Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 06 Ноябр 2015 Кӯришлар: 1786
Печат

 

muqaddas 6Ассалому алайкум, азизлар! Соғ-саломат, эсон-омон, руҳимиз соғлом, тетик ҳолда сиз азиз ўқувчилар билан яна бир марта суҳбатлашиш имкониятига етказгани учун Яратганга қайта-қайта шукр қиламан!

Ўтган галги суҳбатнинг охирида тан ва руҳ соғломлиги ҳақида гап очиб, оила ва соғломлик борасида суҳбатлашиш умиди ила хайрлашиб қолгандик.

Соғлом оила ва соғлом бола ва ё аксинча соғлом бола ва соғлом оила. Бу тушунчалар асрлар давомида бир-биридан ажратиб бўлмайдиган, биридаги соғломлик иккинчисига таъсир этадиган омилларга айланиб кетган.

Фарзанд туғилиши ҳар бир оила учун ҳар доим шодиёнага сабаб бўлган. Чақалоқ ингаси ота-она юз-кўзига қувонч, лабига жилмайиш югуртирган. Лекин ўша чақалоқ меъёридан кўпроқ йиғласа-чи, йиғлайверса-чи, унинг иссиғи кўтарилса-чи? Шу заҳотиёқ ота-онанинг ҳаловати йўқолади. Боланинг тишлари чиқса, бир қувонч, у ширингина бир сўз айтса, яна бир қувонч, атак-чечак юра бошлаганда, қувонч устига қувонч. Ҳар бир ота-онага ана шундай кетма-кет қувончлар насиб этаверсин. Лекин чақалоқнинг тўхтовсиз йиғиси, иссиғи ошишидан ҳаловати йўқолган ота-онанинг бола тишлари чиқиши кечикканда, икки-уч ёшли бўлганда ҳам гапирмаганда, юриш нари турсин, эмаклашга ҳам интилмаган каби ҳолатлардаги хавотирлигини фарзанди соғлом ота-оналар тасаввур ҳам қила олишмайди.

Мен ҳеч бир ота-онанинг фарзанди соғлиги учун қайғуриб, ҳаловат нималигини билмай қолишларини, хавотир ўтида қоврилишларини истамайман. Ҳеч ким буни истамайди. Лекин ҳаётнинг фақат тўғри, текис йўлларигина эмас, чақир тошлар туртиб чиққан, ўнқир-чўнқир сўқмоқлари ҳам бор.

Гарчи ота-оналар, бобо ва бувилар, шифокорлар дунёга келган ҳар бир чақалоқни асраб-авайлаш, унинг соғлом ўсиши учун вақт ва билимларини, куч ва ғайратларини ҳеч бир аямасдан интилсалар-да, оз бўлса-да, ниҳоятда кўпдай туюладиган болалар ўлими ё турли хасталикларга чалинишлар йўқ эмас! Афсус!

Устига айрим чақалоқлар туғма хасталик билан дунёга келиш ҳоллари ҳам бор. Энг ташвишли, қаттиқ бонг уришни талаб қиладиган ҳоллардан бири – кейинги йилларда мамлакатимизда болаларнинг ОИТС юқтирган ҳолда туғилаётганидир.

Чақалоқда не гуноҳ?

Бундан уч йил олдинми, тўрт йил олдинми, ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми, бу атама русчасига СПИД кўринишида кўпроқ маълум)нинг олдини олишга бағишланган бир йиғинда келтирилган маълумот мени ўйга солиб қўйди. Янги дунёга келган чақалоқ ОИТС орттирган экан. Бунинг сабаби эса, отанинг Россияда ишлаб юрган пайтларида пала-партиш жинсий алоқа қилганига бориб тақаларкан. У уйига қайтгач, ҳалол хотинига ҳам аср вабосини юқтиради. Эри яширган хасталикнинг нақадар хавфли эканлиги нари турсин, ҳатто, нималигини билмаган оддий қишлоқ аёли иккиқат бўлганида қувончи ичига сиғмайди. Лекин тўққиз ой, тўққиз кунлик энтикиб кутишлардан кейин орадан яна бир йил ўтиб, у шўрлик додини кимга айтишини билмай қолади. Бола бир яшардан ўтганида ундан олинган қон таҳлили шифокорларни ўйлантириб қўяди. Боланинг онаси эрига содиқ, ҳеч қачон бузуқ йўлга кирмаган. Агар борди-ю бузуқ йўлга кирганда, унга ОИТС юқиши хавфи бўларди. Ҳа, у игна орқали юқадиган бу хасталик кўп учрайдиган яна бир тоифа – гиёҳвандлардан ҳам эмас.  Шўрлик аёл бангивор моддани кўриш у ёқда турсин, ҳатто, номини ҳам эшитмаган. Лекин нега унда она-бола ОИТСга чалинишди экан? Суриштириб кўрилганда, боланинг отаси ОИТСга мубталолар рўйхатида эканлиги маълум бўлади.

«Ахлоқсиз, била туриб хотинига ҳам СПИД юқтирган эрнинг аблаҳлиги жабрини тортаётган соддагина, вафодор, меҳнаткаш қишлоқ аёлида нима гуноҳ? Ёруғ дунёда соғлом, бахтиёр, хуррам яшашга ҳақи бор чақалоқда нима гуноҳ?»

