Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 20 Август 2015 Кӯришлар: 1691
Печат

 

muqaddas qurgon 3Ассалому алайкум, азизлар!

Орадан ҳафта ўтиб, Сиз азизлар билан, гарчи сиртдан бўлса-да, яна соғ-саломат суҳбатлашаётганимиз учун Яратганга шукр қиламан.

Ўтган гал суҳбатимизни оила – муқаддас қўрғон устунлари ҳақида бошлаган эдик. Оила - қўш устунли айвон, деган мақол бор.

Бу устуннинг бири ота бўлса, иккинчиси онадир. Олдинги суҳбатимизда биз биринчи устун – отанинг оилани асраб туришдаги хизматлари ҳақида фикрлашгандик. Қўш устун дейилдими, демак, муқаддас қўрғонни кўтариб туриш-да ота билан бирга онанинг ҳам ўрни беқиёсдир.

Агар ота каби она ҳам ўзининг оиладаги бениҳоят муҳим ва масъулиятли ўрнини тўлиқ англаб етса, аввало руҳан ва жисмонан соғлом, маънавияти юксак, маданиятли, ахлоқ-одобли, юртини, халқини севадиган, меҳнатсевар фарзандларни тарбиялай олса, у устунларидан бири бўлган жамиятнинг кичик бўғини катта жамият олдидаги муқаддас вазифасини ўтай олишига замин яратади.  Ота ва она бирдай масъул оилада баркамол насл улғайтирилиб, ҳаёт абадийлигига ҳисса қўшилади. Онажонларимиз йиллар оша яхшиликка хизмат қилиб келаётган урф-одатларимизни, ахлоқий-маънавий қадриятларимизни авайлаб-асраб, ўғил-қизлари онгига сингдириб келишади. Айтинг, қайси она фарзанди камолини, унинг эл-юрт оғирига ярайдиган инсон бўлиб етишганини кўриб, қувонмаган?

Мордва халқида бир мақол бор экан: Боланинг қўли шилинса, онанинг юраги шилинади. Бу мақол бундан анча йиллар олдин бўлиб ўтган воқеани кўз ўнгимга келтираверади.

Хайри опа деган бир аёл бўларди. Шаҳарга йигирма чақирим наридаги қишлоқдан келин бўлиб тушган. Икки ўғил, бир қизи бор. Қизини чиқарган, катта ўғли пойтахтдаги дорул-фунунда ўқирди. Мактабда ўқийдиган кичик ўғли таътилда қишлоққа, бобосиникига кетади. Ўшанда ҳордиқ куни экан. Тушлик овқат тайёрлаётган Хайри опанинг оёқ-қўли титрай бошлайди. Юраги негадир така-пука бўлишга тушади. У юз-кўзини совуқ сув билан қайта-қайта ювади. Эрини чақиради. Ҳовлида қуриган дарахт шохини кесаётган эри ошхонага кириб, хотинининг ранги-қути ўчиб кетганини кўради. «Дадаси, тез бўлинг, қишлоқ-қа борамиз. Аҳмаджонимизга нимадир бўлган, юрагим ғаш!», дер экан Хайрининг қўлида-ги пиёла ерга тушиб, чил-чил синади. «Онаси, ҳар хил бўлмағур хаёлларга бораверма, телефон бўлса бор, ҳозир укангга қўнғироқ қилиб, биламиз», дейди эри. «Юрагим илгари ҳеч қачон бундай ғаш бўлмаган? Укам нима деди? Тезроқ айтсангиз-чи», Хайри опанинг кўзлари ёшланади. «Аҳмаджон, жиянинг – укангни ўғли билан боққа, ўрик қоқишга кетган экан. Уканг опам ҳеч хавотир бўлмасинлар, деди. Ҳа, нега ваҳима қилаверасан, ўғлинг ёш боламиди, ўн олтига кирган бўлса!» Хайри опа хотиржам гапираётган эрига қараб туради-да, индамасдан ичкари уйга кириб, кийиниб чиқади. «Дадаси, кетдик, Аҳмаджоним инқиллаб ётибди, тинимсиз «аяжон»лаяпти!» Эри унга ҳайрон бўлиб тикилади...

Барибир, она кўнгли сезар эканда. Қишлоққа боришганда ота ҳовлисида ҳеч кимнинг йўқлигини кўриб, Хайри опанинг хавотирлиги ошгандан ошади. Эр-хотин боққа етиб боришганда тоғаси Аҳмаджонни кўтариб олиб, машинасига ётқизаётган эди...  Аҳмаджон ўрик қоқаётиб, йиқилиб тушган, чап оёғи чиққан экан... 

Мен ўз бахтидан тўлиб-тошиб гапирган, бунга шукрона қилган кўп аёлларимизни кўрганман. Бу оналарнинг ҳаммаси, аввало, оиласига, фарзандларига меҳр қўйган, эрига садоқатли, у билан бирга турмуш аччиқ-чучукларини бараварига тотиб келаётган, ҳаётда учрайдиган машаққатларни чидам билан енгаётган, муқаддас қўрғонни асраш учун бор куч-қувватини аямаётган, қайнота ва қайнонасини эъзозлаётган, болаларини чин инсон қилиб тарбиялаш учун борлигини бахшида этган аёллардир.

