Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 11 Ноябр 2016 Кӯришлар: 2188
Печат

 

xazonrezКузни севаман. Булутлар увада пахта каби осмонга сочилиб ётган кузни. Намхуш хазонлари шаҳар йўлакларига паришон сочилиб кетган кузни севаман. Шивирлаб ёғаётган ёмғирлар қўйнида янада сеҳрли бўлиб кетган куз тунларини севаман. Уч ой минг турфарангда жилва қиладиган кузни севаман.

Мезон ойида қишлоғим осмонида мезон иплари осмонга ҳайинчак солган кузни севаман.

Биз болалар мезон ипларини тутмоқчи бўлиб,  қирларда югурардик. Бирдан осмонига қора булутлар чиқиб, шаррос ёмғир қуядиган кузни севаман. Қишлоғим токзорларида, кузги мезон шамолларини еб, ширага тўлган узумларни починак қилган кунларимни соғиниб, кузни севаман. Хашкашакка илинган хазонларни супуриб, куз боғларида чопиб юрган болалигимни соғиниб-соғиниб, кузни севаман.

Яна шаҳар йўлакларида баргрезонлар узра, икки инсоннинг суҳбатлашиб кетиб бораётган манзараси кўз олдимдан ўтиб, кузни севаман.

Ўша икки киши, мен ва менинг далли-девона, ҳақгўй  акам Бобоназар эди. 1999 йилнинг кузагида иккимиз куз оғушида Хўжанд шаҳрининг Пайшанбе мавзеидан то  тўқимачилик комбинати бекатигача по-ю пиёда юриб, кўп марта суҳбатлашардик. Атрофдагилар хиёл оқсоқланиб кетиб бораётган эркак ва унинг ёнида европача кийиниб олган аёлни кўриб, ўз ҳайратларини яширмай қарардилар. Чунки хиёл оқсоқланиб, кетиб бораётган кишининг яқингинада беморлик тўшагидан тургани билиниб турарди.

Ёнидаги эса… бу дунёда уни тушунадиган ягона инсон суҳбатидан баҳрамандлигидан шод... Мен эдим.

Уни куз кунларида танидим. Аввали - пахта мавсумида. Талабчан устоз эди, у. Кейини... бемор ётганида. Кеч куз бошланган кезлар биз шаддод талаба қизлар уни аёдатига бордик. Беморлик тўшагида ётган устоз деразадан унга шодмон қўл силтаётган талабаларига ғуссали нигоҳ билан қараб турарди. Биз уни кўрдик-да, яна ўзимизнинг ширин ташвишларимиз – талабалигимизга қайтдик. Кейин... яна кузда уни танидим. Бу гал ҳамкасб эдик у билан. Унинг қатъий талаби билан мен қарийб ўз аҳдимдан қайтаёздим. Чунки ўша кезлар мен илмий мавзу ва раҳбар масаласида қатъий бир қарорга келиб, Тошкент билан Хўжанд орасида сарсон юргандим. У мени, бу қарордан қайтишга ундади. Сўзини ерда қолдирмай, Тошкентга жўнадим. Яъни менга раҳбарлик қилишга рози бўлган устозга рад жавобини бергани. Аммо Тошкентга боргунчаям, қароримдан қайта олмай, устозимга учрамай қайтдим. Шунда, у мендан қаттиқ ранжиди. Аммо аҳд-аҳдлигича қолди.

Мен янги илмий раҳбар билан бошқа мавзуга қўл урдим. Ҳимояга чиқар эканман, у - «Ҳимоя қилиб бўлгач, ортга қайтманг»,- дея ўтинди. Айнан ўтинди.