Мен ҳозирда ОИТС билан туғилаётган болалар кўпайиб қолганлигини эшитар эканман, ўша йиғиндаги шифокор аёл айтган бу сўзлар қулоғимда жаранглайверади. Суғд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раиси Салом Ваҳобов бу муаммо – оналар ва янги туғилган чақалоқларнинг ОИТСга учраш ҳоллари мавжудлиги оила саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан бири эканлиги ҳақида куйинчаклик билан гапирар экан, оила олдидаги ўз масъулиятини унутиб қўйган оталар ҳақида ўйлаб қоламан. Лаҳзалик ҳузур-ҳаловат деб, ҳозирча давоси топилмаган хасталикка йўлиққан бу каби эрлар, оталар у туфайли ОИТС балосига учраган хотини, вақти келиб боласининг кўзига қарай олармиканлар?

Суғд вилояти ОИТСга қарши кураш ва унинг олдини олиш маркази маълумотларига қараганда, ҳозирда вилоятда ВИЧ юқтирган ва ОИТСга чалинганлар сони 1428 нафарга етган. Уларнинг деярли 70 фоизи жинсий алоқалар туфайли аср хасталигига мубтало бўлган.  ВИЧга чалинган ва ОИТСга мубталолар орасида 70 нафар бола ҳам борлиги, айниқса, ташвишланарлидир. Вилоятда яшаётган 10 оиланинг ҳамма аъзоларига ВИЧ юққани эса, бундан-да ташвишланарлидир!

Бизнинг болажон халқимиз, одамларимиз ўзи етмаган орзуларига фарзанди етишини истайди. Мен журналист сифатида кўпгина суҳбатдошларимга «Ҳаётингизнинг асосий мазмунини нимада кўрасиз?», дея савол берганимда «Фарзандларимнинг соғлом, тетик, бақувват улғайишларида, эл-юрт корига ярашларида ва албатта, уйим чироғини ёқиб, оиламизнинг муносиб давомчилари бўлишида», қабилидаги жавобларни қайта-қайта эшитганман.

Ота-онаси ишониб топширган оила келажагини ўйламаган, оила шаънини, вафодор хотинни, оила давомчиси бўлган фарзандини жабрлаган масъулиятсиз эр ҳаёт мазмуни ҳақидаги саволга нима деб жавоб берар экан?

У каби масъулиятсиз эр, оталарнинг қилғилигидан тирикчилик сабабми, бошқа сабабми, четда ишлаб қайтаётган бошқа эркаклар хулоса чиқаришса яхши бўларди. Тўғри, Россиядами, бошқа мамлакатдами, ойлаб ишлаётган кўплаб йигит, эркаклар орасида ўз нафсини тия биладиганлар кўп. Лекин билибми, билмайми, пала-партиш жинсий алоқада бўлган эркак уйга қайтганидан сўнг тиббий кўрикдан ўтса, аввало, ўзига яхшилик қилган бўларди. Ва албатта, у йўлига интизор бўлиб кутган хотинига, туғилажак фарзандига яхшилик қилган, соғлом оиласини соғломлигича асраб қолган бўларди.                                      

                                 

Соғлом бола – соғлом оила – соғлом жамият

Юқорида мен соғлом бола ва соғлом оиланинг чамбарчас боғлиқлиги ҳақида фикр юритдим. Соғлом бола ҳақида қайғурган соғлом оилалардан ташкил топган жамият эса, соғлом жамият бўлади. Бу жамиятда худди соғлом оиладаги каби инсон ўз соғлигидан ташвишланмасдан, бирон хавфли хасталикни юқтиришдан чўчимасдан яшайди.

Демак, соғлом жамият соғлом боладан бошланади.

Суғд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раиси Салом Ваҳобовнинг айтишича, болаларнинг соғлом вояга етиши учун, аввало, оналар соғлигига эътибор қаратиш зарур. Вилоятда, айниқса, кейинги йилларда ҳомиладор аёлнинг айни вақтида шифокорларга мурожаат қилиши, унинг туғруқ пайтигача мунтазам назоратда бўлиши учун зарур чоралар кўрилмоқда.

Лекин шунга қарамай, вилоятнинг Тоғли Мастчоҳ, Ғончи каби ноҳияларида уйда кўз ёриш ҳоллари оз эмас. Баъзан бунга туғруқхоналар олислиги, баъзан тўлғоқ тутаётган аёлларни таваллудхоналарга вақтида етказиб бориш имкониятлари йўқлиги сабаб бўлаётганлиги аниқланган. Афсуски, айнан уйда кўз ёриш ҳоллари туфайли оналар ва болалар ўлими ҳам юз бераётир.

Ҳозирда уйда таваллуд этишга мажбур бўлинган ҳолларда ёш оналарга малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида бундай ҳолатлар юз берадиган олис қишлоқларда тажрибали доялар, оилавий шифокорлар тайёрланмоқда.

«Соғлом онанинг фарзанди, албатта, соғлом бўлади. Лекин унинг соғлом вояга етиши учун чақалоқ доимий назоратда бўлиши зарур. Назорат ва малакали тиббий ёрдам. Биз бунга эришиш учун шифокорлар малакасини ошириш, улардан она ва бола саломатлиги учун курашни қатъий талаб қилиш билан бирга шифохоналарни янги тиббий ускуналар билан таъминлашга интиляпмиз»,- дейди Салом Ваҳобов.

Айнан шифокорларнинг ўзлари ҳомиладорлик ва чақалоқнинг дунёга келишидан олдин оила саломатлигига муҳим таъсир кўрсатадиган бошқа бир омилни эътибордан сира қочирмаслик зарурлигини айтишади.

