Қадим замонларда ҳам қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳни унчалик ёқлашмаган. Аксинча аждодларимиз бегоналар билан қуда бўлишиб, қариндошлар сонини янада кўпайтиришган. Бу ҳол қабилалар ва уруғлар орасидаги келишмовчиликларнинг олдини олиш билан бирга, соғлом авлод дунёга келиши учун ҳам асосий омил бўлган.
Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ҳам: «Қариндош бўлмаганлар билан никоҳланиб кўпаяверинглар, токи, қиёмат куни умматларимнинг кўплиги билан фахрланай», - деганларини ота-боболаримиз қайта-қайта таъкидлашади. Бу гапларнинг туб маъноси ўйлаб кўрилса, организм тўқималари ва қондаги ҳужайралари бир-бирига яқин бўлмаган инсонлардан дунёга келган фарзандлар соғлом бўлиб, улар тўлақонли жамият давомчилари бўла олишади. Ирсиятни ҳар томонлама ўрганиб чиққан соҳа олимлари яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан ногирон болалар туғилиши эҳтимолдан узоқ эмаслигини исботлашган. Шунинг учун ҳам Президентимиз Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари миллат келажаги бўлган соғлом болаларни дунёга келтириш ва уларни соғлом муҳитда вояга етказиш соғлом жамият учун пойдевор бўлишини қайта-қайта айтмоқдалар. Мамлакат Президентининг шу йилги Паёмида: «Ёшлар ўртасида қариндошларнинг никоҳдан ўтиш ҳолати кўпайиб, бу ногирон гўдаклар туғилишига сабаб бўлмоқда. Бугун мамлакат миқёсида ўн саккиз ёшгача бўлган ўн уч минг ногирон бола давлат қарамоғида тарбияланмоқда. Ушбу гўдакларнинг аксарияти қариндошлар ўртасидаги никоҳ ва гиёҳвандликка чалинган ота-оналардан дунёга келган», - дея таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг миллат тақдирига қайғуриб, ёш авлод саломатлиги йўлида олиб бораётган оқилона сиёсати давом эттирилиб, жойларда қариндошлар орасидаги никоҳларнинг нохуш оқибатларга олиб келиши тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Суғд вилоятида бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот олиш мақсадида, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси она ва болага тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўлими бошлиғи Индира Акмалхўжаеванинг ҳузурида бўлдик.
Индира опа жумҳуриятимиздаги намунали оилалардан бирининг фарзандидир. Отаси Исломхон Акмалхўжаев узоқ йиллар Рўдакий ноҳиясидаги «Ҳосилот» совхози директори сифатида самарали меҳнат қилиб, эл орасида обрў-эътибор қозонган. У ўз қўл остидаги ходимларнинг ҳаммасини ҳурмат қилар, уларнинг аҳволини суриштирар, имкон қадар мадад қўлини чўзар, хуллас, меҳнат жамоасини ўз оиласидек кўрарди. Оилада ҳам ўта меҳрибон, фарзандларининг ўқишидан хабардор бўлиб турар, ҳар куни кундаликларини текшириб, уй вазифаларини сўрашдан чарчамасди. Онаси Ҳафизахон Акмалхўжаева ҳам оиласини биринчи ўринга қўяр, ўзи катта бўлган оила удумларини қўллаб, фарзандлар тарбиясига катта эътибор қаратарди. У ўзи ўсган оила, яъни тожик журналистикаси дарғаси Ҳожи Содиқнинг оиласидаги бир-бировга бўлган ҳурмат, самимий меҳрибончилик, меҳмондўстлик ва ҳалоллик фазилатларини фарзандлари онгига сингдира олди. Исломхон ака ва Ҳафизахон опанинг меҳнатлари самараси ўлароқ, уларнинг катта фарзанди Илҳомхўжа ота касбини танлаб, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди бўлди ва бу соҳада унумли фаолият юритяпти. Иномхўжа ҳам шу соҳани мукаммал эгаллаб, севимли касби бўйича Россия Федерациясида ишламоқда. Қизлари Феруза ва Индиралар Тожикистон Тиббиёт олийгоҳида таҳсил олишган. Улар айни пайтда халқ саломатлигини таъминлаш борасида кўзга кўринарли ишларни амалга оширишяпти.