Мен ортга қайтдим. Чунки Хўжанд мен учун ҳамма нарса эди. Муҳими, Ватан эди. Бесару сомон умримга ўзимдан кўра кўпроқ у ачинарди. Мен фан номзоди бўлиб иш бошладим. У беморлик тўшагини тарк этиб, ишга қайтганди. Ишдан бўшаса бўлди, мени излаб топарди. У ҳеч қачон шикоят қилмасди. Ишдаги оғирлик, оғриқлардан сўзламасди. Мен уни кўрганда, унинг оғриқларини ҳис қилардим.  Унга далда бўлгим келарди. Оёғимиз остида кеч кузак шамоллари учираётган баргрезонлар  пичирлаётгандек бўларди. Биз шеър, ҳалоллик ҳақида сўзлашардик. Чинакам дўст каби сўзсиз ҳасратлашардик. У талабалиги, илк муҳаббати, иш фаолиятини қандай бошлагани ҳақида мароқ билан сўзлар, мен соме эдим. Ана шу ровийлиги қатидан, унинг қийналаётгани сезилиб турар, қўлимдан таскиндан бошқа нарса келмаган - мен ожиза, унинг нозик қалбига тегмайдиган қилиб, таскин бериш йўлларини қидирардим.

Унга Усмон (Азим)дан шеърлар ўқирдим. У завқланиб, шеър тингларди. Кейин ўзининг молбошлар ҳақидаги фалсафасини баён этарди. У кулганида, жону жаҳони билан яйраб куларди. Беморлик заифлаштирган вужуди яйраб куларди. Қийналиб сўзларди. Гўё ҳаводан сўзларни илиб олиб гапирарди. Дўстлик эса, унинг учун жуда муқаддас туйғу эди. Суҳбатлардан бирида менинг бирон жойга кетмаслигимни ўтиниб сўради. Масалан, Тошкентгами (раҳбарингиз чақиргани йўқми, деган сўроқни бериб). Сиз кетсангиз, мен ким билан суҳбатлашаман... деди бехосдан. Шу саволдан кейин, «Ҳимоя қилсанг, ўзгарасан, фалонийлар каби дегандингиз, ўзгардимми?»- дея жиғига тегдим, у эса, кулди: -Сиз ўзгармайсиз. Сиз улар эмассиз,- дерди қатъий қилиб.

Сизга қийин бўлади. Сизни улар охиригача эзишга ҳаракат қилишади. Худди менга қилгани каби. Улар билан ишламанг. Асабларингиз тугайди. Аммо ўзларига жин урмайди. Мана қаранг, менинг шу ҳолимдаям, шароитимни кўриб туриб, озор беришдан ҳузур қилишади. Ҳолбуки, мен оилавий шароитим ёмонлигидан ишга чиқишга мажбур бўлдим. Саломатлигим, умуман, кўтармайди ишлашни. Шуни билади-ку, улар. Аммо барибир... дарсни енгилроқ қилиб беришнинг иложиси бор. Менинг қайсарлигимни енгишга уринади улар. Чилимни кўрганмисиз? Тортсангиз ўзидан дуд чиқаради. Кейин ҳеч нима бўлмагани каби туради. Чилимга жин урмайди, уни чекувчи, адо бўлади. Мен - ана шундай адо бўлган одамман. Кузак қўйнида охирги суҳбатлардан бирида шуларни айтганида кўзларидан ёш оққанди, унинг.

Инсонни ҳар қандай ҳолатда тушуниш кераклигини билардим. Шунга ҳаракат қилардим. Фақат, улар нега менинг ҳақпараст акамни, дўстимни бунча қийнаганларини тушунолмай озор чекардим. Атрофда эса.. куз... гунг куз… Унинг охирги кузи... сўзсиз қўшиқ айтарди... Буни фақат куз биларди. Биз билмасдик.

Мен унга: -Дўстларингиз - фалонийлар бор. Бирга ош ейсизлар чойхоналарда. Нега шулар бир марта бўлсаям, сизнинг тарафингизни олиб, сизни ҳимоя қилмади?- деганимда, кулди. Елкалари силкиниб-силкиниб кулди: -Соддасиз. Улар дўстми? Мен бемор ётганимда, на гапира олардим, на ёза олардим. Номимдан ўз шеърларига сўзбоши ёзиб олганими? Ё мени анов молбошлар оёқости қилганида, тиржайиб турган фалонийми? Саводи нелигини билиб туриб ҳам, илм қиламан, деб жўмардлик қилаётганими?