Бу бўлғуси келин-куёвларни тиббий кўрикдан ўтказишдир. Азизлар, бу масаланинг янги қурилаётган оила учун, келин ва куёв учун, уларнинг бўлажак фарзандлари учун қанчалик муҳим эканлигини фақатгина шифокорлар эмас, сиз ҳам, биз ҳам яхши биламиз, аслида. Лекин ҳамма ёшлар ҳам тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтишяптими? Ўйланиб қолдингиз? Ўзингиз кўрган-билган, эшитган воқеаларни эслаяпсизми? Тўлдирилган тиббий кўрик варақасини кўтарганча қудалар олдига ошиқаётган куёв томонни кўз ўнгингизга келтиряпсизми? Ё қизининг тўрт мучаси соғ эканлиги хақидаги қалбаки варақани куёв томонга кўз-кўз қилаётган келиннинг ота-онасини эслаяпсизми?

Мен варақа кўтарганларни эмас, тўйдан кейин бир ой ўтмасдан «ит-мушук» бўлаётган қудаларни, тўй харажатини тўлашни талаб қилаётган куёв томонни ё қизини бахтсиз қилган «инсофсизлар»ни қарғаётган келин томонни эслаяпман.

Келинг, яхшиси, ўзим яхши билган бир воқеани сизга сўзлаб берайин.

                                             

Қалбаки ҳужжат касофати       

Икки гуруҳ санъаткорлар «олишган», дастурхондаги ноз-неъматлар «жой талашган», қуда-андалар шодлигидан бир-бирини «ялашган», етти маҳаллада «миш-миш бўлган» тўйдан икки ҳафта ўтар-ўтмас қизнинг отасини маъюс учратдим.

- Ака, мен мошенникларга (қаллобларга демоқчи) учрабман...

Ота чуқур «уҳ» тортар экан, мен унинг ўн кунгина олдин чойхонада ҳамманинг оғзини ўзига қаратгани, янги қудасининг қўли очиқлиги, орзу-ҳавасли эканини айтиб, «топган-тутганини аямасдан тўйга сочди-я, наҳорда ошнинг устида қази, қўйнинг думба ёғи шапалоқдек-шапалоқдек кесиб қўйилган, нок, олма, узумнинг сархили, ананас, банан, яна мен билмаган мевалар, писта, бодом, тоза асал, хотинларнинг айтишича, тўй кечаси мева-чевалар хили яна кўпайиб, салатнинг ўзидан ўн бир хилини қўйишибди, шашлик, сомса, манти, қовурилган гўшт...», деган гаплари эсимга тушди.

- Ҳа, намунча устма-уст «уҳ» тортяпсиз? Қудадан қолишмайман, деб чарларга қарз кўтардингизми?

Мен отанинг бозорда иккита дўкони бўлса-да, куёвчорларни дабдабали ўтказиб, бироз қарз бўлиб қолганини эшитгандим.

- Гапирманг ўша ифлосни, мени у мошенникка тенглаштирманг! Бозорда мени биронта одам алдаган эмас. У туллак алдади! Сиз қарзни гапирасиз, қарз нима, уч-тўрт ойда узаман. Лекин қизим, бахти қаро бўлган қизимнинг олдидаги қарзимни қандай узаман?! Оталик қарзимни! Онаси сўранг-суриштиринг, деганда, суриштирмадим. Мен қизимни муносиб жойга, соғлом йигитга узатмадим!

Мен тўсатдан «портлаб кетган» одамга нима дейишга, қандай тасалли беришга ҳайрон эдим. Индамасдан унинг алам сочилаётган сўзларига қулоқ тутдим...

Чарларнинг эртаси куни ота уйига келган қиз эриникига қайтиб бормайман, деб туриб олибди. «Эрта тонгда ҳовлини супуриб, уйга кирсам, у... у гиламда букчайиб ётарди. Ҳушидан кетган, оғзидан кўпик чиқарди. Қўрқиб кетиб, қайнонамнинг олдига югурдим. У гапимни эшитиб, «ваҳима қилманг, бирон ёқмаган нарса егандир», деди шивирлаганча. Бирпасда дўхтир етиб келди. Мен уни танидим. У икки кун олдин ҳам келганди. Ўшанда кечгача куёвингиз олдимга кирмаганди. Мен хавотирланиб парда четидан ташқарига қараганимда, дўхтирнинг қайнонамга нималарнидир уқтираётганини кўриб қолгандим. Қайнонам эса, унга бирдай «ҳой секинроқ, секинрок, келин эшитиб қолмасин», дерди. Ўша куни ҳам топган куёвларинг ҳушидан кетиб йиқилган экан...» Ота қизининг бу гапларини эшитар экан, мушти тугиларди. Хуллас, куёв болалигидан хатарли хасталикка чалинган. Уйланаётганида буни яшириш учун тиббий кўрикдан ўтмасдан, сохта маълумотнома олган экан...

- Ака, айтинг, лоп этиб куёв тил тишласа, ўлиб берса, қизимнинг ҳоли нима кечади? Борди-ю ўша пайтда уйда ҳеч ким бўлмаса, қўрққанидан юраги ёрилмайдими? Ўғил уйлантирдим, қиз чиқарганман. Худога шукр, учта неварам бор. Учови ҳам соғ-саломат. Касал куёвнинг боласи соғ туғилади, деб ким кафолат беради? Майли, одамлар гапиришса-гапиришар, қизимни ажратиб оляпман. Бу гапларни сизга айтишим сабаби эса... майли, одамлар кап-катта одам дардини дастурхон қилибди, дейишсин, мени алдашганини, қизимни бахтиқаро қилишганини ёзиб чиқинг. Уни ўқиган одамлар мен каби алданиб қолишмасин, дейман...

