Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 27 Декабр 2018 Кӯришлар: 1891
Печат

o goyib 2018

Эрталаб узоқ-узоқлардан таралаётган қуёш нурлари иссиқлик бермаса-да, атрофга ўзгача чирой бахш этарди. Эсаётган майин шабада таъсирида дарахт япроқларининг нозик садолари, унга ҳамоҳанг бўлаётган паррандаларнинг чуғурлашлари-ю анҳорда сувларнинг шарқираб оқиши табиатнинг жозиб куйи каби таралар эди. Турли рангларда очилган гуллардан таралаётган муаттар ҳидлар киши руҳига енгиллик бағишлайди. Мамажон ака ҳовлисида олча-ю шафтоли

дарахтларидан бунёд этилган боғ оралаб сайр қилар экан, тоза ҳаводан роҳатланиб, чуқур-чуқур нафас олади. У умр бўйи ўқитувчилик қилган бўлса-да, ҳовлисида турли хил мевали дарахтларни парвариш қилишни касб этганди. Кекса ўқитувчи ҳовлидаги супачада титилиб ётган китобларини йиғиштириб бўлгач, папкасини қўлтиғига қисиб, кўчага чиқди. Катта йўлда кетаркан, бугунги мажлис қандай ўтишини ўйларди. Мажлисга район маориф бўлимидан вакил келаркан, ҳар қалай бирон чигал чиқмаса яхши бўларди, дея кўнглидан ўтказди. Марказий кўча ёнидаги йўлакда кимдир ишга, кимдир ўқишга шошилар, бошқалари эса, бозор томон кетишарди. Кутилмаганда тўс-тўполон бўлиб қолди. Барчанинг диққати йўлда тўхтаб турган тракторга қадалди.

kurnamak 2018- Трактор шўрлик талабани босиб кетди, ана, ана у типирчилаб ётибди, - дея дод солаётган аёлнинг фарёди эшитилди.

Асфалт йўлда трактор ҳайдовчиси қонга беланиб ётган болакайнинг олдида тиз чўккан ҳолда, бошига муштлаб фиғони фалакка чиқарди. Мамажон ака шошиб қолди, кўз олди қоронғулашди, аммо тезда ўзини қўлга олиб, болакай томон отилди. Болакайнинг ўлим исканжасида дарду алам ила инграётгани кишининг раҳмини келтиради. Ўқитувчи талабасини таниди, болакай ҳам устозни танигандек:

- Мени қутқаринг, ўлиб қоламан, мени қутқаринг, - дея жон ҳолатда ўқитувчининг қўлига ёпишди.

Мамажон ака бугун бўладиган мажлисни ҳам эсдан чиқарди, болакайни бағрига босганича, касалхона томон югурди. Йўлда кетаркан, болакайнинг баданидан тинимсиз оқаётган қон либосларига томарди, у бунга парво қилмай:

- Рашид, ҳаммаси яхши бўлади, чида, яна камгина чида, ҳаммаси яхши бўлади, тузалиб кетасан, - дея таскин берарди.

Болакай баданининг оғриғига чидай олмай инграрди. Дарднинг кучайгани сайин, у ҳушини йўқота бошлади. Мамажон ака ҳансираган ҳолда касалхонага етиб келди. Тиб ходимлари болакайни ғилдиракли каравотга ётқизиб жарроҳлик хонасига олиб кетишди. Ўқувчининг бундай ҳолатга тушиши Мамажон ака учун бир муаммога айланди. Оёғи трактор тагида қолиб кетган. Кўп қон йўқотган… Уст-боши қонга беланган мактаб директори мажлисга эмас, уйига қайтишга мажбур бўлди…

***

Қароболодаги кардиология бўлими биносининг учинчи қаватида одамлар гавжум. Тиб ходимлари ўрта ёшдаги озғин кишини реанимация бўлимидан келтириб, 35-палатага жойлаштиришди. Унинг кетидан келган одамлар имо-ишора билан мурожаат қилишарди.

Зўрға нафас олаётган беморнинг юрак қафасига ёпиштирилган бир неча ингичка симлар электрокардиограмма аппаратига уланган. Унинг ёнида ўтирган ҳамшира мониторда бир маромда илон изи ҳолатида чапдан ўнгга томон ўтаётган чизиқлардан ва ўнг тарафда юрак уриши рақамлари ўзгараётганини диққат билан кузатарди.