У китобга меҳримни кўриб: -Китоб ўқингу, аммо ҳаёт китобини ҳам кўриб қўйинг,- деди бир гал менинг китобпарастлигим ҳаётда унча қўл келмаслигини англатиб.

Унинг гўзал муҳаббати ҳам кузга ўхшарди. Сокин дарахтлар шохидан оҳиста ерга қўнаётган хазонрезгилар каби. Бу муҳаббат ёт кўзлардан пинҳон, фақат, қалби уйғоқ инсонлар англайдиган бокира туйғулар силсиласи эди. Гўзал шеър эди - унинг муҳаббати. Кузак йўлакларида  қолган сариқ япроқлар қўшиғи эди - муҳаббати. Мен эса... гуллар баргига қўнган капалакларни томоша қилаётган болажон каби унинг муҳаббати томошабини эдим. Кейин эса, қиш... Иш... Ташвишлар. Ва баҳор. У гўзалликни севарди. Юраги ивиб, баҳор ёмғирларини севарди. Шу боисдир, баҳорда кетди... Мен учун у кузда қолди. Чунки у билан суҳбатларимиз доим кузда кечган. Ва у билан сўнгги марта ҳам кузда дардлашгандик.

Осмонга арғимчоқлар солиб учаётган турналар қаторини кузда кузатиб, баҳорда кутиш ҳаммага ҳам насиб қилмайди. Ҳавода ҳайинчаклар солиб, учаётган турналарни кузатар эканман, уни эслайман. Дўсти борлар то дўстлари бор экан ўлмайди, дейман. Аммо унингсиз, улар билан ишлаш завқи у бўлганида, бошқача бўлармиди, деб ўйлайман. Кўз ўнгимда у доим мийиғида кулиб: -Бунча соддасиз-а, -дегандек бўлаверади.

Хўжанднинг хазонрезлар гилами тўшалган йўлакларида, кузда доимо уни излайман. Ва йил давомида кузни соғиниб яшаётганимни сезиб қоламан. Уни соғиниб, яшаётганимни англайман. Ҳақпарастлиги туфайли, Ҳаққа етган - азиз дўстим Бобоназар Рўзиқул ўғли(Алиев) хотираси туганмас кузнинг қўшиғидир мен учун.

 

 

Мунаввара ОЙМАТОВА,

Хўжанд.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Бизнинг «ўзбек» холамиз

 

Тожик ва ўзбек халқлари этник нуқтаи назардан бир-бирига шунчалик яқинки, бундай ҳолатни дунёнинг бошқа халқларида учратиш мушкул. Яратган бу икки халқни жаннатмакон диёрда яратиб, кўнгилларига самимий меҳр-муҳаббатни жойлаганки, таърифига қалам ожиз. Биз мана шундай меҳр-муҳаббатга йўғрилган самимийликка Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган икки дўст ва биродар мамлакат раҳбарлари - муҳтарам Эмомали Раҳмон ва муҳтарам Шавкат Мирзиёевлар учрашувида гувоҳ бўлдик.

Муфассал...

Миллат пешвосининг Панжакентга иш сафари

 

28 март куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон халқаро Наврўз байрами тантаналари, бир қатор байрам иншоотлари очилишида иштирок этиш ҳамда халқ турмуш шароити билан яқиндан танишиш мақсадида, Суғд вилоятининг Панжакент шаҳрига ташриф буюрди.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990933

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478298
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4226
4027
21911
7426653
99942
114875
7478298

Сизнинг IPнгиз: 18.225.92.60
Бугун: 23-11-2024 17:33:27

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015