                                       

Жамият олдидаги масъулият          

Ҳа, ўшанда мен тўхтовсиз куйинаётган отага тасалли бера олмадим. Ўзини айблаб турган одамга хатосини яна бир марта эслатиш эса, ножоиз эди.

Мен бўлсам, бу ўринда ҳеч кимни айбламоқчи ё бир томонга ён босмоқчи эмасман. Фақат оилавий турмуш қуришдан олдин соғлом жамият олдидаги масъулиятни эслатиб қўймоқчиман. Чунки, борди-ю, ёш келин эрининг хасталигига кўз юмиб яшайверганда ҳам, бу оилада тинчлик ва тотувлик бўлиши гумон эди. Тинч-тотув яшамайдиган оилаларда эса, жисмонан ва руҳан соғлом бола дунёга келиб, вояга етиши қийинлиги кўп марталаб исботланган.

Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган мақол эскирган эмас. Бу мақолни бошқа маънолари каби айнан беморликка ҳам боғлаб тушуниш мумкин. Шифокорлар айтганларидек, ота-фарзандининг соғлиги ҳақида бош қотириши керак. Бола соғломлигини ўйлаш, назорат қилиш, фарзанднинг тўрт мучаси соғ бўлиб улғайишига интилиш, курашиш эса, унинг чақалоқлигидан бошлаб вояга етгунга қадар, мустақил ҳаётга қадам қуйганига қадар узлуксиз давом этиши зарурлигини ҳаёт қайта-қайта исботлаган, исботлаяпти.

Айрим ота-оналар ўғил-қизлари ўн тўрт-ўн беш ёшга етганда боланинг суяги қотди, деган ўйда унинг соғлигига етарли эътибор бермай қўйишади. Лекин айнан ўсмирлик даврини бошидан кечираётган ўғил-қизларнинг соғлигига янада жиддийроқ эътибор бермоқ зарур. Чунки ўсмирлик даврида бола жисмида ўзгаришлар содир бўлар экан, бу ўзгаришлар уларнинг асабига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Сиз ювошгина, гапингизни сира икки қилмайдиган, дарсини вақтида тайёрлайдиган ўғлингизнинг тўсатдан ўйчан, серзарда, қайсар, айтганида туриб оладиган, ўз сўзини ўтказишга уринадиган бўлиб қолишини сезганмисиз? Аксинча, айрим ўғил-қизлар ўсмирлик ёшида одамови, «ичимдагини топ», ўта уятчан, суҳбатдан қочадиган бўлиб қолишади. Буни ҳам сезганмисиз? Сезган бўлсангиз, демак, фарзандингизнинг улғая бошлаганини ҳам пайқабсиз. Демак, сиз энди ўғлингизга ё қизингизга бошқачароқ муомала қилишингиз шарт! Уни эшитишингизга, ўзгариб бораётган, тез-тез ўзгарувчан дунёсига кира олишингизга тўғри келади. Йўқса, энди ўзини катта бўлиб қолган, ҳамма нарсани қила олишга қодир, деб ҳисоблайдиган болангиз бошқаларнинг йўриғига юриб кетиши мумкин.

Кўча таъсирлари орасида бола соғлигига салбий таъсир кўрсатадиган томонлар оз эмас. Масалан, сигарет ё нос чекиш, ичкиликка ўргатиш, гиёҳванд моддани мақтаб-мақтаб, банги қилиб қўйиш... Боласини тергамаган, унинг дунёси, ўй-хаёллари, интилишлари, ким билан ўтириб-туриши қизиқтирмаган ота ё она кейинчалик аламдан бармоқ тишлаб қолган ҳоллар, минг афсус, йўқ эмас. Болага ўсмир ёшида кўрсатилган салбий таъсирлар меваси ҳам, албатта, аччиқ бўлади.

Азизлар, келинглар, шу ўринда бир воқеий ҳикоя билан танишайлик. Мен бу каби воқеаларга Сиз азизларнинг умуман дуч келмаганингиз, кўриб, эшитмаганингизни истайман. Лекин Сиз яшайдиган маҳаллада бўлмаса, қўшни маҳаллада, Сиз яшаётган қишлоқда бўлмаса, ён қишлоқда бу каби воқеалар юз берган бўлиши мумкин. Афсуски, юз берган ва юз бераётир. Тишни тишга қўйиб бўлса-да, бу воқеа билан танишишингизни сўрайман.

