Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 03 Декабр 2015 Кӯришлар: 2178
Печат

bola kulsa

Шарқ аёллари азалдан дунёда энг нафосатлию латофатли, ҳаёлию иболи ҳисобланган. Айниқса, тожику ўзбек аёлларининг гўзаллик борасида тенги йўқлиги, ҳатто, тариху афсоналарда ҳам битилган. Шунинг учун ҳам латиф жинсларга бағишлаб шоирлар шеър ва ғазаллар битишган, санъаткорлар эса қўшиқлар куйлашган. Ҳатто, шоҳлар маликаларига атаб мўъжизавий қасрлар қурдиргани ҳеч кимга сир эмас.

Афсоналар афсонадир балки… Лекин бугунимизнинг оқила аёллари, ҳурлиқо келинчаклари, гўзал қизлари қай бири афсонавий фариштадан кам? Уларнинг зоҳирий чеҳраси бир тараф бўлса, ботиний дунёсининг янада гўзаллигини айтмайсизми? Одобу ахлоқда, ҳаёю ибода тенгсиздир. Ақл-заковат борасида эса, эркаклар билан баравар беллаша оладиган, ҳатто уларни ярим йўлда қолдирадиган заифалар ҳам оз эмас. Тўмарису Моҳларойим, Увайсию Зебуниссо авлодлари бўлган Ҳабиба Каримоваю Энажон Бойматовалар қайси эр йигитдан кам? Тарихда хўрланган, зиёли бўлса-да, камситилган аёлларнинг бугунги кунда ҳар соҳада ўзларини кўрсата олаётганлиги ва аёлларга алоҳида эътибор берилаётганлиги кишини қувонтиради. Уларнинг эркаклардан қолишмай елкама-елка иш юритишаётгани, ҳатто, дунё миқёсида уларнинг ишлари эътироф этилаётганидан минг чандон кўнгли кўтарилади кишининг. Атрофга қаранг, аёл – ижодкор, аёл – тадбиркор, аёл – раис, аёл – шифокор, аёл – ўқитувчи, аёл – олим… Лекин энг асосийси аёл – аёл, яъни турмуш ўртоқ ва ОНАдир.

Бугунги кунда мана шу икки асосни унутиб, эркаклар билан тенгҳуқуқлилик деган сўзларни ўз тушунчаси бўйича англаб, уни суиистеъмол қилаётган аёллар ҳам учраб турибди. Яъни, аёллигини-да унутиб, оналигидан ҳам воз кечаётган маънавий дунёси бузуқ аёллар ҳам рўи замин узра бош кўтариб юрибдиларки, уларни кўришдан нафратланасан, киши. Никоҳ гўшангасисиз номаҳрамлар билан айшини сураётган, аёл деб аташга мажбур бўлганимиз аёлларнинг беҳаёликлари бир гуноҳ бўлса, ана шулар натижасида туғилган бегуноҳ чақалоқларини туғруқхоналар эшигига ташлаб кетишлари янада кечирилмас гуноҳдир. Аёлларга хос бўлмаган ибосизларча ота-оналарини норози қилиб, улар юзини ерга қаратган, жигарбандини пана ерга қўйиб кетган тошбағирлар шунча қаҳру инсофсизликни қайдан олган бўлишса?.. Ахир, ўша тошюраклар ҳам бир вақтлар она бағрида улғайган эмасмиди?.. Меҳр тўла қалблари билан алла айтиб, бешигини тебратган онажониси қаҳри қаттиқ инсон эмасди-ку… Ажабо… Мунчоқдек фарзандидан воз кечиб, арзимаган мол-мулк илинжида «пул юртлари»га жўнаб қолаётган аёллар бир кун келиб афсусланмасмикан?.. Фарзандини соғиниб, юм-юм йиғламасмикан?.. Бешигини тебратиб, аллалар айтмаганига минг пушаймон бўлмасмикан?.. Айниқса, бир оғиз «ОНАЖОН» деган сўзини эшитиш бир умр армонга айланмасмикан?..

Садбарг бундан ўн йил илгари зурриёти – қизалоғини шаҳар туғруқхонасида қолдириб, Душанбега кетганди. Кўп ўтмай ўша ерлик бир кишига турмушга чиқди. Ҳаётнинг аччиқ қисматини қарангки, унга Оллоҳ қайта фарзанд бермади. У бир умр тирноққа зор бўлиб ўтаётганидан эзилиб, охир-оқибат бир неча йиллар илгари қилиб қўйган хатосини тушуниб етди. Ва уни тўғрилаш мақсадида она шаҳрига қайтиб келди. Туғруқхона шифокорларидан ўн йил олдин ташлаб кетган фарзандини талаб қилди. Лекин шифокорлар унинг боласини бир оила асраб олганлигини, уларнинг исми ва манзили сир сақланишини айтиб, ортига қайтаришди. Садбарг ўз гуноҳини ва хатосини тушуниб етганида, кеч бўлганди…

Садбарг каби ҳаётда адашганларнинг ва улар қилган гуноҳнинг жабрини бегуноҳ норасидалари тортиши шартми?... Уларнинг юз-кўзларига эътибор беринг-а. Мурғаккина бўлишига қарамай улғайиб қолгандек, табассумини бир умрлик мунгларга алишгандек. Мунчоқдек кўзлари ҳамиша кимнидир кутаётгандек. Ўша «она» деб аталмиш инсонни қачонлардир кўришини истаб улғаяверади, улғаяверади… Йиллар ўтган сайин орзиқиб кутгани ўша «меҳрибон» ота-онаси келавермаганидан уларга бўлган меҳр, соғинч ўрнини нафрат эгалламаслигига ким кафолат бера олади? Ахир, ўз онасида кўрмаган меҳрнинг қандай бўлишини, ўзгаларга нисбатан меҳрли бўлишни у қайдан билсин? Ана шундай табиий ҳолда яна бир тошбағир юзага келмаяптимикан, азизлар?

Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, бизнинг юртимиз болалари ҳеч қачон кўчада қолмайди. Ўз ота-онасидан ҳам меҳрибон тарбиячилари, уларни асраб-авайлагувчи паноҳгоҳимиз – давлатимиз бор. Шундай экан, ҳар бир юртимиз келажаги бўлган болажонларимиз ҳамиша назорат остидадирлар. Дунёда ҳеч бир фарзанд ота-она меҳрига зор бўлмай вояга етсин… Юртимизда ҳамиша болалар кулгуси янграсин. Зеро, болалар кулса – дунё кулади.

 

Дилафрўз Қўчқорова, Конибодом.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Сентябр 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
  1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30        

МАҚОЛАЛАР

Она меҳри

 

Ушбу воқеадан қарийб чорак аср вақт ўтган бўлса-да, ҳамон эслаб тураман. Автобусда кетаётгандик. Ўтирган одамларнинг баъзилари газета ўқир, бировлар шериги билан нималардир ҳақида суҳбатлашса, яна бири жимгина мизғиб борарди. Автобус бекатларнинг бирига тўхтади. Болаларидан бирини етаклаб, бирини кўтарган, яна бир қўлига халта ушлаган қирқ ёшлар чамасидаги киши автобусга кирди.

Муфассал...

Президентларнинг матбуот учун баёноти

 

2018 йил 9 март, Душанбе шаҳри.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Қадрли оммавий ахборот воситалари намояндалари!

Энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг мамлакатимизга давлат ташрифи натижасида, энг муҳим икки

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2522745

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

10003152
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4576
3289
22357
9960827
39122
100591
10003152

Сизнинг IPнгиз: 216.73.217.112
Бугун: 13-09-2026 23:21:37

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015