Оила қуришдан асосий мақсад насл қолдириш бўлса, иккинчиси ўз наслини солиҳ инсон қилиб тарбиялаш, меҳрибон, ҳалим, хушмуомала, билимли инсон қилиб ўстиришдан иборатдир.
Тарбияни гўдак дунёга келган кундан бошлаш керак. Ҳатто, олимларнинг олиб борган тадқиқотларига кўра, бола ҳали туғилмасдан, она қорнидалик пайтидаёқ тўғри тарбияни бошлаш мақсадга мувофиқ бўларкан.
Яъни, ўзаро оилавий муносабатларда ширинсўз, бир-бирларига меҳрибон бўлиш, ҳар қандай бақир-чақир қилиш ҳолатларидан сақланиш керак. Туғиладиган гўдак ҳақида яхши ният, ширин орзуларни баён қилиш жуда муҳимдир.
Бир онанинг ҳикоя қилишича, у ҳали яхши битмаган чала уйларини тезроқ битишини, яхши шароитларни орзу қилиб, фарзандига соғлиқ, узоқ умр тилаш билан бирга, ўз алласида «болам катта бўлиб қасрлар қуради, янги машина олиб, бизни миндириб юради» мазмундаги орзуларини кўп бора хиргойи қиларкан. Қарангки, ўғли уч-тўрт яшар бўлганида :«Мен вояга етсам қаср уй қураман, унда дадам ва ойим шоҳ ва малика бўладилар, уларни янги машинамда миндириб юраман»,- деган гапларни айтиб ота-онасини лол қолдирган экан.
Шунинг учун, бола дунёга келган лаҳзадан унга ёқимли сўзлар сўзлаш, кишига хуш ёқувчи оҳангларни эшиттириш, ҳар қандай ёқимсиз шовқинлардан уни сақлаш керак. Гўдакларга алла айтиш ана шундай эҳтиёжлардан келиб чиққан бўлса, ажаб эмас. Алла қўшиғини дунёда илк бор қайси она айтган, унинг сўзини ким ёзган, оҳанг-мусиқасини ким басталаганини ҳеч ким айта олмаса керак. Айрим манбаларда айтилишича, муштипар оналар қадимда замона зайли билан уйга қамалиб ўтиришган ва ноҳақликлардан эзилиб, ўз дил нолаларини қўшиқ қилиб алла тарзида баён қилишган, дейишади. Шуларга асосланиб айтиш мумкинки, ҳар бир даврнинг шароитига қараб аллалар ҳам ўша давр руҳида ижод қилиб айтилган дейишга асослар бор. Қолаверса, алла ҳам халқ оғзаки ижодининг бир тури бўлиб, уларнинг ижодкори ҳам ижрочиси ҳам, асосан, оналардир. Шунингдек, кўп ҳолларда ундаги шеър вазн талабларига жавоб бермаслиги мумкин, унда кўпроқ оҳангга эътибор қаратилади.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, аллалар турли хил бўлиши мумкин экан: оналар алласи, бувилар алласи, қиз болага айтиладиган алла, ўғил болага айтиладиган алла, эгизакларга айтиладиган алла, ҳатто оталар номидан айтиладиган аллалар ҳам бўларкан.
Хўш, ҳозирги ёш оналар фарзанди учун алла айтишга тайёрми? Аллоҳ ато этган жондан ширин фарзандини эркалаб, бешикни қучиб, гўдагига кўкрак тутиб, ёқимли алла айтиб ухлата олишадими? Чунки алланинг содда, лекин ўзида теран орзу-умидларни мужассам этиб, ёқимли оҳангда таралаётган она хиргойиси гўдак қулоғи орқали онгига сингиб, қалбида қўшиқ оҳангидек сокинлик, ҳалимлик, ширин туйғуларни уйғотиши аниқ. Бироқ, айтиш мумкинки, ҳозирда аксарият ёшлар алла матнларини билишмайди, аниқроғи, қизини турмушга узатаётган оналар қизи учун сеп йиғиш машқини ортиғи билан бажарсалар-да, оилада энг оддий юмуш, яъни тугма қадаш, ямаш, тикиш, фарзандига алла айтиш каби машғулотларни ўргатишмайди. Шу сабаб бўлса керак, биз кўп ҳолларда, алла қўшиқларини фақатгина байрамларда ўтказиладиган алла танловларидагина эшитишга муяссар бўламиз.