Бемор узликиб қолган. Гоҳ ўзига келса, гоҳида кўз олди қоронғилашиб, алаҳсирай бошларди. Нафас олиши қийинлашди. Борган сайин ҳолсизланиб, ўзини ер қаърига кириб кетаётгандек ҳис қилди. Қанчалик қаршилик кўрсатмасин, орқага қайтишга қурби етмасди. Атроф-теваракка қоронғилик бостириб келарди. Доира шаклига кирган ёруғлик эса, қисқара бошлади. Бемор узоқлашгани сайин, ёруғлик торайди ва бора-бора у кичкина нуқтага айланди. Сўнг ўша нуқта ҳам йўқолиб, борлиқни тим қоронғилик қамраб олди...

Одилжон қанча вақт ўтганини билмайди. Япроқ дарахт танасидан узилгани каби "чирс" этган садо эшитилганидан кейин, енгиллик сеза бошлади ва аста-секинлик билан юқорига кўтарилаётганини англади. Чамаси бир ярим метр кўтарилгач, палата ичида учиб юрганини ҳис қилди. Гапирай деса, тилига калима келмайди. Каравотга қаради. Яна ҳайрати ошди, ажиб бир ҳолат, пастдаги каравотда ўзи чўзилиб ётибди. Ранглари оқарган. Тиб ходимларидан бири шошилганича навбатдаги игнани унинг қон томирига санчиб дори юборишга, бошқаси эса, юрак қафасига аппаратни жойлаштириб электр қуввати бериб, беморни ўз ҳолига келтиришга уринишарди. Афтидан юрагим тўхтаб қолганга ўхшайди, дея кўнглидан ўтказди Одилжон.

Тиб ходимларининг баҳслашишлари ва ҳамширанинг асабийлашган ҳолда монитордан кўз ўзмай турганини кузатар экан, беморнинг ҳайрати ошди. У оғриқни сезмасди. Одилжон ўтган умрини эслай бошлади…

… Дарё қирғоқларида мол боқиб юрган онлари, бир парча нон учун укаси Муҳаммадшариф билан тортишиб қолганлиги, мармеладини сўрамай олганлиги учун укаси Маҳмадалини қаттиқ койигани, муштипар онаси ҳаётнинг аччиқ ва изтиробли онларини кичик фарзандига айтаётган алласига қўшиб дарду аламини эслаётгани бирин-кетин кўз ўнгидан ўтарди.

…Бешинчи синфда ўқирди. Одилжон нонушта қилмай дарсга шошарди. Нон ёпаётган онасининг ҳай-ҳайлаб чақиришига ҳам эътибор бермай ташқарига чиқди. Онаси нонни пишириб бўлгач, мактабга келди. Ўғли ўқиётган синф эшигини қоқиб, муаллимнинг ижозат беришини ҳам кутмай, ичкарига кириши ўғлини анча ноқулай ҳолатга солганди. Она эса, ҳеч нарсага парво ҳам қилмай:

- Одилжон, қорнинг очиб кетди. Ма, ол, иссиқ нонни егин, кейин дарсни ўқийверасан, - дерди парта устидаги китобу дафтарни четга суриб.

Бу ҳолатни кузатиб турган ўқитувчи ҳам ҳеч нарса демай, ҳайрон турарди. Шу ҳолат хаёлида қайта такрорланар эди. Бу сафар онаси мактаб ҳовлисида қўлида иссиқ нонни тутган ҳолда осмонга қараб:

- Одилжон, болажоним, ҳали ризқинг тугагани йўқ, ахир, сен учун пиширган нонни емасдан қаёққа ҳам кетардинг. Қайт, орқага, қайт, - дея сочлари тўзиб, унинг кетидан чопарди.

Одилжоннинг бир нима демоққа ҳам мажоли йўқ эди. Гапиришни истаса ҳам унинг овози чиқмасди. Яна қоронғилик ўз қаърига тортди. Нима бўлаётганини ҳис қилмасди. Каравот ёнида эса, ҳамон тиб ходимлари бемор жонини сақлаб қолиш илинжида.

Узоқ-узоқларда оқ нуқта пайдо бўлди. У вақт ўтган сайин катталашиб борарди. Шу пайт чақмоқ чақиб, бутун вужуди ларзага келди. Яна каравотда ётганини сезди ва ҳушини йўқотди. Ҳамшира эса, мониторда юрак уришига кўзи тушиши билан:

- Бемор ҳушига келяпти, юраги ишга тушди, юраги уряпти, - деди қувончини яшира олмай.

- Тезда юракни нормал ҳолатга келтириш учун укол қилинг, - деб топшириқ берди врач.

Беморнинг юзларига қон югурди, пешонасида маржон-маржон тер пайдо бўла бошлади. Ҳамшира эса, авайлаб намланган дока билан унинг пешонасини артарди. Чамаси икки-уч соатлардан сўнг, Одилжон кўзини очди, аммо гапиришга мадори етмасди.