Ёшли кўздаги кулги

Совға-саломлар болаларга тақсимлаб берилгач, мураббия Ҳамидага: - «Бизнинг ўғилжонларимиз, қизжонларимизнинг санъатларини кўриб кетмайсизми?»- деб қолди. Аслида Ҳамида бу даргоҳдан тезроқ чиқиб кетишни истаётганди. Тўғри, болалар совға олар эканлар, уларнинг юз-кўзидаги қувонч, бири қўйиб, иккинчиси: - «Раҳмат, холажон!»- дейишларидан севинчи ошиб-тошиб, бу ғояни ўртага ташлаган чеварлар устози – Маъсума опадан миннатдор бўларди. «Ҳамида, синглим, аввало, бизнинг ишимизни қадрлаётганингиз учун  мингдан-минг раҳмат! Лекин мен мана шу мукофот пулини болалар уйига топширмоқчиман!», деганди жилмайибгина Масъума опа икки ҳафта олдин. Ҳамида устоз чеварга миннатдорчилик билан боқди. Ўша лаҳзада унинг кўз олдига болалар уйидаги ота-она меҳрига зор жажжи кичкинтойлар келганди. «Опа, бундан ортиқ хайрли иш бўлмайди, сизнинг пулингизга мен ҳам мукофот пулимни қўшаман, яна ишхонамизнинг жамғармасидан ҳам қўшамиз»,- деди шу топда Масъума опани қучгиси келаётган Ҳамида. Бу суҳбатни эшитиб турган чеварлардан бири иккинчисига шивирлади, у бошқасига. Шундай қилиб, йигирма икки нафар чеварнинг ҳаммаси мукофот пулини болалар уйига топширадиган бўлди. Бу пулга болаларни суюнтирадиган совға-саломлар олишди...

Ҳамиданинг бу даргоҳдан тезроқ чиқиб кетиш истагига сабаб эса, болалардан кўпчилигининг кўзларидаги чидаб бўлмас мунг эди. Устига Маъсума опа совға тарқатаётганда беш-олти ёшлардаги бир қизалоқ унга қаттиқ ёпишиб олди. У тўхтовсиз «Бувижон, мени опкетасизми? Мен сизни, аяжонимни қаттиқ соғиндим. Опкетасизми?»- дерди йиғлаганча...

- Аввал сизга болаларимиз мамлакатимиз мадҳиясини айтиб беришади.

Мураббиянинг овози Ҳамиданинг хаёлини бузди. Болакайлар, қизалоқлар ўринларидан туриб, кўкракларига ўнг қўлларини босганча Тожикистон мадҳиясини айтишга тушишди. Фақат бир қизалоқ мадҳияни ўтирганча айтарди.

Мадҳиядан сўнг, бир қизалоқ рақсга тушди, бир болакай Ватан ҳақида қўшиқ айтди.

- Энди навбат Севарага! У сизларга энг яхши кўрган шеърини ўқиб беради.

Ўрнидан турмасдан мадҳия айтган қизалоқ шеър ўқий бошлади. У бу гал ҳам ўрнидан турмади. Қизалоқ она соғинчи ҳақида шеър ўқирди. Унинг овози синиқ, чеҳраси маъюс, ҳар гал «сизни соғиндим, онажон», деганда, мунчоқдек кўзларидан дув-дув ёш оқарди...

Ҳамида кўз ёшини тия олмади. Бундай қараса, Маъсума опа рўмолчаси билан тўхтовсиз кўз ёшини артмоқда. Ҳамида жилмайишга уринди. Жилмаяётган лаби орасидан шўр бир нарса сизиб кирди. Шеър тугагач, қарсак чалганча қизалоқнинг олдига борди, юз-кўзидан ўпди.

- Холажон, мен сизни танидим, Роҳиланинг аяси бўласиз-а, у менинг дугонам, илгари, уйимизда яшаганимда, олдимга тез-тез кириб турарди. Сиз менга шоколад, банан, сариқ сочли қўғирчоқ бериб юборгандиз. Роҳилага салом айтинг, ҳа, - қизалоқ катталардек ютинди, - уйимизга чиқсангиз, аямга, дадамга, бувимларга салом айтинг. Бувимлар кеча келиб-кетгандилар. Лекин аямга менинг шеър ўқиганимни айтманг, майлими?!

Шу лаҳза Ҳамида бу қизалоқни таниди. Маҳаллаларида яшайдиган Ойсара холанинг невараси, уч ёшгача юрмагач, духтурларга текширтирган келини болалар уйига элтиб топширган, деб эшитганди. Мана энди қизалоқнинг мадҳия айтилаётганда ўрнидан турмагани сабабини тушунди.

Болалар билан хайрлашиб чиқишаётганда юраги эзилган Ҳамида беихтиёр Севара томонга боқди. Қизалоқнинг ёш тўла кўзлари кулиб турарди... 

Ишхоналарига қайтиб боришгач, на Ҳамиданинг, на Маъсума опанинг қўллари ишга борди. Маъсума гоҳ у чеварга, гоҳ бу чеварга ўзига ёпишиб олиб, бирдай: - «Бувижон, мени опкетасизми?»- дея зорланаётган қизалоқ ҳақида гапириб берарди. Ҳамиданинг кўз ўнгидан Севаранинг кулиб турган, ёш тўла кўзлари кетмасди.

Кечқурун Ҳамиданинг мантига қорган хамири ёйилмасдан қолиб кетди. Апил-тапил гўшт қовурди-да, чинни товоққа сузиб, ёнига тўғралган пиёз қўйиб, дастурхонга ўради. Қайнонаси, қайнотаси ва болаларига овқатни сузиб бериб, чой дамлади-да, «Мен бирров Ойсара холаникига чиқиб келаман»,- дея ҳовлига чиқди. Ҳовлида ишдан келаётган эрига дуч келди. «Майли, майли, битта овқат бўлса, сузиб оламан, у ерда эртагача қолиб кетмассан. Тоғамга, холамга салом айтгин. Улар қаришганида ноқобил ўғилнинг жабрини тортишмоқда. Чарчамаганимда мен ҳам чиққан бўлардим»,- деди Ҳамидага эри.