Меҳри дарё каби улуғдир, метин каби

бардоши

Онажон, Каъбам ўзинг,

      сансиз жаҳонни на қилай,

Танда меҳринг ёнмаса,

          беҳуда жонни на қилай.

Бу сатрларни қачон ўқиганим ёдимда йўқ. Лекин у ўша пайтдаёқ ёдимда қолганлигини яхши биламан. Бу сатрларни ёддан билсам-да, ҳар гал қўшиқ қилиб айтишаётганда (уни Ўктам Аҳмедовдан тортиб Абрам Толмасовгача не-не ҳофизлар куйлашган), онажонимнинг меҳр-муҳаббат ёғилиб турган кўзларини, нурли юзларини эслайман. Эслайман ва бор вужудимни соғинч, армон қоплаб олади.

Онам адабиётни, шеъриятни, санъатни яхши кўрардилар. Айниқса, Нодирабегим шеърлари билан айтиладиган қўшиқларни жон диллари билан тинглардилар.

Мен бўлсам, Онажоним ҳақида шеър ёза олмадим, атиги биттагина шеър ёза олмадим. Хайрият, оналар ҳақида кўп яхши шеърлар бор.

Она, айтгин,

кўплик қилмасми

шунча ташвиш

ёлғиз бошингга,

кўниккандек кунларга аста

биз кўникиб қолдик ёшингга.

Қадоғ кўзинг,

қадоғ қўлларинг

бир дақиқа бўлса ҳам тинмас,

меҳринг дарё каби улуғдир,

метин каби

бардошинг синмас.

Она, қачон кўргандинг гулни,

эслайсанми шодликнинг

рангин,

осмонларга боққандинг қачон

сочларингни дуррада танғиб.

Она, қачон яшадинг айтгин

яшаётган бизлармиз, она,

ҳайратлансин болаларим деб

сен яшамай қўйгансан, она.

Онажон, мен Сиз ҳақингизда шеър битмаган бўлсам-да, менинг кўнглимдаги гапларнинг анчагинасини ҳассос шоир Шавкат Раҳмон (жойи жаннатда бўлсин!) айтганидан бироз бўлса-да, таскин топаман.

Бу шеърни ўқиганимда Шавкат Раҳмоннинг ота уйида меҳмон бўлганимиз, мунис, азиз онажон - Офтобхон аянинг беғубор боқишлари, бизга худди ўз ўғлидек қалбидан меҳри тошиб муомала қилганини эслайман.

Онажон, сиз озгина бўлса-да, бизнинг давримизда «эски мактаб» деб аталадиган илм даргоҳида таълим олгансиз. Агар Сиз ўқиганингизда балки ўзингиз яхши кўрган Нодирабегим каби шеърлар ёзармидингиз. Лекин Сиз ўн олти ёшда ўзингиз келин бўлиб тушган даргоҳни муқаддас тутиб, оила учун, бирин-кетин дунёга келган фарзандларингизнинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан, ҳеч нарсага – на ош-нонга, на меҳр-мурувватга зориқмасдан катта бўлишлари учун фидойилик қилдингиз. Ҳа, фидойилик!

Отам вафот этганларида мен энди ўн тўрт ёшга киргандим. Отам ҳаётликларида тўрт нафар фарзандларининг уйларини кўриб кетдилар. Агар Ислом акамнинг дунёдан эрта кетганлигини айтсам (унинг ўлими бир умр юрагингизга ҳасрат бўлиб қолганини биламан), қолган уч ўғилни ўзингиз уйлаб, уч қизни турмушга узатдингиз.

Исломда қиз туғилса оилага барака киради, хурсандчилик келади, деган ишончли фикр бор. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг учта қизи бўлса, тарбиясини яхши қилса, Аллоҳ таоло уни қиёмат кунида жаннатга киритади” деб айтганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни айтганларида, бир киши: “Иккита қизи бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?”-деб сўраган экан. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Иккита қизи бўлса ҳам”, деб айтганлар.  Шунда бошқа бир киши ”Битта бўлса-чи?” деб сўраган. “Битта қизи бўлса ҳам”, - деганлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам.

Онажон, сиз ҳар доим қуёшдан олдин уйғонардингиз ва кечгача ғимирлаб юрардингиз. Гоҳ қай биримизга кўйлак тикардингиз, гоҳ қўлингизда теша, томорқада экин тагини юмшатардингиз, райҳон, гул экардингиз. Сиз ёпган нон энг мазали нон, сиз пиширган ош энг ширин ош эди. Ҳаммамиздан кейин ухлардингиз. Биз бўлсак, суянган тоғимиз бор, деб хотиржам ухлайверардик.

Суянган тоғ бир маънода абадий эмас экан. Лекин иккинчи маънода ҳар икки суянган тоғим – отам ҳам, Сиз ҳам абадийсиз! Чунки икковингизнинг тиллолардан ортиқ ўгитларингиз, ҳалоллик, поклик, инсоф, диёнат, меҳнатсеварлик бобида кўрсатган ибратингиз энди авлодлардан авлодларга ўтиб бормоқда!