Уни реанимация бўлимидан палатага ўтказишди. Беморнинг олдига келган танишлари ҳам кўп турмай ҳамшира қистови билан чиқиб кетишди. Одилжон навбатдаги уколни қабул қилар экан, дорининг бир маромда томаётганига нигоҳини қадади. Сўнг атроф-теваракни назардан ўтказа бошлади. Кенг, шинам палатада тўрт каравот бўлиб, бошқа беморларни ҳам кўриб, бироз енгиллашди.  

- Ўғлим, яхшимисиз, эшитишимизча дўхтирларни анча қўрқитибсиз-да, насиб қилса буёғи яхши бўлади, - деди кекса киши.

Одилжон яхшиман, деган маънода бошини қимирлатиб қўйди. Укол тугаганидан кейин, бемор уйқуга кетди. Анча ухлаганлиги боис, ўзини енгил ҳис қила бошлади. Кўзини очди. Қаршисида ётган киши китоб ўқирди. Афтидан ўқитувчи бўлса керак, дея хаёлдан ўтказди ва қоматини ростлаб, ёстиқни қўлтиғига босган ҳолда ёнбошлади. Палатада ётган яна бир бемор кўзойнагини тозалар экан:

- Тушлик ҳам бўп қолди, бирон нарса тамадди қилиб олайлик, - деди.

- Тўғри айтасиз, Анваржон, сиз чойни ташкил қилинг, ҳадемай дам олиш пайти ҳам бошланади, - деди кекса киши.

- Қани ука, сиз ҳам келинг, бирга овқатланамиз, - деди Одилжонга юзланиб.

Нонушта пайти ташқарида юрган яна бир бемор уларга қўшилди. Одилжонга ёнидаги кекса кишининг номи Мамажон ва у нафақахўр эканлиги маълум бўлди. Анваржон савдо соҳасида, Салоҳиддин эса, соатсозлик билан шуғулланаркан...

***

- Одилжон, шогирдим шу ерда бош врач бўлиб ишлайди, хабар олсак, яхши бўларди, - деди кекса ўқитувчи кунларнинг бирида.

- Боришга борамиз, унинг ишлари кўп бўлса, қандай топамиз, олдин аниқлаш керак, - деди Одилжон.

- Бир иложини қиламиз, унчалик йироқ эмас-ку, - деди Мамажон ака.

Кекса кишининг гапини ерда қолдирмади. Одилжон бир пачка валидолни чўнтагига солди-да, қария билан ташқарига чиқди. Баланд бинолар орасида қад кўтарган дарахтлар-у гулбуталар ва кўм-кук майсаларнинг ўзгача чиройи ҳамда нафис гуллар таратаётган муаттар ҳидлар киши қалбига енгиллик бағишлайди. Йўлакдан кетаркан, кекса ўқитувчи шеригига талабаси ёшлигидан ўқишга ҳаваси юқори эканлигини таърифларди. Шогирдини кўрмаганига ҳам 30 йилдан ошибди. Шогирди анча хурсанд ҳолда кутиб олишини тасаввурига сиғдира олмасди. Ёнида кетаётган Одилжон Мамажон аканинг шогирди қўполлик қилиб устозини хафа қилиб қўймасмикан, деган хавотирда эди. Амалдорлар қадр-қийматни эмас, балки бойлигу мансабни ёқтиришини яхши биларди.

Улар беш қаватли бино ёнига келишди. Мамажон аканинг шогирди шу ерда бош врач вазифасида ишлар экан. Қабулхонада бош врач олдига кириш учун кишилар навбатда туришарди. Врач олдига кираётган ҳамширага кекса ўқитувчи келганини маълум қилишини илтимос қилди. Мамажон ака шогирдим тезда чақиради, деган ишонч билан кутди. Аммо қайтиб чиққан ҳамшира пинагини ҳам бузмай, ўз ишини давом эттирди. Ўқитувчи ноқулай ҳолатга тушган бўлса-да, сир бой бермасликка ҳаракат қилиб:

- Ҳамшира гапимни етказмаганга ўхшайди, - деб қўйди ўзича.

Одилжон вазиятни сезди. Ўқитувчининг асаби бузилганини ҳис қилди ва дорининг биттасини унга узатди. Анча вақтдан кейин, кабинетга киришди. "Т" шаклида қўйилган столнинг тўрида ўтирган салобатли киши ҳеч нарсага эътибор бермай, қоғозларни титкилар эди.

- Ассалому алайкум шогирд, - деди Мамажон ака.

- Салом, хў-ў-ўш хизмат? - деди унинг саломига парво ҳам қилмай.