- Вой, нималарни кўтариб юрибсиз? - деди Ойсара хола Ҳамидага елка тутиб саломлашишгач. – Шундай, қуруққина йўқлаб чиқсангиз ҳам, бошим осмонга етади-я, қизим.

Анча пайтгача қўшниларнинг гапи қовушмади. Ҳамида Ойсара холага неварасининг саломини етказишга чоғланар, лекин болалар уйига борганини билдирса, худди миннат қилаётгандек туюлиб, бошқа гапга оларди. Туйқусдан Ойсара холанинг ўзи уни бу ҳолатдан қутқарди:

- Айланай, Ҳамидахон, Роҳилани эргаштириб чиқмабсиз-да. Шу қизингизни кўрсам, неварагинамни кўргандай бўламан. Севаражонимни кеча кўриб келгандим, аллақачон соғиндим. Роҳилани опчиқиб туринг, айланай.

-Севара жуда ширин, ақлли қиз бўпти. Шеърни шундай чиройли, берилиб ўқир экан. Жуда қаттиқ таъсирландим, - деди Ҳамида Ойсара холага миннатдорчилик билан боқар экан.

- Сиз... сиз болалар уйига бордингизми? Севаражонимни кўрдингизми? Қайси шеърни ўқиди? Онаси, уни соғингани ҳақидаги шеърниям ўқидими?

- Ҳа, - Ҳамида ич-ичидан отилиб чиқаётган хўрсиниқ эргаштирган кўз ёшини кўрсатмаслик учун ерга қаради.

- Ҳар гал ўша шеърни ўқиганида юрак-бағрим эзилиб кетади. Севаражонимни шартта бағримга босиб, уйга опкетгим келади. Лекин аяси, келин... Бирда неварамни опкеламан деганимда, иккала қулоғингизга қуйволинг: агар, ўша майиб-мажруҳни эргаштириб келсангиз, уни ўша заҳотиёқ сиз боролмайдиган, узоқ-узоқлардаги етимхонага обориб ташлайман, деганди. Келиннинг феълини яхши биламан. У мени қўрқитиш учун дағдаға қилаётган эмасди. Майли, неварагинамни ҳафтада бир кўриб тураман-ку, деган ўйда аҳдимдан қайтдим.

- Аёл, она деганлари ҳам ўз фарзандига шунчалик бемеҳр бўларкан-да. Иккала қўли, иккала оёғи ишламайдиган боласини паҳ-паҳлаб катта қилаётган оналарни биламан. Келинингиз...

- Келиним инсофли, имонли бўлганда, фарзандини болалар уйига ташлаб келмас эди. Қайтага, унга оёқ ўрнига оёқ бўларди. Мен эр-хотин Севарани ўша ёққа ташлаб келиш учун опкетишаётганда оёқларига йиқилиб ялиндим. Ундай қилмасликни зорланиб сўрадим, болажонимни ўзим боқиб оламан, сизларга зиғирдек оғирлиги тушмайди, дедим. Лекин ўғлим ҳам, келин ҳам қулоқ солишмади. Севаражонимни чирқиллатиб опкетишди. Мен  йиқилганча, зор-зор йиғлаб қолавердим...

- Ўғлингиз... ўғлингиз хотинини йўлга сола олмадими?

- Оғиз очиб кўрсин-чи! Келин бобиллашга тушади. Агар ўғлим наркоман, банги бўлмаганда, неварам мажруҳ туғилмаган бўлар экан. Энди қачон ўғлим бутунлай тузалиб кетса, ҳалиги қурғурнинг номиниям тилга олмайдиган бўлса, кейин туғаркан. Бирда келин ўғлимни ёмонлаганда, мен уйига  тўртта нон ўраб совчиликка бормаганимни, Жамолгинамнинг бўйнига ўзи осилиб олиб, тўйни тезлаштиринг, деб турволганини айтиб, нақ балога қолдим. Агар у ўғлимга тегмаганида, ўнта эр қилган аёл ҳам унга тегишга рози бўлмасмиш. Банги ўғлимга хотин бўлиб юргани учун келинни ҳар қадамда дуо қилиб туришим керак экан.

- Холажон, ўғлингиз ҳалиги нима дейдилар... ҳа, гиёҳвандликка шунчалик берилганми, уни даволаб бўлмасмикан? – Ҳамида гапни бошқа томонга бурмоқчи бўлди.

- Қаратдик. Бир-икки ой ўша лаънатидан узилиб юрадию, яна бошлайди. Эски улфатлари билан топишиб олади. Раҳматли отаси унга насиҳат қила-қила, одамларнинг гап-сўзига чидаёлмасдан бандаликни бажо келтирдилар. Энди мениям ўлдиради-ю, қутулади. Лекин, мен ўлсам, неварагинамдан ким хабар олади? – Ойсара хола пиқиллашга тушди.

- Холажон, Худо хоҳласа, узоқ умр кўрасиз, ўғлингиз инсофга кеп қолар. Лекин, билмадим, балки менга шундай туюлдими, болалар уйидаги тарбиячилар болаларга жуда меҳрибон экан...