Индира Акмалхўжаеванинг ота-онадан ўтган меҳрибончилик ва самимийлик фазилати кўпчиликка ўрнак бўлишга арзийди. У гинеколог врач сифатида иш юритар экан, ҳузуридаги касалга ўз қариндошидек муомала қилади. Уларнинг оғриғини ўзида туяди, улар билан бирга дард чекади. Касал тузалиб оёққа турмагунча, хотиржам бўлмайди. Бирор марта хотиржам ўтирганини кўрмайсиз. Ҳар дафъа учратганимизда, гоҳ кимгадир тиббиёт юзасидан маслаҳат бераётган, кимнингдир муваффақиятидан хурсанд бўлаётган, кимнингдир кўнглини кўтараётган бўлади. Унинг фарзанди ҳам бу йил Тожикистон Тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирганини эшитиб, жуда қувондик. Чунки соғлиқни сақлаш соҳаси яна битта лаёқатли кадр билан бойийди.
Оиланинг мустаҳкамлиги она ва бола саломатлигига боғлиқлиги боис, И.Акмалхўжаевадан бу ҳақдаги мулоҳазалари билан ўртоқлашишни сўрадик. У ҳақиқатан ҳам, соғлом турмуш тарзи, она-бола соғлиғи оилани мустаҳкамловчи омил эканлигини айтиб, фарзандларимиз саломатлиги ўз қўлимизда эканлигини таъкидлади. Шунингдек, қариндошлар орасидаги никоҳнинг салбий томонларига тўхталиб, бундай никоҳдан туғиладиган болаларнинг ногирон бўлиб дунёга келиш хатари кўпроқ эканлигини айтди. Бугунги кунда Суғд вилоятида ўн саккиз ёшгача бўлган 7 минг 63 ногирон бола мавжуд бўлиб, шундан 1 минг 518 бола қариндошлар никоҳидан дунёга ногирон бўлиб келган.
Энг ачинарлиси шундаки, баъзи оилаларда 2-4 нафардан туғма ногирон фарзандлар бор. И.Акмалхўжаева бу ҳолатни генетик жиҳатдан тушунтириб, айниқса, амакивачча, холавачча, тоғавачча ва аммаваччалар орасидаги никоҳнинг хатарли томонларини айтди. Чунки буларнинг ота-онаси, ота-онасининг ота-онаси тарзидан текширилса, охир-оқибат улар бир одамдан тарқалгани маълум бўлади. Демак, бу қариндошлар бир-бирига яқин бўлган хусусиятга эга ҳужайраларнинг эгаларидир. Улар орасида никоҳ тузилса, ҳужайраларда янгиланиш эмас, балки заифлашиш юзага келиб, ирсиятдаги барча касалликларнинг қўзғалишига имконият юзага келади. Энг ёмони, ҳар бир авлодда бўлган салбий хусусият кейинги авлодга ўтиб бораверади. Агар бу қариндошларнинг болалари ҳар томонлама соғлом бўлишса ҳам, уларнинг фарзандларида бир нуқсоннинг ғолиб чиқиши эҳтимолдан холи эмас. Бундай болаларнинг кўпчилиги юрак нуқсонидан азият чекади. Кейинги бир йил ичида қайдга олинган 1311 юрак касаллиги билан туғилган боланинг 158 нафари дунёдан кўз юмган. Айтиш лозимки, аксарият ҳолларда қариндошлар никоҳидан туғилган ногирон болаларни даволаб бўлмайди. Уларнинг касаллиги турлари 60 фоиз ҳолатда юрак нуқсони, 33 фоиз ҳолатда асаб, 19 фоиз ҳолатда руҳий ва 13 фоиз ҳолатда кўз касалликлари аломатларидир.
Айтиш жоизки, Суғд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси она ва болага тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўлими томонидан шаҳар ва ноҳияларда аҳоли билан мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказилиб, юқоридаги ҳолатлар тўғрисида муфассал маълумот берилади.
Бу учрашувлар, суҳбатлар натижаси ўлароқ, одамлар орасида бундай никоҳларни камайтириш ҳақида мулоҳазалар пайдо бўлгани кузатилмоқда. Демак, кишиларимиз эртанги кунга бепарво эмаслар.