- Рашиджон, устозинг Мамажонман, танимадингми? Ахир, сени ўшанда шу қўлларим билан кўтариб касалхонага боргандим, - деди устози бўлиб ўтган воқеани эслатиб.

- Танидим, танидим, менга дарс бергансиз, мактаб директори бўлиб ишлагансиз, аммо ҳозир ишлар кўп, бирон хизмат бўлса айтинг? - деди пинагини ҳам бузмай кўзойнагини тозаларкан.

Устознинг ранги ўзгарди, сўзламоққа тили бормасди. Рашиднинг бунчалик ўзгариб кетганига ишонгиси келмасди. Ақаллан, қўл бериб кўришмагани алам қиларди. Одилжоннинг юрак уриши кучайди, асаби бузилди. Рашидга аччиқ-аччиқ гаплар айтгиси келди, аммо ғазабнинг зўридан тилига калима келмади. Бундай пайт бефаҳм ва бефаросат, тўнка "профессор"га, "тиб ходими"га гап ҳам таъсир қилмасди. У, аллақачон, инсофни пулга, одамгарчиликни эса, мансабга алмаштириб бўлганди. Устози у ёқда турсин, отаси қайта тирилиб келса ҳам танимаслиги аниқ. Буни ҳис қилган Одилжон устозни тинчлантириш пайидан бўлди. Рашид эса, ўрнидан туришни ҳам, ўзига эп кўрмади.

Улар бир азоб билан кабинетдан чиқишди. Ҳалигина заррин нурларини таратиб турган қуёш осмонда кўринмасди, кўкни қора булут қоплаб, осмондан ёмғир томчиларди. Баҳор фаслида шундай ҳолат тез-тез учраб туради. Аммо бу сафар ёмғир томчилари эмас, балки қалби қаттиқ ранжиган кекса ўқитувчи юрагидан сизиб чиқаётган ва аччиқ дардларидан пайдо бўлган кўз ёшлари эди. Мамажон ака эса, ҳолсизланиб боши эгик ҳолда қадам босарди. Кўз ёшлари тинмасди. Одилжон таскин беришга ожиз эди. Иккаласи бир амаллаб палатага етиб келишди. Кекса киши нонушта ҳам қилмади. Каравотга чўзилган ҳолда, жим ётарди. Унча вақт ўтмай, Мамажон аканинг қон босими ошиб кетди. Юрак уруши ҳам хатарли нуқтага етди. Уни тинчлантириш мақсадида укол қилишди. Устоз эса, ўзига келмади…

… Катта йўлда тўхтаб турган трактор ёнида одамлар тўпланишган. Унинг ҳайдовчиси қонга беланиб ётган болакай олдида тиз чўкиб, бошига муштлаб фиғони фалакка кўтарилар эди.

- Мени қутқаринг, ўлиб қоламан, мени қутқаринг, - дея кичик бармоқчалари билан ўқитувчининг қўлига ёпишди. Мамажон ака бугун бўладиган мажлисни ҳам эсдан чиқарди, қонга беланиб ётган болакайни бағрига босганича касалхона томонга югурди…

Отабек ҒОЙИБОВ,

А. Лоҳутий мукофоти лауреати.

Душанбе шаҳри.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Пахтазорда зарбдор меҳнатнинг 60 куни

 

Бохтар шаҳрининг «Қўрғон» тепалиги ёнидаги майдончада жорий йил пахта ҳосилини жамғариш бўйича биринчи 15 кунлик жамбаст қилинди. Бу ҳақда вилоят раиси аппарати ахборот-таҳлил бўлими хабар берди.

Вилоят раиси Қурбон Ҳакимзоданинг ташаббуси билан дала меҳнаткашларини қадрлаш ҳамда вилоят пахтакорларини ҳавасманд қилиш мақсадида, вилоят шаҳар ва ноҳиялари ўртасида меҳнат мусобақаси жорий

Муфассал...

ҚАБРГА КИРГАН ЖОНИВОР

 

Инсоннинг содиқ дўсти ҳисобланмиш ит жониворнинг инсонларга нисбатан садоқати тўғрисидаги воқеаларни жуда кўплаб эшитганмиз.

Яқинда бир суҳбатда ўтирганимизда ҳам гап итнинг вафодорлиги тўғрисида кетди. Суҳбатдошларимдан бири ниҳоятда ғайриоддий бир воқеанинг гувоҳи бўлганини гапириб берди. Шунда ушбу воқеани «Халқ овози»нинг кўп минг сонли муштарийлари эътиборига етказиш нияти туғилди, менда.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990464

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477496
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3424
4027
21109
7426653
99140
114875
7477496

Сизнинг IPнгиз: 18.119.121.234
Бугун: 23-11-2024 16:47:26

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015