Узр, азизлар, мен кўпроқ ўз отам, онам ҳақида гапиряпман. Чунки ҳар бир фарзанд, энг аввало, ўз ота-онасини яхши билади.

Онажонимнинг бошқа фазилатлари орасида яна бир яхши хислатлари бор эди. Агар ким-дир келиб, уйидаги гапларни айтса, ҳеч қачон бошқаларга ёйиб юрмасдилар. Кўнгил бўшатган, оилавий сирини айтган аёлларга таскин-тасалли берардилар. Ҳаётий мисоллар келтириб, «инсофсиз келини», «хотинининг ноғорасига ўйнаётган ўғли» билан ярашишга, «қиз эмас, қип-қизил мол ўстирган, чиғириқдан чиққаннинг ҳаётига бўлар-бўлмас аралашавериб, ёшларнинг ҳаётини бузаётган, икки болани тирик етим қилмоқчи» қуданинг кўнглини топишга, «эшигининг тагига ахлат тўкиб кетган бахил қўшни» билан тил топишишга ундардилар. Ҳеч қачон «сен тўғрисан», дея, ҳеч кимни ҳеч кимга гиж-гижламасдилар. Эсимда бир қўшни аёл онамларга «ўртоқжон, сиримни сувга айтганимда, оқизиб-оқизиб, қаергадир, кимгадир етказади, деган ўйда барибир тинчимни йўқотардим, сизга ҳасрат дафтаримни очганимдан кейин қанчалик енгил тортишимни билсангиз эди!», деган эди юз-кўзи ёришиб.

Мен онажоним ҳақида шеър ёза олмадим. Тўғри, бир китобимни қиблагоҳим ва волидаи меҳрибонимга бағишлаганман. Кўп асарларимда оналар, аёллар тимсолларини қўлимдан келганча яратишга ҳаракат қилганман. Лекин... булардан кўнглим тўлмайди ва ўйланиб қоламан: аслида оналар ҳақида бу буюк зотни мукаммал даражада улуғлайдиган асар ёзилган эканмикан? Оналар васфида катта-кичик шоирлар шеър, достонлар битишган, адиблар ҳикоялар, қиссалар ёзишган. Бу асарларнинг кўпчилигини ўқиган, онасини қадрламай қўйган айрим ўғил-қизлар волидалари оёғига бош қўйишган, адашган фарзандни кечиришини сўрашган. Лекин шунда ҳам... ҳали менимча оналар ҳақидаги энг яхши қўшиқ айтилмаган, энг яхши шеър битилмаган, энг яхши ҳикоя ёзилмаган!

Фарзанд учун инсонлар орасида ота ва онадан яқинроқ дўст, меҳрибон, ғамхўр бўлмас экан. Лекин... Минг афсус, шоли курмаксиз бўлмайди, деган гаплар бесабаб айтилмаган ва бизгача етиб келмаган. Оналар орасида ҳам ўз уйим-жойим демайдиган, муқаддас қўрғон олдидаги масъуллигини унутиб қўядиган, фарзандлар тарбиясини ўйламайдиганлари ҳам бор. Биз қанчалик буни истамайлик, лекин оналик номига доғ тушираётган аёллар учраб туришади. Қуйидаги воқеий ҳикоянинг ёзилишига ҳам онадай шарафли номга иснод келтирган аёллардан бирининг қилмишлари туртки бўлган.

Ҳикояни бошлашдан олдин  эса, халқ мақолларини келтирмоқчиман:

Бўлдирадиган ҳам хотин,

Ўлдирадиган ҳам хотин.

 

Ёғмас булут элни алдар,

Ёмон хотин - эрни.

 

 «Пешонаси шўр» аёл

Ошхонада нимадир тарақлади. Ортидан Кифоятнинг бақириб-чақирганча кимнингдир гўрига ғишт қалаётгани эшитилди. Ишдан қаттиқ чарчаб келган Аваз уйғониб кетди.

- Ярим соатга тинчгина ухлашга ҳам қўйишмайди-я! – Аваз ҳамон тарақлаш, хотинининг қарғаши тинмаётган ошхона томон норози қаради.

- Сиз уйқу учун яралгансиз! – Кифоят қўлида ёғидиш кўтариб чиқди. – Менга алвастини кўргандек қарамасдан, айтинг, икки томчи ёғ билан овқат қилиб бўладими? Қозон қурғур уч кундан буён гўшт кўрмаган бўлса! Уялмасдан иккита нон, уч-тўрт килогина сабзи-пиёз кўтариб келдингизми?

- Эрталаб ишга кетаётганимда уйда ёғ қолмади, деб айтсанг бўларди-ку, - Аваз хотинининг шаштини пасайтириш учун иложи борича юмшоқ гапиришга уринарди.

- Яна ҳамма айбни менга ағдаряпсиз, сиз оппоқсиз! Бошқа эркакларга ўхшаб қоплаб сабзи-пиёз, бир йилга етиб ортадиган ёғ, гуруч опкелмаётган бўлсангиз. Ана, божаларингиздан ибрат олсангиз бўлмайдими? Онам учта қизни бой-бадавлат хонадонларга узатиб, битта менга қолганда қурумсоқларга бериб юборган экан-да.