- Ҳа, Ҳамидажон, улар етимларга, ота-онаси бўла туриб, етимдек ўсаётганларга оналаридан ортиқ меҳрибонлик қилишади. Аслида, болалар уйи директори Севаражонимни у ерга олмасдан, қайтариб юборса ҳам бўларди. Чунки ногирон болалар учун алоҳида болалар уйи бор. Лекин директор роса яхши аёл экан, неварамни опқолиб, унга меҳр-муҳаббат беряпти...

Ҳамида Ойсара хола билан хайрлашиб чиқиб кетгач, орадан бир пиёла чой ичгудек вақт ўтмасдан келин кириб келди. Тил учида салом бериб, уйига қараб ўтиб кетди-да, кийимини алмаштириб чиқди.

- Ҳа, ая, худди ўғлингизни ўлдириб кетишгандайин қовоқ-тумшуғингизни осилтириб ўтирибсиз, - деди маъюс-маҳзун ўтирган Ойсара холага ўқрайганича келин.

- Айланай, Латофатхон, қизим, ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир, дейдилар, оғзингиздан ел олиб кетсин-а! – деди неварасини ўйлаб, аламини ичига ютиб ўтирган Ойсара хола.

- Меҳмон келдими? – Латофат қайнонасининг олдидаги дастурхон устидаги товоқдаги қовурма, ушатилган нон, устига сочиқ ўралган чойнакка бурнини жийирганча қараркан.

- Ҳамидахон, қовурма кўтариб, мени кўргани чиқибдилар.

- Нимага чиқибди ўша гердайган? Чевархонам бор, қўлимда тўртта одам ишлайди, деб намунча катта кетмаса? Айтинг, нимага чиқибди?

- Энди қўшни қўшнини кўргани чиқади-да. Меҳр-оқибатли аёл. Ҳозиргиларнинг кўпи меҳр нима, оқибат нима, унутиб юборяпти.

- Хўп, ана шу меҳр-оқибатли қўшнингиз чиқибди-чиқибди, сиз нега аза очгандайин ўтирибсиз?

- Яна аза дейсиз-а, қизим! Энди шу... ўзим... Қайнонасини сўрадим, болаларини сўрадим. Ҳамидахоннинг битта қизи Севаражоним билан тенгқур эди. Болажоним эсимга тушиб кетиб… - Ойсара хола ўйланиб қолди. – Ҳамидахон болалар уйига борган экан, Севаражонимни кўрибди. У Роҳилага салом айтиб юборибди?

- Роҳиласи ким?

- Ҳамидахоннинг қизи-да! Севаражоним билан иккаласи ўртоқ эди, у қизалоқ тез-тез уйимизга чиқиб турарди-ку!

- Ҳа, мана, гап қаерда экан? Демак, ўша гердайган ўзини Севарага раҳми келган қип кўрсатган, сиз энди  эски ашулангизни бошламоқчимисиз, шундайми?

- Айланай, қизим, менинг дардимни эски ашула деманг! Севаражонимни опкелайлик. Ўзим оқ ювиб, оқ тарайман. Сизга жиндек оғирлиги тушса, майли, кейин гапиринг! – Ойсара холанинг кўзлари ёшланди.

- Мен илгари ҳам айтганман, яна айтаман, чап қулоғингиз билан ҳам, ўнг қулоғингиз билан ҳам яхшилаб эшитволинг: мен икки оёғи йўқ қизга қўлтиқтаёқ бўла олмайман! Билдингизми?! Сиз – бир оёғи ерда, бир оёғи гўрда бўлган кампирсиз! Аввал ўзингизни уддаланг, кейин мажруҳ болани боқасиз. Ҳа, майли, борди-ю уни уйга опкелдик, катта қиз ҳам бўлди, дейлик. Ким унга уйланади, ким олади уни? Қайси йигитнинг оёқсиз, ғирт кундага ўхшаган қизга кўзи учиб турибди?!

- Айланай, қизим, тилим бор деб, оғзингизгизга келганини қайтармасдан айтаверманг! Худонинг қаҳри келмасин яна! Одамлар тирноққа зор... Ўғлим билан бир маслаҳатлашиб кўринглар!

- Нима? Ўғлингиз билан маслаҳатлашиб кўрайин?! Бангидан бирон тузук маслаҳат чиққанми ўзи? Ётса ҳам, турса ҳам хаёлида битта нарса – доза! Дорининг хумори тутиб турганда, қизи кўзига кўринадими? Неварангизнинг мажруҳ туғилишига унинг айбдорлигини жуда яхши биласиз! Агар уни талтайтирмасдан, вақтида юриш-туришига кўз-қулоқ бўп турганларингда бангиларга қўшилиб кетмаган бўларди. Менинг болам ногирон туғилмаган бўларди! Билдингизми?!

Ойсара хола бўғзида турган гапни ичига ютди: - «Агар, унинг юриш-туришига аҳамият берганимизда, сенга ўхшаган тарбиянинг кўчасидан ўтмаган, шаллақи келинни эргаштириб келмаган бўларди!»  Хола бу гапни айта олмади. Ёлғиз ўғилни яхши тарбиялай олмагани учун ўзини айблаб-айблаб, дунёдан эрта кўз юмган чоли кўз олдида гавдаланди. «Чол, ўзингизни айбламанг, мен ҳам айбдорман, айбдорман! Худога шукр, ўғлим сиздан кейин ақлини бироз йиғиштириб, даволанди, анчадан буён ҳалиги қурғурни эсламайди ҳам. Лекин Севаражонимни етимхонадан опкелишга хотинини кўндира олмаяпти. Мен бўлсам, маҳалла-кўй, эл орасида бошимни кўтариб юра олмаяпман. Келин ҳозиргина «бир оёғингиз гўрда»,  деганида иккала оёғимнинг ҳам гўрда бўлишини истаб қолдим. Лекин, ўша заҳотиёқ тавба қилдим. Майли, одамлар гапиришса-гапираверишсин, лекин Севаражонимнинг бахтига эсон-омон юрайин. Агар... агар ўлиб қолсам, уни кўргани ким боради? Ким ҳолидан хабар олади? Ким?»