И.Акмалхўжаева мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон Тожикистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган шу йилги Паёмида ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтгани бежиз эмаслигини таъкидлади. Унда, жумладан, шундай дейилади: «Ажралишларнинг яна бир сабаби, ота-оналарнинг фарзандларини тиббий кўрикдан ўтказмасдан уйли-жойли қилишлари, уларнинг саломатлигига эътибор бермасликларидир. Тожикистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига мувофиқ, никоҳдан ўтувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, уларга тиббий, генетик масалаларда маслаҳатлар бериш маҳаллий соғлиқни сақлаш давлат муассасаларида бепул амалга оширилади. Лекин ёшларимиз қонун белгилаган бу ҳуқуқларидан фойдаланмаяптилар». Бу гаплар ҳақиқатан ҳам чуқур маънога эгадир. Тўйдан олдин духтур кўригидан ўтиш кейин пайдо бўлиши мумкин бўлган бир қанча муаммоларнинг олдини олади. Аммо кўпчилик фарзандларини, айниқса, қизларини тиббий кўрикдан ўтказишни хоҳлашмайди. Гўёки, бу турли гапларнинг тарқалишига асос бўлармиш. Ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш масаласи одатий ҳолга айланиши учун тушунтириш ишлари олиб бориш лозим. Негаки, Оила кодексида келтирилганидек, оила ташкил этувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтишлари ихтиёрий равишда амалга оширилади. Ёшларда бўлган касалликлар кўпинча тўйдан кейин авж олади ва уларни даволаш ҳам анча қийин кечади. Бундан ташқари, янги келин ёки куёв ўзини қайнона-қайнота ва уларнинг қариндош-уруғлари назорати остида қолгандек ҳис қилади ва даволанишга ийманади. Қараб турибсизки, янги муаммо пайдо бўлади. Мана шундай нохуш ҳолатлар пайдо бўлмаслиги учун ота-оналар фарзандларини тўйдан олдин тиббий текширувдан ўтказишлари лозим.
Экология соҳаси мутахассислари томонидан ҳозир бутун оламда иқлим ўзгариши юз бераётгани, экологик таъсирлар туфайли, ҳатто табиатда етишадиган маҳсулотларда ҳам йоднинг етишмаслиги ҳақида бонг чалинмоқда. Албатта, буларнинг ҳаммаси инсон организмига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Айниқса, ёш қизларда учрайдиган камқонлик касаллиги, иммунитет пастлиги, ташқи таъсирларга чидамсизлик каби касалликлар тўйдан олдин аниқланса ва йигит-қизлар даволансалар, турмушда юз бериши мумкин бўлган бир қанча муаммолар бартараф бўлиши табиийдир.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси она ва болага тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўлими бошлиғи Индира Акмалхўжаева она-бола соғлиғини сақлаш жамият олдида турган аввалги вазифалардан бири эканлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, кейинги пайтда давлат ва ҳукуматимиз томонидан бу масалага катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
Замонавий технологиялар шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги кунда замон билан ҳамқадам бўла оладиган, янги технологияларни ҳаётга жорий этиб, ишлаб чиқаришнинг энг фойдали ва унумли жиҳатларини йўлга қўя оладиган ва шу йўл билан жамият тараққиётини олға силжитадиган ёшлар ҳар томонлама соғлом бўлиши зарур. Бугунги кунда мамлакатимиз ёшлари дунёнинг турли давлатларида нуфузли олийгоҳларда таълим олишмоқда. Мутахассис бўлиб Ватанга қайтганларида уларнинг ёнида туриб саноат соҳасида турли ислоҳотларни амалга оширадиган, халқ хўжалигининг барча соҳаларини бирдек ривожлантира оладиган ёшлар ҳар томонлама камолга етган бўлишлари керак. Давлат ва миллат келажаги бўлган ёшларнинг саломатлиги, илм олишлари, дунёқараши кенгайиши, маърифатли ва маданиятли бўлишлари учун ҳар бир ота-она масъулият билан ўз бурчларини бажаришлари керак. Агар ҳар бир киши худди шу амалларга риоя қилса, шубҳасиз, жамиятимиз жаҳон ҳамжамиятида ўз мавқеини янада юксалтираверади.
Ойдин СУЛАЙМОНОВА,
Хўжанд шаҳри.
Одам эмас, парранда: муштдеккина, кўримсиз, қора-қура. Худованд унга ночизгина жисм-тан, аммо лекин ҳисобсиз ғам ва ташвиш ато этган. Номи ҳам ўзига муносиб тушган: Читтак. Жисмининг оғирлигига тенг келадиган паррандалар кўп, лекин улар турли-туман: чумчуқ, синчалак, жибилажибон, залич, булбул. Аммо уларнинг феъл-атвори-ю хислати ва ҳаёт тарзи Читтакникига сира-сира ўхшамайди. Улар гул, буталар ва дарахт шохларига ин қўйишади,
Муфассал...
1 июн куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Хатлон вилоятининг Темурмалик ноҳиясига ташриф буюрди.
Республиканинг бу аграр ноҳиясида Давлат бошлиғи Бобоюнус номли қишлоқ жамоатининг Гулобод мавзесида чорва озуқасини ўриш ва захира қилиш бўйича семинар-йиғилишда қатнашди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015