   Аваз бу гапларни биринчи марта эшитиши эмас. Унинг учта божаси бор. Қайнотаси устма-уст тўртинчи қизи туғилгач, қиз етади, энди ўғил бўлсин, деб кенжасининг номини Кифоят қўйишган. Лекин ундан кейин на ўғил, на қиз фарзанд кўришмаган экан. Ота-она етказганига шукр, дейишнинг ўрнига Кифоятга негадир бошқачароқ қарашган, ҳатто уни тузукроқ эркалатишмаган, катта қизларига янги кўйлак олиб беришар, кенжа қиз опаларининг эскиларини кийиб катта бўлганди...

- Хотин, оч қолганимиз йўқ-ку, бугун қайнатма шўрва қилиб тургин, эртага ёғ олиб келаман.

Аваз шундай дер экан, ўтган ҳафта беш килолик идишда ўсимлик ёғи олиб келганини эслади. Наҳотки, шунча ёғ дарров тугаган бўлса? Гўшт деяпти, икки кило мол гўшти олиб келганига тўрт кун бўлган эмас-ку! Раҳматли онам «келинжон, қизим, ишингиз саришта бўлса, рўзғор фариштали бўлади», деганларида аразлаб уйига кириб кетмасдан, қулоқ тутганида, ўзига яхши бўларди.

- Ҳа, нега менга ўқраясиз, билиб турибман, кечагина ёғ опкелгандим, дарров тугаб қолдими, демоқчимисиз? Нима, мен уни онамникига ташибманми? Худонинг неъматини исроф қилма, уволи тутади, деб онангиз қулоғимни тўлдириб қўйганлар. Энди у киши ўлиб, қутулдимми, десам... Она мерос, ота мерос қурумсоқлигингиз жонимга тегиб кетди!..

Кифоят бўш ёғидишни ҳовлига отди. Аваз тишини тишига қўйганча кўчага чиқиб кетди. Ўғлига янги кўйлак олиб бераман деб тишининг кавагида асраб юрган пулига ёғ олиб қайтди. Хотини ҳовлида кўринмади. Аваз ошхонага кириб, ҳали яримламаган ёғидишга кўзи тушди. Демак, ҳали ҳовлига улоқтирилган бўш идиш олдинроқ олиб келинган ёғники экан-да? Авазнинг кўнглига оралаган шубҳа музлатгични очишга ундади. Музлатгичда камида бир ярим кило гўшт турарди! Нега хотини ёлғон гапирди, нега? Раҳматли онам эр-хотиннинг бир-бирига ёлғон гапириши уйдан баракани кўтаради, демасмидилар?

... Аваз тегирмонда эртадан кечгача тинмасдан ишлар, ҳамкасблари билан буғдой туширишар, ун юклашарди. Ҳориб-чарчаб уйига келганда, бир чойнак чойни тинчгина ича олмасди. Кифоятнинг ғинғир-ғинғирлари тобора кўпайиб борарди. Кеча катта божасиникидан бир дунё ғалва кўтариб келди.

- Поччамларга Худо берган-да. Жиянимнинг туғилган кунига одамларниям териб-териб айтибдиларда. Ҳа, сизни айтмоқчи бўлган эканлар, опам Аваз поччам барибир ишда, кела олмайдилар, дебди...

Аваз шу пайт божасининг уни зиёфатга айтмаганлигидан хафа бўлаётгани йўқ эди, қайтага ишидан қолиб кетмаганидан хурсанд эди. Кифоят эса, худди зиёфатни ўзи қилгандайин оғиз тўлдириб гапиришини қўймасди:

- Дастурхонда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Бизнинг тушимизга кирмайдиган бедана гўштидан тортиб ананасгача қўйишибди. Билмадим, ҳасипни қайси манаман деган ошпазга буюртиришган экан. Оғзингизга кирмасдан эриб кетади-я! Сомсанинг ўзидан уч хил, манти, балиқ... Жиянимнинг бўйидан баланд торт олиб келишибди. Ўн икки ёшли болага яп-янги машина калитини бердилар-а, поччамлар! Номи ҳолвага ўхшайди, ҳа, «Волво»! Сиз... сиз бўлсангиз, ўғлимга бир ойдан бери битта кўйлак олиб беролмайсиз!

Авазнинг ҳовлидан чиқиб кетгиси келар, лекин барибир қайтиб келганида ҳам Кифоят пластинкасини қайтадан қўйишини билиб, чидаб ўтирарди.

- Ҳали она сути оғзидан кетмаган болага қимматбаҳо машина олиб бериш нимаси? – Аваз оғиз очмоқчи эмас эди, барибир ёрилиб кетди.

- Ҳой, эржон, сиз поччамларга ҳасад қилманг! Ҳавас қилинг! Ўтирган жойларида пул топадилар. Қолган иккита божангизнинг ҳам ошиғи олчи. Бири Хитойга қатнаб, данғиллама уй қурди. Кичик поччамнинг бир эмас, иккита ошхонаси бор! Сизчи, сиз! Опаларим кичикликларидаям ой чиқса ҳам, уларга чиқарди, кун чиқса ҳам, уларга! Мен шўрликка тешиккулчанинг тешиги тегарди. Ана, учовининг пешонаси ярқиллаб, уддабуро эрларга тегишди. Менинг шўр пешонамга бирини икки қилолмайдиган, ландавур, лапашанг эр ёзилган экан! Ҳа, нега мум тишлаб ўтирибсиз? Катта поччамнинг ёнларига киринг, десам, унамасангиз! Бундоқ бошқа эркакларга ўхшаб пул топишнинг йўлини изласангизчи! Ё белингиздаги белбоғингизни ечиб беринг, мен ўзим иш излаб, кўчага чиқай!

