Оила – муқаддас даргоҳ
Биргина шу муқаддас сўзининг оилага нисбатан ишлатилишида чуқур маъно ва моҳият мужассам. Зотан, миллатнинг эртанги кунига дастлаб оилада пойдевор қўйилади, унда ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи авлод шаклланади, миллий маданият, урф-одатлар, ахлоқий-маънавий қадриятлар асраб-авайланади, жамият тараққиётининг иқтисодий фаровонлик ва маданий юксалишларига асос солинади, мустаҳкамланади.
Инсонга хос бўлган чинакам ҳаётни, фаровон ва бахтли турмуш шароитини мана шу амалларсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Президентимиз Эмомали Раҳмон 2015 йилни мамлакатимизда «Оила йили», деб номланишини таклиф этди, буни жамият манфаатларига йўғрилган ислоҳотларимизнинг изчил давоми сифатида таъкидлаш жоиз.
Мамлакатимизда оила манфаатларини ҳимоялашнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий асосларини умуминсоний ва миллий қадриятлар муштараклигида янада бойитиш, чуқур билимли, касб малакаси шаклланган маънавий ва жисмоний соғлом авлодни вояга етказиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Маълумки, мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқи тўла-тўкис ҳимоя қилинади. Чекка қишлоқларимизда ҳам аёллар соғлиғини тиклаш мақсадида шифохоналар ташкил қилингани, барча ижтимоий-сиёсий соҳаларда уларнинг фаол қатнашиб келаётгани бунинг ёрқин мисолидир.
Фарзандларни, одатда оналар эмизиб тарбия қиладилар. Моддий таъминот бўйича аёл эридан унинг тоқати етмайдиган нарсаларни талаб қилиши мумкин эмас. Уламоларимиз айтадиларки, эрининг топганига қаноат қилмасдан, ундан янада кўпроқ нарсалар талаб қилган аёллар гуноҳкор бўладилар.
Жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилани мустаҳкамлаш, юртимиздаги маънавий ўзгаришлар асосида ривожлантириш, нуфузини оширишга доир режалаштирилган дастурларни бажаришда жамиятнинг барча табақалари, айниқса, ўзини-ўзи бошқариш органлари–маҳаллалар ҳам ўз имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда фаол иштирок этмоқда.
Айни пайтда 2015 йилнинг «Оила йили», деб эълон қилиниши оила фаровонлиги, маҳаллада ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашда ва жамият тараққиётида муҳим омил ҳисобланади. Қолаверса, минг йиллар давомида маҳаллаларда ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, кам таъминланган, муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш, тўй-томоша, ҳашар ва бошқа маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам елкадош бўлишдек, халқимизга хос урф-одат, анъаналар шаклланган ва ривожланган.
Ёш оилаларга ғамхўрлик
Оилани муқаддас билиш ва унинг мустаҳкамлиги учун курашиш бизнинг қон-қонимизга сингган юксак маънавий туйғу, ҳаётий аъмолдир.
Шубҳасиз, оила мустаҳкамлигининг асосий омилларидан бири унинг қонуний ва меҳр-муҳаббат асосида қурилганидир. Шу боис, оилалар билан якка тартибда суҳбат олиб бориш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда маслаҳатчилар ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган тадбирлар яхши самара бермоқда.
Инсон табиатидаги энг яхши фазилатлар, дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезонлар, аввало, оила, маҳалла, қолаверса, мактаб бағрида куртак ёзади.
Ҳукуматимизнинг «Фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти тўғрисида»ги қонуни таълим ва тарбия самарадорлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, 2015 йилга «Оила йили» номи берилиши замирида ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, обод ва фаровон турмушини таъминлаш, она-бола саломатлигини тиклаш каби масалалар илгари сурилаётганлиги бунинг яққол аксидир.
Кейинги йилларда мамлакатимизда оилавий тижорат тармоқларини ривожлантиришга доир кенг имконият ва имтиёзлар яратилди.
Бу тўғрида Суғд вилояти раиси Абдураҳмон Қодирий ташаббуси билан вилоятда ҳам арзирли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина жорий йилнинг олти ойи давомида «Оила йили» муносабати билан вилоятнинг 18 шаҳар ва ноҳияларида оила муқаддаслиги, жамиятда хотин-қизларнинг ўрни, оилада фарзанд тарбияси ва шу каби бир қатор мавзуларда 1020 та чора-тадбир ўтказилди.
