман. "Халқ овози" ("Совет Тожикистони") газетаси билан тақдирини боғлаган кўпгина ижодкорларнинг эл-юрт назарига тушишида газетанинг ўрни, салоҳияти тўғрисида ўз фикр ва андишаларига эга. Газетанинг жамиятдаги ўрни хусусида халқимизнинг суюкли шоири Ўлмас акадан эшитган бир воқеани газетхонларимиз ҳукмига ҳавола этишни лозим топдим. Воқеа собиқ Иттифоқ даврида Турсунзода шаҳрига қарашли Жданов номли колхозда рўй берган экан. Асли конибодомлик бўлган, мазкур колхоз тараққиётига сезиларли улуш қўшиб, одамлар олқишига сазовор бўлган Мўминов деган раис устидан бир гуруҳ "ёзувчилар" раисни ағдариш мақсадида, Марказий комитетга ёзишади. Тепадан раис фаолиятини текшириб, "ёзувчилар" талаби қондирилиши тўғрисида топшириқ келади. Шунда раис "Совет Тожикистони" редакциясига келиб, улардан ёрдам сўрайди. Редакция ходимларидан иборат меҳмонлар колхозга ташриф буюриб, меҳнаткашлар аҳли билан учрашувлар ташкил қилади. Колхоз жамоаси эришган ютуқларни газета саҳифаларида кенг ёритади. Райкомнинг биринчи котибидан раисни то нафақага чиққунга қадар ишлаб туришлигини таъминлаб ортга қайтишади. "Халқ овози" ҳаётида бундай воқеаларнинг миллионтасини учратиш мумкин. Газетани республикамиз маънавий ва ижтимоий ҳаётида салмоқли ўрни борлиги-ю, бунда ишлаб, ижод қилган ҳурматли устозлар тўғрисида кейинги мақолаларимизда кенгроқ ёритишга ҳаракат қиламиз… Ҳозирча борига барака!
Эркин ШУКУР,
«Халқ овози».
СУВ ҲАЁТДИР, СУВ – ҲАЁТ
Шу муборак, шу муқаддас заминнинг,
Ҳам оҳори, ҳам баҳори сув билан.
Бу заминда жонзот борким, барининг,
Ҳам наҳори, ҳамда бори сув билан.
Муфассал...
Кузни севаман. Булутлар увада пахта каби осмонга сочилиб ётган кузни. Намхуш хазонлари шаҳар йўлакларига паришон сочилиб кетган кузни севаман. Шивирлаб ёғаётган ёмғирлар қўйнида янада сеҳрли бўлиб кетган куз тунларини севаман. Уч ой минг турфарангда жилва қиладиган кузни севаман.
Мезон ойида қишлоғим осмонида мезон иплари осмонга ҳайинчак солган кузни севаман.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015