Кифоятнинг охирги гапи Авазга қаттиқ тегди. Унинг юз-кўзи аралаш шапалоқ тортиб юборишдан зўрға тийилди.

Аваз игна устида ётгандайин тонг оттирди. Ўз уйи уни курагидан итараётгандайин эди. Ўртоқлари, қариндошлари, танишларига қўнғироқ қилди. Тунги иш бўлса, айтинглар, деди. Ниҳоят, битта иш топди. Қайси бир идоранинг қоровуллиги экан. Икки кунда бир навбати келишини айтишди. Ўша куниёқ идорани топиб бориб, каттасига учрашди...

Икки ойдан буён Аваз икки ерда ишлаяпти. Кундузлари тегирмонда, тун оралатиб, идорада қоровуллик. Ишлаб чарчамайди. Иккинчи томондан, тунги қоровулликда қулоқлари дам олади – Кифоятнинг шанғиллаши бу ерга етиб келмайди.

Кифоят эса, ҳалигача «ландавур эри»дан рози эмас. Қўшни аёллардан бири Авазнинг иккита ерда ишлаётганини эшитиб, очиқдан-очиқ ҳавас қилганда, Кифоят тўнғиллади:

- Ҳа, нима, иккита ерда ишлаб от билан туя топяптими, уйимни мол-дунёга тўлдириб ташлаяптими? Топгани мен, ўғлим, қизим – уч оғизни ямашга етмайди-ю!

- Кифоят, ношукрлик қилманг, сиздан бир-иккита кўпроқ кўйлак йиртганман, кўрганларимдан хулоса қилиб гапираман, - деди қўшни аёл босиқлик билан. – Авазжон уйим деган, жойим деган йигит. Айрим эркакларга ўхшаб топганини ичиб, хотинига араққа пул топиб бер, дея қўл кўтармайди, зуғум қилмайди. Ё топганини уйига олиб келиш ўрнига, қайси бир енгилоёқ хотинга сарфлайдиганлар хилидан эмас. Сиз шукр қилинг!

- Шукр қилиб-қилиб, етган ерим шу бўлди. Ана катта поччам...

- Асли сизга ҳайфи гап экан. Ўша... поччангиздан бошқа одам йўқми?

Қўшни этагини силтаганча уйига кириб кетди. Кифоят қарғанганича ҳовлисига кирган-да, телефон жиринглаётган экан.

- Ҳа, ким керак сизга?

- Опажон, бу Аваз аканинг уйларими? – деди Кифоятнинг жеркишига эътибор бермаётган телефон қилаётган қиз.

- Ҳа, Аваз акажонингиз учрашувга бормадиларми?

- Вой, бу нима деганингиз, опажон? Мен иккинчи шаҳар беморхонасидан қўнғироқ қиляпман. Аваз акани машина уриб юборибди. Ҳозир беморхонага олиб келишди. Ҳушсиз ётибдилар. Бир ҳамшира қўшнингиз экан. Телефонингизни берди...

- Кечирасиз, синглим, кечирасиз! Мен билмасдан... Қайси кўзи кўр уриб юборибди. Ҳа, илойим, машина ҳайдаган қўл-оёғи гўрда чирисин!

- Ая, дадамларга нима қипти? Ўзлари тузук эканларми?

Кифоят орқасига ўгирилиб, кўзида ёш қизини кўрди. У мактабдан качон келдийкин?

- Мен... мен... сўрамабман... Дадангнинг қоровулликдан чиқиб, тегирмонга ишга кетган деб... Ҳали шошмай турсин, ўша пули кўпайган шопур!

- Ая, бўлинг тезроқ, дадамни кўргани борайлик!

Кифоят қизининг жавдираб турган хавотир тўла ёшли кўзларига тикилганча қўлидан етаклади:

- Юр, кетдик! Иккинчи беморхонаси қайси томонда эди?

... Аваз кечга яқин ҳушига келди. Духтурларнинг айтишларича, чап оёғи синган, мияси чайқалган экан...

- Бахтингизга машина секин келаётган экан. Худо асрабди! – деди даволаётган духтур.

- Менинг ўзимда айб. Тегирмонга ишга бораётгандим, кеч қолмай деб, у ёқ-бу ёққа қара-масдан йўлдан ўтаётганимда...

Кифоят эрининг духтурга айтаётган бу гапини эшитиб қолди. Духтур чиқиб кетиши биланоқ эрига яқин борди:

- Дадаси, нега ҳамма айбни ўзингизга оляпсиз? Иккинчи бу гапингизни эшитмайин. Ҳали ўша шошма шопур келса, раҳмат, мени уриб юборганингиз учун, дерсиз?!