Ҳозирги техника ривож топиб, қўл телефони, телевизор, компютер, интернет каби эрмаклар авж олиб бораётган даврда турмушга чиқаётган қиз тугул, унинг онаси ҳам бу нарсаларни ўйлашга вақт топмайди. Ёшлигида алла эшитмай, ақли кирар-кирмас қўл телефони ва интернетга ёпишган болалардан баджаҳл, инжиқ, қўпол, фақат ўзининг айтганини ўтказадиган худбин болалар чиқмаслигига ким кафолат бера олади?..
Онанинг узун тунлар алла куйлаб чиқишдан мақсади фақат болани ухлатиш бўлмай, фарзандига эзгу тилаклар тилаш ҳамдир. Она ҳам, бола ҳам, табиатнинг осойишта орзулар сукунатидан баҳра олади.
Аллада биз, ҳатто хаёлимизга келтирмаган бошқа бир мўъжиза, муқаддас қудрат бор! У гўдак қалбига меҳр-оқибат, тантилик, инсоф ва диёнат бўлиб кириб бораверади. Қуйида шундай аллалардан айримларини келтирамиз:
Алла болам, алла айтай тонг отгунча,
Токи қуёш келиб сени уйғотгунча.
Алла болам, бешикдаги ойим болам,
Жонингга жон, оғриса бир жойинг болам.
Кечалари пайпаслайман бешигингни,
Бешигингни ўнг ёнида эшигингни.
Алла болам, аллаларга хумор болам,
Тикиб қўяй бешигингга тумор болам.
Муҳаббатдай ўтли бўлсин, ишқдай тоза,
Ҳалолликнинг илдизидан ол андоза.
Омон бўлсанг, кундай ёруғ юз бўласан,
Алпомишлар орзу қилган қиз бўласан.
***
Рамазонда Роббим берган жон болам, алла,
Ойдай тўлиб ётар ёнма-ён болам, алла.
Соғ улғайсин бўйларидан қувонай мен, алла,
Иккиси ҳам бўлгай меҳрибон болам, алла.
***
Кийик ўйнар чўлларда, алла,
Балиқ ўйнар кўлларда, алла.
Болам ҳали улғайиб, алла,
Эъзоз топар қўлларда, алла.
***
Болагинамнинг боласи, алла,
Қандак ўрик донаси, алла.
Ором олиб ухласа-ё алла,
Кўнгли тўлар бувисин-о алла.
***
Бўйларингга бўй тумор бўлай, болам, алла,
Кўзларингга кўз тумор бўлай, болам, алла.
Кўп сонли азиз газетхонлар ҳам ўзлари эшитиб улғайган ёки болалари, невараларига айтишни одат қилган ёки бўлмаса, истиқомат қилаётган жойларида айтиладиган аллаларни газета таҳририятига ёзиб юборса, уларни ёш келинлар ўқиб ўрганишса, фойдадан холи бўлмас. Зеро, бу аллаларни тинглаб, ёш авлод – юртимиз ва элимизнинг келажаги улғаяди.
Давлатёр ҚЎЧҚОРОВ, Конибодом.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон сувнинг инсон ҳаётидаги аҳамиятини эътироф этган ҳолда, жаҳон ҳамжамиятини уни асраб-авайлашга чақирди. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияда таъкидланишича, “Сув устувор тараққиёт учун” янги халқаро амалиёт ўн йиллиги 2018 йил 22 мартдан бошланиб, 2028 йилнинг 22 мартигача давом этади.
Муфассал...
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Хоразм вилояти Урганч шаҳрида Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган халқаро турнирда мутлақ чемпионликни юртдошимиз Неъматулло Асронқулов қўлга киритди. Бу музаффарият, нафақат уники, балки бутун Тожикистон халқиники эди. Паҳлавон сафардан қайтгач, у билан бир пиёла чой устида суҳбатлашишга муяссар бўлдик.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015