Қутлуғ қадам
Статистик маълумотларга қараганда, жорий йилнинг олти ойида вилоятда туғилган эгизаклар сони ўтган йилларга нисбатан кўпайганлигини алоҳида қайд этиш мумкин.
Яқинда Истаравшан шаҳрининг Чорбоғ қишлоғида ерга меҳр қўйиб, ҳалол ризқ билан кун кечираётган Зокиржон Рўзибоев оиласида эгизаклар – 3 ўғил дунёга келди.
Бу қишлоқ аҳолиси, асосан, чорва ва деҳқончилик билан кун кечириб келган. Қишлоқдан чиққан машҳур полвонлар, давлат ва жамоат арбоблари нафақат юртимизда, балки қўшни жумҳуриятларда ҳам шуҳрат қозонганлиги барчага маълум.
Зокиржон аканинг оиласи қишлоқда намунали оилалардан бири бўлиб, Хайринисо опа билан тинч-тотув ҳаёти давомида 2 ўғил ва 4 қизни тарбиялаб вояга етказди. Икки ўғил ота изидан бориб, деҳқончиликни эгаллади. Айни пайтда улар турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, эл дастурхонини тўкин қилишда ҳисса қўшмоқдалар. Зокиржон аканинг иккинчи ўғли Ёрибек турмуш ўртоғи Сайёрахон билан икки фарзандли бўлишди. Худо бераман деса, бераверар экан. Жорий йилнинг 10 майи куни Хўжанд шаҳридаги вилоят туғруқхонасида Сайёрахон бирданига уч ўғилни дунёга келтирди. Қўли енгил дояларнинг хизматлари туфайли айни пайтда чақалоқларнинг ҳар учаласи ҳам соғ-саломат вояга етмоқда.
Чақалоқларга бор меҳрини бериб, келинига қарашаётган Хайринисо опа Яратганга шукроналар қилиб, оилавий духтур Қутфиддин Поччоев ва Зулхумор Қодировага чексиз миннатдорчилигини баён этади.
–Жорий йилда қишлоғимизга мамлакатимиз Президенти Эмомали Раҳмон келиб, аҳоли билан самимий суҳбатлашди. Қишлоқдан етишиб чиққан улуғ кишиларнинг номларини фахр билан тилга олиб, келажакда яна юртимиз ифтихори бўладиган фарзандлар етишиб чиқишига ишонч билдирди. Президентимизнинг қишлоғимизга етган хайрли қадамлари сабабли, ободонлаштириш ишлари янада авжига чиқди.
Яқинда Худо менга бирданига уч эгизак набираларни ато этди. Уларни худди Президентимиздек ўз Ватани учун жонкуяр ўғлонлар бўлиб вояга етишини ният қилиб, Эмомали, Шарифали ва Раҳмонали, деб ном қўйдим.
Чорбоғ қишлоқ жамоати раиси Раъно Ўлмасова болалар ҳолидан доим хабардор бўлиб турибди. Болаларни туғруқхонадан чиқаришда ҳам ўзлари бош-қош бўлди. Жамоат номидан қимматбаҳо совғалар тақдим этди. Бундан ташқари, ноҳия раиси Наим Набизода ҳам болалардан хабар олди, - дейди Зокиржон ака.
Албатта, яхши ният билан қилинган орзу бир куни келиб ижобат бўлиши аниқ.
О. МУСОЕВ, журналист.
Олма-отада Совет ёш шоирларининг фестивали давом этарди. Мен билан Ҳабибулло Файзулло шеърият базми-ю суҳбатлардан сўнг, бошқа иштирокчилар билан биргаликда шукуҳли «Алма-Ато» меҳмонхонасига қайтдик. Хонамизга кириб бир оз дам олмоқчи бўлдик. Зеро, соат тунги ўнга яқинлашар ва биз эрта тонгда уйқудан туриб фестивал дастурларини бажариш пайидан бўлишимиз лозим эди.
Муфассал...
11 сентябр, куннинг иккинчи ярмида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг иш сафари Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Дарвоз ноҳиясида давом этди.
Олиймақом меҳмонни вилоят ва ноҳия раҳбарияти, маданият ва санъат арбоблари ҳамда фаоллар дарвозликларга хос меҳмондўстлик ва чексиз садоқат
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015