Ҳаёт тасодифлардан иборат-да. Кифоят гапини тугатмасданоқ эшикда елкасига оқ халат ташлаган, ўрта бўйли, афтидан ўттиз ёшларда, қўлида иккита селлофан пакет тўла нарса кўтарган нотаниш бир киши кўринди. У қимтинибгина Аваздан ҳол-аҳвол сўрай бошлади. Унинг гап оҳангидан эрини уриб юборган машина ҳайдовчиси эканлигини сезган Кифоят лабини бурди.

- Ака, йўлга чиққанингизни кўрмай қолибман...

Кифоят ҳайдовчининг оғзига урди:

- Кўрмай қолдингизми? Кўзингга қарамагансан, кўзингга! Шошиб, қаерга борардинг? Сал бўлмаса, иккита болам етим қолганди. Энди майиб-мажруҳ эрни қандай боқаман? Бизни қаровчимиздан айириб қўйиб, яна «йўлга чиққанингизни кўрмай қолибман» эмиш! Ҳалиям кўзинг очилмабди! Панжарадан термулиб ётганингда мошдек очилади!

- Янга, мен...

- Мен сенинг янганг эмасман! Қани, туёғингни шиқиллат!

- Хотин, ўзингни бос, раҳматли дадамларнинг гапларини ўзинг ҳам неча марта эшитгансан: бемор кўргани бориш савоб!

Ҳайдовчи Кифоятнинг аччиқ-тизиқ гапларини кўнглига олмаган кўринади. У эртасига ҳам, индинига ҳам Авазни кўргани келди. Ҳар гал қуруқ келмасди. Кифоят эса, у олиб келган нарсалардан нокми, олмами, икки-уч донадан жавончага қўйиб, қолганини уйига олиб кетарди. Буни индамасдан кузатаётган Аваз ишқилиб, хотин ҳайдовчидан пул-мул таъма қилмасин, деган хавотирда эди.

Ҳар доим поччалари тўғрисида оғиз кўпиртирадиган Кифоят Аваз беморхонага тушгандан буён уларнинг биронтаси ҳақида гапирмай қўйди. Фалокатдан сўнг, беш кун ўтганда кутилмаганда кенжа божа келиб қолди. У ишлари кўпайиб кетиб, хабар ололмагани учун Аваздан узр сўради. Гап орасида иккинчи божасининг Хитойда эканлигини, уч-тўрт кунда молини жўнатиб, қайтиб қолишини айтди.

- Божа, сиз ҳеч хижолат бўлманг! Ҳамманинг ташвиши ўзига етиб ортади. Худога шукр, келди-кетдининг кети узилган эмас. Кўнгил сўраганларга мендан қайтмаса, Худодан қайтсин!

Божа ер чизиб қолди. Тор хонага чўккан сукунатни бузиб, нариги кроватда ухлаб ётган беморга қараб олиб, шивирлади:

- Эшитдингизми, йўқми, катта божамизнинг бошига ташвиш тушиб қолди, - у Авазнинг индамай турганини кўриб, гапида давом этди, - ҳалиги, оқ дори билан қўлга туширишибди. Ҳамма уй-жойлари, мол-мулки, машиналаригача хатлаб кетишибди...

Аваз бир нима демасдан ўтирарди. Шундайгина қулоғи остида эса, раҳматли отасининг овози эшитиларди: «Ўғлим, оз-оз егин, лекин ҳалолидан егин! Мен сизларни ҳалол ноним билан боқдим. Сен ҳам ҳеч қачон невараларимга ҳаром луқма едирмагин!»

- Аллоҳ божамизни кечирсин, унга инсоф берсин, озодликка чиқиб, болаларига бош бўлсин! – деди Аваз синиққина.

- Кўрпа-тўшак қилиб ётганга шу гапларни айтадими-я, одам дегани! – кичик божа чиқиб кетиши биланоқ Кифоят ортидан мушт ўдағайлади. – Тавба, одам божасини ҳам кўролмаса-я! Бутун шаҳарга тарқатиб чиққандир?! Қарға!

Аваз хотинининг гапларини эшитмас, қулоқларидан отасининг ҳалол нон ва ҳаром луқма ҳақидаги сўзлари кетмасди. Худди шу пайт хонага икки қўлида селлофан пакет кўтарган ҳайдовчи кириб келди.

- Ука, мен сизга кеча ҳам айтгандим, аввалги кун ҳам – мени кўргингиз келса, майли, шундай келаверинг, лекин бирон нарса кўтариб келманг, бола-чақангизнинг ризқини қийманг, демаганмидим? – Аваз қўшни беморни уйғотиб юбормаслик учун пичирлашга уринар, лекин бу қўлидан келмасди.

- Ака, ҳамма ўз ризқини ейди. Яратганнинг сизу бизга ҳам, болаларимга ҳам атаган ризқи бор.

- Ука, бир сабаб билан нотаниш одамлар ака-укадек бўлиб қолдик. Очиғини айтавераман: агар яна бир нима кўтариб келсангиз, эшикдан кирмасингиздан ҳайдаб юбораман!

- Хўп-хўп, раҳмат, ака!