Ойсара хола охирги сўзларини овоз чиқариб айтиб юборганини билмай қолди.

Уйига кириб кетаётган келин ортига ўгирилди.

- Нима дедингиз? Ўша гердайган бир марта болалар уйига бориб, миннат қиляптими? Ҳозир уйига чиқиб, авра-астарини ағдараман! Агар ичи ачиган бўлса, ана, неварангизни уйига опкелсин, қизхон қип олсин! Ҳозирроқ  унга бу гапларни шартта-шартта айтаман!

Ойсара хола шашт билан чиқиб кетаётган Латофатнинг йўлини тўсди:

- Ҳай, қизим, шайтонга ҳай беринг! Одам деган раҳмат айтишнинг ўрнига жанжаллашадими? Қачон ўзингизни айблашни ўрганасиз?..

Худди шу пайт Ҳамида Роҳиланинг сўзларидан таъсирланганча ўйланиб ўтирарди. «Аяжон, Севарани аяси опкелмаса, биз уйимизга опкелайлик! Жон, аяжон! Агар опкелсангиз, мен унга ҳамма ўйинчоқларимни бераман. У менинг каравотчамда ётади, мен ерда ётавераман. Бувиси ўртоғимни соғинса, бизникига чиқаверади. Опкеласизми, аяжон?!» Кичкина қизчанинг бу гапларидан ўйланиб қолган Ҳамидада бир фикр қатъийлашиб борарди. Лекин унинг бу фикрига эри, қайнона-қайнотаси нима дейишаркин? Латофат-чи? Ойсара хола-чи?!

 

Носоғлом чақалоқлар. Ким айбдор?

Агар туғма ногирон болаларнинг ҳар бирининг тақдири ҳақида ҳикоя ёзиладиган бўлса, жилд-жилд китоблар пайдо бўлган бўларди. Боланинг нуқс билан дунёга келишига сабаб бўлган ота-оналар эса, ўзларининг тинч қулоқлари, осойишта ҳаётлари, маишатларини ўйлаб, фарзандларидан осонгина воз кечадилар.

Лекин чақалоқларнинг дунёга соғлом келмаётганликларига фақат ота-оналар эмас, бобо ва бувилар ҳам айбдор бўлишмоқда. Азизлар, Сизда пайдо бўлган саволга жавоб ўрнида муҳтарам президентимиз Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг мамлакат Парламентига сўнгги Мурожаати – Паёмидаги рақамни келтирмоқчимиз – 13 минг мажруҳ бола! Давлат томонидан боқилаётган бу мажруҳ болаларнинг кўпчилиги қариндош-уруғларнинг ўғил-қизлари, айниқса, амакиваччалар турмуш қурган оилаларда туғилган фарзандлардир. Президентнинг тегишли мақомотларга қариндош-уруғлар фарзандлари орасидаги никоҳларнинг олдини олиш йўсинларини ишлаб чиқишни топшириши бесабаб эмас, ахир!

Афсуски, болаларнинг мажруҳ, носоғлом туғилаётганини била туриб, яна ўз қариндошининг қизини ўғлига олиб бериш учун интилаётган ота-оналар ҳали оз эмас. Лекин, азизлар, келинг, бу муҳим, ечими жамият соғломлигига ҳам таъсир кўрсатадиган бу мавзу ҳақида кейинги гал суҳбатлашайлик! Демак, келгуси суҳбатгача хайрлашиб қоламиз!

Ўринбой УСМОН,

Тожикистон ёзувчилар иттифоқи ва  Тожикистон журналистлар иттифоқи аъзоси.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

«Халқ овози» ва бутун тожик матбуоти фахри

 

«Бобожончўлоқ», «Бобожончўлоқи Исписорий», «Исписорлик Бобожончўлоқ», «Бобожончўлоқи Хўжандий», «Бобожон Ғафур», «Бобожон»… Агар ўтган асрнинг йигирманчи йиллари охири ва ўттизинчи йиллари бошидаги газеталарни варақласангиз, мазкур тахаллус остида босилган хабар ва мақолаларга тез-тез кўзингиз тушади. Уларнинг муаллифи ўша пайтда айни навқирон йигит бўлган Бобожон Ғафуров эди. -Бобожон Ғафуровнинг ёзганлари

Муфассал...

Буюклар камол топган даргоҳ

 

Мактабда ўқиб юрган кезларимда, бир куни келиб, "Халқ овози"дек нуфузли газетада фаолият юритиш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. "Замондош" газетасига ишга келгунимча, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг ўзбек тилидаги нашри - "Халқ овози" ва хусусий "Замондош" газеталари мавжудлиги ҳақида, ҳатто, тасаввурга ҳам эга эмасдим.

…Мактабни битириш арафасида олий маълумот олиш масаласи

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990970

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478383
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4311
4027
21996
7426653
100027
114875
7478383

Сизнинг IPнгиз: 3.141.198.13
Бугун: 23-11-2024 17:37:03

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015