... Ҳайдовчи хайрлашиб, эшикдан чиққанда, ташқарида Кифоятнинг пичирлагани эши-тилди: «Шошманг!» Авазнинг кўнглига хавотирлик югурди. Кеча ҳам ҳайдовчи чиқиб кетаётганда Кифоят билдирмасдангина ортидан эргашганди. Бугун яна...

Аваз қўлтиқтаёққа таяниб эшик томон юрди. Уни қия очди-да, деворга беҳол суянди.

- Менга қара, қолганини қачон олиб келиб берасан? Минг доллар билан қутулиб кетмоқ-чимисан? У духтурлар сўраган пулнинг ярмига етмайди-ю...

- Кифоят!

Авазнинг овози эшикдан чиқиб, шифохона йўлагини титратди. Қўлтиқтаёқ қўлтиғидан сирғалиб тушиб, ўзини ўнглай олмаган Аваз гурсиллаб йиқилди...

 

Дарвоза олдидаги челак

Ҳаёт бир текис кетмайди. Вақти келиб, ҳар қандай оила бошига қийинчилик тушиши мумкин. Ана шундай қалтис вазиятларда ота билан бирга она ҳам қийинчиликни енгиш йўлларини излаши, эрига яқин ёрдамчи бўлиши зарур. Бунда ирода, сабр-қаноат, яхшиликка умид қилиш муқаддас қўрғонни емирилишдан асраб қолган. Акс ҳолда эса, устун-лик вазифасини унутган аёллар кейинчалик ўз хатоларини англаб, пушаймон ёшини тўкишган.

Икки йил олдин Конибодомдаги қишлоқлардан бирида бўлганимда сабр-матонатли, вафодор бир аёл билан танишдим. Унинг Россиядан яримжон бўлиб қайтган эрига меҳрибонлигини кўрган ҳар бир аёлнинг ҳаваси келиши, шубҳасиз. Эр-хотин мактабда бир синфда ўқишган экан. Турмуш қуришгач, уч нафар ўғилнинг ота-онаси бўлишади. Лекин иқтисодий сабаблар боис эр Россияга ишга кетади. Аввалига яхши ишлаб турган эр қўққисдан дараксиз кетади. Орадан ойлар ўтади, бир йил ўтади, икки йил ўтади. У на телефон қилади, на хат-хабар. Аёл хавотирланиб эрини қидиришга тушади. Лекин сўраб-суриштиришлар, Россияга бориб келишлар ҳеч бир натижа бермайди. Кап-катта одам қудуққа тушган игнадайин йўқолиб кетган эди. Лекин аёл ҳеч бир умидини узмайди. Қидиришдан чарчамайди. Ниҳоят, ўн йил ўтиб, эрнинг дараги топилади. У бизга ўзини қандай қилиб қалин ўрмондаги овлоқ ерга олиб кетишганини, қул қилиб ишлатишганини ва инсофсизлар зулмидан қандай қутулганини гапириб берди.

Мен аёлнинг эрини, уч ўғлининг оталарини қанчалик ҳурмат қилаётганликларини, меҳрибонликларини кўриб, дунёда шундай умр йўлдошлари, фарзандлар борлигидан хурсанд бўлардим. Эри йўқлигида аёл икки ўғлини уйлантирибди, лекин учинчи ўғлини уйлантирмабди. «Мен отаси ҳеч бўлмаганда кенжа ўғлимизнинг тўйини кўришни истардим. Худо ниятимга етказди», - дейди юз-кўзидан бахтиёрлиги сезилиб турган аёл...

Афсуски, ҳаётда бунинг акси бўлган воқеалар ҳам оз эмас.

 «Мен ўн бир йиллик оиламнинг бузилишига сабаб бўлдим, - дейди ана шундай пушаймон ёшини тўкаётган аёллардан бири. – Ҳозир болаларимнинг кўзига тик қарай олмайман. Тўққиз яшар ўғлим сиз бизни дадамдан ажратгансиз, деса қандай чидаш мумкин? Мен тирноқ остидан кир қидириб, болаларимнинг отасини беҳуда айблаган эканман!»

Унинг айтишича, эрининг ишхонаси ёпилгач, ейиш-ичишлари бора-бора ёмонлашавер-ган. Эрининг кейинги ишхонасидан оладиган ойлиги олдинги топишининг ярмига ҳам етмас экан. Бу орада у қайси бир дурадгорга шогирд тушган. «Мен у кишига ана ҳамма Россияга кетяпти, сиз ҳам укаларимнинг олдига бориб, ишлаб келинг, қаердаги  устага шогирд тушиш нимаси, десам, билганларидан қолмади. Бир куни... ҳе, ўша куни кўчага чиқмай мен ўлай, у кишини бир келинчак билан гаплашиб турганликларини кўрдим ва гап бу ерда экан-да, дедим».

Эри уйига қайтгач, аёл жанжал кўтаради, уни хотинбозликда айблайди, топганингизни ўша таннозларга едириб юрар экансиз-да, шунинг учун рўзғордан барака кўтарилган, дейди. Эри тушунтиришга ҳаракат қилади, лекин аёл оғзига келганини қайтармасдан ҳақорат қилишга ўтади...

 «Мени қайси жин чалди билмадим, ғазабимни тўкиб солдим, ичимга юта олмадим. Бу ҳар кун давом этаверди. У киши эшикдан юрак ютиб келадиган бўлиб қолганларини сезмабман. Ва бир куни... Эрни қарғаган тилим кесилсин! У киши уйдан чиқиб кетдилар ва қайтиб келмадилар!»

Шошқалоқлик, ўйламасдан хулоса чиқариш шу тарзда кўп оилаларнинг бузилишига олиб боряпти. Айни бир пайтда аёлнинг иззати ва инсонийлигини ўйламаётган эркаклар ҳам йўқ эмас. Айрим эркаклар ичкиликка муккасидан кетиб, ўзлари ишламай, кеча-кундуз ётиб олиб, жуфти ҳалолларидан араққа пул топиб беришни талаб қиладилар.

- Оила шаънини ўйламаган эркак-эркакми? Маҳалламизда биттаси бор, хотини кун бўйи кимларнингдир полизида сабзи, пиёз ўтаб, пул топиб келади. У эррайим эса, ётволиб ейиш-ичишдан бошқасига ярамайди. Маҳалла оқсоқоллари ўртага олдик, гапимиз ўтмади.

Бу гапларни айтган етмиш ёшлардаги отахон негадир чуқур оҳ тортди, менга қараб олди-да, негадир ерга қараганча гапирди:

- Шу айрим йигитларда орият дегани қолмаган. Биттаси Россиядан алламбало деган касаллик орттириб қайтди. Буёқда у дардини даволатиш  билан овора, хотини ёмон йўлга юриб кетди. Менга алам қилгани – эр хотинининг қаердан пул топиб келаётганлигини билади, лекин бир оғиз тергамайди!

Отахон сўзлар экан, мен титраб кетаман, худди шу пайт дарвоза олдига чиқариб қўйилган бўш челаклар кўз олдимга келади. Ана кўчадан ўтаётган эркак челакларни олиб, маҳалла ҳовузидан сув тўлдириб, жойига келтириб қўяди. У бўш челакларни кўчага чиқариб қўйган аёлни танимайди. Фақат бир нарсани билади: ҳозир бу уйда эркак йўқ ва аёл ёрдамга муҳтож. Унга ўз синглиси, опаси, онасига ёрдам бергандайин холис хизмат кўрсатиш керак...

Бугунга кунга келиб, халқимизнинг аёлларни эъзозлашдек бу ажойиб одати йўқолиб кетган. Тушуниб турибсиз, гап фақат сув келтириб беришда эмас. Кўчада инқиллаб-синқиллаб оғир юк кўтариб бораётган онахонни учратган эркакларнинг кўпчилиги кўрмаганга олиб, ё вақти зиқдек кўрсатиб, шошганча ўтиб кетганларига гувоҳ бўлмаганмисиз?..

Йўқ, ҳамма йигитларни, эркакларни ҳам аёлга эътиборсиз, деб ўйламайман. Аёлни муқаддас қўрғоннинг таянчларидан бири, уни нурафшон этаётган, файзига файз қўшаётган деб билган, мунис она, меҳрибон опа-сингил ва оила ташвишларида ҳамдам, вафодор ёр сифатида  қадрлаётган эркаклар кўп.

Эр-хотин бир-бирини яхши тушунган, иззат-ҳурматини жойига қўйган, турмушдаги оғир-енгилни биргаликда ҳал қилган, авлодлар давомийлигидаги хизматларини яхши тушуниб, бола таълим-тарбиясига жиддий аҳамият берган оилаларда эса, яхши фарзанд улғаяди. У ота-онасининг юзини ёруғ қилади, эл-юртига бел боғлаб хизмат қилади. Акс ҳолда эса...

Ўринбой Усмон. 

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

Аъло - 38.5%
Яхши - 38.5%
Ӯртача - 0%
Ёмон - 7.7%
Билмайман - 15.4%

Проголосовали: 13

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

ЎЗГАНИ БИЗ ҲАР ДОИМ ЎЗ АЙТАМИЗ…

 

Нуқра Суннатниёнинг ички дунёси бошқа шоирларнинг ички дунёсидан фантазиясининг бойлиги ҳамда серқирралиги, дунёқарашининг ранг-баранглиги ва теранлиги билан ажралиб туради. Шоира дунёга узоқ ва яқинларни турфа ранглар ва шакллар уйғунлигида кўрадиган рассом сингари назар солади, кўрганларини сўз ва ташбеҳлар бўёғи воситасида инъикос этишга тиришади. нимқоронғи уйнинг деразасидан кўзга ташланган бужур дарахт танаси, сўлғин

Муфассал...

Эй Ўлмас, нолима, элга қолур сендан ғазал мерос…

 

Ўтар умрим, ҳаётимни ўзича пурсамар англаб

Ва нозимлик азобини қиёси йўқ ҳунар англаб.

 

Жавоҳир сўз топиб айтиш мудом олий мурод эрди,

Сочиб қўйганларим билмай қолибман тош гуҳар англаб.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990595

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477812
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3740
4027
21425
7426653
99456
114875
7477812

Сизнинг IPнгиз: 18.119.124.52
Бугун: 23-11-2024 16:59:35

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015